

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Бугунги рақибимиз "Машъал" ҳимояга кўпроқ эътибор қаратиб бизга қийинчилик туғдирди. Бу кутилган ҳолат эди, чунки бундан ортиғига рақибимиз тайёр эмасди. Қачонки рақиб 90 дақиқа ҳимояланар экан, вазият юзага келишини пойлайсан ва бу осон бўлмайди. Бизда шундай вазият бўлди ва гол уриб ҳисобни очдик. Ўйлайманки, бу биз учун муҳим ғалаба бўлди. Агар "Машъал" бизга қарши ўйинини ҳар қандай рақибга кўрсатганида бу аҳволга тушмасди.
- "Машъал" Пролигага тушиб кетди. Уларнинг мураббийи бу кетишда клуб ёпилиб кетиши ҳам мумкин деган гапни айтди. Агар "Машъал" ёпилса, ўзбек футболи нималарни йўқотади?
- "Машъал" ўзбек футболи учун кўп нарса берган деб айта оламан. Бир қатор ёшларни чиқариб кейинчалик шу ёшлар терма жамоага қадар ўсишга эришди. Юртимизда футбол ривожига катта эътибор берилмоқда ва бундай ҳолатда ҳар қандай клубнинг ёпилиб кетиши катта зарар олиб келади. "Машъал"нинг ҳозирги аҳволи қандай, айниқса академиясида нима гап тўғриси бу ҳақда маълумотга эга эмасман.
- "Насаф" ва "Машъал"нинг ўзаро ўйинлари қачон бунчалик жиддий тус олган. Бизга 1997 йил "Машъал" тўлиқ Қаршига кўчирилганди деб айтишган. Бу борада фикрингиз қандай?
- Ҳар қандай вилоятда вилоятнинг икки жамоаси ўзаро тўқнаш келса бу нарса футболчиларга қўшимча куч, мотивация беради. 1997 йилни эслайман: "Машъал" тўлиқ Қаршига кўчиб келмаганди. Жамоанинг 6-7 футболчиси чақирилганди. Ўшанда ўзим ҳам 5-6 футболчи билан "Янгиер"дан "Насаф"га келганман. Вилоят раҳбари ташаббуси билан вилоят марказида кучли жамоа тузиш мақсади бўлган. Кейинчалик "Машъал"га ҳам эътибор жуда юқори бўлди. Эътибор юқорилиги сабаб ўзаро ўйинлар воҳа дербиси мақомини олди.
- Шала бугунги баҳсда фаоллиги билан ажралиб турди. У кейинчалик ҳам клубда фаолиятини давом эттирадими?
- Шала меҳнаткаш футболчи ва мураббий сифатида унинг жамоамизда қолишини хоҳлайман. Билишимча, футболчининг ўзида ҳам "Насаф"да қолиш истаги бор. Менимча, йил якунида у билан келишиб оламиз.
- Мавсум охирлаб бормоқда, бундай паллада етакчи футболчиларга "совчилар" чиқа бошлайди. "Насаф" раҳбарияти етакчиларни ушлаб қолишга қанчалик тайёр?
- Бу ҳақда ҳали раҳбарият билан гаплашмадик. Лекин бу ҳам муҳим масалалардан бири. Албатта, футболчиларни ҳам тушунамиз: улар қисқа фаолият давомида кўпроқ пул топишни хоҳлайди. Уларнинг ҳам оиласи бор. Аммо ўйлайманки, футболчиларимиз жамоага содиқ. Клубимиз раҳбарияти эса етакчиларни ушлаб қолишга ҳаракат қилади.



