UZ

Сўнгги янгиликлар

02:10АПЛ. "Ливерпуль" "Эвертон"га ютқазиб, чемпионлик пойгасидаги имкониятларини янада ёмонлаштириб юборди  18 02:00АПЛ. "Ман Юнайтед" 20-ўриндаги "Шеффилд"ни қийинчилик билан мағлубиятга учратди  32 00:50Тебас яқин келажакда Ла Лига ўйинлари АҚШда ўтказилишини маълум қилди  2 00:35Франция. ПСЖ "Лорьян"дан устун келди ва чемпионлик масаласини деярли ҳал қилди  1 00:22Breaking: Хави "Барселона"да қолишга қарор қилди!  14 23:54"Реал Мадрид" "Милан" ҳимоячисининг трансфери устида ишламоқда  0 23:23 Хосе Венансио Лопес: "Эронга қарши баҳс жуда қийин ва мураккаб бўлиши аниқ, бироқ биз ўз потенциалимизга ишонамиз"  5 22:50"Барселона" ва Хави ўртасида музокаралар ўтказилди. Лапорта мураббийни олиб қолмоқчи  2 22:28Эрлинг Холанд "Сити"нинг АПЛдаги ўйинини ўтказиб юборади. Гвардиола буни тасдиқлади  1 22:05Перес "Эл Класико"дан олдин ҳакамларнинг ёнига бориб, улар билан саломлашган. "Барса" ўйинчилари бу ҳолатнинг гувоҳи бўлишган  30 21:45МЮнинг тен Хаг даврида амалга оширган трансферлари рейтинги тузилди – Антони охирги ўринда, Онана эса...  4 21:20Ральф Рангник "Бавария" у билан боғланганини тасдиқлади  1 20:55Футзал. Ўзбекистон Вьетнам устидан камбэк амалга оширди ва ярим финалга йўлланма олди  64 20:31ОЧЛ. "Йокогама" пенальтилар сериясида "Ульсан Хюндай"ни мағлуб этиб, финалга йўл олди!   4 20:22Оливье Жиру "Лос Анжелес" билан шартнома имзолагани маълум бўлди  3

Павел Леус: "Бухоро" ўйинларига афиша ҳам керак бўлмасди" Янгиликлар

Павел Леус: "Бухоро" ўйинларига афиша ҳам керак бўлмасди"

Литвалик собиқ дарвозабон Павел Леусни мухлислар яхши эслайди. У ўз пайтида олий лиганинг бешта клубида фаолият олиб борганди.

Унинг Ўзбекистондаги илк клуби 2008 йил “Насаф” бўлганди, охирги жамоаси эса “Навбаҳор”. 22-30 сентябрь кунлари “Интер Спорт” компанияси ташаббуси билан Болтиқбўйи мамлакатларида бўлишимга тўғри келди.

“Интер Спорт” футболчилари Европада учта ўртоқлик учрашуви ўтказган бўлса, охирги ўйин Каунас шаҳрида “Жальгирис”га қарши кечди. Шундан сўнг биз Литва пойтахти Вильнюсга йўл олиб, у ерда икки кун қолдик. Биз жойлашган меҳмонхонага Павел Леус ҳам ташриф буюрди. Леус ҳозирда ёш дарвозабонларга футбол сир-асрорларини ўргатаётган экан. Мен эса фурсатдан фойдаланиб ундан интервью олишга муваффақ бўлдим.

- Павел, футболни қачон тугатдингиз?
- Фаолиятимни расман ўтган йил якунладим. Бунгача юқори дивизион жамоасида ўйновчи мураббий бўлиб келаётгандим. Сўнгра қўлқопларимни михга илишга қарор қилдим.

- Охирги жамоангиз?
- Утена шаҳрининг “Утена Утенис” клуби фаолиятимдаги охирги жамоа бўлиб қолди. Мен ўйнаган пайт бу жамоа олий лигада эди. Лекин ҳозир биринчи лигада қатнашяпти.

- Шундан сўнг бирданига мураббий бўлдингизми?
- Менда бунгача диплом бор эди. Чунки ўз вақтида лицензия учун ўқиб қўйгандим. Ҳозир академияда ёш дарвозабонларни тарбиялаяпман.

- Қайси академияда?
- Болтиқбўйи футбол академияси (БФА)да ишлаяпман. Академиямиз номи Болтиқбўйи бўлгани билан Вильнюсда жойлашган ва фақат маҳаллий футболчилар машғулотларда қатнашади. Бизда четдан келганлар йўқ.

- Академия каттами?
- Ҳа, ўзига яраша катта. 300га яқин бола таҳсил олади. Бу ерда 10 нафар мураббий ишлаймиз. Дарвозабонлар бўйича мураббий эса фақат ўзимман.

- Нечта дарвозабон билан ишлайсиз?
- Болалар кўп, лекин сонини айтмай қўя қолай. Фақат шуни айтишим мумкин, қўл остимда 10 ёшдан 19 ёшгача дарвозабонлар шуғулланади. Ҳар бир гуруҳда иккитадан дарвозабон бор деб ҳисобласак, энди тасаввур қилаверинг қанча бола шуғулланишини. Мен тарбия қилаётган 19 ёшли дарвозабон Литва ёшлар терма жамоасига жалб қилинди. Бундан жуда хурсандман.

- 10 ёшли дарвозабонлар билан ишлаш қийин эмасми?  
- Ўзига яраша қийинчиликлари бор. Лекин бола 10 ёшдан кейин якуний қарорга келиши керак: у дарвозабон бўладими ёки майдондаги ўйинчими? Унгача эса турли чизиқларда ўйнаб юраверади.

- Қаерда ўйнашни боланинг ўзи танлагани маъқулми ё мураббийми?
- Албатта, мураббийга яхшироқ кўринади. Агар мен бирорта футболчида дарвозабонга хос хислатларни пайқаб қолсам, дарвозабон бўла қолгин, қўлингдан келади деб маслаҳат бераман. Лекин баъзан болаларнинг дарвозада тургиси келмайди, ҳамма югурсам, гол урсам дейди.

- Академияда ҳар бир ёш тоифасидаги гуруҳда дарвозабон борми?
- Ҳеч бўлмаса битта бўлса ҳам бор. Чунки дарвозабонсиз ўйинларни ўтказиш иложсиз. Лекин баъзан шундай бўладики, болалар дарвозабонликни ташлаб бошқа спортга ўтиб кетишади ёки мен ўқишим керак деб футболдан бутунлай воз кечишади. Натижада бошқа дарвозабон қидиришга тўғри келади.

- Ўзбекистонда айниқса болалар футболида дарвозабонлар муаммоси бор. Чунки кўпчилик дарвозада туришни хоҳламайди. Литвада-чи?
- Бизда аксинча дарвозабонларга эътибор катта, шунингдек ёшлигидан дарвозабон бўлишни хоҳлайдиганлар кўп. Статискага қарасангиз, Литва футболидан кўплаб яхши дарвозабонлар етишиб чиққанини ва уларнинг аксарияти кучли чемпионатларда ўйнаганини кўрасиз.

- Сизда ҳар куни қайсидир гуруҳ билан машғулот бор, шундайми?
- Ҳа, шундай. Кичкиналар кунора машғулот ўтказади, катталар эса ҳар куни шуғулланади. Бўш вақт деярли кам. Бундан ташқари, ҳафтанинг шанба-якшанба кунлари мусобақалар, ўйинлар бўлади. Бориб дарвозабонлар ҳаракатини кузатаман. Хуллас, иш кўп. Академиямиз ҳудудида бир нечта майдон бор ва ҳеч қайси гуруҳ кутиб қолмайди.

- Машғулотлар қандай тартибда олиб борилади?
- Кўпинча ҳар хил ёшдаги дарвозабонларни бир жойга йиғиб биргаликда шуғулланамиз. Масалан, 9-10-11 ёшлилар бирга, 12-13-14 ёшлилар ҳам биргаликда машғулотларда иштирок этишади. 15-19 ёшлиларни ҳам бир жойга жамлашга ҳаракат қиламан. Мен турли ёшдаги дарвозабонларни йиғиб биргаликда машғулот ўтказган маъқул деб ўйлайман. Чунки ёшлар ўзидан катталардан нимадир ўрганиб боради.

- Болалар билан ишлаш қизиқми?
- Бошида қандай бўларкин деб ҳайрон бўлгандим. Чунки Ўзбекистондаги фаолиятимни тугатиб қайтиб келганимдан сўнг “Утена Утенис”да уч йилча ўйновчи мураббий бўлдим. Ҳам дарвозабонларни шуғуллантирдим, зарур бўлиб қолса ўзим ҳам майдонга тушдим. Аммо шундай бўлдики, футболни бутунлай тугатганимдан сўнг клуб хизматларимга эҳтиёж сезмади. Натижада бошқа иш қидиришга тўғри келди. Шундан сўнг академияга ишга жойлашдим.

- Литвада дарвозабонлар мураббийлари учун курслар ташкил қилинадими?
- Афсуски, йўқ. Лекин Латвияда шундай семинар ташкил этилганида бориб қатнашгандим. У ерда Англия ва Бельгиядан мутахассислар келиб бизга дарс ўтганди.

- Мураббийлар ўртасида рақобат қандай?
- Рақобат кучли дея оламан. Чунки бизда футбол мактаблари ҳам, мураббийлар ҳам кўп. Ҳар бир манежда кўплаб болалар шуғулланади, шунга яраша мураббийлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

- Бизда аксарият футбол мактабларида дарвозабонлар билан алоҳида мураббий ишламайди. Улар ўзлари шуғулланади.
- Ҳа, бундан хабарим бор. Чунки Ўзбекистонда ўйнаган кезларим болалар футболини кузатганман. Бизда ҳар бир мактабда ҳеч бўлмаса битта дарвозабонлар мураббийи ишлайди. Чунки бусиз иложи йўқ. Бизда шунингдек, дарвозабонларни етиштириб берадиган алоҳида мактаб ҳам бор. У ерда учта гуруҳ фақат дарвозабонлардан иборат. Ҳозир бу мактаб академиямизга рақобатчи ҳисобланади.


- Айтинг-чи, Ўзбекистондаги фаолиятингиздан қандай хотиралар қолган?
- Жуда илиқ хотиралар бор деб бемалол айта оламан. Мен Ўзбекистонга биринчи бор 2008 йил боргандим. Илк жамоам “Насаф” бўлган. Ўзбекистонда кўплаб дўстлар-танишлар орттирдим. Ҳамма билан илиқ муносабатда бўлишга ҳаракат қилганман.

- Биринчи ташрифингиз қандай рўй берган?
- Мени 2008 йил Эдгар Гесс таклиф қилганди. Ўшанда Қозоғистон чемипионатида ўйнардим ва Эдгар Яковлевич Қаршининг “Насаф” клубини қабул қилиб олганди. Гесс билан Қозоғистонда бирга ишлаганмиз.

- Қандай қийинчиликларга дуч келгансиз?
- Ўзбекистон - Осиё мамлакати ва урф-одатлари ҳам бошқача. Лекин Қозоғистондан келганим учун тезда киришиб кетганман. Чунки маданият бир-бирига яқин.

- Сиз ҳеч қаерда кўрмаган, лекин Ўзбекистонда бор одат нима?
- Айтиш қийин. Аммо мени ҳайрон қолдирган жиҳатлар бўлган. Масалан, Ўзбекистонда одамлар бир-бирига жуда ишонувчан. Кейин ёшлар доим катталарга қулоқ солади. Ҳафтанинг ҳар жума куни одамлар жума намозга боришади, бу ҳам бошида ҳайрон қолдирганди. Литвада ёшлар "қулоқсиз" бўлиб кетган. Улар катталарнинг гапини эшитмайди. Бизда яна шундай футболчилар бор: ҳатто мураббийга гап қайтаришади. Аммо Ўзбекистонда бунақасини кўрмаганман.

- Ўзбекистондаги фаолият давомида бешта клубда ўйнагансиз: “Насаф”, “Шўртан”, “Бухоро”, “Қизилқум” ва “Навбаҳор”. Қайси бири юракка яқин жой олган?
- Ўзим ўйнаган ҳамма жамоалардан яхши хотиралар қолган, лекин энг кўп “Бухоро”ни эслаб тураман. “Бухоро” мухлислари ажойиб эди, ҳар ўйинда 15-18 минг мухлис бизни қўллаб турарди. Эсимда, мавсумнинг илк уй учрашувидан олдин шаҳарни айланиб ўйинга оид бирорта афиша кўрмагандим. Шунда ҳайрон бўлганман: ўйин борлиги реклама қилинмаса одамлар билармикан. Аммо кийим алмаштириш хонасидан майдонга чиқар эканман, трибуна тўла ишқибозларни кўриб оғзим ланг очилиб қолган. Ўшанда билганман, “Бухоро”га ҳатто афиша ҳам керак эмас экан. Бу жамоада ҳаммаси яхши кетаётганди, бироқ жароҳат олиб кетишга мажбур бўлганман.

- Легионер сифатида Ўзбекистон - футбол мамлакати экани сизга дарҳол сезилганми?
- Агар Бразилия чемпионатидан келганимда балки бундай дея олмасдим. Аммо литвалик дарвозабон бўлиб борганим учун менга Ўзбекистонда футболни нақадар ёқтиришлари дарров сезилган. Литвада одамлар футболга бу даражада қизиқмайди. Бизда баскетбол биринчи ўринда туради, ундан кейин хоккей ва футбол. Ўзбекистонда бўш ўриндиқлар қаршисида футбол ўйналганини деярли кўрмаганман.

- Дастлабки тўрт мавсумни тўртта жамоада ўтказгансиз. Битта жамоада ҳеч бўлмаса икки йил ўйнашнинг имкони бўлмаганми?
- Бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор. Ўзбекистон клубларида раҳбарият ва мураббийлар тез-тез ўзгариб туради. Кўп жойларда фақат бир йил ишлашади. Агар футболчи юлдуз бўлмаса, уни жамоадан олиб қолишдан фойда йўқ деб ўйлашади. Мен ҳам юлдуз эмасдим ва ҳар йил охирида кетиш кераклигини билардим. Қолаверса, кўп нарса мураббийнинг қарорига боғлиқ. Кимгадир сен ёқасан, кимгадир эса йўқ.

- Эдгар Гесс билан гаплашиб турасизми?
- Ҳар доим эмас. Билганим шуки, Эдгар Яковлевич ҳозир ҳеч қаерда ишламаяпти. 15 сентябрь куни туғилган кунимда Жаъфар Ирисметов табриклади. Бундан жуда хурсанд бўлдим. Ирисметов билан 2006 йил Қозоғистон Кубогида зафар қучгандик. Ҳозир ҳам илиқ муносабатлар сақланиб қолган.

- 2008 йил олий лигада “Насаф” таркибида 15та ўйинда иштирок этгансиз. Аммо кейинги мавсум “Шўртан” сафида атиги битта учрашув ўтказгансиз.
- Дарвоқе, Эдгар Яковлевич “Насаф”дан “Шўртан”га йўл олгач, мени ҳам чақирганди. Аммо у ерга борганимда ҳеч омад келмаган. Ахир фақат битта ўйинда дарвозани қўриқлаганман. Умуман, Ғузор жамоасида муаммолар кўп эди. Пул томонлама ҳам, тартиб-интизом томонлама ҳам. Лекин бу ҳақда гапиришни хоҳламайман.

- Ўшанда ягона учрашув Тошкентда “Бунёдкор”га қарши кечганди.
- Ҳа, эсимда. Биз “Жар” стадионида ўйнагандик. Машҳур Ривалдоси бор “Бунёдкор”га қарши. Афсуски, баҳс биз учун аянчли тугаган. Биз 0:5 ҳисобида ютқазганмиз. Аслида бу ўйин кечроқ ўтказилиши лозим эди, лекин нимадир бўлган-у, федерация ўйинни ёзнинг қоқ чилласига қўйган. Жуда иссиқ бўлганди. Биз иккинчи даврага режа асосида тайёргарлик кўраётгандик, аммо федерациянинг қарори деб мажбур ўйнаганмиз.


- Хуллас “Шўртан”да омад келмади ва тезда жамоани тарк этдингиз.
- Негадир ўйнаб кетишимга ишонч кам эди. Шу боис уйга қайтиб “Таурас”да, ундан кейин Финляндиянинг “Атлантис” клуби таркибида ўйнадим. 2010 йилни эса тўлиқ “Жальгирис”да ўтказганман.

- Кейин яна Ўзбекистонга қайтдингиз, фақат бу сафар “Бухоро”га.
- Ҳа, мени Геннадий Кочнев таклиф қилганди. “Бухоро” ўшанда олий лигага чиққан ва жамоага дарвозабон керак эди. Шу боис мени таклиф этишди. Ундан кейин “Қизилқум”га ўтдим ва бу жамоага мени Равшан Ҳайдаров чақирганди.

- 2013 йил яна Ғузорга бордингиз.
- Иккинчи марта борганимда ҳаммаси яхши бўлади деб ўйлагандим. Чунки яна Эдргар Гесс билан ишлаш имконияти юзага келганди. Аммо ундай бўлмади. Жамоа ўта омадсиз мавсумни ўтказди. Шу боис биринчи давра тугамасдан Гесс истеъфога чиқарилди, оралиқ танаффусда мен ҳам кетишга мажбур бўлдим ва иккинчи давра олдидан “Навбаҳор” билан шартнома имзоладим.

- Ўзбекистон чемпионати савияси сизга ёққанми?
- Ўзим ўйнаган чемпионатлар билан таққсолайдиган бўлсам, Ўзбекистон чемпионати ҳозир ҳам Литваникига нисбатан кучли. Фақат Қозоғистондан ортда қоляпти. Қозоғистонда “Астана”, “Қайрат” каби суперклублар пайдо бўлди. Қозоғистон об-ҳавосидан келиб чиқиб у ерда техник футбол кўрсатиш қийин. Чунки кўпинча совуқ бўлади, қор ёғади, шу боис жисмоний футболга кўпроқ эътибор қаратишади. Ўзбекистонда эса маза қилиб техник футбол ўйнаш мумкин. Қолаверса, Ўзбекистон чемпионатини кузатиш қизиқ.

- Биздаги дарвозабонлар ҳақида нима дея оласиз?
- Яхши дарвозабонлар бор, лекин кўпчиликда ўйин техникаси етишмайди. Дарвозабон ёшлигидан мактаб кўрган бўлиши керак. Бунинг учун дарвозабонлар мураббийларини кўпайтишириш, ҳар бир футбол мактабида мураббийларнинг иш фаолиятини йўлга қўйиш лозим.

- Сиз ўйнаган пайтда энг кучли дарвозабон ким эди?
- Легионерлардан Денис Романенконинг ўйинлари маъқул келган. У 40 ёшда бўлишига қарамай, “Навбаҳор” сафида яхши ҳаракат қилган. Маҳалаллий дарвозабонлардан эса шубҳасиз Игнатий Нестеров биринчи рақамли бўлган.

- Мураббийликдан ташқари яна нималар билан шуғулланяпсиз?
- Дарвозабонлар учун қўлқоп ишлаб чиқарувчи «4Keepers» фирмаси билан ҳамкорликни йўлга қўйганман. Улар орқали кўплаб таниш дарвозабонларга пишиқ қўлқоплар етказиб беришга ҳаракат қиляпман. Шунингдек, жамоаларни спорт кийимлари экипировкаси билан таъминлаш билан шуғулланяпман.

Х.Холиқов суҳбатлашди.

Рейтинг: +16   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика