UZ

Сўнгги янгиликлар

08:58«Арсенал» етакчиси узоқ муддатга сафдан чиққани эълон қилинди  1 08:22«Сўғдиёна» футболчиси «Қўқон-1912»га ўтишга яқин  0 07:49Роналду: «Винисиус «Олтин тўп»ни ютиши керак эди, унга нисбатан адолатсизлик қилишди»  11 03:07АПЛ. "Арсенал" "Эмирейтс"да минимал ҳисобда ғалаба қозонди  2 02:26"Ювентус" Рэшфорд билан шартнома имзоламайди. Туринликларга МЮ форварди қизиқ эмас  1 00:40Роналду: "Агар "Манчестер Юнайтед" хўжайини бўлсам, ҳаммасини тўғирлайман"  10 23:42Роналду Саудия Арабистони чемпионатини Францияникидан кучли деб атади: "Лига 1да фақат ПСЖ бор, қолганлар ҳеч нарса эмас"  19 23:00Беллингем Globe Soccer Awards томонидан йил хавбеки деб топилди  1 22:38Роналду барча даврларнинг энг яхши тўпурари сифатида Globe Soccer Awards мукофотини қўлга киритди  8 22:32Globe Soccer Awards. Винисиус йилнинг энг яхши футболчиси  3 22:27Ямал Globe Soccer Awards томонидан йилнинг энг яхши ёш ўйинчисига бериладиган мукофотни олди  0 22:17Араб Кўрфази кубоги. ЖЧ саралашидаги рақибларимиз бўлмиш Қатар ва БАА гуруҳ босқичида қолиб кетишди  2 21:48Эрон Про лигаси. "Персеполис" иродали тарзда ғалабага эришди, Ўруновдан ассист  1 21:36Роналду Яқин Шарқда йилнинг энг яхши ўйинчисига бериладиган Globe Soccer Awards мукофотини олди  19 21:05"Реал" "Ливерпуль"ни расман огоҳ этди  8

Мозийга қайтиб... Миржалол Қосимовнинг “қоронғу” кунлари... Янгиликлар

Мозийга қайтиб... Миржалол Қосимовнинг “қоронғу” кунлари...

1991 йил СССР деган давлат тугатилгач, 1992 йил илк маротаба футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказишга қарор қилинди.

Собиқ иттифоқ олий лигаси иштирокчиси ҳисобланмиш “Пахтакор”да мамлакатнинг энг иқтидорли футболчилари жамлангани боис, янги Ўзбекистон чемпионатида улар барча рақиблардан икки карра устун бўлишлари аввалдан маълум эди. Олдиндан сценарийси маълум бўлган чемпионат қизиқарли кечмаслиги ҳам барчага аён эди. Ўз навбатида, иттифоқнинг энг кучли командаларига қарши ўйнаб тобланган етакчи футболчилар, махаллий жамоалар билан ўйинларда ўсишдан тўхташлари мумкинлиги кўпчиликни ташвишлантирарди. Буни ҳаммадан аввал тушунган футболчиларнинг ўзлари кучли чемпионатларда қолишни афзал кўришди. Геннадий Денисов, Миржалол Қосимов ва Игорь Шквиринлар Владикавказнинг “Спартак”, Андрей Пятницкий эса Москванинг шу номли жамоаси билан шартнома имзолашди. 1992 йилги Россия чемпионатида “Спартак” (Москва) чемпион, “Спартак” (Владикавказ) эса вице-чемпион бўлишида ҳамюртларимизнинг ҳиссалари катта бўлган. Энг муҳими, улар еврокубокларда қатнашиб, ўз маҳоратларини янада ошириш имкониятига эга бўлишган.

Россия чемпионатини европалик скаутлар кузатишгани боис, ҳамюртларимизга ҳориждан ҳам таклиф туша бошлади. Жумладан, Миржалол Қосимовга Испаниянинг бир йўла икки клуби – “Реал Вальядолид” ҳамда “Логроньес” клубларидан таклиф тушди. Гарчи, бу клублар Испанияда ўртамиёна ҳисобланишса-да, Европа кучли бешликларида ўйнашни орзу қилган Қосимов учун бу ўзини кўрсатиш борасида ажойиб имконият эди.

Россия чемпионати якунига етгандан сўнг Тошкентга қайтиб келган Миржалол Испания сафарига тайёргарлик кўра бошлади. Ўша пайтда интернет тармоғи мавжуд бўлмаса-да, ўзбек футболчисининг илк марта Испанияда тўп суриши яшин тезлигида тарқалди. Ҳар ҳил гап-сўзлар ва таҳминлар кўпайди. Масалага ойдинлик киритиш учун Ўзбекистон телевидениесининг “Ахборот” дастури ижодкорлари Қосимов билан учрашиб, лавҳа тайёрлашди. Лавҳада “Испанияга кетишингизга нима туртки бўлди?” деган саволга Миржалол “Бу ерда қолсам ўсишдан тўхтайман, шу боис Европанинг кучли чемпионатида ўйнаб, маҳоратимни оширмоқчиман” деб жавоб қайтарди. Бўлди. Албатта унинг маҳорати ошса, Ўзбекистон терма жамоасига фойда бўлади. Бироқ гапга унча чечан бўлмаган Миржалол бу фикрни айтмади.

Эфирга кетган гапи эса юқоридагиларнинг ғазабини қўзғатди. Уни президентнинг ўзи кўрибди деган таҳминларни ҳам эшитганмиз. Лекин мен бунга ишонмайман. Сабаби, раҳматли президент кўпни кўрган, оғир-босиқ мулоҳазали инсон эди. Унинг ўзи ёш йигит-қизларимиз ҳорижда таҳсил олиб, ўз билим-малакаларини мамлакат ривожи йўлида сарфдашларини истарди ва кейинчалик бу амалда исботланди ҳам. Лекин президент номидан футболчи Қосимовга қарши аёвсиз кураш бошланди. “Нима, Ўзбекистонда ўйнаса ўсишдан тўхтарканми? Бу ерда топаётгани етмаётганаканми?” каби саволлар бот-бот янграйверди. Боши узра қора булутлар чарх ураётганини сезган Миржалол дарҳол Тошкентга қайтиб келди ва қадрдон “Пахтакор” машғулотларида қатнаша бошлади. Лекин клуб раҳбарлари уни ўйната олмасликлари, юқоридан шундай кўрсатма бўлганини айтишди. Ўз-ўзидан унга ойлик маош ҳам берилмади. “Шапкасини ол деса калласини ол” дегандек Жисмоний тарбия институтидан ҳам ҳайдашди.

Ана шу алфозда у уч ойга яқин нима қилишини билмай юрди. Ўша пайтлари Миржалол кўпчиликдан ўзини олиб қочиб юрди. Журналистларни кўрса-ку, ўн чақирим наридан айланиб ўтадиган бўлди. “Миржалол ичаётганмиш”, “Чекаётганини ўз кўзим билан кўрдим” каби миш-мишлар айнан ўша пайтларда тарқалганди.

Бу кўнгилсиз вазият ўнгланмаса, ўзбек футболи тарихидаги энг иқтидорли футболчини йўқотишимиз мумкин эди. Уни ўнглаш учун эса, юқоридагиларга Қосимов аслида нима демоқчи бўлганини, унинг қалбида Ватанга нисбатан қандай туйғулар борлигини етказиш лозим эди. Журналист Аброр Имомхўжаев ана шу вазифани ўз зиммасига олган ва футболчи билан дилдан суҳбатлашган. Эътиборингизга ўша мақола ва ундаги интервьюни ҳавола этамиз.


МИРЖАЛОЛ ҚОСИМОВ: ...ҲАММА НАРСАДАН ВАТАН АЗИЗ!
(“Спорт”газетасининг 1993 йил 26-март-1 апрель сонидан олинган).




Миржалолни ўсмирлик чоғидан яхши биламан. Жаҳон ва Оврўпо чемпионатларида ғолиб бўлиб қайтганида учрашганман, матбуот учун суҳбатлар қилганман. Ўша пайтлари ёшлигиданми, тажрибасизлигиданми ўта камсуқум бўлган Миржалолдан биз, журналистлар гапни зўрға суғуриб олардик. Мана, орадан йиллар ўтди. У Тошкентнинг ‘Пахтакор”, Минскнинг "Динамо", Владикавказнинг “Спартак”, собиқ СССР ва мустақил Ўзбекистон терма жамоалари кийимида яшил майдонга тушди. Респубяика футболчилари орасида энг юкори унвонларга эришди. Аммо хислати ўша-ўша - камгап, камтар.


Владикавказнинг “Спартак“ клуби билан ўтган йил учун тузилган шартнома тугагач, М. Қосимов Тошкентга қайтиб келди ва пахтакорчилар билан машқларда қатнаша бошлади. Январь ойининг охирида Москвада ўтказилган Ҳамдўстлик мамлакатлари чемпионлари Кубогида Миржалол “Пахтакор“нинг етакчи ўйинчиларидан бири эканлигини яна исботлади. Туғри, рақиблар мусобақа олдидан, Миржалолни “Пахтакор“га “бегона" ҳисоблаб норозилик билдиришди. Фақат М. Қосимовнинг ҳозирги кунда бирорта жамоа билан шартномаси йўқлиги, шунинг учун у эркин футболчи сифатида хоҳлаган жамоада ўйнаши мумкинлиги исботлангандан сўнг хотиржам бўлишди. Рақиблар бекорга чўчишмаган эди. Ашгабаднинг “Копет-Доғ“ жамоаси билан учрашувда то юқоридаги масалалар ҳал бўлгунча ўйиннинг ярим соати ўтиб, унда туркманистонлик футболчилар 1:0 ҳисобида олдинда боришаётганди. Ниҳоят, Миржалол майдонга тушди ва кетма-кет икки тўп киритиб, ўз жамоасига ғалаба келтирди. Миржалолнинг майдонни яхши кўра билиши, жарима тўпларини қойилмақом қилиб тепиши хорижий мутахассислар эътиборидан четда қолмади, албатта. Ўзбекистонлик футболчини ўз клубларига таклиф этаётган воситачилар Миржалол билан тез-тез учраша бошладилар.

Мартнинг бошида у “совчилар" макони — Испанияга жўнаб кетди. Мухлислар ўртасида яна торгишувлар бошланди. Кимдир уни футболи юқори даражада бўлган Испаниядек мамлакатга кетганидан хурсанд бўлса, бошқа биров сотқинликда айблади. Миржалолнинг Испаниядан кутилмаганда тез қайтиши шов-шувни яна кўпайтирди. Энди кимдир “эплолмабди” деса, яна бошқаси “йўғ-э, пулига кўнмабди“, дея тахмин қилди.

Бу миш-мишларга ойдинлик киритиш максадида тахририят томонидан М. Косимов билаи учрашиш ҳақида топшириқ олганимда, очиги, суҳбат ҳар доимгидек осон кечади деб ўйловдим. Дарҳақиқат, Миржалол эски қадрдонлардек сўрашди, ҳазил-мутойиба қилди. Фақат қоғоз-қалам олиб савол беришга ҳозирланганимда кайфияти бирдан ўзгарди. “Кечирасиз, лекин матбуот учун менинг ҳеч қандай гапим йўқ!“.

Шундан сўнг ўйинга тайёрланиши лозимлигини айтиб ўрнидан қўзғалди. Мен ҳайрон бўлиб ортидан чақирмоқчи эдим, бироқ унинг ёшликдан дўсти ва жамоадоши Шуҳрат Мақсудов “керак эмас“ деган ишорани қилди. “Ўзи ҳозир сиқилиб юрибди, ҳар хил миш-мишлар кайфиятини туширган, ҳеч ким билан гаплашгиси йўқ. Шунинг учун ҳам, айниқса, журналистларни хушламаяпти”.

Ўша қуни Қибрайдаги ўйингоҳда Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоалари ўзаро куч синашишлари лозим эди. Миллий терма жамоани майдонга Миржалол Қосимов бошлаб тушди ва бутун ўйин давомида етакчилик қилди. Дастлаб 11 метрлик жарима тўпидан ҳисобни тенглаштирди, сўнг Шуҳрат Мақсудов билан чиройли комбинацияни ниҳоясига етказиб, ғалабани мустаҳкамлади.
Билмадим, кайфияти чоғлигиданми, ёки Шуҳрат бирор нарса деганми, ҳар ҳолда ювиниб чиққанидан сўнг навбатчидан бўш хона калитини олиб ўзи мени суҳбатга таклиф этди:

- Фақат келишиб олайлик, мен айтган гаплардан четга чиқмайсиз, уларни шарҳ- ламайсиз, нима гапирсам шуни ёзасиз ...барибир ҳаммага ёқиш қийин.
- Келишдик, — дея диктофон тугмачасини босдим.

- Миржалол, ўтган йили Владикавказга кетишнинг асосий сабаби нима эди?
- Биз ўтган йилнинг бошида зўр бериб МДҲ чемпионатига ҳозирлик кўраётган эдик. Бироқ маълум сабабларга кўра у саробга айлангандан сўнг, Ўзбекистон чемпионати ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ёдингизда бўлса, ўша пайтда республиканинг энг кучли футболчилари бош жамоа - “Пахтакор“да тўпланган эди. Қисқача қилиб айтганда, биз ўзимиздан икки-уч баравар кучсиз жамоалар билан беллашишимиз мантиққа тўғри келмасди. Бир томондан чемпионат қизиқарсиз ўтарди, бошқа томондан жиддий рақиб билан куч синашмагандан сўнг, футболчи сифатида ўсишдан тўхтар эдик. Шунда “Пахтакор“нинг собиқ дарвозабони, ўша пайтда Владикавказнинг “Спартак“ жамоасида мураббий бўлиб ишлаётган А. Яновский Тошкентга келди ва катта пул эвазига уч-тўртта кучли ўйинчиларни олиб кетиши мумкинлиги тўғрисида фикр билдирди. Бу билан бир эмас, тўрт “қуён“ отиларди. Биринчидан, биз бутун жаҳонга машҳур Москванинг “Спартак”, “Динамо“, ЦСКА каби клублари билан куч синашиб малакамизни оширар эдик. Иккинчидан, ҳомий излаб иқтисодий жиҳатдан қийин аҳволда бўлган “Пахтакор" клуби миллионлаб пул ишлаб оларди (ўтган йили ана шу миллионлар туфайли футболчилар ўз вақтида маош олдилар), учинчидан, етакчи ўйинчилар кетгач, заҳирада ўтириб қолган ёш истеъдодларга ўзини кўрсатиш учун кенг йўл очиларди (Алиев, Кечинов, Ходиев, Волков, ака-ука Назаровлар бунга мисол) ва ниҳоят, тўртинчидан, “Пахтакор“нинг кучи қолган жамоалар билан тенглашиб, чемпионат муросасиз ўтарди (ўтган йили чемпионлик учун кураш охирги тургача давом этганини эсланг). Шунинг учун ҳам Пятницкий, Қосимов, Денисов, Шквирин каби тажрибали ўйинчиларнинг “Пахтакор“дан кетиши жамоа учун оғир кечса-да, охир-оқибатда ўзини оқлади. Мана, Пятницкии “Спартак" сафида бутун Оврўпо оғзига тушди, биз жон куйдирган Владикавказнинг “Спартак" клуби эса ман-ман деган жамоаларни ортда қолдириб, Россия чемпионатида кумуш медални қўлга киритди ва УЕФА Кубогида уйнаш ҳуқуқига эга бўлди. Осетияликлар биз ўзбекистонликларга миннатдорлик билдиришди.

- Албатта миннатдор бўлишади-да, чунки дастлаб шартнома 3 ойга тузилган эди, сизлар эса мавсум охиригача қолиб кетдингизлар...
- Шартномани 3 ойга белгиланишидан маълум мақсад кўзланган эди. Чунки 3 июль куни халқаро футбол уюшмаси - ФИФА собиқ Совет Иттифоқи республикаларини ўз сафига мустақил равишда қабул қилиши дозим эди. Афсуски, шу куни Ўзбекистон футбол федерацияси ФИФАнинг тўлақонли аъзоси бўла олмади. Бу эса халқаро учрашувларда иштирок этиш имкониятини яна кейинга сурди. Россия эса қабул қилинди ва халқаро мусобақаларда иштирок эта бошлади. Агар биз “Пахтакор“га қайтганимизда мени Испанияга, Пятницкийни эса бир варакайига 3-4 Оврўпо давлатларига чақирмаган бўлардилар.

- Айтганча, испанияликлар бириичи бор қачон “совчи“ қўйишганди?
- Ўтган йилнинг кузидан бошлаб Владикавказ спартакчилари медаль учун кураш олиб бораётганларида мутахассислар эътиборига тушишди. Мени Россиянинг бошқа жамоалари, шунингдек, Оврўпонинг бир-икки ўртамиёна клублари сўрашди. Уларга “ҳа“ дейишдан мантиқ йўқ эди. Фақат Испаниядан таклиф тушгандан сўнг, бу ҳақда жиддий ўйлай бошладим.

- Эшитишимча, ҳам олий, ҳам биринчи дивизиоидан икки клуб сен билан қизиққан экаи...
- Ҳа, Москвадаги чемпионлар турнири пайтида бу клубларнинг вакиллари мен билан музокара олиб бордилар. Бири “Логроньес", иккинчиси эса “Вальядолид“ клуби.

- Музокаралар нима бидан тугади?
- Ҳозирча ҳеч нарса дея олмайман. Маълумки, Испания клубларида учтагача хорижий футболчи уйнашига рухсат берилган. “Логроньес" бу борада режани бажарди - сўнгти хорижлик футболчи киевлик Олег Саленко бўлди. “Вальядолид"да эса душанбелик Рашид Раҳимов ўйнамоқда.

- Сени Испанияда синаб кўришдими?
- Ҳа, фақат бир икки ўйинда ярим ҳимоячиларни билиш қийин. Ёрқин ҳужумчи ёки дарвозабон маҳоратини киритган ёки ўтказиб юборилган тўплар орқали солиштириш мумкин. Ярим ҳимоячи эса... Ҳар ҳолда менга “хайр“ эмас, “кўришгунча“ дейишди, бунинг фарқи катта-ку.

- Албатта, фақат бунинг учуи вақтинча бошқа клубдарда ўйнаб туриш керак, шундай жамоалардан бири “Пахтакор" бўлиши мумкин-ми? Айтмоқчиманки, сени бу йил чемпионатда қатнашаётган ўйинчилар рўйхатига киритишдими?
- Йўқ. Бунинг учун клуб мен билан шартнома тузиши керак, мен эса ҳозирча уни имзолаганим йўқ.

- Ахир 5 куидан сўиг чемпионат бошланади-ку?!
- Бу - шошилинчда ҳар қандай ҳужжатга имзо чекилади дегани эмас. Гар биз профессионал футбол системасига ўтмоқчи эканмиз, ҳар бир томон ўз ишига ситқидилдан ёндошиши керак. Афсуски, ҳозирча “Пахтакор* клуби етарли шарт-шароит яратиб беришга қодир эмас.

- Қолгаилар ўйнаяпти-ку, ёки бу ерда бошқа гаплар ҳам борми? Балки сен жуда кўп миқдорда сўрагандирсан?
- Негадир мен бошқалар топаётган пул билан қизиқмайман-у, лекин ҳаммани менинг маошим қизиқтиради. Чет элда ҳатто жамоадошинг қанча олаётганини ҳам билмайсан. Чунки унда ҳар кимнинг меҳнати, мавқеи ва клубга келтираётган фойдасига қараб алоҳида маош белгиланади. Қолганлар ўйнаяпти дейсиз. Улар ҳали ёш, футболга энди кириб келаяпти. Кўпчилиги ота-онасининг қарамоғида. Сал катта ёшдагилар ҳам моддий томондан тўқ. Абдуқаҳҳорнинг акалари ўтган йили чиройли тўй қилиб беришди. Шуҳрат эса ҳали уйланмаган. Мен эса ота-онамнинг ёлғиз ўғлиман, иккита фарзандим бор.

Яқинда ўглимнинг тўйини қилишим керак. Кейин, худо хоҳласа кичик синглимни узатамиз. Нега бу гапларни айтаяпман? Ҳозир уй рўзғорини қиладиган даврим, оёқларим бақувват, моддий томонини ҳал қилишга қудратим етади. Эртага-чи? Мабодо қаттиқ жароҳат олиб футболни ташлашга тўғри келса нима бўлади, оилани нафақага боқаманми? Бошқа ҳунарим бўлмаса. Ахир тенгдошларим ер олишаяпти, уй қуришаяпти. Наҳотки орзу-ҳавасли бўлиш айб саналса. Мен ўғирлик қилиб эмас, тўккан терим учун ҳақ талаб қилаяпман. Қанча сўраганим ҳақида қизиқдингиз, бу борада фақат бир нарсани айтишим мумкин. Мен Пятницкий топаётган пулнинг ўндан бирини сўрадим холос. Албатта, бу рақам йигитларга вақтида маош топиб бера олмаётган клуб раҳбарларига даҳшатли туюлди. Бироқ мен, “Пахтакор“га жонимни беришим учун ҳеч нарсани ўйламаслигим, оиламни моддий томондан тўлдириб қўйган бўлишим керак.

- Демак, ҳозирча эркии ўйинчисан, хоҳласанг Владикавказга, хоҳласанг Испанияга кетишинг мумкин. Агар бу ерда масада ҳал этилса, “Пахгакор“да ҳам ўйнашинг мумкин. Яна...
- Яна Малайзиядан яхши таклиф бор.

- Мана кўрдингми, Испания қаерда-ю, Малайзия қаерда? Ахир Малайзия футболи ҳеч қачон биздан яхши бўлмаган...
- Лекин бизга етиб қолди. Умуман сўнгги пайтда Осиё футболи жадал ривожланди. Энг муҳими шарт-шароит. Малайзиянинг футболи Испанияга етмаса ҳам, шароити мени бутунлай қониқтиради.

- Яъни берадиган пулими?
- Фақат бу эмас. Шароит деганда футболчига бўлган муносабат тушунилади. Моддий ва маиший муаммоларнинг ҳал этилиши, бериладиган кийим-кечак. Бу ерда мен - терма жамоа ўйинчиси бутси алмаштириб беришларини сўраб маъмурлар кетидан югуришим керак, у ерда бир йилда ўнлаб спорт уст-бошлари берилади. Тошкентга келиб хотира турнирида қатнашган Сеулнинг “Сонг Сил” талабалар клуби фақат бир йиғинга 8 хил форма билан келди. Пахтакорчиларга эса уч ойда учинчи бош мураббийни таништиришди. Бу ерда футболдан кўра футбол атрофидаги воқеалар кўп вақтни олади.

- Бу фикрларингни энди ўтган замонда қўлласак ҳам бўларди. Сен ва шерикларинг тушунсин, ишонсин деб бугун бу ерга шахсан Бош вазир келди. Футбол тўғрисидаги ҳукумат қарорини ўқиб, уни изоҳлаб берди. Шахсан мсн энди футбол соҳасида ҳақиқий ўзгаришлар бўлишига ишондим. Сен-чи?
- Бош вазирга ишонмасликка ҳаққимиз йўқ. Бунинг устига Президентимизнинг ўзлари
футболга катта эътибор бераяптилар. Муҳими, ижроси амалга ошса бўлди. Футбол раҳбарлари ана шу қарор ижроси учун шахсан масъул эканликларини тушуна олсалар бўлди...

- Миржалол, тушунишим бўйича сен бу йил қайси клуб шарафини ҳимоя этишингни ҳозирча аниқ билмайсан. Лекин бизни бошқа нарса қизиқтиради, бу - Ўзбекисгон терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиш. Ёрдаминг керак бўлиб чақиришса, Испания ёки Малайзиядан етиб келасанми?
- Ундан узоқроқ бўлса хам етиб келаман. Чунки қайси хорижий клуб билан шартнома тузмай, Ўзбекистон терма жамоаси учун ўйнаш лозимлиги ҳақидаги келишувга катта эътибор бераман. Ана шу мақсадда кўп имтиёзлардан воз кечдим ва бунга ачинмайман ҳам.

- Яъни…
- Яъни хорижий клублар билан шартнома тузатаётганда, “сизларнинг ихтиёрингиздаман, қачон рухсат берсаларинг, ўшанда терма жамоада ўйнайман", деб розилик берсангиз, нархингиз икки баробар ошади. Чунки терма жамоада ўйнаб туриб жароҳат олсангиз, жабрини клуб тортади - сиз клуб сафида керакли ўйинларда иштирок этолмайсиз. Бунииг устига Россия терма жамоаси раҳбарлари МДҲнинг кўпгина таниқли ўйинчиларидан фуқароликни алмаштиришни сурашади. Ҳозир Россия терма жамоаси шарафини украиналик Юран ва Онопколар ҳимоя қилишаяпти. Энди гал Пятницкийга келганга ўхшайди. Ўтган йили мени чақиришга ҳам уринишлар бўлганди. Лекин мен кескин рад этдим. Клуб танлашда мен имкониятларимни ҳисобга олишим керак. Лекин терма жамоа учун ҳеч қандай шароит талаб қилмайман. Чиройли гапиришни ёқтирмайман, лекин бошқача ифодалай олмасам керак: Ўзбекистон терма жамоаси учун бошқа сайёрадан бўлса ҳам етиб келаман! Мен учун ҳамма нарсадан Ватан азиз!

Миржалол Қосимов билаи суҳбатлашиб бўлгунимизча кетма-кет, аввал Ўзбекистон терма жамоаси, сўнгра "Пахтакор"га қарашли “Икарус" шаҳар томон йўл олди. Кимдир ғалабадан сўнг уйига, кимдир кутиб турган севгилиси ёнига, яна кимдир меҳмонхонага кетяпти. Миржалол эса машинада бўш шишаларни шарақлатиб базадан шаҳар томон жўнади. Йўлда икки-уч жойда тўхтаб дўконларга бош суқди. "Тинчликми, ё чақалоқ шарафига зиёфатми?" деган саволимга бош чайқади... "Худо қизимни бизга муқаддас Рўза кунлари ато этди, шунинг учун ҳам унга Моҳира деб исм қўйдик. Балки шу рўза туфайлидир, ҳар ҳолда оғайниларим зиёфат деб қисташмаяпти. Бу шишалар эса минерал сувлар учун. Эрта-индин янги қудаларни чақиришимиз керак, ундан олдин яқинда узатилган синглимни биринчи келинлик ҳайити. Ўнлаб тоғораларда пишириқлар жўнатишимиз керак экан. Хуллас, ҳозирча рўзғор ташвиши менинг зиммамда, лекин буни нолиш деб тушунманг, худога минг бор шукр қиламан. Бу ёғи ҳам яхши булиб қолар...


Аброр ИМОМХЎЖАЕВ, махсус мухбиримиз.


P.S. Ушбу мақола кутилган самарасини берди. Юқоридагиларнинг “кўнгли бўшади” ва “бошқа бундай бўлмасин” деган шарт билан Миржалол авф этилди. Институтга ҳам қайта тикланди. “Пахтакор” клуби раҳбарияти вазиятдан фойдаланиб, “ана, рухсат тегди, шартномага қўл қўй” деб ниқтади, бироқ Қосимов ўзи хоҳлаган шартлар киритилмагунча уни имзоламаслигини маълум қилди.
Шу тариқа “Пахтакор” чемпионатни Миржалолсиз бошлади. 1993 йил ҳам олтин медалга ўтган мавсумдаги чемпионлар (илк чемпионатда қўшчемпионлик эълон қилинганини катта ёшдаги мухлислар яхши билишади) – “Пахтакор” ва “Нефтчи” даъвогарлик қилишарди.

Дастлабки олти турда пахтакорчилар 100 фоизлик натижа кўрсатишди. Навбатдаги икки учрашувни улар Андижон ва Фарғонада ўтказишлари лозим эди. Андижонда тошкентликлар дастлабки 2 очкони бой беришди – 1:1. Фарғонада эса илк бор мағлубият аламини тотиб кўришди – 1:2. Ана шундан кейингина “Пахтакор” клуби раҳбарлари Миржалол ёрдамисиз оғир бўлишини ҳис этишди ва узоқ тортишувдан сўнг шартнома имзоланди.

Ўша йили “Пахтакор” ва “Нефтчи” яна икки бор тўқнаш келди. 20 май куни Жиззахда жамоалар Осиё Чемпионлар кубогида юртимиз шарафини ким ҳимоя қилишини аниқлаш учун майдонга тушишди. Учрашувнинг 20-дақиқасида Қосимов узоқдан аниқ ошириб берган тўпини Мақсудов тўхтатмасдан тепиб ҳисобни очди. Орадан етти дақиқа ўтгач, Миржалолнинг ўзи тўп киритиб, амалда пахтакорчиларнинг ғалабасини таъминлади – 3:1.

3-октябрь куни чемпионат доирасидаги жавоб учрашуви Тошкентда бўлиб ўтди. Бу вақтга келиб пахтакорчилар “Нефтчи”дан беш очко ортда бораётган ва бу йил чемпион бўлолмаслиги аниқ эди. Аммо кўпчиликни “Нефтчи” Миржалол бошчилигидаги “Пахтакор”ни юта оладими ёки йўқми деган савол қизиқтирарди. Қаҳрамонимиз ҳам айнан шу куни юқори даражадаги футбол намойиш этди. Ўйин тамом бўлишига уч дақиқа қолганда ҳисоб 4:4 бўлиб турган эди. Фарғоналиклар ўз жарима майдонлари яқинида ўйин қоидасини бузишди. Жарима тўпини Қосимов моҳирона тепиб ғалаба тўпини киритди.

Орадан 6 кун ўтиб Ўзбекистон Кубоги финалида “Пахтакор” ва “Навбаҳор” тўқнаш келди (наманганликлар “Нефтчи”ни мусобақадан чиқариб юборишганди). Бу учрашувда ҳам Қосимов тўп киритиб, жамоасининг 3:0 ҳисобидаги ғалабасига ўз улушини қўшди ва “Пахтакор” илк маротаба Ўзбекистон Кубогини боши узра кўтарди...

“Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ билан” дейди доно халқимиз. Албатта Миржалол Қосимовда ёруғ кунлар кўп бўлган ва кўпчилик унга ҳавас қилган. Лекин “қоронғулари” ҳам даҳшатли бўлган. Бугун биз улардан бирини ёдга олдик холос...

Рейтинг: +8   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика