Йенс Виссинг "Пахтакор"га қарши ўйиндан кейин: "Кўпроқ гол уришимиз мумкин эди"

Оқил Абдубарноев
24 ноя 2026, 11:50
Саудия Арабистонининг "Ал Иттиҳод" клуби бош мураббийи Йенс Виссинг Осиё Чемпионлар лигаси Элит босқичи 5-туридан ўрин олган "Пахтакор"га қарши учрашувдан (2:0) кейин ўз фикрларини билдирди.

"Arriyadiyah" нашрининг хабар беришича, немис мутахассиси жамоасининг ўйини ва натижасидан мамнун эканини, бироқ голли вазиятлардан фойдаланиш борасида ҳали ишлаш кераклигини таъкидлаган.

"Ғалаба ва жамоамизнинг ўйинидан хурсандман. Биринчи ва иккинчи бўлимларда бундан ҳам кўпроқ гол уришимиз мумкин эди. Учрашув охиригача ўйин жараёнини назорат қила олдик.

Бизга ҳал қилувчи зарба ва сўнгги қарорларни қабул қилишда аниқлик етишмаяпти. Жамоа 90 дақиқа давомида бир хил савияда ўйнай олиши учун ҳали вақт керак. Футболда энг қийин вазифа – гол уриш.

Бир қанча вазиятларга эга бўлдик, тўп дарвоза устуни ва тўсинига тегди. Агар ўша имкониятлардан фойдаланганимизда, ўйин ҳақидаги фикрлар янада ижобий бўларди. Аммо биз кўп жиҳатдан ривожланмоқдамиз ва энг муҳими ҳам шу", – деди Виссинг.

Матбуот анжуманида "Ал Иттиҳод" ҳимоячиси Муҳаннад аш-Шанқитий ҳам иштирок этди. "Пахтакор" дарвозасига дастлабки голни урган футболчи учрашувнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди.

"Мухлисларимизни ғалаба билан табриклайман. Бу қийин учрашув бўлди. Энг муҳими – уч очкони қўлга киритдик.

Сўнгги халқаро танаффус давомида ўз устимда ишлашга алоҳида эътибор қаратдим. Гол урганим ва учрашувнинг энг яхши футболчиси мукофотини олганим – ота-онам ҳамда рафиқамнинг дуолари шарофати", – деди аш-Шанқитий.

Эслатиб ўтамиз, "Ал Иттиҳод" мазкур ғалабадан кейин очколари сонини 7 тага етказди ва 5-турнинг қолган учрашувлари якунлангунга қадар Ғарб минтақаси турнир жадвалида саккизинчи ўринга кўтарилди.

Ўхшаш янгиликлар

Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Arriyadiyah