Гол нишонлаш — бу ҳақиқий санъат. Унинг эволюциясига назар
13 апр 2020 14:30
Янгиликлар
Гол нишонлаш — бу ҳақиқий санъат. Унинг эволюциясига назар
Замонавий футболда ўйинчилар голини турлича нишонлайди ва унда қандайдир маъно яшириндек, гўё — рақсга тушишади, мусиқий видеолар ва машҳурларга тақлид қилишади, яқинлари ва мухлисларига салом йўллашади. Бундай ҳолатлар 90-йилларга қадар деярли бўлмаган. 50-60-йилларда футболчилар голни оддийгина нишонлашган — қўл кўтариб, майдонда бир неча метр югуриб, қучоқлашиб, энг кўпи — осмонга сакраб.
Бунга ёрқин мисол, Альфредо Ди Стефано Европа чемпионлари Кубоги-1959/60 ярим финал босқичида "Барса" дарвозасига урган голини қўл кўтариб нишонлайди.
Эйсебио эса урган тўпини сакраган ҳолатда нишонлашни ёқтирарди. Бу ЖЧ-1966да Болгария дарвозасини ишғол қилганидан сўнг:
Бу эса футбол қироли — Пеле.
ЖЧ-1970 финалида бразилиялик ўз ҳиссиётлари яширолмади. Италия термаси дарвозасига урилган биринчи голдан кейин у Жаирзиньонинг устига сакраб чиқади ва қўлларини мушт қилади. Бу эса Жаҳон чемпионати тарихидаги энг ажойиб кадрлардан бири бўлиб ёдимизда қолди. Жаирзиньо турнирда Бразилия термасининг энг яхши тўпурари (7 гол), Пеле эса ягона уч карра жаҳон чемпиони бўлди.
70-йилларда ўйинчилар собиқ жамоасига урган голини нишонламаган. Денис Лоу ўшанда "МЮ"га гол урганди
Ҳозир ҳам футболчилар собиқ жамоаси дарвозасини ишғол қилганида голни кўпинча нишонламайди. Бундай ҳолат илк бор "Манчестер Юнайтед" афсонаси Денис Лоу билан содир бўлган эди.
1973 йил Лоу "Манчестер Сити"га қайтади. "Сити" 1973/74 мавсумнинг сўнгги баҳсида "Олд Траффорд"да "МЮ"га қарши ўйнаши керак эди. Лоунинг собиқ клуби жон сақлаш учун курашарди. Лоу эса "Ман Юнайтед" олий дивизиондан тушиб кетишига сабабчи бўлиб қолишни истамасди. Аммо Лоу ҳам барча футболчи каби ғалаба қозониш учун майдонга тушади ва автомат тарзда ғалаба голини уриб қўяди. Шундан сўнг, у афсусланган ҳолда бошини эгади ва майдон маркази томон оҳиста юра бошлайди. Бироздан кейин захира ўриндиғидан жой олди. Эътиборлиси, ушбу учрашув унинг клуб фаолиятидаги сўнгги ўйини бўлди.
"Юнайтед" элитадан тушиб кетди, бироқ Лоунинг биргина голи туфайли эмас. "МЮ"нинг тақдирини бошқа учрашувлар ҳал қилиб қўйди: "Бирмингем" "Норвич"ни мағлуб этди, "Вест Хэм" эса "Ливерпуль" билан дуранг ўйнади. Ҳаттоки, "Юнайтед" ўша баҳсда ғалаба қозонган тақдирда ҳам, рақибларига ета олмаган бўларди.
Шотландиялик қаттиқ афсус чекди: "Мен 19 йил давомида бор кучим билан рақиб дарвозасини ишғол этишга ҳаракат қилдим. Бу учрашув эса мен гол урмасликни истаган ягона ўйиним бўлди".
Яна бир ёрқин мисол — Батистута. У 2000 йилда "Фиорентина"дан "Рома"га ўтади ва Италия чемпиони бўлади. Аргентиналик собиқ клубига қарши учрашувда ҳуштак чалинишига етти дақиқа қолганда гол уради ва ўзини йиғидан тўхтатолмайди.
Шунингдек, футболчилар бирор бир ўйинчига бўлган ҳурмати туфайли ҳам гол нишонламаган пайтлар бўлган. Тим Ховард ва Асмир Бегович — АПЛ тарихида гол уришга муваффақ бўлган тўртинчи ва бешинчи дарвозабонлар. Тим 2012 йил, Асмир эса 2013 йилда бунинг уддасидан чиққанди. Аммо ҳар иккиси ҳам рақиб жамоа посбонига бўлган ҳурмат туфайли урилган тўпни нишонлашмаган.
Бугунги кунда эса собиқ клубига урилган голни нишонламаслик билан ҳеч кимни лол қолдириб бўлмайди. Агар энг машҳур мисолларни ёдга оладиган бўлсак, бундай ишни Лэмпард, Фалькао, Торрес, Роналду, Бэйл, Рэмзи, Лукаку, Ракитич, Игуаин, Гетце, Салаҳ қилган. Лекин ҳамма ҳам бунда қандайдир маъно бор деб ҳисобламайди.
"Футбол — бу ўйин, ҳиссиётлар. Агар гол урсам уни нишонлайман. Албатта, ПСВга бўлган ҳурматим чексиз, у ерда 10 йил ўйнадим. Лекин ҳозир "МЮ" футболчисиман", — деганди Мемфис Депай 2015 йилги Чемпионлар Лигаси ўйинидан аввал.
Келаси кун Депай гол уради ва буни нишонлайди.
2015 йилда Уэлбек "Олд Траффорд"да бўлган учрашувда ғалаба тўпини киритади ва "МЮ"ни Англия Кубоги ўйинларидан чиқариб юборади. "Юнайтед" тарбияланувчиси ҳиссиётларини ушлаб туролмади ва:
Собиқ жамоага урилган голни нишонлаш бўйича энг таниқли ҳолатлардан бири — Адебайор 2009 йил сентябрда "Арсенал" дарвозасига жойлаган тўпидир. "Ман Сити"га ўтган Эммануэль лондонликларга гол урди. Сўнг бутун майдон бўйлаб югуриб, "Арсенал" мухлислари трибунаси ёнида ўзига хос ҳаракатлар қилиб, хурсандчилигини яширмади. Натижада жанжал бошланди, бошқарувчилардан бири жабр кўрди. Бундай иш учун Футбол Ассоциацияси Адебайорни 2та ўйиндан четлатди ҳамда унга 25 минг фунт жарима солди.
Орадан икки йил ўтиб, форвард "Тоттенхэм"га борди ва "Арсенал" ишқибозларини янада ғазаблантирди. Бироқ энди голни бундай нишонламаслигини айтди: "Қилган ишимдан афсусдаман. Узр сўрайман, бироқ бу ниманидир ўзгартиради деб ўйламайман. Агар гол уриш имконим бўлса, ураман. Лекин нишонлашга келсак, то тирик эканман бундай қилмайман".
80-йиллардан кейин эса футболчилар сальто қила бошладилар. Ҳиндистонда сальто туфайли футболчи оламдан ўтган
Ўша йиллардаги энг эсда қоларли ўзига хос ҳаракатлардан бири мексикалик тўпурар Уго Санчеснинг сальто қилиши бўлган. У ўз қувончи билан бўлишиш вақтида акробатик трюклар амалга оширган биринчи футболчи бўлган. Қуйида ЖЧ-1986да олинган суратни томоша қилишингиз мумкин:
"Шахтер"даги ўйинлари билан машҳур бўлган нигериялик форвард Жулиус Агахова ҳам сальтоси билан ёдимизда қолган. У ЖЧ-2002да Швеция дарвозасига урган голидан сўнг, кетма-кет 6та сальто қилиб, барчани лол қолдирган.
Мирослав Клозе ҳам сальто қилишни жуда ёқтирарди. Қуйидаги расм ЖЧ-2014да Гана термаси дарвозасини ишғол қилганидан сўнг олинган:
Кульбит (ҳавода умбалоқ ошиш) Обамеянгнинг фишкасига айланганди.
Табиийки, булардан жароҳатларсиз ўтиш қийин эди. 2006 йил "Портсмут"нинг конголик форварди Ломана Луа-Луа "Арсенал"га урган голини сальто қилиб нишонлади. Натижада оёғи жароҳатланди. Шундан сўнг клуб ўйинчига бундай ўзига хос ҳаракатлар қилишни тақиқлаб қўйди.
Очиғи, бундан ҳам ачинарли мисолларни айтиш мумкин. 2014 йил 23 ёшли ҳиндистонлик футболчи Питер Биаксангзуала икки марта сальто қилиб голини нишоламоқчи бўлди, аммо бироз нотўғри ҳаракат туфайли умуртқа поғонаси синди ва ўша ернинг ўзига вафот этди.
Рақслар ҳам муҳим жиҳатлардан бири. Бу усулни ЖЧ-1990да Роже Милла бошлаб берганди. Ундан кейин Роналдиньо, Крауч, Старриж ва бошқалар давом эттирган
Уго Санчеснинг сальтоси — 80-йилдаги ноёб ишлардан бири бўлади. Ўн йиллар ўтиб, футболчилар оригинал тарзда гол нишонлай бошладилар. Эҳтимол, телевидение пайдо бўлгани бунга сабаб бўлгандир?!
ЖЧ-1990да нафақат чорак финалгача чиққан Камерун термаси, балки 38 ёшли форвард Роже Милла ҳам кўпчиликнинг ёдида қолди. У турнирда 4та гол урди ва ҳар сафар бурчак байроғи ёнида ўзгача рақс билан голини нишонлаган. Ҳа, бугунги кунга келиб бу усул ҳам ҳеч кимни ҳайратлантирмай қўйди. Кўплаб футболчилар рақсга тушиб хурсандчиликларини изҳор этган, аммо у пайтлар бу нарса анчагина мухлисни лол қолдирарди.
Ҳаттоки, орадан 20 йил ўтиб камерунликнинг голи ЖЧ-2010 Coca Cola рекламасини очиб берганди. Бу пайтга келиб рақслар футболнинг муҳим нишонлашлар қаторидан жой эгаллаб улгурган эди. Роналдиньо самба рақсига тушган. Питер Крауч эса роботга хос ҳаракатлар билан кўпчиликнинг ёдида қолган. Старриж эса ўзига хос рақс ўйлаб топган, буни ҳатто Клопп ҳам такрорлашга ҳаракат қилган эди.
Нишонлашларнинг энг оригинал тури — жамоавий рақслардир. Бундай усул Жанубий Америка ва Африка жамоаларига хос эди. Қуйида ЖЧ-2010даги Жанубий Африка термасининг сурати:
Бу эса ЖЧ-2014. Колумбия терма жамоаси:
Худди ўша турнирда Гана терма жамоаси:
Оилавий нишонлашлар: Бебето ўзини чақалоқ тебратаётгандек тутган, Тотти бармоғини тишлаган, Рауль эса номсиз бармоғини ўпган
Жаҳон Чемпионати-1994 оммага яна бир ажойиб нишонлаш усулини туҳфа этди. Бразилиялик Бебето биринчи марта қўлида чақалоқ ушлаб тургандек кўринишда голини нишонлади.
Бир неча сониядан сўнг унга Мазиньо ва Ромарио ҳам қўшилди. Бебето ўйиндан бир неча кун аввал ўғли Маттеус (Лотар Маттеусга ҳавас қилиб қўйишган)ни дунёга келганини шу йўл билан байрам қилган. Эътиборлиси, ўғли ҳам футболчи бўлди ва ҳозирда Португалиянинг "Витория" клуби сафида тўп тепади.
"Шу фарзандим туғилганида ўйиним борлиги туфайли аёлимнинг ёнига бора олмаган эдим. Шу йўл билан қилган айбимни оқламоқчи бўлганман", — ёдга олади Бебето.
Бебетонинг "имо-ишорасидан" кейин чақалоқлар дунёга келиши билан боғлиқ яна иккита нишонлаш тури пайдо бўлди. Баъзи ўйинчилар тўпни футболкаси ичига солиб олди, баъзилари эса бош бармоғини оғзига солди ва чақалоқ кўринишида голини нишонлади. Масалан, Франческо Тотти.
Яна бир оилавий нишонлашлардан бири никоҳ узуги тақилган бармоқни ўпиш эди. Рауль ҳам урган голларини шу тарзда нишонлаган.
90-йилларда футболчиларнинг ўзгача имо-ишоалари пайдо бўлди. Роналду, Бэйл, Лингард уларни брендга айлантирди
90-йил бошларидан футболчилар урган голларини нафақат оила аъзолари, сиёсат ва динга бағишладилар, балки ўзларининг "шахсий имо-ишораларини" ҳам яратдилар. Алан Ширер кафтини кўтарган ҳолда қувончини ошкор этадиган бўлди. Бу жудда оддий кўриниш, аммо агар АПЛ тарихидаги энг яхши тўпурар бўлсангиз, ортиқча ҳаракатларнинг ҳам кераги йўқ экан.
Батистута пулеметдан ўқ узишни яхши кўрарди:
Роналдиньонинг машҳур кўриниши:
Лука Тони кафтини қулоқлари атрофида айлантирганди:
Дель Пьеро тилини чиқарган:
Фабрицио Раванелли майкасини бошига кийиб оларди. Ҳозирги кунда шундай қилсангиз борми, ҳакамдан сариқ карточкани олдим деяверинг.
Дрогба тизза билан ўтирган ҳолда нишонлаган:
Кака осмонга қараган — яратганга бўлган ишонч рамзи:
Месси ҳам шу кўринишда голларини нишонлайди. "Бундай қилишимга сабаб, урган голларимни бувимга бағишлашимдир. Футболга қадам қўйишимга улар сабабчи бўлгандилар, аммо энди қай даражага етганимни кўра олмаяптилар. Бироқ қалбан ҳамон мен билан биргалар", — дейди Лео.
Анелька қўлларини капалак кўринишида бирлаштирган:
Шунингдек, кўплаб ўйинчилар юрак аксини кўрсатишган. Бироқ бу рамзни эсласак, Бэйл ёдимизга тушаверади. Юрак акси Бэйлнинг савдо белгиси сифатида қўлланилар экан. 2013 йил спорт маркетинги бўйича мутахассис Найджел Карри футболчи ушбу ғояси учун йилига 3 млн фунт топиши мумкинлигини айтганди.
Роналду ўгирилиб сакраши ва "Si" деб бақириши — бу ҳам брендга айланган нишонлаш турларидан бири. Аммо бу режалаштирилган ҳаракат эмасди.
Кришнинг сўзларига қараганда, ушбу сакраш 2013 йил АҚШда бўлиб ўтган "Реал"нинг "Челси"га қарши мавсумолди учрашувида содир бўлган экан: "Бу қандай бўлганини билмайман. Мен шунчаки гол урдим ва шунчаки сакрадим. Бу кўриниш менга ёқди ва яна шундай қила бошладим. Қолаверса, мухлисларимга ҳам хуш келганини сездим ва такрорлашда давом эттим. Ахир "энг яхши нарсалар табиий равишда содир бўлади" деб кўп айтаман-ку".
Лингард ҳам Криш ва Бэйлнинг изидан борди ва ўзгача нишонлаш тури туфайли пул топа бошлади. У бармоқларини "J" ва "L" кўринишида қилиб, голни нишонлади. Бу усул савдо белгисига айланди. Агар кимдир бундай усулдан фойдаланмоқчи бўлса, марҳамат! Ҳеч қандай муаммо йўқ. Аммо бу имо-ишорадан маҳсулотларда фойдаланишса, фақатгина Лингард ундан улуш олиши мумкин.
Бу эса Погбанинг 2015 йилда пайдо бўлган ўзгача имо-ишораси:
Поп-маданият ва нишонлаш усуллари
Бугунги кунда футболчилар қаторасига ҳаммани илҳомлантирмоқда. Хип-хопдан тортиб, видео-ўйинларгача.
Масалан, Гризманн ўзига хос рақс услубини компьютер ўйини "Fortnite Battle Royal"дан олган. "Take the L" ҳаракати ("Мағлубиятни қабул қилиб ол") — ютқазган рақиб жамоани очиқчасига мазхара қилиш бўлган.
Мбаппе ўзининг машҳур ҳаракатини кичик укасидан "ўғирлаган" экан. "Сизлари хафа қиламан. Тўғрисини айтсам, бу ҳаракатни мен ўйлаб топмаганман, — дейди Килиан. — Укам билан PlayStation ўйнаганимизда, у гол урган вақти шундай нишонлар эди. Бу ҳаракат менга жуда ёққан ва такрорлаганман".
Дибаланинг "маскаси". "Мен телевизор орқали "Гладиатор" фильмини томоша қилгандим. Шундан сўнг, гол урсам энди шундай нишонлайман деб ният қилиб қўйгандим. Бу гладиаторнинг маскаси", — дейди Пауло.
Футбол оламидаги асосий гладиатор Франческо Тотти 2015 йил бўлиб ўтган Рим дербисида футбол тарихидаги энг машҳур селфига тушди.
Ройс рақиб дарвозасини ишғол қилганидан сўнг, рэпер Jay-Zнинг имо-ишорасини кўрсатди. "У менга жуда ҳам ёқади, ажойиб мусиқалар ёзади. У олмосни эслатадиган ушбу ишорасини қўл билан кўрсатарди", — деди немис 2013 йилда.
Реми Кабелла ва Ромен Алессандрини француз рэпер JULнинг имо-ишорасига тақлид қилдилар. Бенжамен Менди ва Рияд Марез ҳам деярли шундай тарзда голни нишонлаганди.
Кундан-кунга оригинал нишонлаш усуллари билан мухлисларни ҳайрон қолдириш қийин бўлиб бормоқда. Афтидан, футболчилар майдондаги ҳамма ишни қилиб бўлдилар, шекилли. Шундай деймиз-у, аммо 2018 йили Деле Алли бунинг уддасидан чиқди. Унинг имо-ишорасини ҳар ким ҳам такрорлай олмайди. Бироқ мухлислари ижтимоий тармоқларда турли флешмоблар қилиб, видеолар тарқатишган эди.
Голларни нишонлаш эволюцияси узоқ тарихга бориб тақалади: оддий сакраш, қучоқлашиш ва қўл кўтаришдан тортиб, брендга айланган ҳаракатлар ҳамда бирор кимдан илҳомланиб амалга оширилган тақлидларгача.
Очиғи, биргина материалга бутун футбол тарихидаги энг қизиқарли нишонлаш усулларини жойлаштиришнинг иложи йўқ. Шунинг учун, сиз ҳам ўз фикрларингиз билан бўлишинг. Хўш, қайси футболчи гол ургандан кейинги ҳаракати сизни лол қолдирган ёки илҳомлантирган? Сиз дўстларингиз билан футбол ўйнаб, гол урганингизда уни қандай нишонлашни ёқтирасиз? :)
Нозима Зарипова таржимаси
Фикрлар