Янги туғилган қизалоғини йўқотган, ўз тиззасини синдириб олган бельгиялик дарвозабон ҳикояси
26 мар 2020 19:10
Янгиликлар


Янги туғилган қизалоғини йўқотган, ўз тиззасини синдириб олган бельгиялик дарвозабон ҳикояси
Қуйида таъсирли монологни ўқиб чиқишингиз мумкин.
"Мен жуда таъсирчан инсонман. Мен кабиларни "очиқ китоб" дейишади. Ҳамма нарсани ўша захотиёқ бажаришга одатланганман. Энди эса вақт ўтиши билан еҳтиёткор ва ўйлаб иш тутадиган инсонга айландим, буни атрофдагилар олдиндан билишади: мен бахтли бўлган пайтимда, барчага билиниб туради, жаҳлим чиққанида ҳам сезилади, негатив кайфиятга шўнғийман. Мендан нима бўлганини сўрашганда, дарҳол ичимдагиларни тўкиб сола билмайман, одамларнинг руҳини чўктириб қўярман, балки. Болалигимдан шундай эдим деб ўйлайман, ота-онам менга бирон нарса қилишни буюрганларида, одатда ўша вазифани жимгина бажарардим. Ортиқча баҳслашмасдим ва кераксиз саволларни бермасдим. Уларнинг ёши катта ва мени яхши тушунишади деб ҳисоблар эдим. Ўша лаҳзаларда менда ҳақиқат туйғуси шаклланиб борган.
Мендан беш ёшга кичик синглим бор. Унинг исми - Стефани. У менга ўхшаб тортинчоқ эмасди, дангал қиз эди. Балки, шунинг учунми тез-тез акам билан жанжаллашиб туришарди. Бизда шундай одатий қардошлик муносабатлари бор эди, яхши кўришдан нафратга қадар ва аксинча. Эндиликда биз жуда яқинмиз.
Биз Беринген яқинидаги Тессендерло қишлоғида ўсиб-улғайганмиз. Болалигимиз ажойиб ўтган. Меҳрибон ва оддий оилада катта бўлдим, менга омад кулиб боқди, буни қадрлашим керак. Албатта, баъзида пул билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлган. Айрим пайтларда ота-онамиз бизнинг инжиқликларимизга чидашига тўғри келган, лекин уйда ҳар доим ҳамма нарса етарли эди ва йил охирида Синтерклаас(қорбробо Бельгия ва Нидерландияда ана шундай аталади) биз режалаштирган деярли ҳамма нарсани олиб келарди. Умуман олганда, шикоят қиладиган нарса йўқ эди.
Ота-онамиз бизни меҳр ва эътибор билан қамраб олгандаридан хурсандман. Биз буни одатий ҳол ва уларнинг бурчлари деб ҳисоблардик, энди эса мен улар биз учун қанча иш қилганлиги ҳақида кўп ўйлайман. Ва нафақат улар, балки бошқа қариндошлар ҳам. Масалан, бобом, онамнинг отаси. У мен билан футболга тез-тез борар эди, гарчи у ўйиннинг моҳиятини тушунмаса ҳам. Буни мен учун қиларди. Кўпинча мен, синглим ва бобом айланардик, кучуклар билан сайрга чиқардик. Бобом ҳақиқий деҳқон оиласида, болалар кўчада катта бўлган замонларда яшаган. Бобом бутун умри давомида ишлаган ва керак бўлса бизга ёрдам берган. Ҳатто қарилигида ҳам боғда ишлашни хуш кўрар эди. У охиригача кучли одам бўлиб қолди.
Дарҳақиқат, бобом билан жуда яқин дўст эдик, буни сўзлар билан таърифлаб бериб бўлмайди. У доимо мен билан бирга эди ва унинг мавжудлиги менга ишонч берарди. У кўнгли тоза, ажойиб инсон эди. Мен билган одамларнинг энг яхшиси. Мен ундан ҳеч қачон хафа бўлмаганман ва унга ҳеч қачон жаҳл қилмаганман, лекин онам баъзида у билан жанжаллашиб қоларди. Бу мени жуда хафа қилар, ҳар сафар уларни имкон қадар тезроқ тинчлантиришга интилардим. Афсуски, бобом бир ярим йил олдин ҳаётдан кўз юмди. Бу жуда қийин пайт эди. У билан фикрларим ва ҳиссиётларимни бўлишишни истаган бўлардим. Лекин..."
"Катта бувим (отамнинг бувиси) ҳам жуда ғамхўр эдилар, набиралари ва чевараларига ғамхўр эди. У мен ўқиган бошланғич мактабнинг олдида яшарди ва мен ҳар куни унинг уйига бориб, овқатланишга ошиқардим. Бу жуда ажойиб эди. Биз қариндошларимиз доимо ёнимизда бўлишига ишониб, ўсиб-улғаямиз ва фақат катта бўлганимиздагина уларнинг ҳаётимизда тутган ўрни, уларнинг ҳаётимиздаги ҳиссаси нақадар катта эканлигини тушунамиз. Улар биз учун ҳамма нарсага тайёр эканликларини англаб етамиз.
Отам юк машина ҳайдовчиси эди, омборда ишларди ва бир неча йил олдин у кўчмас мулк саноатини ўрганишни бошлади. Шунингдек, у футбол агенти бўлиш учун ўқиди. Бир йил ўтгач, регламент ўзгартирилди, энди ишлаш учун диплом талаб қилинмайди, аммо у дипломли бўлганидан фахрланмоқда. У ишини тўғри бажара олади, чунки бу йўлда жуда кўп тер тўкди. Отам ўзгаришлардан қўрқмайди ва менга бот-бот "чўкиб қолмаслик"ни тушунтиради. Кўп одамлар "мен бир нарсани ўргандим ва умрим охиригача шу ишни бажараман" деб ўйлаб, ўзларига одат қилиб олишган. Отам ундай эмас. Унинг дунёқараши кенг ва қизиқишлари турлича.
Онам қариялар уйида қарияларга ғамхўрлик қилади. Мен кичиклигимда у болалар боғчасида ишларди, шунинг учун мен унинг олдига келиб, болалар билан ўйнардим, кейин автобусга ўтириб, футболга жўнардим. Ажойиб кунлар бўлган, ғам-ташвишларсиз, ёрқин.
Ҳаётдаги асосий сабоқ шундаки, “сувдаги балиқни қийинчиликсиз ушлай олмайсиз”. Ота-онам жуда меҳнатсевар ва мен бу хислатни улардан ўзлаштириб олдим. Шу билан бирга, улар мени бирор нарса қилишга ёки кимдир бўлишга мажбурламадилар - менинг спорт одами эканлигим тезда аён бўлди. Улар буни тушунишди ва ўзим танлаган йўналишда ривожланишимга имкон беришди.
Бундан ташқари, улар менга ҳеч қачон динни тақиқламадилар. Мен ўзим кўп нарсага ишонардим. "Гент"да ганалик Нана Асаре билан ўйнадим. Африкаликлар одатда жуда диндор бўлишади. Бир куни мен ундан "Инжил"ни ўқиш учун олдим. Бир ҳафта ўтгач, у менга янгисини совға қилди. "Ол, сенинг ўзингда ҳам бўлиши керак" - деди. Мен ҳали ҳам уни сақлайман, баъзан ўқийман. Ишонч мени илҳомлантиради. Агар футболда омадим келмаса, менда алоҳида рағбат борлигини эслайман. Бу мотивация тугамайди. Мен учун ишонч - ҳаётнинг асосидир. Айниқса, ҳозир".
"Ким ва мен уч йилдан бери биргамиз. Ўзаро дўстик шарофати билан учрашдик. Бу биринчи кўришдаги, бир қарашдаги севги эди. Менга унинг ўзини тутиши ёқарди. Бизга биргаликда бўлиш яхши эди ва тез орада фарзанд кўришни истадик. Ким хомиладор пайтида болалар хонаси мавжуд бўлган бошқа уйга кўчиб ўтдик. Кейинчалик, кутилаётган фарзандимиз қиз эканлигини билдик, у учун ҳар хил нарсалар ва ўйинчоқларга буюртма бердик. УЗИ текширувида ҳаммаси жойида эди, ҳар сафар гинеколог бизга идеал хулосаларни берди. Бироқ, қишки йиғиндан қайтиб келганимда ҳаммаси ўзгариб кетди.
Остендега келиб қўнганимда, телефонни ёқдим ва Кимнинг олтита жавобсиз қолган қўнғироғини кўрдим. Уни ўткир қорин оғриғи билан тез ёрдам бўлимига олиб боришибди. Мен дарҳол унинг олдига бордим. Шифокорлар ишонтиришди: улар айтдики, жиддий нарса йўқ, озгина яллиғланиш бор, холос. Эртаси куни Ворбургга бобо-бувамникига кўчиб ўтдик. У эрда Кимнинг қорни яна қаттиқ оғриб қолди. Клиникага шошилдик.
Ким болани атиги 24 ҳафтада дунёга келтиришга мажбур бўлиши мумкин. Жуда эрта, жуда. Доктор узоқ вақт ниманидир тушунтира бошлади, аммо стресс туфайли биз унинг сўзларини англамадик. Тушунишимча, муаммо кичик яллиғланиш эди, ҳаммаси шундан бошланганди. Бу эрта туғилишни келтириб чиқарди".
"Кимга антибиотиклар беришди ва эртаси куни у ўзига келди. Даволаниш ёрдам бергандай туюлди. Шифокорлар бизга муваффақиятли натижа хавфи ва имкониятлари ҳақида гапириб беришди. Улар мия одатда 28 ҳафтадан сўнг, тўлиқ шаклланишини тушунтиришди, шундан сўнг “ақлий ёки жисмоний аномалиялар эҳтимоллиги сезиларли даражада камаяди - аммо бу давргача болани дунёга келтирмаслик яхшироқ”...
Ўша куни кечқурун Ким яна қорнида оғриқ ҳис қилди. Аввалгидан ҳам кучлироқ. Ярим тунда оғриқ ниҳоят сусайди ва яна икки соатдан кейин шифокорлар келиб, инфекция жуда тез тарқалишини айтишди. “Болани дунёга келтириш керак”. Шунда биз бошқа вариантлар йўқлигини англадик. 15 январь [2019 йил] эрталаб соат еттида Лии туғилди.
Уни кўргач, бахтиёрлигимдан йиғлаб юбордим. Мен уни биринчи марта қўлга олганимда, гўё биз бир-биримизни узоқ вақтдан бери танийдигандек ҳис қилдим. Бу мутлақо ўзгача ҳиссиёт. Таърифлаб бўлмайдиган, тирик одамча. Тўғри, у кутилганидан кичикроқ ва энгилроқ туғилди: атиги 32 сантиметр ва 780 грамм. Аммо у қўлларини ва оёқларини қимирлатиб, бизга муносабат билдирди. Унинг юраги ура бошлади. У ўпкаси тўлиқ шаклланмаганлиги сабабли қийинчилик билан нафас олди. Икки соатдан кейин у дош бера олмади...
У энди биз билан эмаслигини англадик, лекин айни пайтда ҳамма нарса туман ичида қолгандек кўринди. Мен уни йўқотганимизга ишонмадим.
Кейин уйга келдик. Остонадан кирдим: Бам! Миямга "ҳаммаси тугади" деган хаёл келди. Жуда қийин эди. Яқин вақтгача биз унга тегиндик, уни ҳидладик ва энди эса — бўшлиқ. Илгари инсонлар менга бола туғилишидан бошқа гўзал нарса йўқлигини айтганда, мен: "еҳтимол" - деб ўйлардим. Шунда мен сўзсиз, ота-оналик муҳаббати қанчалик тез гуллаб-яшнашини ҳис қилдим.
Мен бор-йўғи икки соат Лиининг отаси бўлдим, аммо дўстларим мени яхши ота деб айтишади. Буни эшитиш ёқимли. Менимча, улар буни мен хушмуомала, самимий ва ҳамма нарсага ижобий нуқтаи назар билан қарашга ҳаракат қиладиган инсон эканлигим учун айтишар.
Ўз ўтмишимни ниобатга олган ҳолда одамлар ҳақида шошқалоқлик билан хулосага келмайман. Мен бошқача бўлиб қолдим. Лии туғилишидан олдин ҳам мен ўзимни вояга этган деб ўйлардим, лекин ҳозир ҳақиқатдан ҳам эркакман. Ҳаётда нима муҳимлигини тушундим. Илгари вақтим ва кучимни кераксиз нарсаларга сарф қилардим, энди эса муҳим нарсалардан безовталанаман.
Ким мендан иложи борича тезроқ футболга қайтишимни ва ўзимни руҳий азобдан чалғитишимни хоҳлади. Дастлабки икки ҳафта умуман эсимда йўқ. Баъзи одамлар олдимга келиб, нималарнидир гапиришди. Жисмоний жиҳатдан мен машғулотларда қатнашардим, аммо руҳий тарафлама жуда узоқда эдим. Агар бу икки ҳафтани Ким билан ўтказганимда яхши бўларди. Ота-онам бизга кўп ёрдам беришди. 28 ёшлигимда, онам ҳам бир пайтлар ўз боласини йўқотганлигини билдим. Маълум бўлишича, менинг бир пайтлар укам бўлган. Биз у билан бу ҳақда кўп гаплашдик ва алоқамиз янада мустаҳкамланди".
Мен отам билан бу ҳақда гаплашмадим. У "ёпиқ" одам. Мен унинг икки марта йиғлаганини кўрдим. Биринчи марта - бувисининг дафн маросимида, иккинчиси - Лиининг ўлимидан кейин. 29 йил ичида иккита ҳолат. Аммо бунинг ёмон жойи йўқ. Онам ҳам руҳан жуда кучли. Эрта ёшида у онасини, кейин эса ўғли ва неварасини йўқотди. У буларнинг барчасини қатъий муҳокама қилишга қодир. Баъзида мен учун бу жуда қийин, лекин мен ҳам ўз ҳиссиётларимни шу тарзда ифода этишни истардим. Бу тикланиб олишимга ёрдам беради.
Мотам — бу синовлар жараёни. Ўзимни жуда ёмон ҳис қиладиган кунларим бор: масалан, ҳар ойнинг 15-куни. Мен ойга ойни қўшаман ва Лии қанча ёшда бўлган бўларди, шуни ҳисоблайман, унинг қандай кўринишини тасаввур қилишим мумкин. Унинг нарсалари чордоқда сақланади. Бундан ташқари, бизда у билан боғлиқ хотиралар қутиси мавжуд. Ҳар бир ярим-икки ойда уни очамиз, ҳидлаймиз ва Лии биз билан бирга эканлигини қалбан тасаввур қиламиз. Ким учун Лиининг вафоти янада жиддий зарба бўлди, чунки у бир неча ойлар давомида уни қорнида кўтариб юрган эди. Бундай вазиятлар муносабатларни янада кучайтириши ёки йўқ қилиши мумкин. Бизда биринчи вариант бор.
Ўтган ёзда, Ким билан Испанияда эканлигимизда, унга турмуш қуриш таклифини билдирдим. У рози бўлди. Биз бундан кейин ҳам биргаликда ҳаракат қилишни ва оила қуришни жуда хоҳладик. Ноябрда Кимнинг ҳомиладор бўлганлигини билдик. Қўрқдимми? Билмайман. Биз нима бўлганлиги ҳақида кўп гаплашамиз. Ким бизга омад келмаяпти деб ҳисоблайди. Биз у билан қийин йилни бошдан кечирдик. Эсимда, 2018 йил охирида Инстаграм-да: "2019 йил менинг йилим бўлади!" - деб ёзди. Лекин, охирида ҳамма нарса бошқача бўлиб чиқди. 15 январь куни менинг дунёим “қулаб тушди”.
Ўша ёзда мен "Мехелен"га қайтдим. Клуб менга ишонди - "Гент"да менга бўлган бундай ишонч йўқ эди. "Мехелен" билан уч йиллик шартнома имзоладим. Бир куни фаолиятимни айнан шу эрда тугатсам яхши бўларди. Мен "Гент"дан хафа эмасман. Шунчаки, мени у ердан кетказган одамлар нотўғри қилганликларини исботламоқчиман. Мен ҳамма нарсадан мамнунман. Шундай қилиб, мен "Гент"нинг иккинчи жамоасида ўйнайман ва икки ойдан сўнг "Мехелен"нинг биринчи дарвозабони бўламан. Мен таслим бўлмадим. Албатта, "Гент" билан бошқача тарзда видолашмоқчи эдим, аммо барибир у ерда кечган унутилмас дақиқаларни эслайман.
"Лиининг ўлимидан кейин Ким ва мен "Геламко Арене" (Гентдаги стадион)да қандай қилиб учрашганимизни ҳеч қачон унутмайман. Биз қучоқлашиб турдик ва 20 мингга яқин киши бизни қўллаб-қувватлаб, қарсак чалишди. Бунинг учун мен "Гент" мухлисларидан чексиз миннатдорман. Шуниси эътиборга лойиқки, менинг собиқ клубимга қарши биринчи ўйиним 15- санада бўлиб ўтган. Менимча, бу тақдир. Менга қўшимча мотивация керак эмас. Агар мен учун машғулот ёки ўйин муваффақиятсиз якунланса, Лии ҳақида ўйлайман ва ичимда аланга пайдо бўлади. Мен у учун курашишда давом этаман. Лии мен билан ғурурланишини истайман.
Февраль ойида яна "Гент"га қарши ўйиннинг бошланғич таркибида майдонга тушдим ва биринчи дақиқада жиддий жароҳат олиб, гол ўтказиб юбордим. Ҳали майдондалигимдаёқ, мавсум мен учун якунланганини англадим. Шифокорларнинг ҳукми ҳақиқатдан жиддий бўлиб чиқди: тиззанинг боғламалари ёрилган, тикланишнинг тахминий даври — 6 ойдан 8 ойгача. Севган нарсангизни узоқ вақт давомида қилмаслигингиз жуда ачинарли. Бошқа томондан, энди коронавирус туфайли ҳамма футболни соғинади".
Тикланиш жараёни режа бўйича олиб борилмоқда. Мен уйда шуғулланяпман, скайп орқали спорт физиотерапевти Дэвид Бомбек билан маслаҳатлашяпман, у менга кун режасини тақдим этиб бормоқда. Вазият осон эмас, лекин мослашиш лозим. Тикланиш жараёни режа бўйича олиб борилмоқда. Олдинда ҳали беш ойлик машаққат бор. Июль ёки августда машғулотларга қайтишга умид қиламан. Аввалига самовий жазо мени бошимга тушди, деб ўйлаган эдим ва энди бундан ҳам баттарроқ вазиятга тушганлар борлигини тушундим — вирус туфайли дунёда нималар бўлаётганига қаранг. Яхшиямки, мен табиатан оптимистман. Позитив муносабатга эгалигим учун, шунингдек, оилам ва дўстларимнинг қўллаб-қувватлаши туфайли мен ҳамма нарсани енгиб ўтаман.
Шерзод Нурматов таржимаси.
Ўхшаш янгиликлар

Фикрлар