Нигериялик миллионер ва британиялик ишсизнинг ўғли: Деле Алли ҳақидаги воқеа
05 авг 2020 20:12
Янгиликлар
Нигериялик миллионер ва британиялик ишсизнинг ўғли: Деле Алли ҳақидаги воқеа
Биз сизга Англия терма жамоасининг ҳозирги кундаги энг иқтидорли футболчиларидан бири бўлган Деле Аллининг ҳаёти ҳақида сўзлаб берамиз.
1995 йилда оддий инглиз қизи, турли оталардан бўлган икки қизнинг онаси Дениз, паблардан бирида нигериялик Кехид исмли бой талаба билан учрашиб қолди. Ёшлар бир-бирларини шунчалик ёқтиришдики, кўп ўтмай улар турмуш қуришди ва 1996 йилнинг апрелида улар ўғил фарзанд кўришди, унга Бамиделе исми қўйилди. Ушбу қувончли воқеадан бир ҳафта ўтгач, ўқишни эндигина тугатган бахтли ота, чамадонларини йиғиб, хотини ва учта боласини ташлаб, ўз ватанига жўнаб кетди.
Кичик Деле ҳатто юришни зўрға ўрганиб, футболни орзу қила бошлади. Бола бир оз улғайгач, бутун вақтини кўчада, тенгдошлари билан тўп тепиб юриш билан ўтказа бошлади, шу вақтга келиб тўртинчи боласини дунёга келтирган ва яна ёлғиз қолган она бахтли ҳаёт ҳақидаги орзуларини алкоголга алмаштирди.
"Мен жиддий муаммоларга дуч келдим, бир неча йил давомида мутлақо ҳамма нарсани ичдим, - деб тан олди Дениз 2016 йили Sun’га берган интервьюсида. - Бир куни, қўшниларимнинг шикоятларидан сўнг, болаларимнинг яшаш шароитларини текшириш учун уйимга ижтимоий ҳимоя вакиллари келишди. Кейин улар Бамиделени бошқа оилага беришимни таклиф қилишди".
Алли тўққиз ёшга тўлгач, отаси тўсатдан уфқда пайдо бўлди. Нигерияда муваффақиятли бизнес олиб борган Кехид, ўғлини ўзи билан яшашга таклиф қилди, у ерда бола ҳашаматли бўлмаса-да, мўл-кўлчиликда яшаши мумкин эди. Келажак жуда жозибали кўринди чоғи, Деле рози бўлди. Бўлажак Англия терма жамоаси ярим ҳимоячиси бир йил давомида қиммат нархдаги хусусий мактабга борди, у отасининг уйида яшар, шахсий хизматкорига ҳам эга эди. У ўша пайтда футбол ҳақида ўйлаганми? Ким билади дейсиз... Кехид ўз бизнесини кенгайтириш учун АҚШга кўчиб ўтишга қарор қилиб, болани ўзи билан олиб кетганида, ҳамма нарса ўзгарди.
Кўп ўтмай уларнинг уйида янги аёл пайдо бўлди, Деле у билан тил топишиб кета олмади. Бу масала бўйича отаси билан баҳслашиш бефойда эди, шундан кейин Алли отасидан шунчаки Англияга, Милтон-Кинсдаги кичкина квартирага, икки катта опаси, укаси ва ичувчи онасининг олдига қайтишга ёрдам беришини сўради. Деле ўзи хуш кўрмайдиган ўгай онаси билан бир том остида тургандан кўра, уйида бахтлироқ бўлишига ишонган. Ота ўғлига қаршилик қилмади. Бола ватанига қайтиб, яна кўча футболи оламига кириб кетди.
Алли Роналдиньонинг ўйинидан лол қоларди ва "Барселона" ҳақида орзу қиларди, аммо оиланинг молиявий имкониятлари маҳаллий академия учун ҳам етарли эмасди. Деле бундан хафа бўлиб, ғазабланарди, тез орада бу масалада онаси билан жанжаллашишни бошлади, ёмон тўда билан алоқада бўлди ва кўча жиноятчиси бўлиш учун барча имкониятларга эга эди, бироқ унинг омади келди. Алли 11 ёшида маҳаллий "МК Донс” клуби кўригида бўлишга муваффақ бўлди, у ерда мураббийлар кўча боласи ва академия ўйинчилари ўртасида катта фарқни сезишмади. Кўзни қамраб олган ягона нарса - бу бирон бир мактабнинг йўқлиги, аммо бу тузатиладиган нарса эди. Эндиликда "Тоттенхэм"нинг бўлажак ярим ҳимоячиси "янги Стивен Жеррард" бўлиш орзусида ҳаракат қила бошлади.
Деле майдонда кўрсатган қатъияти ва ноанъанавий қарорлари билан барчани ҳайратда қолдирди. Профессионал футболчи бўлиш орзуси амалга ошишига ишонч катта эди, фақат буни амалга ошириш учун қаттиқ ишлаш ва ёмон тўдадан халос бўлиш лозим эди. Бу жуда қийин масала бўлиб кўринарди, чунки Аллининг қўшнилари кўча безорилари эди. Ўғлига ҳаётда тўғри йўлни танлаш имкониятини бериш учун, Дениз ҳаётидаги энг қийин қарорни қабул қилди: Деленинг келажаги учун уни бошқа оилага беришга рози бўлди.
Деле атиги 13 ёшда, гуллаб-яшнаган туманга, ўз жамоадоши Харри Хикфорд оиласига кўчиб ўтди. Ижтимоий хизматлар Алли оиласини бошқарган, аммо болани янги ҳаётга қўйиб юбориш қарори фақат онанинг ташаббуси билан бўлган.
"Расмий равишда Деле бошқа оила томонидан асраб олинмаган, лекин 13 ёшида, академиядаги дўстининг ота-онаси билан бирга яшаш учун кўчиб ўтган. Бу мен учун оғриқли қарор эди, аммо ҳозир мен тўғри иш қилганимни тушуняпман. Ўғлим ўзини ўзи кашф этди ва мен у билан фахрланаман", - дейди Дениз Sun билан суҳбатда.
"Хавотир олманг, она. Ҳаммаси яхши бўлади". Деле кетишдан олдин шундай деган ва ҳар дам олиш кунлари уни кўргани келишга ваъда берган.
Энди умидли ўйинчининг футболга бўлган эътиборига ҳеч нарса тўсқинлик қилмасди. Кейинчалик Алли "МК Донс" академиясининг энг яхши тарбияланувчиларидан бирига айланди ва 16 ёшида асосий жамоада дебют қилди. У клубда учта тўлиқ мавсумни ўтказди, уларнинг ҳар бири аввалгисидан кўра муваффақиятли кечди. Кўп ўтмай Алли голлар уриши ва узатмалари орқали топ инглиз клубларининг эътиборига тушди. Йигитни кўриш учун "Ливерпуль"дан скаутлар келишди, аммо "Тоттенхэм" трансфер бозорида бошқаларга қараганда тезкор бўлиб чиқди. "Шпорлар" футболчининг ўтишини "МК Донс"нинг йиллик бюджетига - 7 миллион фунт стерлингга тенг деб баҳолади. Трансфер 2015 йил қишда амалга оширилди, аммо Алли янги клубга фақат ёзда, мавсум якунида қўшилди.
"Мен ҳали ҳам Деле билан яқинман, - дейди Дениз Алли 2016 йилда. - У менга ва опаларига ҳар томонлама, шу жумладан, молиявий жиҳатдан ёрдам бериб келади. Ўтган йил давомида у бизнинг ҳисобимизга тахминан 4 минг фунт стерлинг ўтказиб берди. Рождество учун 600 фунт стерлинг, уч фарзандимнинг ҳар бири 500 фунт стерлингдан олдик. Ўтган йили, Деле "МК Донс"да ўйнаб юрганида, менга 200 фунт стерлинг, қизларга 80 фунт стерлингдан берди ва укасига телевизор ва ўйин приставкасини сотиб олиб берди. Бу унинг ташаббуси, биз ундан сўрамаймиз".
Алли "Тоттенхэм"даги биринчи мавсумида оиласига камроқ вақт ажратишни бошлади ва аста-секин алоқани уза бошлади. У ҳатто либосининг орқа тарафида ёзилган фамилиясини олиб ташлашга қарор қилди ва "Деле" ёзуви остида майдонга тушишни бошлади. Футболчи ўзини ёмон ўтмиш билан боғламасликдарини ва барча муваффақиятлари учун Хикфордлар олдида қарздорлигини алоҳида қайд этиб келади. Учрашувлардан бирида Деле онаси билан гаплашишга тўхтамаган ва банд эканлигини айтиб, машинага ўтирган ва кетган. Хавбек на Дениз, на опалари ва на укасига айтишни зарур деб ҳисобламасдан, ўз телефон рақамини ҳам ўзгартирган.
Она ўз ўғлини ижтимоий тармоқлар орқали ғалабалар билан табриклашда давом этмоқда. Деле унинг хабарларини эътиборсиз қолдиради ва ҳатто оиласига Россияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатига келишига ёрдам бермаган. Шундай бўлса-да, Дениз у билан алоқа ўрнатиш учун қилаётган уринишларидан воз кечмайди.
"Менга унинг пуллари керак эмас, ҳатто у фаст-фуд ресторанида ишлаганида ҳам, уни яхши кўрган бўлардим. Мен фақат ўғлимнинг қайтишини истайман”, - деди у яқинда журналистларга.
Шерзод Нурматов таржимаси.
Фикрлар