Умрининг илк дақиқасидан қийинчиликлар ичра қолган Марио Балотелли
02 апр 2020 06:25
Янгиликлар
Умрининг илк дақиқасидан қийинчиликлар ичра қолган Марио Балотелли
Таржимаи ҳол
Италиялик жаҳон футболи юлдузи Марио Балотелли ҳам майдондаги голлари, ҳам унинг ташқарисидаги жанжаллари билан машҳурликка эришган. Балотеллининг ўзига хос характерга эга эканлиги барчага маълум. У ўзига ёқмаган вазиятда жим қараб турмайди ва ким эканлигининг Мариога умуман фарқи йўқ. Балки унинг бундай характерига ҳаётдаги қийинчиликлари ва зарбаларининг ҳам "айби" бордир.
У жахли чиққанда ҳатто мураббийларини ҳам аяб ўтирмайди. Бунга мисол тариқасида "Манчестер Сити"да ўша вақтдаги бош мураббий Роберто Манчини футболчининг истагига қарамай, Балотеллини эртароқ кийиниш хонасига жўнатмоқчи бўлгани, аммо вазият умуман бошқача тус олганини ёдга олиш кифоядек.
Болалиги ва ёшлиги
Балотелли биографияси драматик воқеадан бошланади: Марио 1990 йил 12 август куни Палермода дунёга келади ва умрининг биринчи йилини шифохонада ўтказади. Ота-онаси асли Ганадан эди – Марио туғилгач оила Баньоло-Меллага кўчиб ўтади, лекин тез орада чақалоққа шифокорлар ёрдами керак эканлиги маълум бўлади. Ҳазм қилиш тизимидаги муаммолар туфайли у оғир операцияни бошидан ўтказади.
Фарзандининг даволаниши учун зарур дори-дармон ва шифохонанинг қолган тўловларини амалга ошириш имкони бўлмаган ота-она мажбурликдан васийлик хизматига мурожаат қилишади. Натижада Мариони Франческо ва Сильвио Балотелли боқиб олади. Мариогача ҳам уларнинг икки ўғли ва бир қизи бўлган.
Балотелли катта бўлмаган Кончезьо коммунасида истиқомат қилишган. Айнан шу ер Марио учун қадрли, ватани, ўз уйи бўлиб қолади. Франческо ва Сильвио маълум вақт ўтгач, Барвуа хонадонини қидириб топишади ҳамда катта бўлиб қолган Мариони ҳақиқий ота-онаси билан кўриштириш учун олиб боришади, аммо... Аммо уларга эшикни ҳеч ким очмайди.
Йиллар ўтиб, футболчи интервьюларидан бирида ўзи спорт юлдузи бўла бошлагачгина, биологик ота-онаси телеэкранларда аянчли юз кўринишлари билан чиқишлар қила бошлашганини ёдга олади.
Спортчининг сўзларига кўра, улар интервьюларида Балотеллининг обрўсига салбий таъсир этувчи гапларни айтишган.
"Мен бунга йўл қўя олмайман. Сабаби менинг ҳақиқий оилам Брешиада истиқомат қилади ва шаҳарнинг ҳурматга сазовор инсонларидан ҳисобланади; бу менинг ягона оилам", - таъкидлаган Марио.
Балотелли шунингдек болалигида мунтазам ирқчилик муаммосига дуч келганини хотирлайди. Агар мактабда ўғирлик юз берса, негадир биринчи гумондор Марио бўлаверган. Қўшни болалар эса танасининг ранги бошқача бўлгани сабаб у билан ўйнашни исташмасди. 18 ёшга тўлгач, ўсмир йигит ниҳоят паспорт олади ва тўлақонли Италия фуқаросига айланади, лекин бу атрофдагиларнинг муносабатини ўзгартириб бера олмайди.
Ягона нажот йўли футбол эди. Марио бўш вақтини тўлиқлигича футболга бағишлайди. 7 ёшида у "Сан-Бартоломео" жамоасида шуғуллана бошлайди, кейинги ўн йилда у 4-5 та ёшлар жамоаларида тўп тепишга улгуради. Улардан охирги иккитаси – "Лумеццане" ва "Интер"да – параллел равишда асосий жамоа таркибида ҳам майдонга тушади.
Футбол
Профессионал футболда Марио 15 ёшида дебют қилади. 2006 йил апрель ойида у илк бор "Лумеццане"нинг катталар жамоаси таркибида ўйинга тушади, рақиб С Сериясининг бошқа бир вакили "Падове" клуби эди. Мавсум охиригача Балотелли яна бир боргина майдонга туширилади ва ёзда бошқа клубга ўтишга қарор қилади.
У "Барселона"да кўрикда бўлади, лекин каталонияликларга Балотеллининг ўйини мақул келмайди. Кейинчалик, ҳужумчи "Манчестер Сити"да тўп тепган вақтларда унинг "кўк-анорранглилар" сафига ўтиши борасидаги миш-мишларга муносабатини сўрашганда, Марио кескин оҳангда "қиз болалар" билан бирга ўйнаш нияти йўқлигини айтади.
Фаолиятидаги иккинчи мавсумини Балотелли "Интер" ёшлар жамоасида ўтказади. 2007 йилдан бошлаб "нерадзурри" асосий таркибида ўйнай бошлайди. Ёш иқтидор соҳибини мавсум олди ўртоқлик ўйинида "Шеффилд Юнайтед"га қарши беллашувда текширишади. Инглизлар ўшанда икки бор тўпни ўз дарвозаларидан олиб чиқадилар, Балотелли эса дубль қайд этади. Шу тариқа, Марио Италия чемпионатида "Интер" шарафини ҳимоя қилиш бахтига лойиқ кўрилади.
Бироқ "Интер"нинг ўша вақтдаги бош мураббийи Роберто Манчини форвардга фақатгина декабрь ойида имкон беради: ички чемпионат ўйинида "нерадзурри" "Кальяри" устидан ғалаба қозонади. Лекин биринчи голини (кетидан ўша ўйиндаёқ иккинчи голини ҳам) Марио бир неча кундан кейин "Реджина"га қарши беллашувда уради.
Кейинги дубль Италия Кубоги "Ювентус" билан учрашувда амалга оширилади, "Интер" эса мусобақа ярим финалига йўлланмани қўлга киритади. Афсуски, бош соврин барибир жамоага насиб қилмайди. Лекин "Интер" ички чемпионатда, кейинроқ эса мамлакат Суперкубогида ғолиб бўлади ва бунда Марионинг хизматлари салмоқли эди.
Кейинги мавсумда Марио чемпионат доирасида икки баробар кўпроқ учрашувда майдонга туширилади ва 8та гол уришга эришади. "Интер" А Серияда ишончли ўйин кўрсатса-да, қолган мусобақаларда "кетмони учмайди" ва Манчинига чиқиш эшиклари кўрсатилади, бош мураббий курсисига эса Жозе Моуринью ўтиради.
Қахрамонимиз сермаҳсуллиги у қадар яхшиланиб кетмаган бўлса-да, мураббий қолганларни ҳам кучайишига эришади. Натижада, "Интер" Чемпионлар Лигасида ҳам, Италия Кубогида ҳам, А Серияда ҳам кўзланган мақсадга етади.
2010 йил Марио Италия термаси асосий таркибида дебют учрашувини ўтказади – бунгача футболчи ёшлар ўртасидаги мусобақаларда мамлакат шарафини ҳимоя қилиб келарди.
Евро-2012 Балотелли учун алоҳида омад келтиради. Миллий терма таркибидаги биринчи қора танли футболчи бўлган Марио жамоани қитъа миқёсидаги мусобақа финалига қадар етаклаб келади. Ҳал қилувчи баҳсда омад Испанияга кулиб боқади. Ҳужумчи эса чемпионатнинг энг яхши тўпурари деб топилади.
"Манчестер Сити"га борган Манчини клуб раҳбариятини ушбу трансферга кўндиради ва 2010 йил ёзида Балотелли Буюк Британияга йўл олади. Келишув нархи эса 24 млн. £ ташкил қилади. "Шаҳарликлар" таркибидаги илк голини биринчи ўйиндаёқ – Руминиянинг "Тимишоара" жамоаси дарвозасига йўллайди. Ўйин қандайдир ўртоқлик беллашуви эмас Европа Лигаси доирасида бўлган, аммо гол урган Марио тиззасидан жароҳат олади ва икки ойга майдондан ташқарида қолиб кетади.
АПЛдаги дебют учрашувида "Сити"га Лондоннинг "Арсенал" жамоаси рақиблик қилади. Омадли ўйинлар билан, жамоадошлари билан майдон ташқарисидаги жанжаллари параллель равишда кетади. Ўша йил декабрь ойида у машғулот вақтида Жером Боатенг билан келиша олмай қолади. Ўйинларда ҳам Марио ўта қўпол ҳаракат қила бошлайди ва кетма-кет қизил карточкалар ишлаб олади.
Клуб раҳбарияти вазиятни ўзгартириш, ўнглаш мақсадида Балотеллининг ойлигидан маълум қисмини жарима сифатида ушлаб қолади, лекин бефойда. Сабр косасидаги сувни тоширган томчи: Манчини билан жанжал бўлади. Мураббий ва футболчи ўртасидаги келишмовчилик 2013 йилда рўй беради. Клуб футболчидан дарҳол қутилиш ҳаракатига тушади ва уни "Милан"га сотиб юборади.
Италияга қайтган Балотелли бир ярим мавсум давомида ажойиб ҳаракат қилади. У 43 ўйинда майдонга тушади ва 26та гол уради. 2013 йил клуб учун Чемпионлар Лигасини тақдим этган гол муаллифига айланади. Бироқ бир йил ўтгач, "Милан" Еврокубоклардан четда қолади ва футболчи ўзига бошқа клуб излай бошлайди.
Форвардни "Ливерпуль" харид қилади, аммо бу трансфер ўзини оқламайди. 16 ўйинда иштирок этган Марио бор йўғи бир марта гол уради. Кейинги мавсум аввалида Балотелли ижара асосида "Милан"га қайтарилади, лекин энди унга кетма-кет жароҳатлар панд беради. Голлар сони ўзгармайди – 1та гол, аммо энди 20та ўйинда.
Балотелли учун оғир босқич 2016/2017-йилги мавсум аввалида ўз якунига етади. "Ливерпуль" билан келишгач, эркин агент сифатида футболчи "Ницца"га ўз хизматларини таклиф қилади ва французлар ижобий жавоб қайтаради. Биринчи ўйинидаёқ Марио дубль қайд этади. ўша мавсум у ўз ҳисобига 15та гол ёзиб қўяди. Иккинчи мавсум унданда омадли бўлади ва ҳужумчи 38 ўйинда 26та гол уришни уддалайди.
Шахсий ҳаёти
Марио ҳозирча бўйдоқ. 2011 йил ёзидан 2012 йил баҳорига қадар телеюлдуз ва модель Рафаэлла Фико билан учрашиб юрган. Жуфтликнинг бир фарзанди бор.
Кейинроқ Балотелли модель ва қўшиқчи Фанни Негуеша билан муносабатлари маълум бўлди. 2013 йил улар турмуш қуришга қарор қилишади, бироқ 2014 йил сентабрида Фанни алоқаларни буткул узади. Бунга у футболчининг ўта рашкчилигини сабаб қилиб келтиради.
2018 йил сентябрида Марио иккинчи бор ота бўлади: чақалоққа Леон деб исм қўйишади. Аммо футболчи ўғлининг онаси ким эканлигини сир бўлиб қолишини истаган.
Италия ОАВ хабарларига кўра, Марио нафақат ўз фарзандларига, балки бошқаларга ҳам қўлидан келганча ёрдам беради. Баъзи оилалар дори-дармонга ва фарзандларининг таҳсил олиши учун кўмак сўрашганда у ўйланиб ўтирмай ёрдам қўлини чўзади.
Балотелли "Твиттер" ва "Инстаграм"да фаол. У футбол учрашувлари, машғулотлардан расмлар билан бирга, дўстлари билан тушган суратларни ҳам ўз саҳифасига жойлаб боради.
Марио Балотелли ҳозир
Форвард ҳамон ўзи ҳақида мунтазам равишда эслатиб турибди десак, муболаға бўлмайди. Марио терма жамоадаги фаолиятини якунлаганини эълон қилмаган ва ЖЧ-18 саралаш босқичида ўзини таклиф қилишларини очиғи кутганди, аммо бундай бўлиб чиқмади ва якунда Италия терма жамоаси мундиал учун либосларини намойиш қилишга ҳам улгурган бўлсада, мусобақа финал босқичига йўлланмани қўлга кирита олмади. Бунақаси 60 йил аввал бўлгани эътиборга лойиқ албатта. Ким билади дейсиз ўшанда Мариони чақирган маъқулроқмиди...
Мавсумлар оралиғида Балотелли "Брешиа" билан бир йиллик битимга имзо чекди, шартноманинг бир бандига кўра, келишув яна бир йилга узайтирилиши мумкин. Лекин аввалроқ бўлиб ўтган воқеалардан сўнг (ўйин вақтида мухлислар Балотеллини "хафа қилишди", футболчи яна ирқчилик муаммосига йўлиқди), футболчи янги мавсумни қаерда бошлаши номаълум.
Совринлари
2008 – Италия Чемпиони 2007/08 ("Интер" сафида)
2008 – Италия Суперкубоги соҳиби
2009 – Италия Чемпиони 2008/09 ("Интер" сафида)
2010 – Италия Чемпиони 2009/10 ("Интер" сафида»)
2010 – Италия Кубоги соҳиби
2010 – УЕФА Чемпионлар Лигаси
2010 - "Golden boy" мукофоти соҳиби
2011 – Англия Кубоги соҳиби ("Манчестер Сити" сафида)
2012 – Англия чемпиони 2011/12 ("Манчестер Сити" сафида)
2012 – Англия Суперкубоги соҳиби ("Манчестер Сити" сафида)
2012 – Европа чемпионати кумуш медали совриндори (Италия термаси сафида)
Нозима Зарипова таржимаси
Фикрлар