UZ

Сўнгги янгиликлар

10:18Поль Погба келажаги борасида бир қарорга келди  1 09:42«Манчестер Юнайтед» ПСЖ футболчисини сотиб олмоқчи  0 09:07Клопп Испания жамоасини бошқариши мумкин  0 08:35Ибрагимович 7 кишилик рамзий терма жамоасини тузди  8 07:59Аморим МЮда илк машғулотни ўтказди  2 07:21ЖЧ-2026 саралаш. Бугун терма жамоамиз муҳим учрашувда майдонга тушади  47 03:01Миллатлар лигасининг чорак финалига чиққан барча 8 жамоа номи маълум бўлди  1 02:55Миллатлар лигаси. Роналду иштирок этмаган баҳсда Португалия дуранг ўйнади  5 02:48Миллатлар лигаси. Испания сўнгги дақиқалардаги пенальти эвазига ғалаба қозонди  3 02:15АПЛнинг энг тез югурадиган футболчилари (ТОП 10)  2 01:35Бен Дэвис Сон ҳақидаги хазили учун дисквалификация Бентанкур ҳақида: "Бундай нарсаларга жиддий қараш кераклигини тушундик"  3 23:29Ўзбекистонлик ҳакамлар ЖЧ-2026 саралаш учрашувида ишлайди  3 23:01Алдервейрелд ваҳима касаллиги туфайли Бельгия терма жамоасини тарк этганини айтиб берди  2 21:09Аморимга трансферлар учун тен Хагга нисбатан камроқ пул беришади  3 20:45Эшитдик-да! "Нефтчи" икки мураббийга жавоб бермоқчи  11

Жаъфар Ирисметов “Обод” бош мураббийи. Аммо ўзи қаерда? Янгиликлар

Жаъфар Ирисметов “Обод” бош мураббийи. Аммо ўзи қаерда?

“Обод” клуби бу йил илк бор олий лигада иштирок этаётганидан хабарингиз бор. Ташкил этилганига ҳали кўп вақт бўлмаган бу жамоанинг қисқа фурсатлар ичида элитага йўл олиши албатта таҳсинга сазовордир.

Бироқ кучлилар орасида муносиб иштирок этиш осон иш эмас. Боз устига “Обод” таркиби асосан ёш ўйинчилардан ташкил топган. Бундай вазиятда эса табиийки, жамоага жуда қийин бўлади. Ҳозирча улар 7 та учрашув ўтказишди ва 2 та дуранг, 5 та мағлубият қайд этишиб, икки очко жамғаришди. Кўриб турибсизки, бу клуб ҳали ғалаба қозонгани йўқ.

Энг аҳамиятли томонига тўхталадиган бўлсак, клубда бош мураббий масаласи тушунарсиз бўлиб турибди. Аввалига қишки тайёргарлик чоғида жамоага бош мураббий сифатида Шавкат Абдухўжаев тайинланди. Мухлисларга яхши маълумки, у дарвозабонлар мураббийи ҳисобланади ва асосан ишлаган клубларида айнан посбонлар билан ишлаб келган. Абдухўжаев сира ҳам бирор-бир клубда бош мураббийлик қилмаган. Унда “Обод”га нима учун ушбу лавозимга тайинланганди? Чунки унда бош мураббийлик қилиш ҳуқуқини берувчи лицензия бор эди. Ўтган йили “Обод”нинг биринчи лигадан олий лигага чиқишига катта ҳисса қўшган мураббийлар – Бобур Зуҳриддинов ҳамда Хайрулла Абдиевда эса бундай имконият йўқ. Абдиев ёшлар жамоасини бошқараётган бўлса, Зуҳриддинов ҳали ёш бўлгани сабабли унда мустақил бош мураббийлик қилиш тажрибаси кам. Қолаверса, унда лицензия ҳам йўқ. Шу боис Шавкат Абдухўжаев бош мураббий бўлди. Аммо бу шунчаки расмиятчилик учун эди холос. Мураббий эса асосан дарвозабонлар билан ишлаётганди. Бобур Зуҳриддинов эса амалда барчасини ўзи бажариб келмоқда. Бироқ Абдухўжаевнинг “Обод”даги фаолияти узоққа чўзилмади. Яқинда клубни тарк этди ва “Сўғдиёна” жамоасида иш бошлади. Бу масала бўйича унинг ўзига мурожаат қилганимизда шундай деди: “Ҳа, менинг “Сўғдиёна”га ўтганим рост. Бош мураббий Даврон Файзиев бирга ишлашни таклиф қилди. Ҳаммасини обдон ўйлаб кўрганимдан сўнг Жиззахга кетишга қарор қилдим. “Обод” жамоасидагилар билан эса дўстона равишда хайрлашдик. У ерда мен қоғоздагина бош мураббий эдим холос”.


Хуллас, Шавкат Абдухўжаев энди “Сўғдиёна”да дарвозабонлар бўйича мураббий сифатида ишламоқда. Хўш, клубда унинг ўрнини ким эгаллади? Бу саволга жавоб эса Жаъфар Ирисметов. Абдухўжаев ҳам Ирисметовнинг бош мураббий бўлганини айтди. Вазиятга ойдинлик киритиш учун Жаъфар билан ҳам боғланганимизда “Обод” бош мураббийи бўлганини тасдиқлади. Бироқ...

Бу масаласини лекин томони бор. Ирисметов ҳам худди Абдухўжаев каби номигагина бош мураббий бўлди холос. Қоғозда унинг номи кўрсатилаверади, аммо амалдаги ишларни бошқа мураббийлар бажаришяпти. У ҳолда Ирисметов қаерда деган савол туғилади, шундай эмасми? Биламизки, ушбу мураббий қишда “Обод” клубида чиндан ҳам иш бошлаганди. Ўшанда жамоани мавсумга тайёрлашда асосий ишни бажарганди. Кейин эса клуб БААга ўқув-машғулот йиғини учун жўнаб кетди. Аммо Ирисметов айрим сабабларга кўра бу йиғинга боргани йўқ. Сафардан қайтиб келишгач эса Жаъфар четга чиқиб қолди. Чунки жамоа машғулотларида у кўринмай қолди. Бу борада унинг ўзи билан ҳам алоқада бўлиб турдик ва ростдан ҳам машғулотларда қатнашмаётганини билдирди. Ваҳоланки, у футболчиларни қишда жисмоний томондан тайёрлаганди, яъни, асосий ишни бажарганди. Куни-кеча эса “Обод”га бош мураббий бўлганини эшитиб, ўзи билан яна бир бор гаплашганимизда худди Шавкат Абдухўжаев айтган гапни айтди. Клубда қоғоздагина бош мураббий бўлганини, лекин клубга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини маълум қилди. Қизиқ, ундай бўлса нима сабабдан Жаъфар Ирисметовни бош мураббий этиб тайинлашди? Воҳоланки, унинг ўзида ҳам мураббийлик қилиш қобиляти етарли эди. Футболчиликни тугатганидан кейин асосий мақсади мураббий бўлиш эди ва ўзини ушбу касбга бағишлади. Қишда “Обод”да иш бошлаганида мураббий сифатида олий лигада жиддий ишга киришди дея ўйлагандик. Аммо воқеалар ривожи кейинчалик биз кутмаганда ўзгариб кетди. Агарда Ирисметовнинг ўзига қолса у клубда ишлаб мураббий сифатида жамоага ёрдам беришга қарши эмас. Энди эса бош мураббий этиб тайинлансаю, ўз ишини бажармаса?! Балки унга бундай лавозимда ишлаш учун имкон бериш керакдир?! Ирисметовда мураббий сифатида ишлаб ўзини кўрсатишга иштиёқи баланд. Айниқса, футболчилик фаолияти давомида тажрибали мутахассислардан кўп нарса ўрганганини бир неча бор таъкидлаган. Қолаверса, мураббийликка ўтганидан кейин ҳам у ўқиб изланишда давом этаётганини биламиз. Демоқчимизки, у яхши кадр бўлиб етишяпти. Лекин ўзини кўрсатиши учун ишлашига имкон берилмаяпти. Қизиқ томони шуки, “Обод” бош мураббийи Жаъфар Ирисметов, лекин у бошқа ишлар билан тирикчилигини қилиб юрибди. Балки у билан клуб раҳбарияти ўртасида оғзаки келишув бўлгандир. Барибир Жаъфар бу лавозимда ишлаб жамоани бошқариб кўрса ёмон бўлмасди.


“Обод”ни эса олдинда янада қийин ўйинлар кутяпти. Аслида дебютант жамоа учун чемпионат оғир кечиши аввалдан маълум эди. Таркибдаги ўйинчиларнинг кўпчилиги ҳали олий лигада ўйнашмаган ва унинг муҳитини энди ҳис қилишни бошлашди. Аксарияти ёш футболчилардан иборат бўлган жамоага тўғри йўл-йўриқ кўрсата олиш даркор. Албатта, Бобур Зуҳриддинов ҳам ёш ва талабчан мураббий. Бироқ унинг ўзига олий лигада бир жамоани бошқариш мураккаб бўлмоқда. Агарда бу кетишда бўлса, “Обод” яна ўз жойи – биринчи лигага қайтиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Бундай вазиятда эса клубга яна мураббий керак. Демак, Ирисметов чиндан ҳам бош мураббий бўлдими, унга ушбу лавозимда ишлаш учун имконият бериш керак эмасми? Жаъфар Бобур Зуҳриддинов билан мураббийлар штабида яхши тандем ҳосил қилган бўларди. Бу ҳол клуб манфаати учун зарур эканлигини ҳам унутмаслик керак.   

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ

Рейтинг: +6   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика