Рўзиқул Бердиев: "Бизнинг яхши ўйинимизни эртага ҳеч ким эсламаслиги мумкин, аммо натижани ва қўлга киритилган уч очкони эслаб қолишади. Кувайтга фақатгина ғалаба учун борамиз"
15 сен 00:04
Янгиликлар
Рўзиқул Бердиев: "Бизнинг яхши ўйинимизни эртага ҳеч ким эсламаслиги мумкин, аммо натижани ва қўлга киритилган уч очкони эслаб қолишади. Кувайтга фақатгина ғалаба учун борамиз"
- Ўйин ҳақида
- Мухлисларни ғалаба билан табриклаймиз. Йигитларга ҳам миннатдорчилик билдираман. Бугун курашларга бой ўйин бўлишини билгандик. Эътиборлироқ бўлишимиз кераклиги ҳақида айтиб ўтгандим. Бугунги учрашувда "Навбаҳор" бироз устунлик қилди. Биз жуда муҳим бўлган ғалабани қўлга киритдик.
- 18-турда "Насаф"нинг деярли барча рақобатлари очко йўқотди. Нима деб ўйлайсиз, чемпионатимизда чемпионлик "пойгаси" якунланиб қолдими?
- Биз чемпионликка яқинмиз, аммо охиригача курашиш керак. Менинг фикримча, биз чемпионликка муносиб ўйин кўрсатяпмиз. Сўнгги турга қадар курашишда давом этамиз.
- "Насаф" ўйин бўйича ютқазган учрашувларда ҳам ғалаба қозониб кетяпти. Бу чемпионларга хос жиҳат. Жамоангиз рақибдан кучсизроқ бўлган ўйинда ҳам ғалаба қозониб кетаётганига нима сабаб бўляпти?
- Менинг фикримча, мақсадимиз сари бўлган иштиёқ асосий ролни ўйнамоқда. Биз ҳар бир учрашувда натижа учун майдонга чиқяпмиз. Тўғри, сифатли ёки чиройли футбол мухлисларга кўпроқ қизиқ бўлар, аммо биз учун натижа устунроқ. Биз имкон қадар эътиборли ва тартибли ўйин намойиш этишга ҳаракат қиляпмиз. Асосий омиллар деб ўйлайман.
- Жамоангиз кейинги учрашувини Осиё чемпионлар лигаси доирасида ўтказади. Бугун ҳам кейинги учрашувни ўйлаган ҳолда ўйнадингизларми?
- Бугунги ўйиннинг аҳамияти жуда катта эди. Бизда захира ўриндиғимиз ҳам анча яхши. ОЧЛда захирада қолган футболчилардан фойдаланамиз. Бугун уч нафар футболчимиз ўйинни ўтказиб юборди. ОЧЛда ўйнаш осон эмас, рақибимиз ҳам ўз мамлакати чемпиони. Иқлим ҳам бизга муаммо туғдирса керак. Сабаби, Кувайтда ҳаво ҳали ҳамон иссиқ. Кувайтга ғалаба учун борамиз.
- Одатда майда паслар билан ўйнайдиган "Насаф", бугун узун паслар орқали ўйин олиб борди. Бунга нима сабаб бўлди? Балки майдон ҳолати бунга халал бергандир?
- Майдон ҳақида гапиришни истамайман. Бугун футболчиларга сифатли ва аниқ ўйнанглар дея кўрсатма бермадим. Бугун натижа учун курашишимиз керак эди. Шу сабабли, ўйинда кузатилган "брак"ларга катта эътибор берганим йўқ. Муҳими хатосиз ўйин ўтказиш эди. Бизнинг яхши ўйинимизни эртага ҳеч ким эсламасилиги мумкин, аммо натижани ва қўлга киритилган уч очкони эслаб қолишади. Бугунги уч очко жуда муҳим эди.
- Жорий мавсумда "Навбаҳор" билан учинчи маротаба тўқнаш келишингиз. Уч учрашувда ҳам "Навбаҳор"ни ҳар хил мураббийлар бошқарди. Кубокдаги учрашувда Бабаян, август ойидаги ўйинда эса Колосовский ва бугунги учрашувдаги бош мураббий Лушчан бўлди. Ўзаро тўқнашувларни солиштира оласизми? "Навбаҳор" шу учрашувлар давомида қанчалик ўзгарибди?
- Бу ҳақда чуқур ўйлаб кўриш керак. "Навбаҳор" таркиб жиҳатидан энг кучли жамоалардан бири. Колосовский жамоани бошқарган учрашувда "Навбаҳор" уч нафар ҳимоячи билан ҳаракат қилганди. Бабаян даврида эса, кўпроқ вертикал футбол қўлланилар эди. Бугун эса, жамоа кўпроқ тўпни назорат қилишга ҳаракат қилди.
- Легионерлар намойиш этаётган ўйин сизни қанчалик қониқтирмоқда?
- Зоран бугун жамоага кўп ёрдам берди. Яна бир нарсани таъкидлаб ўтимиш керак, бугун легионер ўйин тақдирини ҳал қилди. Грузиялик футболчимиз ягона голга муаллифлик қилди. Жигаури ҳам легионер. Марко Станоевич ҳам захирадан майдонга қўшилиб, жамоага фойда келтирди. Мен легионер ёки бошқа бир футболчи деб ажратмайман, бугунги ғалаба учун барча футболчилар ҳисса қўшишди.
- "Насаф"нинг бир нечта футболчиси ФИФА кунларида Ўзбекистон миллий терма жамоасига жалб этилганди. Жамоангиз зич тақвимга қадам қўймоқда. ОЧЛ, Суперлига ва ФИФА кунлари бор. Жамоангиз бундай зич тақвимга қанчалик тайёр? Жароҳатлар сони кўпайиб кетиши сизни хавотирга солмаяптими?
- Захира ўриндиғимиз бироз "бойроқ". Захирадаги футболчиларга таянамиз. Шунингдек, танаффусда футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилашга ҳаракат қиляпмиз. Бу жуда муҳим нарса. Жамоа ўз ўйинини йўқотиб қўйиши мумкин, аммо жисмоний ҳолат яхши бўлса, ушбу камчиликни ёпиб кетиш мумкин.
- Жамбули Жигаурининг ўйини анча очилиб кетди. У кетма-кет ўйинлардан буён голлар урмоқда. Ушбу ҳолатга фикр билдириб ўтсангиз?
- Жигаури асосан ҳужум ортида ўйнайди ва статистикага эътибор қаратсак, у ўзининг фаолияти давомида 7-8та гол урган мавсумлар ҳам бўлган. Жаба ўтган мавсумда ҳам бир нечта жуда муҳим голларни ўрганди.
- Ҳужумчи учун 7-8та гол яхши натижами? Устига-устак ҳужумчи легионер бўлса?
- Жаба соф ҳужумчи эмас, у ҳужум ортида ўйнайди ва кўп "қора меҳнат" қилади. Соф ҳужумчи учун 7-8та гол яхши натижа эмас.
Фикрлар