UZ

Сўнгги янгиликлар

13:04"Челси" яна бир дарвозабонга пул сарфлади, энди уларда 7 нафар посбон бор  2 12:27Суперлига. Андижондаги марказий ўйинни ким бошқаради? 14-турнинг дастлабки 3 ўйини ҳакамлари маълум  1 11:59ОЧЛ тугатилди, энди янги мусобақа кўрамиз  14 11:26Ўзбекистон делегациясига Футзал Жаҳон чемпионати-2024 кубогини топшириш маросими бўлиб ўтди  4 10:56"Локомотив" эртага янги ўйинчиларни таништиради  1 10:45«Барселона» узоқ вақт қизиққан футболчисининг трансферидан воз кечди  2 10:11«Фулҳэм» «Арсенал» футболчиси учун рекорд миқдорда пул тўлайди  4 09:43«Ал Садд» «Монако» футболчисини сотиб олди  2 09:15Sofascore. Кечаги учрашув учун Ўзбекистон ОТЖ футболчилари қандай баҳоларга лойиқ кўрилди?  12 08:47«Қўқон-1912» сардори фаолиятини бошқа бир Про лига жамоасида давом эттиради  1 08:25Ўртоқлик учрашуви. "Барселона" - "Манчестер Сити" 2:2, Холланднинг голи ҳисобга олинмади  2 08:20Олимпия ўйинлари. Чорак финал жуфтликлари билан танишинг  10 07:53Ўртоқлик учрашуви. «Ман Сити» ва «Барселона» жанговар дуранг ўйнашди  4 07:25Бугун Абдумалик Халоков, Давлат Бобонов ва яна бир неча спортчимиз Париж Олимпиадасида иштирок этишади  2 01:49Миср олимпия терма жамоаси сардори БАА клубига ўтди  3

Фазлиддин Сатторовдан ўзбек ОАВ ҳақида батафсил Янгиликлар

Фазлиддин Сатторовдан ўзбек ОАВ ҳақида батафсил

Бугун матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Қуйидаги мақола табрик ўрнида!

Дамни ғанимат биладиган соҳа вакиллари

Қўлга қалам олдингми, ёзиш керак. Йўқса, қаламга дўст тутинмаган маъқул. Башариятнинг устуни бу қалам. Қайси мавзуда, қай тахлит ёзишингиздан қатъий назар, кўнглингизга илҳом сол­яптими, бир зум тўхтаманг. Ижод – бу кўнгил иши...

Ҳозир ёзиш учун баҳона ва воситалар кўп. Юртимизда чоп этилаётган нашрлардан ташқари, ижтимоий тармоқлар ҳам сизга мунтазир. Истаганингизни ёзишингиз мумкин, кўтара олади. Майли, хато бўлсин, самимий чиқмасин, муҳими, у сизнинг дил изҳорларингиз...

Аммо бу профессионаллик эмас. Ҳеч бир қоидага тўғри келмайдиган сатрларни босиб чиқарадиган нашр ҳали пайдо бўлгани йўқ. Матбуот - бу ижтимоий тармоқ, дегани эмас. Бу соҳа. Унда маълум мутахассисликка эга инсонлар фаолият юритади. Улар ёзаётган мақолалар ёки сизга тақдим этаётган интервьюларида ижтимоий юк бор, долзарблик мавжуд, муҳими, унда СЎЗ бор!

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Айнан ушбу касб байрами нишонланиши бежиз эмас. Ҳар қандай мамлакатнинг қудратини намойиш этиш унинг ойдинлари зиммасида, улар ютуқ ва камчиликларимизни бор бўй-басти, виқори билан кўрсатиб беради.

Биз спорт йўналишини танлаганмиз. Жамиятнинг ҳар бир қатлами бу соҳага айрича ёндошади, муносабатини билдиради, доимий равишда кузатиб боради. Спорт журналистикаси соҳа сифатида шаклланиши йилларнинг, давр силсиласидан ўтишига, устозлар қалб қўри билан пишиб етилишига тўғри келди. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Ахбор Имомхўжаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган жисмоний тарбия ва спорт ходими Роман Турпишев (марҳум), Шоабдулла Муҳаммаджонов, Азим Алимов, Тимур Низаев, Сафар Остонов, Асрор Мўминов, Ғози Раҳмон, Рихситилла Умаров, Давлат Турдалиев (марҳум) каби ўнлаб инсонларнинг саъй-ҳаракати билан шаклланди.

Бир пайтлари фақатгина “Ўзбекистон физкультурачиси” деган газета муштарийлар эҳтиёжини қондирса, радиода ахборот дастурлари сўнгида бериладиган ярим-ёрти хабарлар ҳажми бир неча дақиқани ташкил этар эди, холос. Соҳага иккинчи даражали деб қаралгани ҳақиқат.



Истиқлолнинг илк йилларидан ўзбек ва рус тилларида “Sport” газетаси нашр этила бошланди, кўп ўтмай, 1993 йил июндан “O`zbekiston futboli” бу сафга қўшилди. Бу даргоҳ спорт журналистикасининг катта авлодини шакллантирди. Ҳайдар Акбаров, Аброр Имомхўжаев, Комил Жумаев, Ойбек Юнусов, Шерали Ҳабибуллаев, Тўлқин Рўзиев, Григорий Ртвеладзе, Беҳзод Тешабоев, Хайрулла Ҳамидов, Толибжон Қосимов, Мусулмон Элмуродов, Асрор Рўзибоев, Эркин Холбобоев, Неъмат Аҳмедов каби ёрқин номлар кашф этилди ва улар бугун соҳа журналистикаси тараққиётини таъминлашмоқда. Ўзтелерадиокомпаниянинг “Спорт” студияси эса Ғайрат Хонназаров, Шавкат Жалилов, Зафар Имомхўжаев, Мурод Ризаев, Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, Малика Муродова каби етакчи журналист-шарҳловчилар асосида иш олиб борар эди. 2003 йил 4 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Оммавий спорт тарғиботини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан телерадиокомпания негизида алоҳида “Sport” телеканали иш бошлади. Бу канал янги ресурс ва қувват талаб қилар эди. Вақт етилиб келган экан. Тез орада канал зиммасидаги масъулиятни сидқидилдан бажаришга киришиб кетди ва бугунда унга рақобатчи телеканалларни очиш учун эҳтиёж пайдо бўлганини илғаш қийин эмас.
Мавзуни ёритадиган olympic.uz, olamsport.com, sports.uz каби сайтлардан ташқари, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда миллий федерацияларнинг ўз расмий сайтларига ҳам кунда-кунора юзлаб одамлар ташриф буюради. Демак, спортга бўлган айрича хайрихоҳлик соҳа журналистлари зиммасидаги масъулиятни бир неча баравар оширган, десам хато бўлмайди.

Футболни спортдан айрича соҳа демаган бўлардим, аммо ундаги мухлислик даражаси, ахборотга бўлган талаб шундай дейишга мажбур этади. Ҳа, футбол мавзусини ёритадиган нашрлар басма-басига ҳаракат қилган тақдирда ҳам барибир ўз ўқувчиларини топаверар экан. Айни пайтда Андижонда “Футбол-экспресс” (умумий адади 11950), Наманганда “Interfutbol” (14500), Самарқандда “Чемпион+” (5000), Тошкентда “O`zbekiston futboli” (1750) газеталари чоп этиляпти. Championat.asia, stadion.uz, fut.uz, penalti.uz, uzfootball.uz, offside.uz каби ўнлаб сайтлар билан бир қаторда Ўзбекистон футбол федерацияси ва профессионал футбол клубларининг расмий сайтлари ҳам иш олиб бормоқда. Давр шуни тақозо этяптики, учрашувлар онлайн тарзда жонли эфирга узатиляпти. Кимўзарга ҳаракат қилиняпти. Бундан албатта, мухлис ютади.

Келинг, ўзимиз ҳақимизда ҳам гаплашайлик. Ҳар қандай шароитда ҳам босма нашрларга бўлган эҳтиёж сақланиб қолаверади. Телевизорни ҳар куни кў­риш имконияти йўқ, радиони ҳам хабарларни илғаб оладиган даражада эътиборли тингламаймиз, интернет қурғур ҳам тез-тез панд бериб туради. Аммо газетани бир четга тахлам сифатида олиб қўйиб (албатта, қадрлайдиганларни назарда тутяпмиз), кези келганда, мутолаа қилиш имконияти бор, ҳа, айнан МУТОЛАА қилиш... Бугун спорт мавзусини ёритишни зиммасига олган нашрлар сони футболчалик сероб эмас. Тўғри, уларнинг моддий аҳволини ҳам қониқарли, деб бўлмайди. Аммо соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи, профессионал спортда кундалик рўй бераётган воқеаларни пешма-пеш ёритадиган, мавзуга ўзгача ёндошадиган газета ёки журнал ўз ўқувчисини топиб боради. Мамлакат ва хорижда содир бўлаётган спорт мусобақалари тафсилоти, Олимпиадага йўлланмани қўлга киритган спортчилар, соҳани ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар ижроси, болалар спортини ривожлантириш борасида қилинаётган ишлар газетамиз саҳифаларидан жой олган.

Нокамтарлик бўлса ҳам айтай, “News Arena” газетаси бугун имкон қадар ўқувчи излаб юрган маълумотларни топишга ёрдам берадиган манбага айланиб улгурди. Бизни ўқиётган, муносабатини билдираётган муштарийларимиз, мутахассисларимиз бор. Бу уларнинг фикри... Таҳририятимиз номидан уларга миннатдорчилик билдираман. Ҳайтовур, бозор иқтисодиёти даврида ҳар бир товарнинг ўз қиймати бор, биз эса ана шу бозор талабларига қўлдан келганча жавоб бераётганимиздан мамнунмиз. Нашримиз чоп этила бошлаганига уч йил тўлди, бу давр ичида шаклландик, тобландик, турли тўсиқлардан ўтишга тўғри келди. Аммо йўналишимизни сақлаб қолдик. Хусусий нашрлар ичида йирик ҳажмда чиқяпмиз, муштарийнинг эҳтиёжини қондириш учун хизмат қиляпмиз. Ҳеч бир воқелик эътибор марказидан четда қолгани йўқ. Бизни мунтазам кузатиб бораётганлар буни пайқаган бўлсалар, эҳтимол. Камчиликларимиз ҳам сероб, бунга тўхталмадим, аммо бирин-кетин уларни ҳам бартараф этиб боришга ҳаракат қиламиз.



Юқорида айтиб ўтганимдек, бугун интернет даври. Смартфонингизни ёқишингиз билан янгиликлар телефонингизга оқиб келаверади, ижтимоий тармоқдаги олди-қочди хабарлардан нафақат воқиф бўлиш, ҳатто фикр билдириш имкониятингиз ҳам бор. Асабларингизни қақшатадиган бундай маълумотлар миянгизни тўлдириб ташлайди. Газета эса бироз ҳордиқ олишингизга ёрдам беради. У қайси мавзуни ёритишидан қатъий назар ҳеч бир тараққиёт босма нашр ўрнини боса олмайди!

Бугун биз катта оилага айландик. Олдимизда улкан долзарб вазифалар турибди. Спорт энциклопедиясини нашр этиш, турли қўлланмалар, ўзбек спорти ютуқлари, фахрийлар, федерациялар иши акс эттирилган китобларни чоп этиш, ижодкорлар ўртасида танловлар ўтказиш, ёш журналистлар мактабини ташкил этиш мавриди келди, назаримда.

1924 йил Франциянинг Париж шаҳ­рида спорт матбуоти вакиллари иштирокида ўтказилган халқаро конгрессда Бу­тун­жаҳон спорт матбуоти ассоциацияси (Inter­national Sports Press Association, AIPS)га асос солинади. Айни пайтда унга 130 давлатнинг миллий спорт журналистлари уюшмалари аъзо ҳисобланади. АИПС эса халқаро матбуот, спортчи ва мураббийлар, ҳамкорлар ўртасида ўзаро кўприк вазифасини ўтайди. 1995 йилдан эътиборан айнан ушбу ташкилотга асос солинган 2 июль санаси бутун дунёда Халқаро спорт журналистлари куни сифатида нишонланади.

Шу маънода айтиш мумкинки, эҳтимол бизда ҳам спорт журналистлари миллий уюшмасини очиш мавриди келгандир. Ўза­ро малакамизни ошириш, тажрибамизни ёйиш, соҳадаги ютуқ ва камчиликларни ўр­тоқлашиш, имкониятлардан унумли фойдаланиш каби вазифаларни амалга ошириш фурсати етмадимикан?! Тўғри, айни пайтда Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасида спорт сектори мавжуд. Балки унинг ишини жонлантириш лозимдир. Хуллас, бу жамулжам ўтириб, муҳокама қилинадиган мавзу...

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги расмий сайтида айтилишича, 1991 йилда Ўзбекистoнда 395 та oммавий аx­бoрoт вoситаси фаoлият oлиб бoрган. Мустақиллик йилларида яратилган кенг шарoитлар туфайли oммавий аxбoрoт вoситаларининг сoни бугунги кунда 1461 тани (01.06.2016 йил ҳoлатига) ташкил этади. Булар - 686 та газета, 300 та журнал ва 96 та ТВ, радиoлар ва бoшқалардир. Ҳoзирда мавжуд нoдавлат бoсма OАВ жами бoсма OАВнинг 62,7 фoизини ташкил этар экан, демак, нодавлат матбуот вакили сифатида улар орасида ўз ўрнимизга эга эканимиздан мамнунмиз.



Бугун касб байрамимиз! Ҳар ҳолда ҳеч бир ижодкорнинг ўша куни уйида ёки дўстлари даврасида ҳордиқ чиқарганини эслай олмайман, ўша куни ҳам ишлайди, дамни ғанимат билади. Ўз соҳамиздан келиб айтадиган бўлсам, бу йил Олимпиада йили! Спортчиларни излаб топиш, тайёргарликларини бориб кузатиш, мусобақаларда иштирок этиш, хориждан келган спортчиларимизни кутиб олиш ёки кузатиб қўйиш, уларни навбатдаги сон ёки сайтга тайёрлаш, воқеликни биринчи бўлиб етказиш каби саноқсиз ташвишлари бор бу касб эгасининг... Аммо мароқли иш.

Ҳурматли ҳамкасб, шуни табрик ўрнида қабул этинг: Сизнинг ана шу ёқимли ва шарафли меҳнатингиз қадр топаверсин!

Фазлиддин Сатторов

Рейтинг: +5   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика