Жампаолонинг 111 куни ёхуд "Милан" раҳбарияти нима қилмоқчи?!
11 окт 2019 11:00
Янгиликлар
Жампаолонинг 111 куни ёхуд "Милан" раҳбарияти нима қилмоқчи?!
Унинг ўрнига эса услуби ва совринлари йўқ бўлган мураббийни тайинлади. Энди Жампаоло "Милан" тарихида қолади. У нақд 111 кун ишлади – клуб мавсум бошланиши билан ҳеч қачон бирор мураббийни бунчалик тез ишдан бўшатмаган эди. Ёдингизда бўлса, Жампаоло сабр-тоқат ҳақида кўп гапириб, ғояларини амалга ошириши учун унга бироз вақт кераклигини тушунтирганди. "Милан" раҳбарияти Паоло Мальдини ва Звонимир Бобан бунга ишониб Маркога имкон бердилар, бироқ тез орада бу фикр хато эканини тушундилар – бунга 7та баҳс етарли бўлди.
Жампаоло ҳужумкор ўйин ваъда қилганди, аммо "Милан" жуда кам гол урди
Биринчи турдан кейиноқ мураббийга нисбатан шубҳа пайдо бўлганди – миланликлар "Удинезе"га 0:1 ҳисоб билан мағлуб бўлди ва А Сериянинг дарвозага аниқ зарба бера олмаган ягона жамоаси бўлди. Бу ҳам етмагандек, эндигина элитага қайтган жамоаларни зўрға енгди – "Брешиа" ва "Верона" (иккисини ҳам 1:0) – аммо кетма-кет 3 бор мағлуб бўлди — "Интер" (0:2), "Торино" (1:2), "Фиорентина" (1:3). "Милан" 1938 йилдан буён илк бор чемпионатнинг дастлабки олти учрашувидан тўртасида ғалабани бой берди. "Женоа" устидан қозонилган ғалаба (2:1) ҳам Жампаолони қутқариб қололмади – айтишларига қараганда, ўша ўйиндан олдин у истеъфога чиқиши маълум бўлган экан.
"Мен томошабинбоп ўйин намойиш этишни истайман", – деганди Жампаоло июль бошидаги матбуот анжуманида. – Биз ҳужум қилиш, назоратни ўз қўлимизга олишни хоҳлаймиз". Аммо дарҳол огоҳлантирган: "Бу узоқ давом этадиган жараён. Умид қиламанки, буни уддалай оламиз. Вақт – менинг ҳам энг яқин дўстим, ҳам энг яқин душманим. Жамоа ёш, эҳтимол, чемпионатдаги энг ёш ўйинчилардан ташкил топган клубдир. Футболчилар мағрур бўлиши, ғалаба уларнинг менталитетига мослашиши керак. Паоло ва Звонимир катта тажрибага эга. Улар мендан ёрдамини аямайди деган умиддаман".
Массимилиано Аллегридан кейин ишлаган мураббийлар ичида Жампаолонинг кўрсаткичлари энг ёмони бўлди – бир ўйин учун 1,29 очко (Зеедорф бу борада етакчи – 1.84). Лекин бу кўрсаткич эмас – жамоа Марко билан 7та учрашув ўтказган, қолганлар эса (Кристиан Брокки бундан мустасно) кўпроқ ишлаган.
Мальдини ва Бобан Жампаолони мураббий этиб тайинлашлари – "Милан" раҳбариятидаги илк ва муҳим қарорлари эди. Ёдингиздами, "Сампдория"да 3 мавсум ишлаган мураббийни кучли мутахассислар (Арриго Сакки, Фабио Капелло, Массимилиано Аллегри) анчагина мақтаганди... Бироқ ҳаммаси бир нарсани таъкидлаган: дарҳол яхши натижа кўрсатиши амримаҳол! Унинг футбол услуби ўзига хос – жамоа унга ўрганиши керак. Ёзги йиғинларда Марко етишмади. "Милан" ноаниқ тактик схема билан мавсумни бошлади (ё 4-3-1-2 ёки 4-3-3) ва таркибдаги ўйинчилар ўрнини доимий равишда алмаштириб турди.
Жампаоло ҳужумкор ўйин ваъда қилганди, лекин "Милан" 7 ўйинда атиги 6та гол уришга муваффақ бўлди – чемпионат тўпурари Чиро Иммобиледан биттига кам. Улардан ёмон кўрсаткични "Верона" қайд этган (5). Муаммо вазиятлардан фойдаланишда эмас, балки уларни яратишда. "Милан" зарбалар сони бўйича (92) тўққизинчи, аниқ зарбалар сони бўйича эса (22) – охиридан учинчи ўринни эгаллаб турибди.
Сусо сотилишига қарши чиққан айнан Марко бўлади. У испанияликни треквартиста сифатида кўраётганини таъкидлайди. Бу фикрдан тез қайтишди – сабаби испан кўпроқ ўнг қанотда яхши ўйнаётганди. Бироқ Сусо ўз позициясида ҳам мавсумни муваффақиятсиз бошлади. У "La Gazzetta dello Sport"дан бирор марта ҳам 6.5 дан юқори балл ололмади: ўртача – 5.14. Деярли барча ўйинчилар паст балл олган.
Жампаоло кейинроқ "Милан"нинг фақат бир таймдаги ўйини унга ёққанини тан олди – "Торино"га қарши баҳснинг биринчи тайми ("россонери" 1:0 ҳисоб билан танаффусга чиқишган, аммо иккинчи таймда 1:2 ҳисоб билан ғалабани бой берган). "Фиорентина"дан учралган мағлубиятни у шундай изоҳлаганди: "Жамоа худди умуман бирга машғулот ўтказмагандек таассурот уйғотди". Мураббий вазиятни тўғрилашига ҳаммани ишонтирмоқчи бўлди, аммо клуб раҳбарияти сабр қилиш ва кутишни истамади — "Милан" Чемпионлар Лигаси зонасидан атиги тўрт очко ортда эканига қарамай...
Стефано Пиоли "Милан", "Женоа" ва "Сампдория" таклифларидан бирини танлади
"Милан" Жампаолонинг ўрнига Лучано Спаллеттини олиб келишни режалаштирганди. У билан шартнома шартлари ҳам келишиб олинган эди, аммо "Интер" ҳалал берди. Спаллетти ёзда истеъфога чиқарилган, аммо шартнома муддатидан аввал бекор қилингани учун клубдан 5 миллион евро талаб қилаётганди. "Интер" ярим миллион таклиф қилди ва ундан кейин музокара олиб бормагандилар – клуб ҳам, мураббий ҳам бўйин эгишни истамади.
"Милан" мухлислари "кўк-қоралар" тарихидаги иш учун Спаллеттини кечиришга тайёр эдилар. Лучано – натижа берадиган мураббий, унинг қўл остида "Интер" етти йилда илк бор Чемпионлар Лигасига чиқди. Стефано Пиолига эса у болалигидан бери "Интер"га мухлислик қилишини эслатиб қўйишди. Лекин гап фақат клубга бўлган қизиқишда эмас – Пиолининг резюмеси шундайки, унинг бош мураббий этиб тайинланиши барчаси идеал бўлади дегани эмас.
Стефано А Сериянинг 7та клубида ишлаган – 5тасидан истеъфога чиқарилган. Пиоли бирорта ҳам соврин олмаган, чемпионатдаги статистикаси ҳам салбий – 109 ғалаба, 89 дуранг, 112 мағлубият. Асосий ютуғи – "Лацио" билан кечган баҳсдаги учинчи ўрин. Аммо Чемпионлар Лигаси саралашидан чиқиб кетиш ўша ғалабани ҳам ўзи билан "ювиб кетди". 2012 йил Пиоли "Болонья" билан тўққизинчи ўринни эгаллади, аммо 2014 йил январда ўз лавозимидан озод этилди. Ўшанда клуб 18 учрашувда 15 очко жамғарганди ва "Болонья" 17 поғонани эгаллаганди.
"Лацио" билан 2015 йил Чемпионлар Лигасига чиқди, лекин "Байер"га ғалабани бой берди ва мавсумни ҳам муваффақиятсиз ўтказди. Пиолини 2016 йил "Рома"га қарши дербидан кейин (1:4) бўшатишди. Ўшанда "Лацио" ўнта турда атиги икки бор ғалаба нашидасини қучган ва 8-ўринни банд этганди. (чемпионат давомида жамоа бешинчи ўриндан юқорига кўтарилмади ва кейин 12 поғонага тушиб кетди).
Пиоли "Интер"да Франк де Бурнинг ўрнини эгаллади (2016 йил ноябрь), ажойиб бошлади (16 баҳсда 12 ғалаба), клубни ЕЧЛга олиб чиқишга муваффақ бўлди, аммо тўртликдаги ўрнини сақлаб қололмади. Уни етти ғалабасиз серияли учрашувлардан кейин лавозимидан озод этишди – "Интер" икки очко тўплади, "Сампдория", "Кротоне", "Женоа", "Сассуоло" каби ўртамиёна жамоаларга мағлуб бўлди ва 7-ўринга тушиб кетди.
2018/19 йилги мавсум Пиоли "Рома"ни 7:1 ҳисобида янчиб ташлаб, "Фиорентина"ни Италия Кубогининг ярим финалига олиб чиқди. Бироқ умуман олиб қараганда, жамоа у билан айтарли даражада юқорига одимламади. Биринчи чемпионатда 8-ўрин эгаллади (Паулу Соуза билан ҳам шу ўрин эди), иккинчи мавсум эса флоренцияликлар ўнинчи поғонага тушиб кетганларидан сўнг, Стефано ишдан бўшатилди.
Энг асосийси – Пиоланинг услуби йўқ. Мальдини ва Бобан доимо "Милан"нинг мураббийи таниқли бўлиши керак деб айтишган. Жампаоло "Эмполи" ва "Сампдория"да кутилмаган ижобий натижаларни қайд этганди – у "Эмполи"дан кетганидан сўнг, клуб элитадан тушиб кетди, "Самп" эса Эусебио Ди Франческо билан турнир жадвалининг энг сўнгги ўринларида бормоқда.
"La Gazzetta dello Sport" Пиоли ҳақида ёзганида, унинг кучли томони – жамоа билан муносабат щрната олиши, ақл билан иш тутиши ва мулоқот қила билиш қобилиятини эътироф этган. Арриго Саккининг сўзларига қараганда, Стефано жамоалари курашади бироқ уларга ташкилийлик ва ёрқинлик етишмайди. Бундан "Лацио" мустасно бўлган. 2014/15 йилги чемпионатнинг энг самарали ҳужуми бўйича иккинчи ўрин бўлган, лекин Пиолидан олдин ҳам, ундан кейин ҳам мунтазам ижойиб натижа намойиш этадиган жамоа ташкил қилишнинг иложи бўлмади.
Пиолига "Сампдория" ва "Женоа" таклиф билдираётганди, аммо "Милан" таклифи мураббийнинг ўзига ҳам кутилмаган воқеа бўлди десак адашмаймиз. Ё Генуя клублари шу қадар кучайиб кетди, ёки "Милан" уларнинг даражасига тушиб қолди...
#PioliOut. Тифози янги мураббийга қарши
Пиолини ҳали бош мураббий этиб тайинланиб улгурмай, #PioliOut хештеги Италия твиттерида биринчи, дунё рейтингида тўртинчи ўринда эди. Пиолининг Жампаолодан яққол устун томони йўқ ва бу айниқса мухлисларнинг жахлини чиқармоқда.
Casa Milan (клуб офиси)га мухлис плакат кўтариб келди: "Бобан, Массара, Мальдини, Elliott, Газидис, Скарони: масхарабозлар клуби!!! Нарироққа кетинглар". Ижтимоий тармоқларда ҳам мухлислар шунга ўхшаш кайфиятда – Жампаолонинг мағлубиятини улар биринчи навбатда раҳбарият мағлубияти сифатида қабул қилишмоқда.
Клубнинг собиқ футболчилари ҳам жим туришмади. Рики Альбертози ва Филиппо Галли бош мураббийга бу қадар тез чиқиш эшиги кўрсатилгандан ҳайратланишганини таъкидлашди. Деметрио Альбертини эса "Милан" ҳар йил барчасини бошидан бошламоқда ва ҳеч нима қовушиб улгурмаяпти" деди. Машҳур карикатурачи Омар Момани чидаб тура олмади: "Мен бу "Милан"дан нафратланаман".
Curva Sud қуйидагича реакция билдирди: "Миланчилар бундай раҳбарият ва унинг тушунарсиз қарорларидан чарчашди. Ҳар сафар вазият бундан ёмон бўлмайди дейилганда, унданда ёмон ишлар бўлиб кетмоқда". "Фиорентина" билан ўйин давомида ультрас стадионни "Бу клуб бизга лойиқ эмас". Пиолини шартномаси икки йилга мўлжалланган. Агар "Милан" 2019/20-йилги мавсум якунига кўра еврокубокларга чиқолмаса, келишув автоматик равишда бекор бўлади. Пиолининг маоши – йилига ярим миллион евро. А Сериянинг тўққиз мураббийи ундан кўпроқ маош олади.
Нозима Зарипова таржимаси
Фикрлар