UZ

Сўнгги янгиликлар

21:21Ўзбекистон МТЖ Тошкентда йиғинни бошлади. Кулаётган Бобир, хаёл сураётган Ҳожиакбар  2 21:00Эксклюзив интервью. Сречко Катанец: "10 та ўйиннинг барчасида ғалаба қозонмоқчимиз"   3 20:20Умар Эшмуродов: "Ҳеч ким уч очкони осонгина бериб қўймайди. Суперлигамиз Малайзия чемпионатидан анча кучлироқ экан"  3 20:02"Ал Иттиҳод" ПСЖ ярим ҳимоячиси билан шартнома имзолади, here we go!  1 19:38Виктор Осимхеннинг янги жамоаси маълум  5 19:25Рустам Ашурматов: "КХДР терма жамоаси ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасмиз"  7 18:53"Реал"нинг яна бир футболчиси жароҳат олди ва 8 ҳафтага сафдан чиқди  1 18:22Гари Невилл: "Бугун топ-футболчилар МЮга ўтишни истамаяпти"  2 17:37Ильдар Маматказин: "Навбаҳор" билан зўр финал бўлади. Мухлислар? Яхшиси "Бобур Арена"га келинг"   7 17:22Футзал. Венесуэла футзал терма жамоаси Тошкентга етиб келди  3 16:46Расман: Легионерлардан бири "Ал Насср" билан шартномасини бекор қилди  1 16:00⚡️Сречко Катанец бўлажак рақиб КХДР терма жамоаси ҳақида нималар деди?   7 15:49Де Росси маълумотни тасдиқлади  0 15:19"Ал Иттиҳод" "Арсенал" ярим ҳимоячиси бўйича расмий таклиф юборган  1 15:00⚡️Юсупов ёки Неъматов? Сентябрь ойидаги ўйинларда терма жамоа дарвозасини ким қўриқлайди? Катанец жавоб берди  18

Жасурдан хавотирдаман Янгиликлар

Жасурдан хавотирдаман

"Юлдуз" — (кўчма маънода) машҳур бўлиб танилган, шуҳрат қозонган шахс.

Ўзбек футболининг ҳам ўз юлдузлари бор. Бугун шулардан бири ҳақида суҳбат қурамиз.

Жасур Жалолиддинов — 2002 йил 15 майда Навоийда туғилган. 2018 йил 2 август санасида "Бунёдкор" сафида Суперлига доирасида дебют ўйинини "Қўқон-1912"га қарши ўтказган. У дебют қилган вақтда 16 ёш 80 кунлик эди. Бу орқали у Ўзбекистон чемпионатида майдонга тушган энг ёш футболчига айланганди. 2019 йил октябрида The Guardian талқинига кўра, дунёнинг энг истеъдодли 60 футболчиси рўйхатида қайд этилган.

2 йил олдин сўзда "ўзбек футболининг келажагига айланган" бу йигитни яхши танийсиз. У — истеъдодли, у — тиришқоқ, у — меҳнаткаш. Бундан ташқари, у — содда ва ғўр. Бу ҳаётда содда бўлишдан ёмонроғи борми. Жасурнинг "Локомотив" (Москва)га трансфери эълон қилингач, миямга келган биринчи фикр: "Ундан фойдаланишди" (албатта, бу фикр шахсий ва кўп эҳтимол билан хато бўлиши мумкин). Ўша пайтда буни сайтдаги устозлар билан муҳокама қилдик. Ўтиш Жасурнинг фойдасига ишлаши, олдинга ташланган қадам экани тўғрисида гапирувчилар ҳам топилди. Мана, орадан 4 ой ўтди (менимча, хулоса чиқариш учун етарли муддат). Келинг, шу ҳақдаги қарашларимни сиз билан баҳам кўраман.


Жасурда вариантлар бор эди, аммо у "Локомотив"ни танлади

Аниқроғи, агентлари шундай бўлишини истади. У интервьюларида турк клубидан ҳам таклиф борлигини, бироқ, россияда ўзини кўрсатиши осонроқ бўлишини бир неча бор таъкидлади. Аслида, агентлар Жасурни шундай бўлишига ишонтиришди (биласиз, 18 ёшда кишининг фикрини 10 дақиқада ҳар тарафга ўзгартириб ташлаш мумкин). Боиси шундаки, Жасур "Бешиктош"ни танласа, агентларнинг моддий манфаатдорлиги сезиларли равишда пасаяр эди. 

Эътибор қилинг, Eurosport.ru хабар берди: "темирйўлчилар" трансфер учун 900 минг евро тўлаган — 350 минг "Бунёдкор"га, 550 минг трансфер амалга ошишида ўртада турган инсонларга. "Чемпионат" нашри эса "Локомотив" Жалолиддинов учун 1 миллион евро сарфлашини, маблағнинг 100 минг евроси футболчининг "Бунёдкор" билан амалдаги шартномасини бекор қилишга, қолган 900 минг евро эса Жасурнинг агентларига насиб этиши ҳақида маълум қилди. Бу ерда миллион евролик футболчисини эплаб сота олмаган "Бунёдкор" ҳам ютқазди, қайдномага кира олмаган футболчи учун миллион сарфлаган "Локо" ҳам ютқазди, 4 ойдан бери майдонга тушиш нималигини эсидан чиқариб юборган Жасур ҳам ютқазди — фақат муҳтарам агентлар ютди (Ҳар ҳолда 550 минг евро кичик пул эмас. Масалан, мен ҳозирги даромадим билан бунча пул топишим учун 150 йилдан кўпроқ ишлашим керак экан).

Турк клуби эса трансфер масаласида агентларга эмас, бевосита клубга мурожаат қилиши мумкин эди. Шу ўринда яна бир савол туғилади: "Бунёдкор" Жасурни нега билвосита сотди? Яъни, нега клуб Жалолиддинов билан шартномани бекор қилиб, эркин агент сифатида кетишига йўл очиб берди, ваҳоланки, 10 баробар кўпроқ даромад қилиш имкони бор эди-ку. Бу масалага ҳар ким турлича қарайди. Кимдир клуб ўз футболчисининг келажагини ўйлади деса, "бу ерда бир ўйин бор" дегувчилар ҳам топилади. Эмишки, "Бунёдкор" хусусий клуб эмас, шу туфайли маблағ раҳбариятнинг чўнтагига тушмайди. Лекин чўнтак шундай яратилган эканки, агентлар билан ўзаро шахсий учрашувларда совға қилинган пуллардан биров хабар топмаслиги мумкин. Албатта, бу масалада ҳеч кимни айблай олмаймиз. Биз "қалдирғочлар" раҳбариятида сотқин борлигига ишонмаймиз, уларни оқкўнгил, пок ниятли кишилар сифатида биламиз (Лекин кўнгилнинг тозалиги билан иш битмайди. Эшитишимизга қараганда, "Бунёдкор" футболчилари жамоанинг янги раҳбарини топа олишмаётган экан. Умид қиламизки, узоқ кутилган висол онлари яқин). Чалғиманг, давом этамиз. Хуллас, трансфер фақат ўртадаги кишилар учун фойдали бўлди.

Шу ўринда ўсиб келаётган футболчиларнинг яқинларидан агент танлаш масаласига эътиборлироқ бўлишни сўраб қоламиз. Ўзбек футболининг бугунги юзи — Элдор Шомуродов фақат яхши ўйини ва голлари туфайли "Женоа"да пайдо бўлиб қолди, деб ўйлайсизми? Йўқ! Унинг энг катта ютуғи, шахсий манфаатларини мижозиники билан умумлаштира оладиган агент топди. Олдин Ўзбекистонда Элдордан кучлироқ футболчилар бўлмаган дейсизми? Эслашим бўйича, ёшлар терма жамоаси сафида ҳам, "Бунёдкор"да ҳам Достон Ҳамдамов унга нисбатан кучлироқ эди. Лекин, факт шу: бугунги тунни Элдор Генуяда, Достон Тошкентда ўтказади.

Жалолиддинов талабига жавоб бермаса, "Локомотив" нега уни сотиб олди?

Жасур Алексей Миранчукнинг ўрнини босиш учун олинганига шахсан мен ишонмайман. "Темирйўлчилар" Жасурга 1 миллион тўлаш орқали келажакка инвестиция киритган бўлиши мумкин, лекин... Ўйлашимча, улар кўпроқ ОАВ хабарларига алданиб қолди. Рус матбуоти Жасурни "ўзбек Мессиси" деб шов-шув кўтарди, 18 ёшли йигитча ҳақида кўплаб мақолалар ёзилди, кўпиртириб ёзилди. Шу ўринда эслатмоқчиман, матбуотда шов-шув кўтариш орқали омма эътиборини мижозига қаратиш агентларнинг асосий қуроли ҳисобланади. Айтмоқчиманки, "Локомотив" алданди ва буни кеч англади. 

Гап келганда айтиб кетай, кўпиртиришни ҳаммамиз яхши кўрамиз. Масалан, ЎзПФЛ 2 декабрь куни "Нефтчи" — "Турон" учрашуви бўйича баёнот берди. Унда шундай гап бор: "Беллашув ҳал қилувчи аҳамият касб этаётгани, шунингдек, Про лига ғолибини тақдирлаш зарурияти бор эканидан келиб чиқиб, ЎзПФЛнинг 8 нафар ходимларидан иборат таркибда ишчи гуруҳ ташкил этилиб, гуруҳ ўйинни юқори савияда ўтказиш учун Фарғонага йўл олди". 

7 декабрь куни ташкилот бош директори шундай ёзди: "Мана энди Фарғонага нима учун 8 киши боргани сизга маълум. Бунда кимдир футзалга, кимдир прожекторга, кимдир футбол академиясига, кимдир стадион газонига жавоб бериши кўзда тутилганди". 1 воқеа, 1 ташкилот, 2 хил (бир-бирини рад қилувчи) фикр. Ғалати эмасми? Майли... 

Жасурдан ҳавотирдаман

Юқорида ўқиганларингизнинг ёзилишига Т. Копадзенинг гапи сабаб бўлди. "Жасур Жалолиддиновнинг айни пайтдаги ҳолатидан ҳавотирдаман", деди у. Мен ҳам хавотирдаман. Йигитча айни ўйинга чанқоқ вақтида заҳирага михланиб қолди, 4 ойдан бери РПЛда дебют қилгани йўқ. Тепада айтган гапим ёдингиздами: Ўзбек футболининг ҳам ўз юлдузлари бор. Минг афсуски, уларнинг аксари эрта сўнган юлдузчалар ҳисобланади. Жасур ҳам йиллар ўтиб уларнинг қаторида эътироф қилинишини истамайман. Бундан қайсидир кимсалар ютиши мумкин. Фақат Жалолиддинов ва ўзбек футболи ютқазади. Жасурнинг фаолиятига чин қалбдан омад тилаган ҳолда шу ерда тугатаман. Дарвоқе, Жалолиддинов олдин ҳам тўхталганимиз Юрий Белоуснинг хизматларидан фойдаланади...

P.s.: Бугун Бухорода чироқ ўчмаганидан илҳомланиб, бир нималар ёзгим келди. Юқорида фикрларимни жуда бетартиб ифодалаганим учун узр сўрайман. Вақт жуда зиқ эди, қоронғида ёзишни билмайман.

Фахриддин Рўзиев, ЎзЖОКУ талабаси

Муаллиф :
Рейтинг: +21   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика