Таҳлил. Ўзбекистон терма жамоасида "перезагрузка": Каннаваро нимани ўзгартирмоқчи?
14 окт 13:03
Янгиликлар


Таҳлил. Ўзбекистон терма жамоасида "перезагрузка": Каннаваро нимани ўзгартирмоқчи?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Фабио Каннаваро даври бошланди. Италиялик мутахассиснинг илк йиғин ва ўйинларидан кўпчилик мўъжиза кутмаган — шундай бўлиши табиий эди. Чунки ҳар қандай янгиланиш учун маълум вақт керак. Ҳозир миллий жамоада айнан шундай "перезагрузка" — яъни янгиланиш жараёни кечмоқда.
Бироқ бу янгиланиш ҳозирча эҳтиёткор қадамлар билан амалга ошмоқда. Каннаваро услубида Катанец даврининг сояси ҳали ҳам сезилиб турибди.
Тактик йўналиш: Катанец изидан кетган италияча тартиб
Каннаваро учун дастлабки баҳслар — кузатув ва таҳлил босқичи бўлди. У ҳали тактик жиҳатдан катта ўзгаришлар киритмади, балки Катанец “конспекти”ни давом эттирди: ҳимояда интизом, ўйинни назорат қилиш ва натижага интилиш.
Кувайтга қарши 2:0 ҳисобида олдинда бораётган жамоа темпни пасайтириб, натижани сақлашга ўтди — бу италияча прагматизмдан дарак. Уругвайга қарши ўйинда эса жамоа интизомни сақлашга интилиб, ҳимояни бирламчи вазифа қилиб олди.
Демак, Каннаваро ҳозирча натижавий, эҳтиёткор ва ҳисобни сақлаб қолишга қаратилган ўйин услубини танлаган. Унинг жамоаси реализмга суянади, яъни “чиройли футбол”дан кўра “натижа” устувор.
Таркибда эҳтиёткорлик: янги номларга ҳали вақт келмади
Бу йиғиндаги таркиб деярли Кападзе давридагидек бўлди. Кувайт билан ўйиндан кейин Турдимуродов, Раҳмоналиев, Абдумажидов ва Ҳожимирзаевга жавоб бериб юборилди, бу ўйинчилар клублари ихтиёрига қайтиб кетди. Уларнинг ўрнига тажрибали футболчилар — Эшмуродов, Норчаев ва Турғунбоев таклиф қилинди.
Бундан келиб чиқяптики, италиялик мутахассис футболчиларнинг аввалги ўйинларига ва статистикасига таянган ҳолда қарор қабул қилган. У ҳали маҳаллий чемпионатдаги янги номларни шахсан кузатиб улгурмади, шу сабаб тажрибали, терма жамоа муҳитини яхши биладиган ўйинчиларга ишонч билдирди.
Гапнинг қисқаси, Каннаваро ҳозирча “тайёр маҳсулот” билан ишлаяпти. Бу хавфсиз йўл, лекин захира имкониятларини очиш учун вақт керак бўлади.
Шу ўринда Кападзенинг ёндашуви эслатиб ўтишга арзийди — у CAFA турнирида ҳаммага имконият бериб, алмаштириб бўлмайдиган футболчи йўқлигини кўрсатганди. Каннаваро эса ҳозирча бу йўлни танламади. Балки ноябрь ойидаги ФИФА кунларигача чемпионат ўйинларини кузатиб, янги номларга ҳам эътибор қаратар.
Азиз Ғаниевнинг қайтиши
Азиз Ғаниев — Каннаваро давридаги энг қизиқ тактик синовлардан бири. БАА чемпионатида барқарор ўйнаб келаётган ярим ҳимоячи икки йилдан сўнг асосий таркибга қайтди. Аммо Каннаваро уни марказда эмас, қанотда синади.
Бу қарор баҳсли: Азизнинг кучли жиҳати — марказда ўйинни бошқариш, узатмалар орқали темпни белгилаш. Қанотда эса у бу фазилатларни тўлиқ кўрсата олмайди. Шу боис, мураббий ҳали ҳам ўз схемасини излаётгани ва позицион тажрибалар ўтказаётгани кўринади.
Жароҳатлар ва рақобат муҳити: тобланиш палласи
Жароҳатлар терма жамоа учун ҳам синов, ҳам имконият. Ўткир Юсупов жароҳат олгач, унинг ўрнини Абдувоҳид Неъматов тўлдирди. “Насаф” дарвозабони ҳозир рақобатсиз муҳитда бўлса-да, бу унинг ўсишига таъсир қилиши мумкин.
Худди шундай, Владимир Назаров, Ботирали Эргашев каби номлар ҳам ҳар лаҳзада тайёр туриши лозим. Кейинги йиғинда Алиқулов ва Ҳусановни кўришимиз эҳтимоли катта. Абдуқодир икки йиғинни ўтказиб юборган бўлса-да, унинг қайта олиш эҳтимоли юқори.
Шундай паллада ўртоқлик ўйинлари иккинчи пландагилар учун тобланиш ва ўзини кўрсатиш имконияти бўлиб хизмат қилади. Бу ерда Каннаваро Кападзенинг тажрибасидан фойдаланса, жамоада рақобатни кучайтириш мумкин бўлади.
Хулоса: "перезагрузка" бошланди, лекин вақт оз
Фабио Каннаваро учун бу йиғинлар фақатгина бошланиш. У ҳали жамоани тўлиқ синаб улгурмади. Аммо унинг асосий йўналиши аниқ: интизом, реализм ва натижа. Бу — Италия футболига хос фалсафа.
Ўзбекистон терма жамоаси ҳозир "перезагрузка" арафасида турибди. Катанецдан қолган асос, ҳимоядаги интизом ва жамоавий руҳ сақланмоқда. Энди эса янги руҳ, янги ғоя ва янгича фикрлаш қўшилиши лозим. Жаҳон чемпионатига қадар вақт оз. Аммо агар Каннаваро бу қисқа фурсатда натижа билан янгиланиш ўртасида мувозанатни топа олса, терма жамоамиз нафақат тактик, балки психологик жиҳатдан ҳам кучаяди.
Ўхшаш янгиликлар

Фикрлар
Kapatze ket yòqol deb nola qilmabdi bu sapar )))