Мен афсусланган тун... Манчестер Парижни забт этганда
07 мар 2019 17:00
Янгиликлар
"Манчестер Юнайтед" мухлисиман. Аммо иккинчи бўлимнинг 70-дақиқасидан кейин футбол мени томоша қилди. Сайтда матнли трансляция қилаётгандим, ўйин кўраётгандим, телефонда гаплашаётгандим. Миям бир вақтнинг ўзида уч хил вазифани бажариб турган вақтда ҳам уйқуга кетди. "Манчестер Юнайтед"нинг барча ўйинларини томоша қиламан, хоҳ у соат тунги 3 бўлсин, хоҳ кечки 5. Матнли трансляция "ҳуқуқини" бир амаллаб Толибжон Қосимовдан олдим, аммо буни охиригача етказиб қўя олмадим. Яхшики, сайтимизнинг аҳил жамоаси ҳар доим бир-бирининг ўрнини тўлдириб туради. Бу жуда қувонарли. Умуман олганда бу ишга келганларнинг юраги иккита бўлиши керак экан. Бири ўйин давомида севимли жамоангни қўллаб-қувватлайди, иккинчиси эса ўйинни нейтрал мухлис сифатида кузатишга керак бўлади.
Бироқ баҳснинг сўнгги, энг қизиқ 20 дақиқасини кўра олмаганимдан афсусландим. Шу боисдан сарлавҳага шундай ном бердим. Шундай ғалабалар бўладики, ўша куннинг ўзида унутилади. Лекин кеча тунда бўлган камбэк неча йиллар ёдда бўлиши аниқ. "Манчестер Юнайтед" мухлисларининг катта қисми ғалабага ишонганди. Шу жумладан мен ҳам.
Бу ўйиндан олдин кеча берган тахминим эди. Нима учун бундай бўлишига ишондим? Сульшер ишончни оқлаб бўлганди. Моуриньо даврида кўчада МЮ мухлисиман десам одамлар "шу ҳам жамоами?" деб киноя қилиб қўйишарди. Шундай даврлар келдики, энди мухлислар "Юнайтед"нинг ўйинларини хавотир билан кузатмайди: "ютамизми, ютқазамизми?" эмас: "нечта гол уриб ютамиз?".
Сульшер ҳам Моуриньо ишлаган таркиб билан ишламоқда. Ўша йигитлар... У қишда бирорта футболчини трансфер қилмади. Қўл остидаги футболчиларига ишонди. Албатта, МЮ футболчилари индивидуаллик борасида бирорта жамоадан қолишмайди. Уларнинг бошини қовуштирадиган бир мўъжиза керак эди. Ва у ҳам келди.
Лукаку иккита, Рэшфорд эса ғалаба голини урган бўлса ҳам, мен учун ўйиннинг энг яхши футболчиси Фред бўлди. Бразилиялик футболчи Манчестерга келганидан буён ўзини бунчалик кўрсата олмаганди. Унга кўп ҳам имконият беришмаётганди. Ўйинда Фредга қараб "ниқобни еч Погба" деб юбордим. 17-рақамли хавбек ҳар жабҳада фаол бўлди ва ўзига билдирилган ишончни оқлади. У илк дақиқаданоқ Ди Марияга қарши ишлатган қўполлигидан кейин ўйинга қандай кайфият билан тушганини кўрсата олди. Шунингдек, Перейра янги позицияда ўзини ёмон ҳис қилмади. Лукаку ажойиб тарзда очилиб кетди. Байи эса... Аслида "Юнайтед" ўтказиб юборган голда Байининг иккита айби бўлди: сунъий ўйиндан ташқари ҳолатни юзага келтиришда кечикди, Бернатни ёпмади. Оқибатда "Юнайтед"нинг вазифаси қийинлашди.
МЮ ҳимояси яхши ўйнади. "Юнайтед" ўйин давомида кам сонли ҳужумлар яратди. Биринчи бўлимдаги ўйинни кўриб, бироз ғашим келди. Аммо ўйлаб қарасам, бу "Юнайтед" янгича ўйин услубига айланди. Жамоа грандларни шу тарзда мағлуб этишни уддаламоқда. Метин мудофаа ва унга кўмаклашувчи ажойиб ярим ҳимоя.
МакТоминейни Матичга тенглаштирсак бўлади. Перейра ҳам Матанинг вазифасини ажойиб тарзда уддалади. Аслини олганда "Юнайтед"да йўқотишлар кўп эди. ПСЖда эса атиги Неймар. Бу ПСЖга устунлик бериши керак эди. Амалда бундай бўлмади.
Аслида футбол - шахмат. Сен шундай юришни қилсанг, учинчи таркиб билан ҳам исталган жамоани ютиб қўйишинг, пиёдалар комплекси билан шохни мот қилишинг мумкин. Сульшер буни исботлади. Ўйин давомида бир жиҳат эътиборимни тортди: МЮнинг ҳимоя ва ярим ҳимояси бир-бирига шундай мутаносиб ўйнадики, ПСЖнинг кучли футболчилари буни ёриб ўта олмадилар. Ҳатто "Парк де Пренс"нинг тўсин ва устунлари ҳам "Юнайтед" учун ишлади. Тун ПСЖники бўлмади. Тухель ўзининг жанговор ўйинчилари билан МЮнинг иккинчи таркибини юта олмади.
Барчаси "Олд Траффорд"да якунланди, деб ўйлаганди кўпчилик. Меҳмонда 2:0 ҳисобида зафар қучилганидан кейин ПСЖ рақибини менсимади ва ҳаёлотда 1/4 финалга чиқиб бўлганди. Букмекерлик ташкилотлари эса МЮни чиқитга чиқариб қўйишганди. Ҳудди "Аякс" каби.
Футболда руҳий тайёргарлик ҳам жисмонийси каби муҳимлигини барча яхши билади. Ва бу нарса бугун ўз исботини топиб келмоқда. Балки ПСЖ фонида "Манчестер Юнайтед" кучли жамоа бўлиб кўринмагандир. Аммо айта оламизки, ақллилик борасида манкунианликлар ўз рақибларидан кўра яхшироқ бўлиб чиқишди. Улар ҳужумга кўп ҳам эътибор бермасдан, ҳимояда пайт пойлашди ва шу орқали кучни тежашди. Оқибатда сўнгги дақиқаларда бунинг ўз меваси тотилди. Пенальти, гол, 1/4 финал. "Юнайтед" ҳеч ким танимайдиган 44 ва 54-рақамли либосларда ҳаракат қилаётган янги аср болалари билан ПСЖ майдонида камбэк қилиб кетди.
Футболни шунинг учун ҳам севаман!
Миржалол Норматов
Фикрлар