"Ҳақиқий ўзбекча футбол биз Тошкентда кўраётган ўйинларда намойиш этилмоқда. Намангандаги ўйинни қўрқоқча футбол дейишади..."
12 июн 2022 02:24
Янгиликлар
"Ҳақиқий ўзбекча футбол биз Тошкентда кўраётган ўйинларда намойиш этилмоқда. Намангандаги ўйинни қўрқоқча футбол дейишади..."
Таҳлил
Дастлаб четлатиш ҳақида: Неъматов тезкорлик билан тўпни ўйинга киритиб, қарши ҳужумни бошламоқчи эди. Бироқ футболда бўлганидек рақиб унинг бу режасига тўсқинлик қилмоқчи бўлди. Негадир Абдувоҳид оддий вазиятда асабларини жиловлай олмай, ёш болаларча қўпол хатога йўл қўйди. Яъни тирсаги билан рақибга зарба берди. Футболчи VAR ишлаётганини била туриб бундай қўпол хатога йўл қўймаслиги керак. Унинг хатоси якунда жуда қимматга тушиши мумкин эди. Ўйин бошидаёқ жамоасини 1 киши кам ва пенальти орқали ўтказилган гол билан жуда ноқулай ҳолатга туширди. Неъматов учун энди мусобақа тугади, чунки четлатиш камига 2 ўйинга ўтади. Кападзе эса Неъматов билан келажак учун ҳам жиддий гаплашиб, тартибга солиши керак. Умуман режалаштирилмаган ва хаёлга келмаган хато бўлди.
Назаров ўтказган иккинчи гол ҳақида: Рақиб футболчиси қанотдан келиб одатда тўпни жарима майдончасига оширади. Назаров ҳам буни албатта билди ва вазиятдан илгарилаб кетишга уринди. Яъни рақибнинг режасини ўқийман деб икки қадам олдинга қадам ташлаб, ҳаёлан ошириладиган тўпни ушлаб олмоқчи бўлди. Назаров жуда ақлли ўйлади, тўғри. Лекин рақиб футболчиси унданда ақлли чиқиб, Назаровнинг бу услубини ўқий олди. Чунки Назаров бундан аввалги 1-2та вазиятда айнан шундай вазиятни олдиндан ўқий олиш қобилиятини ишга солиб хавфни бартараф этганди. Натижада Назаровнинг бу услубини рақиблар иккинчи бўлимда тезда ўқий олишди ва бу биз учун гол билан тугади. Назаровнинг вазиятни олдиндан ўқий олиши футбол тушунчаси, интеллекти юқорилигини англатади, тўғри. Лекин Назаров рақибларни эсдан чиқармагани ва маълум стандарт бўйича позицион тўғри ҳаракатланиши етарли. Ортиқча таваккал қиладиган даражадаги рақиблар йўқ буёғига.
Кўпчилик эътироз қилган (кўпроқ шарҳда эшитдим эътирозларни) ҳакам ҳақида: Очиғи, ҳакамнинг ҳеч бир қарори бизнинг зараримизга атай қилингани йўқ. Қизил шубҳасиз, пенальти тепганимизни ҳам унутманг ва Жияновга берилмаган тоза қизилда эса ҳакам бизга "домашная симпатия" қилди, деб ҳисобласак бўлади. Яъни, ҳакамга биз тарафдан заррача эътирозга ўрин йўқ. Эътироз бўладиган бўлса, унда бу ўша одамларнинг футбол тушунчасининг даражаси пастлиги ёки ўта нохолислиги билан боғлиқ!
Кападзе фактори! Кападзенинг жамоаси ва ғалаба тоза мураббийники. Нега? Албатта майдонда жавлон урган барча футболчиларнинг меҳнатини унутмаймиз. Улар ҳаммасини аъло даражада бажаришди, 1 киши кам бўлиб қолган кемтикни ҳам ортиғи билан ёпиб, ўйинда деярли тўлиқ устунлик билан ўйнашди. Аммо уларнинг бундай жозибадор ва чиройли ўйинини ташкиллаштирган ким? Албатта мураббийда! Кападзега тасанно!
Кападзе 7 ухлаб ҳам учрашувнинг 10 дақиқасидаёқ тўп ўзимизда бўлган вазиятдан ёш болаларча ҳаракат ва пенальтининг бонусига дарвозабон четлатилишини кутмагани аниқ. Бундай паллада жамоани ўйинда сақлаб қолиш билан биргаликда устунликни ҳам таъминлаб, вазиятни хотиржам ўз томонига оғдира олган мураббийнинг тактик ранг-баранглиги, асосий футбол фалсафасидан чекинмай қийин вазиятлардан оқилона чиқиб кетиши ва жамоа руҳиятини бир маромда ушлаб қолиши катта мураббий улғаётганидан дарак.
Наманганда Мальдив билан узун пасларга асосланган, рақибнинг техник хатолари ва футболчиларимизнинг индивидуаль юқори малакаси туфайли ғалаба қозонатган миллий жамоамиз фонида Кападзе Ироққа қарши ўйинда содир этган иш икки карра қадрли.
Яна бир жиҳатни унутмайлик, Осиё чемпионати олдидан Иброҳимҳалил, гуруҳ босқичида эса Ибрагимов жароҳати туфайли сафдан чиқди. Иккаласи асосий таркиб футболчилари. Лекин Кападзе жамоасининг ўйин сифатига бу жиҳат ҳеч қандай путур етказгани йўқ. Чунки мураббий ижрочилар ким бўлишидан қатъий назар ўйин фалсафасини ўзгартирмаяпти ва уларга қайси услубда ўйнаш кераклигини тушунтиряпти холос. Нарёғда эса малакаси янада кучли ижрочиларни йиғган мураббий Мальдив билан ўйинда рақибни ўз ҳудудида кутиб олиш билан банд. Мальдив билан ўйинда ман кўрган дақиқаларда миллий жамоамиз бирор марта прессинг ҳам қилмади...
Қайси жамоа миллий эканлигини ҳам тушунмай қоласан киши. Рақиб ўртасидаги фарқни эса айтманг... Ҳамма гап мураббийда!
Ажойиб жамоа учун Кападзега тасанно! Ҳақиқий ўзбекча футбол биз Тошкентда кўраётган ўйинларда намойиш этилмоқда. Намангандаги ўйинни қўрқоқча футбол дейишади...
Олға, Ўзбекистон! Чемпионлик сари олға!
Фикрлар