Дюмфрис, Госенс, Локателли — Евро-2020'дан кейин "овланадиганлар"
26 июн 2021 01:10
Янгиликлар
Дюмфрис, Госенс, Локателли — Евро-2020'дан кейин "овланадиганлар"
Евро-2020 гуруҳ босқичи якунланди. Ушбу турнирнинг аксарият ўйинлари аллақачон ўтказиб бўлинди, аммо бизни ҳали олдинда энг қизиқарли, ҳал қилувчи босқич тўқнашувлари кутмоқда.
Шунга қарамай, нокаут-раунди бошланишидан олдин ижобий хислатларини намоён эта олган футболчилар учради. Бундай йирик турнирларда ўзини кўрсатиш ва фаолиятида янги босқични бошлаш улар учун ажойиб имкониятдир. Демак, Евро'дан сўнг топ-клублар сафига бориб қўшилиши мумкин бўлган 6 та ижрочини келтириб ўтамиз.
Дензел Дюмфрис (ПСВ, Нидерландия)
Сўнгги пайтларда замонавий футболда ўнг қанот ҳимоячиларининг етишмовчилиги юзага келди. Ҳозир жамоасида универсал юлдуз футболчи бўлмаса, ҳар бир топ-клуб ўз рўйхатида бу позиция учун чиндан ҳам ёрқин ўйинчиларни топа олмай қоляпти. Ушбу Евро'даги барча жамоалардан ҳозирча фақат Нидерландия ҳам ҳимояда, ҳам ҳужумда ўнг қанотни "ёндиришга" муваффақ бўлмоқда.
Барчаси Дензел Дюмфрис туфайли. ПСВ ҳимоячиси биринчи маротаба бундай катта эътиборни жалб қила олди ва яхши сабабларга кўра – Дюмфрис учта ҳимоячили схемада миллий жамоанинг ўнг қанотини доимий равишда ёпиб туради, ҳужумларга мунтазам ва фойдали тарзда қўшилади, доимо ҳимояга қайтиб келишга муваффақ бўлади. Дензел 25 ёшида фаолиятидаги энг яхши даврни ўтказяпти, у турнирда жамоасининг 3 та голида қатнашди: 2 та гол уриб, ҳимоячилар орасида энг яхши тўпурар бўлиб турибди.
Дюмфрис ушбу ёзда клубини ўзгартириши мумкин. Даъвогарлар аллақачон бор – "Эвертон", "Тоттенхэм", "Интер" ва "Бавария". Уларнинг қизиқиши жуда жиддий. Мюнхенликлар Юлиан Нагельсманнинг учта ҳимоячига ихтисослашган тактикасида ўнг қанот ҳимоячисига жуда муҳтож. Муаммо шундаки, футболчининг агенти – Мино Райола. Мюнхеннинг "Бавария"си эса кўп пул тўлашга тайёр эмас. Эҳтимол, яқин орада "Бавария" яна бир футболчини қўлдан чиқариб юбориши мумкин.
Робин Госенс ("Аталанта", Германия)
Немис ҳимоячиси ҳақиқатан ҳам жуда кеч ўзини кўрсатган футболчилардан бири. У 17 ёшида Дортмундда кўрикдан ўта олмади, ҳаваскор жамоаларда ўйнади ва Нидерландия футболига кириб келгунига қадар ёнилғи қуйиш шохобчасида ишлади, шундан сўнг битта муваффақиятли трансфер ҳаммасини тескари томонга буриб юборди.
Мавсум давомида грандлар дарвозасига йўл топа олган Жан Пьеро Гасперини бошчилигидаги ҳужумкор "Аталанта"да Госенс ўзини топди. Ҳимоявий тарафдан ва тўртлик позициядаги ўйинларидаги барча камчиликларга қарамай, Робин учта марказий ҳимоячига эга схема учун жуда мос келади.
Қизиғи шундаки, Йоахим Лёв Евро'дан икки ой олдин жамоасининг қандай ўйнаши бўйича аниқ тасаввурга эга эмасди. У атайлаб ўтган йилнинг сентябр ойида терма жамоадаги дебютини ўтказган 26 ёшли қанот ҳимоячисининг барча фазилатларидан фойдаланиш учун учталик схемани танлашга қарор қилгандек гўё. Лёв ҳақ бўлиб чиқди – Франция билан ўйиндаги умумий муваффақиятсизликка қарамай, Португалияга қарши чапда ҳаракатланган Госенс тинимсиз югурди ва ҳар бир голли ҳужумда қатнашди.
Албатта, Робин ҳар бир клуб услубига мос келмайдиган ўзига хос маҳорат тўпламига эга ижрочи эканлигини унутмаслик лозим. Бироқ шунга қарамасдан, унга бўлган қизиқиш ҳозир бир неча бор ошган. Ҳозирда бир қатор грандлар – "Барселона", "Атлетико", "Ювентус", "Милан", Манчесернинг икки клуби ва бошқалар унга қизиқаётгани ҳақида ахборотлар бор. Вариантлардан ҳар қайсиси унга тўғри келмаслиги мумкиндир, лекин Госенснинг ўзи аниқ бир тўхтамга келишига ишонамиз.
Мануэль Локателли ("Сассуоло", Италия)
Италиялик ярим ҳимоячи айни дамда Евро’нинг энг яхши ўйин кўрсатаётган жамоасида муҳим элементга айланди. Мануэль Локателли фаолиятидаги энг яхши йилни ўтказди – у аввалига Роберто де Дзербининг камтарона "Сассуоло"сида етакчиларидан бири бўлиб олган бўлса, ҳозирда Роберто Манчини бошчилигидаги Италия терма жамоасида шу вазифани бажармоқда. Локателли жароҳат олган Марко Верраттининг ўрнини эгаллади ва жуда яхши ўйнаб кетди, Вераттининг даражаси алоҳида тасдиқга муҳтож эмас, буни ўзингиз жуда яхши биласиз.
Кимдир Верраттисиз Италияда креативлик ва пасга ихтисослашган ўйин борасида унчалик сифат йўқ деб ўйламоқда, аммо Мануэль ўрта чизиқни бошқариб туриш учун ҳаммасини қилмоқда. Ва у буни ҳам жамоавий, ҳам индивидуал нуқтайи назардан жуда яхши уддалаяпти.
Локателли олдинда, чап қанотга яқин жойида фойдали кўриняпти. У Швейцарияга қарши ўйинда ғалаба дублини расмийлаштирди ва учрашувнинг энг яхши футболчисига айланди. Энди у яна Верратти билан рақобатлашиши керак бўлади, аммо Мануэль аллақачон турнирда ўзини кўрсата олди.
Эндиликда хавбекка "Ювентус" даъвогарлик қилмоқда. Ҳали келишувга эришилмаган, аммо Локателлининг "Сассуоло"дан кетишига шубҳа йўқ.
Роман Яремчук ("Гент", Украина)
Ўз гуруҳидаги иккита мағлубият ва битта ғалабага қарамай, Украина терма жамоаси ҳам Евро плей-офф босқичига йўл олди. Ягона ғалаба квартетнинг асосий аутсайдери Шимолий Македония устидан қозонилди ва ғалаба голини Бельгиянинг "Гент" клуби ҳужумчиси Роман Яремчук урди.
Европа чемпионатидаги Украинанинг кўплаб муаммолари орасида уларнинг ҳужумдаги асосий устунлиги ажралиб туради, яъни Яремчук ва Ярмоленко боғлами жуда яхши ўйин кўрсатмоқда. Роман бу жамоанинг энг яхши ҳужумчиси, у Нидерландияга қарши ўйинда ҳам гол урди ва голли пас берди, шунингдек, гуруҳ босқичининг дастлабки ўйинларида юқори рейтинг балларига лойиқ кўрилди.
Баъзан Яремчук голли вазиятларни йўққа чиқаргани учун танбеҳга учрайди, аммо бу жуда кенг тарқалган муаммо – асосийси, у ушбу имкониятларнинг сезиларли фоизини муваффақиятли амалга оширади. Украиналик ўйинчи клубда ишончли мавсумни ўтказди ва энди терма жамоада ҳам яхши кўриняпти.
Яқинда унга "Вольфсбург" ва "Милан" даъвогарлик қилаётгани ҳақида хабарлар чиқди, аммо "Гент" раҳбарияти ўз ҳужумчисини фақат катта товон пули эвазига қўйиб юборишини айтди.
Александер Исак ("Реал Сосьедад", Швеция)
Ушбу иқтидорли ҳужумчи тўрт йил олдин Дортмунднинг "Боруссия"сида ўзини тўла-тўкис кўрсата олмаган. Исак ёш истеъдодларнинг ривожланишига алоҳида эътибор бериладиган клубда ўрнини топа олмагани кўпчиликни ажаблантиради. Александер дортмундликлар сафида бор-йўғи 5 та ўйин ўтказиб, 1 та гол урган. У муваффақиятсиз ижарадан сўнг "Реал Сосьедад"га сотиб юборилди ва ўтган мавсумда максимал ўсишга эришди.
Исак Евро'га ўзини яна бир бор намойиш этиш учун аниқ мақсад билан келди. Шуни таъкидлаш керакки, шу пайтгача швецияликнинг ҳисобида битта ҳам тўп йўқ ва самарали ҳаракатлардан биттагина ёрдамчи очко (ассистентлик) мавжуд. Аммо рақиблар дастлабки икки турда 1 та гол урган ҳимоявий Швеция терма жамоаси аъзолари ичидан айнан 21 ёшли форварддан хавф кутишмоқда. Швеция Испаниядек терма билан бир гуруҳда бўлишига қарамасдан, гуруҳ ғолиби бўла олди. Исак эса алдаб ўтишлар сони бўйича энг яхши натижани кўрсатди. Шунингдек, ҳужумчи фойдалилик даражаси бўйича кучли учликда турибди ва турнирнинг барча ҳужумчилари орасида энг яхшиларидан бири сифатида қаралмоқда.
Тез орада у учун кураш бошланиб кетиши мумкин. Ҳатто "Боруссия" уни ортга қайтаришга қарши эмас, аммо улар энди АПЛ ва Примера клублари билан рақобатга киришишларига тўғри келади.
Доменико Берарди ("Сассуоло", Италия)
Италия терма жамоасининг яна бир вакили Доменико Берарди ҳам Локателли сингари деярли бутун фаолиятини ўтказган "Сассуоло" шарафини ҳимоя қилади. Етти йил олдин истеъдодли ҳужумкор ярим ҳимоячини "Ювентус" ўзига чорлади, аммо у "бьянконерилар" таркибида биронта ҳам учрашув ўтказмади ва икки марта жонажон "Суссуоло"сига қайтиб келди.
Доменико икки мавсумдан буён жуда юқори индивидуал ўйин кўрсатяпти ва статистикасини доимий равишда яхшилаб боряпти. У Евро'нинг дастлабки икки турида ҳужумнинг ўнг томонида қойилмақом ўйнаб, Италиянинг Туркияга урган биринчи голига катта ҳисса қўшди ва Швейцария билан учрашувда жамоадоши Локателлига голли пас узатди. Умуман олганда, Берарди терма жамоа учун жуда кўп гол уриши билан мақтана олади - сўнгги 8 ўйинда 5 та гол.
Юқорида тақдим этилган барча ўйинчилар орасида айнан унинг ушбу ёзда клубини алмаштириши эҳтимоли кам, аммо Доменико топ-клубларга катта фойда келтирган бўларди. Маълумотларга қараганда, 26 ёшли футболчига "Ливерпуль" томонидан қизиқиш мавжуд.
Шерзод Нурматов
Фикрлар