Интервью. Шаҳбоз Умаров: “Энергетик” мураббийи футболчиларни ўз ўғлидек кўради”
08 апр 2020 15:24
Янгиликлар
Интервью. Шаҳбоз Умаров: “Энергетик” мураббийи футболчиларни ўз ўғлидек кўради”
Сабаби деярли бутун дунёда коронавирус пандемияси туфайли чемпионатлар тўхтатилган, Беларусь чемпионати эса давом этмоқда. Бундан ташқари ушбу клуб сафида икки нафар ўзбекистонлик футболчилар тўп тепишмоқда. Жасур Яхшибоев 3та турда 3та гол уриб ҳақиқий кашфиётга айланганини барча билади. Яна бир ҳамюртимиз Шаҳбоз Умаров эса ҳозирча захирадан майдонга тушмоқда. Биз Шаҳбоз билан қисқа бўлса ҳам интервью олишга муваффақ бўлдик.
- Шаҳбоз, сизни championat.asia сайтидан безовта қилаяпмиз. Суҳбатимиз бошида АГМКдаги фаолиятингиз гапириб берсангиз.
- АГМК жамоасида кўп ўйин ўтказмаганман. Асосий жамоа таркибида 2018-2019 йилларда Суперлигада 4та ва Суперкубок баҳсида бир маротаба майдонга тушдим. Мавсумнинг кўп қисмини ёшлар жамоасида ўтказганман.
- Transfermarkt сайти маълумотларига қараб айтадиган бўлсак сизнинг трансфер нархингиз 150 000 еврога тенг экан. “Энергетик”ка ўтиш қандай рўй берди?
- Ҳаммаси оддий. АГМК билан шартномам тугади ва жамоа билан дўстона хайрлашдим. Агентим таклифлари ичидан “Энергетик БГУ” вариантида тўхталдим ва Минск клуби билан бир йиллик шартномага имзо чекдим.
- Ушбу жамоа 1996 йилда ташкил этилган экан. Клуб доимий равишда Марказий Осиёлик футболчилар хизматларидан мунтазам фойдаланиб келаётганини кўришимиз мумкин. Жумладан ўтган мавсум жамоада икки қозоғистонлик ва бир қирғизистонлик футболчилар ўйнашган экан. Бу йил сиз ва Жасур Яхшибоевдан ташқари тожикистонлик Муҳаммаджон Лоиқов исмли футболчи жамоа билан бирга. Умуман жамоада сизларга, яъни легионерларга муносабат қандай?
- Жамоада легионерларга муносабат жуда яхши. Маълумки барча жамоа мураббийлари легионерлардан кўп нарса кутишади ва ишонч билдиришади. Биз эса маҳаллий футболчилардан бир бош устун туришимиз лозим.
- Менимча бу чемпионат ўсиш истагидаги футболчилар учун жуда қулай. Сабаби мамлакат чемпиони Европа чемпионлар лигаси саралаш учрашувлари йўлланмасини, 2 ва 3-ўринни қўлга киритган жамоалар эса Европа лигаси саралаш босқичи йўлланмасига эга бўлишади. Ўзбекистонлик ўзингиз каби ёш футболчиларга бу чемпионатни қанчалик тавсия қила олардингиз?
- Ҳа, Европанинг топ жамоларига йўл олиш учун бу жуда яхши вазият албатта. Аммо бунинг учун юқори ўринларни эгаллаш лозим, бу эса осон кечмайди. Ёш футболчиларнинг барчаси ўз қўлларида. Ҳаракат қилса ҳар қандай жамоада ўйнаб кетиш мумкин.
- “Энергетик”да ўтган мавсум тўп тепган Илья Шкурин 19та гол билан чемпионат тўпурари бўлди ва яқинда Москванинг ЦСКА жамоасига йўл олди. Ҳозирда ҳам кўплаб рус телеканаллари ва Европа скаутлари Беларусь чемпионатини кузатишмоқда. Саволим эса қуйидагича: Шаҳбоз Умаровнинг кейинги мақсадлари қандай?
- Беларусда қолиб, бу ерда кўп вақт ўтказмоқчи эмасман. Мақсадим фақатгина олдинга интилиш, бунинг учун эса тинмай меҳнат қилишим лозим. Ҳа, Шкурин ўтган мавсумда чемпионатнинг энг яхши футболчиларидан бири бўлди. Тўпурар ва жамоани олдинга олдинга етаклай олди. Натижада Россия премьер-лигасига йўл олди. У билан гаплашиб турамиз, ўйинлардан олдин менга омад тилаб фақат олдинга интилишим кераклигини айтади.
- Жамоа бош мураббийи ва мураббийлар штаби ҳақида нима дея оласиз?
- Анатолий Юрьевич ҳамда Владимир Белявский нафақат кучли мураббий шу билан бирга инсонийлик томондан ҳам жуда яхши инсонлардир. Талабчан, лекин жамоадаги барча футболчиларни ўз ўғлидек кўради. Бизга ҳар доим ўзимизга ишонишимиз кераклигини ва ҳеч қачон хато қилишдан қўрқмаслигимизни, майдонга чиқиб футболдан роҳат олишимиз кераклигини таъкидлайди.
Шу ўринда юртдошларимизга бир гап айтмоқчи эдим “Биз сиз учун футбол ўйнаяпмиз, сиз биз учун уйда қолинг”
Фурқат Пўлатов суҳбатлашди.
Фикрлар