Ретро-4. Назаровнинг бошланғич таркибдаги сўнгги ўйини...
15 окт 2015 15:02
Янгиликлар
Ретро-4. Назаровнинг бошланғич таркибдаги сўнгги ўйини...
Уларнинг ичида футбол учрашувлари, матбуот анжуманлари ва МТЖнинг машғулотларини кўришингиз мумкин. "Ретро" лойиҳамиз орқали суратларни бирма-бир бериб борамиз.
10 октябрь куни қайғули хабардан воқиф бўлдим. Дилмурод Назаров вафот этган эди. Ҳозирги авлод уни танимайди. 90-йиллар футболи билан таниш бўлган мухлисларнинг эса у том маънодаги кумири эди. Ўйин тақдирини бир ўзи ҳал қилиб қўя олиши мумкин бўлган кам сонли футболчилардан бири эди. Бу гапларни шунчаки вафотидан кейин яхши гаплар билан эслаш учун ёзмаяпман. Унинг тобутини кўрар экан, Павел Бугалонинг кўзидаги ёшни кўриб этингиз жимирларди. У пайтлар на интернет, на ТВ на бошқа ОАВда футболчиларни яқиндан билмасдик. Лекин "Пахтакор" мухлислари Дилмурод Назаров деганда бўйи паст, чайир ва жуда ҳам тезкор бўлган футболчини стадиондаги дриблингларига қарсак чалардилар. Юқори тезликни техника билан бирваракайига олиб борадиган саноқли футболчилардан бири бу Дилмурод Назаров эди.
90 йилларнинг бошида ўртамиёна клуб даражасига айланиб қолган "Пахтакор"ни ташлаб кетмаган Назаровни бир ўзи юлудзли таркибга эга МҲСКдан уч очкони тортиб олганини ёши катта мухлислар жуда яхши эслайдилар.
Бош ҳакам ўйин тизгинини қўлдан чиқариб юборганди. Ҳикмат Эргашев ва Станислав Моргулис муддатидан аввал майдондан четлатиладилар. Учрашувни томоша қилиш учун стадионга жами 15000 нафар мухлис ташриф буюрган, шулардан 90% "пахтакорчилар" эди.
МҲСК - "Пахтакор" 0:1
13.05.1996. 4-тур. 15000 томошабин.
Гол: Дилмурод НАЗАРОВ (87).
Ким билади, балки Бугало унинг тобутини кўрар экан, 1996 йилнинг ўн учинчи майида бўлиб ўтган ўйин кўз олдидан ўтганмикин. Сўнгги йўлга кузатаётган дўстини гол уриб майдон бўйлаб "гол", дея нишонлаётгани кўз олдидан ўтгандир...
"Ретро" лойиҳаси учун интервью берар экан, Бугало дўсти ҳақида шундай дейди:
- Дилмурод билан ёшликдан бирга ўсганмиз, десам муболаға бўлмайди. Унинг яхши сифатлари жудаям кўп эди. Майдон ташқарисида садоқатли дўст, очиқкўнгил ва мард йигит эди. У ҳамма билан киришимли бўлган. Дилмурод Назаровнинг футболчи сифатларига ва ундаги қобилиятга қойил қолардим. Зўр ҳужумчи бўлган. Тезлик ва дриблинг борасида унга етадигани йўқ эди. У яримта имкониятни ҳам голга айлантиришга уринарди. Баъзи ўйинлар бўлардики, йўқ жойдан гол уриб, жамоани қутқариб кетарди. Айниқса, ўша пайтлари МҲСК ва "Пахтакор" ўртасида қизиқ кураш кечарди. Қайсидир йил биз МҲСК билан ўйинда майдонда 9 киши бўлиб қолдик. Мана шундай оғир паллада Дилмурод Назаров рақиб дарвозасини ишғол қилиб, Пахтакорга ғалаба олиб келганди. Ундаги истеъдод ва маҳоратни очиғи ҳали бошқа бир футболчида кўрганим йўқ. Бундай дўстимдан айрилганимга ишонгим келмайди.
Буни қарангки, 90-йилларда ўйинини ёшлигим туфайли кўп ҳам кўра олмаганим Дилмурод Назаровнинг футболчилик ҳаётидаги энг сўнгги (!) суратини олиш менга насиб этган экан. Аниқроғи, бошланғич таркибдаги. 1976 йилда туғилган футболчи фаолиятини 30 ёшда "Навбаҳор"да якунлади. Биринчи даврадан кейин футбол билан хайрлашган ҳужумчи шу йили 9та ўйинда майдонга тушиб учта гол муаллифи бўлади. Сўнгги маротаба айнан "Трактор" билан Тошкентда кечган ўйинда у асосий таркибдан жой олган эди. Бу 10-тур учрашуви эди. Кейинги турда майдонга тушмаган Назаров 12 ва 13-турларнинг иккинчи бўлимларида майдонга тушиб 21 ҳамда 28-дақиқадан майдонда тўп тепади. 10 июнь куни Наманганда бўлиб ўтган "Навбаҳор" - "Сўғдиёна" ўйини унинг фаолиятидаги энг сўнггиси бўлди.
"Ретро" учун фотосуратларни бирма-бир томоша қилиб чиқар эканман. Айнан қуйида сиз кўриб турган сурат, "Трактор" - "Навбаҳор" ўйинини танлашимга сабаб бўлди. Бу ерда Дилмурод Назаров "Навбаҳор"да навбатдаги рейдини амалга оширяпти.
"Трактор" - "Навбаҳор" - 1:1 (0:0)
19.05.2006. 10-тур. Тошкент. "Трактор" стадиони. 2000 томошабин.
Бош ҳакам: Вилоят Нажафалиев - 8,2
Голлар: Илҳом Мўминжонов (79) - Мирзоев Ориф (76).
"Трактор": Рустам Искандеров, Алексей Пронченко (Баҳодир Қодиров, 46), Баҳром Юлдашев, Тимур Айзатуллов, Рустам Боқиев, Сергей Баканов, Виталий Почуев, Муқим Тошматов (Шохруҳ Мансуров, 78), Карлен Абрамов (Олим Новкаров, 46), Павел Соломин, Илҳом Мўминжонов.
"Навбаҳор": Олег Беляков, Шавкат Раимқулов, Александр Хвостунов, Мурод Ҳамроев, Дидар Ҳожиев, Давлетмурат Отаев (Дилшод Жабборов, 75), Ориф Мирзоев, Дилмурод Назаров (Абдулазиз Султонов, 69), Ёрқин Назаров, Сергей Токов (Мухтор Фозилов, 65), Ильдар Юлдашев.
Огоҳлантиришлар: Баҳром Юлдашев (13), Давлетмурат Отаев (21), Ильдар Юлдашев (56), Мурад Ҳамроев (58), Илҳом Мўминжонов (89).
Менга Вадим Абрамовни иккита жамоаси ёққан. Бири 2004/06 йиллардаги "Трактор", иккинчиси Қатар яшил майдонларидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси. Абрамов "Нбу-Осиё"дан кетиб "Трактор"ни қабул қилиб олганида, унда авария ҳолатидаги базаси билан стадион бор эди. Шунинг учун "Трактор"га асосан жамоа топа олмаган ва фаолиятини тугатиш ниятидаги футболчилар келишарди. Мукофотлар ҳам қизиқ услубда тўланарди. "Трактор" ғалаба қозонса, футболчилар 100 АҚШ доллари оларди. Кейинги ўйинда ҳам ғалаба бўлса, мукофот пули иккига кўпаярди. Шу тариқа ошиб борарди. Агар жамоа мағлубиятга учраса яна 100 АҚШ долларидан бошланарди. Балки тажрибали футболчилар кўпроқ олгандир, аммо ўша пайтда мен таниган ёшларни мукофотлаш тартиби мана шундай эди. Фахрий футболчилар ўйинга 2-3 соат қолганда стадионга келардилар. Ёшлар эса клубга ажратилган база, аслида собиқ болалар боғчасидан чиқардилар. Ўйин тугагач иккита дона душ талаш. Аксар футболчилар уйларида чўмилишни маъқул кўрарди. Почуев ва Боқиев 101-автобусга чиқиб уйга кетарди. Улар орасида кўпинча Марат Мифтахутдиновни ҳам кўрардим. База деб аталмиш боғчада иккита хона бўларди. Бири кичик, учта крават бир - бирига тақалиб турадиган. У ерда асосий таркибда майдонга тушадиган футболчилардан уч нафари ётарди. Иккинчи хона эса ҳақиқий боғча зали эди. 12тага яқин каравот. Ўша пайтларни ёдга олсам, 10 йил ичида футболимизнинг моддий техника базаси тубдан ўзгариб кетганини кўриб қувониб қўяман. Ҳақиқатдан ҳам аввалги базалар билан ҳозиргисини солиштириб бўлмайди. Аммо ўша пайтлардаги ўйинларни нафақат мен, балки барчангиз соғинган бўлсангиз керак.
Абрамовнинг бир одати бор эди. Агар "Локомотив"нинг бирорта ўртоқлик учрашувини томоша қилиш учун борсангиз, бунга ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз. "Трактор" уй ўйинларининг бирортасида Вадим Карленович ўйинни захира ўриндиғидан кузатмасди. Шогирдларини майдонга бошлаб тушарди-да, ўзи 5та ўриндиққа эга бўлган ВИП трибунага чиқиб кетарди. Доимо олдида ҳозир "Локомотив" ўринбосарлари сафида тўп тепаётган кенжа ўғли Карен Абрамов бўларди.
Ёрқин Назаров 2006 йилни укаси билан бир жамоада ўтказган эди. Ёдингизда бўлса кейинчалик футболчи "Қурувчи" сафидан ўрин олган.
Ўнг томондан иккинчи Карлен Абрамов. Беляков Мўминжонов билан кўришяпти. Ундан битта кейингиси Темур Айзатулов, Баҳром Ҳакимов, Карлен Абрамов ва Алексей Пронченко.
Мазкур учрашувга бор-йўғи 10 йил тўлди. Аммо учрашувни асосий таркибда бошлаган 22 нафар футболчидан икки нафари ҳозир орамизда йўқ. Дилмурод Назаров ҳақида ёзиб ўтдик. 1987 йилда таваллуд топган "Трактор" ҳужумчиси Карлен Абрамов 2007 йилги мавсумда кетма-кет етти учрашувда 9та гол уришга эришади. Бу 20 ёшли футболчилар орасида Ўзбекистон рекорди ҳисобланади. 2007 йил сўнггига келиб "Трактор" расман банкрот деб топилади ва жамоанинг фаолиятига нуқта қўйилади. Шунда кўпчилик футболчилар "Навбаҳор" сафидан жой оладилар. 2008 йил Карлен учун омадсиз келди. У бор-йўғи битта ўйинда гол урган, холос. Афсуски, мавсум якунига етгач Тошкентда дам олаётган Карлен автоҳалокат қурбони бўлади.
Келинг, энди қисқача ўйинга тўхталамиз. Гочкули Гочкулиев туркман футболини "Пахтакор" орқали реклама қилиб олгач, олий лигамизда қўшниларимизнинг сони йил сайин оша бошлаганди. Ўша йили "Насаф", "Трактор" ва "Навбаҳор" сафида бир мавсумда уч нафар туркманистонлик легионер тўп тепган. "Шўртан" бу борада рекорд қўйганди, Геворкяндан ташқари яна уч нафар туркманистонлик футболчи бўрилар сафида майдонга тушган. Жами 20 нафар Туркманистон аъзоси 2006 йил олий лигамизда тўп тепган эди.
Олий лига-2006да "Трактор" ўз тарихидаги энг яхши натижасини қайд этган эди. Клуб мавсум якунига кўра бешинчи ўринни, "Навбаҳор" эса еттинчи поғонани банд этганди. Намангандаги учрашувда туркманистонлик легионер Ориф Мирзоевнинг хет-трики ва Патрик Агбонинг голига "Трактор"дан Мўминжонов битта гол билан жавоб берган - 4:1. Мавсумда "Навбаҳор"ни тўрт нафар мураббий навбати билан майдонга олиб тушган. Йилни Сеид Сеидов бошлаб беради. 6та ўйиндан кейин унга чиқиш эшикларини кўрсатадилар. Битта ўйинга жамоани Рустам Забиров тайёрлайди, кейинги 9та баҳсга Рустам Мирсодиқов устозлик қилади. Иккинчи давранинг иккинчи туридан бошлаб "Навбаҳор" то мавсумни сўнггига қадар Ильдар Сакаев қўл остида чемпионатда иштирок этади.
Мавсум якунларига кўра, "Трактор" олий лиганинг энг ёш жамоаларидан бири бўлади. Мазкур баҳсда Абрамов бир йўла уч нафар 19 ёшли футболчини майдонга туширганини кўришимиз мумкин. Булар, Абрамов, Тошматов ва Юлдашев. Иккинчи бўлимда майдонга тушган Мансуров ҳам 1987 йил таваллуд топган эди.
Шу йили олий лигада 3 нафар 16 ёшли футболчи майдонга тушган эди. Улардан икки нафари "Машъал" вакиллари, Нодир Давлатов ва бугунда "Насаф"ни метин ҳимоя вакили сифатида мухлислар олқишига сазовор бўлаётган Шерзод Аъзамов. "Бухоро" аъзоси Суҳроб Бердиев эса "Локомотив" сафида 6та ўйинда жами 49 дақиқа ҳаракат қилган эди. Аъзамов ва Давлатов эса бир ўйиннинг ўзида 90 дақиқа.
"Ретро"нинг тўртинчи сонидаги учрашув эса 1:1 ҳисобида якунига етган. Ориф Мирзоев голидан уч дақиқа ўтар ўтмас Илҳом Мўминжонов ҳисобни тенглаштирганди.
Ўша пайтлар "Трактор" стадионига тушган ўқувчиларимиз яхши эслайдилар. Меҳмонлар захира ўриндиғининг тўғрисидаги трибунада бир амаки тинмай, "Впередддд, "Трактор", - дея бақириб ўтирар эди...
Рустам Боқиев ва Темур Айзатулов жамоасининг навбатдаги ҳужумини бошлаяптилар.
Илҳом Мўминжонов гол уриб ҳисобни теглаштирган вазият акс этган лавҳа
Александр Хвостунов ўйиндан кейин
Ретро - 1. Бир ўйин тарихи. 2006 йил. Ўзбекистон – Қатар 2:0
Ретро - 2. Бир ўйин тарихи. 2007 йил. Ўзбекистон - Озарбайжон 0:0
Ретро - 3. Бир ўйин тарихи. 2006 йил. "Локомотив" - "Хоразм" 5:1
Нодирхўжа Юлдашев
Фикрлар