UZ

Сўнгги янгиликлар

14:11Кьеза "Ювентус" қайдномасига киритилмади  0 13:46"Ал Иттиҳод" Эдерсон ўрнига 11 млн. евро эвазига бошқа дарвозабон сотиб олади  0 13:35"Вест Хэм" "Барселона" қизиққан Гидо Родригесни текинга ўз сафига қўшиб олади  0 12:36"Андижон" 17 та ўйиндан буён ОКМКни мағлуб эта олмаяпти  3 12:19Отаменди: "Францияликлар ғалабани бизнинг оиламиз вакиллари олдида нишонлашди. Нишонлагинг келса, олдимга кел, ҳал қиламиз"  10 12:01 "Футбол бола тилидан" лойиҳаси давом этади. Меҳмонларимиз - Алиев Диёрбек ва Маматов Муҳаммадамин  0 11:40"Қизилқум" - "Бунёдкор" ўйинидан кейинги қизиқарли фактлар  1 10:56Ди Мария таҳдидлар туфайли ватанига қайтмайди  1 10:27ПСЖ «Ман Сити»га расмий таклиф юборди  1 10:01«Ньюкасл» 60 миллион фунтга ҳимоячи сотиб олади  2 09:32Дамир Темиров: «Андижон» варианти пайдо бўлганида хурсандчилик билан таклифни қабул қилдим»  3 09:00Про лига. Бугун иккинчи давра баҳсларига старт берилади  0 08:31«Барселона» футболчисини «Жирона»га ижарага берди  0 08:02Суперлига. Бугун 14-турнинг марказий учрашуви Андижонда бўлиб ўтади  9 07:00Бугун Париж Олимпиадасида қайси спортчиларимиз иштирок этишади? (рўйхат)  7

Иброҳим Отахонов: “Андижон”нинг энг катта ютуғи бу – унинг ашаддий ишқибозлари борлигидир” Янгиликлар

Иброҳим Отахонов: “Андижон”нинг энг катта ютуғи бу – унинг ашаддий ишқибозлари борлигидир”

Бу йил чемпионатда асосий эътиборни олий лигада ўз ўрнини сақлаб қолишга қаратган “Андижон” ўз олдига қўйилган вазифани бажарди.

Жамоа келаси йил энди ҳаммасини бошидан бошламоқчи. Куни-кеча маҳаллий футболчилар иштирокида йиғин бошлаб юборилди. Фурсатдан фойдаланиб, Иброҳим Отахоновни суҳбатга чорладик. Бир неча йиллардан буён “бургутлар”нинг етакчиларидан бўлиб келаётган ушбу футболчини майдондаги ҳақиқий “жангчи” дейиш мумкин. Аммо ҳаётда анчагина оғир-босиқ бўлган Отахонов мавсум якунлари бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

- Янги мавсумга тайёргарликни бошлаб юбордик. Ҳозирча асосан маҳаллий йигитлар билан машғулот ўтказмоқдамиз. 20 декабрдан бошлаб эса асосий йиғинлар бошланади – дея гап бошлади Отахонов. 


- Якунига етган мавсум борасида фикрларингизни билмоқчи эдик.
- Очиғини айтганда, мавсум биз учун анчагина оғир ўтди. Чемпионатнинг 5-турига келиб илк ғалабамизни қўлга киритдик. Биринчи даврада жуда қийналдик. Аутсайдерлар қаторига тушиб қолганимиздан сўнг кўпчилик “Андижон”ни қуйи лигага тушиб кетадиганлар рўйхатига киритиб бўлганди ҳам. Иккинчи даврага келиб эса вазият ижобий томонга ўзгарди ва жамоани кучлилар сафида олиб қолдик.  

- Дарҳақиқат, биринчи даврадан сўнг жамоанинг эгаллаб турган ўрнига хавас қилиб бўлмасди. Олий лигада қолиши учун маҳаллий мухлисларда қандайдир ҳадик бор эди. Аммо якунда ҳаммас ижобий томонга ҳал этилди. Бунга жамоа қандай эришди?  
- Энг аввало аҳиллик туфайли бўлса керак деб ўйлайман. Йигитлар билан гаплашиб, оғир вазиятдан чиқиб кетиш учун барчамиз астойдил харакат қилишга келишиб олдик. Ўшанда жуда қийин бўлишини билардик. Лекин охиригача курашиб, уддаласа бўладиган иш эди.  


- Мураббийлар ўзгариши ҳам қанчалик таъсир ўтказди деб ҳисоблайсиз?
- Албатта янги мураббийларнинг қадами қутлуғ келди. Бундай омадсизликлардан сўнг мураббий ўзгарса, кўпинча яхшиликка бўлади. Баъзида эса аксинча бўлиши ҳам мумкин. Худога шукур, бизда ижобий таъсир қилди. Кўп нарса мураббийга ҳам боғлиқ. Энг аввало омадли бўлиши керак. Сергей Ковшов билан Нозим Муллаохунов иш бошлагач, натижа кўнгилдагидек тус ола бошлади. Тўғри, вазифани бажарилишида бошқа омиллар ҳам ётибди. Лекин мураббийларнинг мехнатларини унутмаслик лозим.

- Бизнингча иккинчи даврада молиявий жиҳатдан ҳам рағбат сезиларли равишда бўлгани асосий омиллардан бири бўлди. Фикримизга қўшиласизми?
- Шубҳасиз. Бугунги кунда моддий жиҳат катта таъсир ўтказади. Агарда футболчига ўз вақтида ойлик ва мукофот пулларини бериб турилса, ўйинчи ҳам бошқа муаммоларга чалғимасдан астойдил ўйнайди.

- Тан олиш керак, сўнгги йилларда “Андижон”да молиявий муаммолар юзага келиб, кўпроқ шу томондан оқсамоқда.  
- Тўғри, моддий томондан узилишлар бўлиб туради. Лекин бу борада вазиятни кенг таҳлил қиладиган бўлсангиз, бугунги кунда биргина бизнинг жамоада эмас балки олий лиганинг деярли барча клубида бу томондан ўзига яраша муаммо ётибди. 


- “Андижон”нинг барқарорликка эриша олмаётгани кўпроқ нима билан боғлиқ деб ўйлайсиз?
- (Бироз ўйланиб) Бу саволга чуқурроқ ёндошиладиган бўлса, гап жуда кўп. Юқорида айтиб ўтилганидек, энг аввало клубда молиявий муаммони бартараф этмоқ лозим. Тўғриси, биз андижонлик футболчиларга ҳам ҳар йили олий лигада “жон сақлаб” қолиш учун курашиш сира ёқмайди. Лекин тўғри тушуниш керак, барқарорликка эришиш бу биргина футболчилар ёки мураббийга боғлиқ эмас. Энг аввало клуб ўз инфратузилмасига эга бўлмоқ лозим. Моддий жиҳатдан алдов бўлмаса, кейин четдан жамоага ёрдам бера оладиган ўйинчи келиши мумкин. Бироқ ҳар йили бир хилги хато такрорланаверса ҳам курашчан жамоа шакллантириш қийин бўлади. “Андижон”да раҳбарият деярли ҳар йили ўзгармоқда. Таркибни янгиланиши эса гапирмаса ҳам бўлади.  

- Давралар оралиғида қилинган трансферлар ҳам бизнингча катта пльюс бўлди. Тўғрими?
- Ҳа. Уларнинг ёрдами катта бўлди. Иккинчи давра бошида айрим ётакчи футболчиларимизнинг тиббий кўрикдан ўта олмай, жамоага ёрдам бера олмагани зараримизга ишлади. Акс холда мавсум якунига келиб, очколаримиз сони янада кўпаярди. Ҳамма кўрди Анвар Бердиев, Иқбол Бобохонов ва Абдуллоҳ Олимовнинг “Андижон”га кўп фойдаси текканини. Улар жамоа ўйинини кучайтириб бера олди. Шунинг учун ҳам натижа ижобий томонга ўзгарди. Айниқса тажрибали ҳужумчи Бердиевнинг ёрдами катта бўлди. Унинг инсонийлиги яхши ва жамоадошларини ортидан эргаштира олиш хусусияти ҳам борлиги сезилди.  


- Майдонда сизни “жангчи” сифатида кўрамиз. Аммо ҳаётда характерингиз анчагина оғир-босиқлигига амин бўлганмиз.
- Нима деса бўлади, майдонга чиққач сира ютқазгим келмайди. Майдонга чиққач, барчасини унутаман ва фақат уч очко олиб, мухлисларни қувонтиришни ўйлайман. Ғалаба илинжида баъзида қизиққонлик қилиб юборишимни ҳам тан оламан. Ишқибозларимизни кўз ўнгида фақат ютишимиз керак деган фикр мияда чарх этиб туради. Уларнинг қизғин қўллаб-қувватлаши бизга жуда катта қуч бағишлашини айтиб ўтишни истардим. Бу гапни андижонлик бўлганим учун эмас, ҳақиқатдан ҳам бизнинг мухлислар мамлакатимизда етакчи! Улар ҳар йили бизни сафар учрашувларида ва оғир вазиятларда ҳам қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ютган ўйинларимиздан кейин эса клуб қароргоҳига келишиб, байрам қилиб юборишади. Менимча бундай холат ҳар қандай футболчини тўлқинлантириб юборади. Шу боис бежиз эмас Андижонда ўйнаб кетган футболчилар доимо мухлисларимиз хусусида илиқ фикрларни билдириб юришлари.  

- Жорий мавсум энг эсда қоларли ўйин деб қайсиларни айтган бўлардингиз?
- Олий лигада қолиш учун курашганимиз боис ҳам бизга ҳар бир баҳс қийин бўлди. Энг ёдда қолгани деб эса  шубҳасиз энг аввало “Нефтчи”ни Фарғонада ютиб келганимиз деб айтган бўлардим. Кейин ўз уйимизда “Сўғдиёна”ни мағлуб этганимиз ҳам бизга руҳий устунликни тақдим этди.

- Дарвоқое, “Нефтчи”ни бунгача “Андижон” сира Фарғонада ютмаганди. Ушбу қора анъанани бузиш қай тариқа амалга ошди. Айнан нимани эвазига ғалаба қўлга киритилди?
- Тан олиш керак, кўпчилик ўйиндан олдин мезбонларни фаворит сифатида кўриб, уч очкони уларнинг ҳисобига ёзиб қўйганлар ҳам бўлганди. Кутилмаган ва шу билан бирга шов-шувли натижа бўлди. Фарғонага кетишдан олдин бутун жамоа бўлиб, камида бир очко билан қайтиш ҳақида ўйлаб, барчамиз бор кучимиз билан ўйнашга харакат қилдик. Раҳбарият ҳам учрашувдан олдин футболчиларга руҳий жиҳатдан далда бера олди. Ашаддий ишқибозларимиз боришларини билардик. Улар учун ҳам ўйнаб, ёруғ юз билан қайтишни жуда-жуда истадик. Ҳар бир ўйинчида иштиёқ юқори эди. Бу каби дерби ўйинларида жамоаларнинг эгаллаб турган ўрни у қадар муҳим аҳамият касб этмайди. Ҳар бир жамоа жиддий “жанг” қилади. Очиғини айтганда, дуранг ҳам бизни қониқтирарди. Лекин учрашувда биринчи бўлиб гол киритиб олгач, асосий эътиборни қандай қилиб бўлмасин ҳисбни сақлаб қолишга қаратдик. Бунга бутун жамоа бўлиб эришдик. Бир умр эсдан чиқмайдиган, тарихий ғалаб бўлди.

- “Андижон” ёшлар жамоасидан илгари ҳар мавсум камида иккита футболчи асосий таркибдан ўрин оларди. Аммо сўнгги пайтларда бирорта футболчи ярқ этиб порлаб чиқмаяпти. Буни сиз ҳам сезяпсизми?
- Ҳа, шундай. Бу томондан оқсаш кузатилмоқда. Лекин бу йил мана Фарҳод Бекмуродов асосий таркибга жалб этилди. Иқтидорли футболчи. Агар ўз устида ишлашни тўхтатмасдан янада олдинга қараб интилса ундай яхши футболчи етишиб чиқади деб ўйлайман. Бекмуродов бу йил ўз ҳисобига гол ёздириб қўйишга ҳам улгурди. Мураббийлар штабида болалар билан ишлаш ҳадисини олган вилоятдаги таниқли мутахассислар иш бошлади. Менимча эндиликда маҳаллий ёшларга ҳам катта эътибор қаратилади.  


- Жамоа етакчиси сифатида айтингчи, келаси йил қайси чизиқларни кучайтириш лозим?
- Буни энг аввало мураббийлар ҳал қилади. Менимча ҳар бир позицияга камида 2-3тадан ўйинчи олиш зарур. Шунда жиддий рақобат юзага келади ва ўсиш кузатилади. Андижонлик футболчиларни йиғиб, уларга ўз вақтида ойлик маошларини бериб борилса ҳам менимча натижа чакки бўлмайди. Чунки мен ишонаманки ўзимизнинг йигитлар бунга қодир. Аҳиллигимизга кўз тегмасин. Лекин бу билан четдан футболчи олиб келиш кеарк эмас демоқчи эмас. Тажрибали ўйинчилар ҳам керак. Масалан Анвар Бердиевга ўхшаган етакчилар.

- Келаси мавсум ўзингизни “Андижон”да кўрамизми ёки бошқа таклифлар борми?
- Таклифлар йўқ эмас. Лекин “Андижон”га керак эканлигимни билдиришди. Шундай экан жамоада қолиб ўйнашда давом этаман.

- Бу йилги чемпионатда 24та ўйинда майдонга тушиб, 3та гол урдингиз. Фаолиятингиздан кўнглингиз тўлдими?
- Ўйинимдан қониқдим. Қўлдан келганича жамоамнинг ютуқларига ҳисса қўшишга харакат қилдим. Лекин муносиб баҳони ишқибозлар бергани маъқул.

Исломбек Рустамбеков суҳбатлашди.  

Рейтинг: +1   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика