"Денисов билан гаплашмадим, лекин..." — Санжар Турсунов
19 июл 2022 02:10
Янгиликлар
"Денисов билан гаплашмадим, лекин..." — Санжар Турсунов
Жумладан, АГМК футболчилари айни пайтда "Арчазор"да шуғулланишмоқда. Биз олмалиқликлар сардори Санжар Турсунов билан боғланиб, қисқа суҳбат уюштирдик.
— Санжар ака, мавсумнинг дастлабки қисми сиз учун қандай ўтди?
— Ростини айтсам, биринчи даврадан қониқмадим. Ҳар хил кутилмаган сюрпризлар билан тўқнашдик, мағлубиятлар бўлди. Шу туфайли танаффусдан кейин яхшироқ ўйин кўрсатишимиз керак.
— Чарчоқ билинмаяптими?
— Йўқ, толиқиш аломатлари йўқ. Нега десангиз, олдинги йилдагидек Чемпионлар Лигасида ўйнамаяпмиз. Модерн футболда жисмоний жиҳатлар ҳал қилувчи ролни ўйнаяпти. Шунга ҳар доим тайёр ҳолатда бўлишга ҳаракат қиламиз.
— "Сўғдиёна" билан ўйиндан кейин учрашувларда ниқоб билан иштирок этдингиз. Айни пайтга келиб, жароҳатдан тўлиқ тузалдингизми?
— Ўша тўқнашувда бир эмас, бир нечта жароҳатга йўлиқиб қолдим. Асоратлар кучайиб кетмаслиги учун фақат "маска"да ўйнашимга руҳсат беришди. Бу, албатта, ноқулай. Умид қиламанки, 2-давранинг биринчи ўйинида ниқоб тақишга мажбур бўлмайман.
— Одатда ўзбек футболчилари дам олиш учун Дубай ёки турк шаҳарларидан бирини танлайди. Сиз таътилни Испанияда ўтказдингиз. Таассуротлар қанақа?
— Европа шаҳарларида дам олсангиз, вақтингизни фаол тарзда ўтказасиз. Шаҳарларни яёв айланиш, атрофни томоша қилиш ёқади. Вақтингиз беҳуда кетмайди.
— 2-даврага тайёргарлик қандай бўляпти? АГМКдаги ички муҳит қандай?
— Ҳаммаси яхши кетяпти. Танаффусдан кейин ўзимизни кўрсатишимиз керак. Ички муҳит яхши. Биласиз, Қўшоқович ҳар доим жамоани биринчи ўринга қўядилар ва футболчилардан ҳам шуни талаб қиладилар.
— Миржалол Қосимов барча шогирдларини шашлик билан сийлаганини кўрдик. Профессионал футболда мураббийларнинг шундай илтифотлари ҳам жамоадаги жипсликни оширишга хизмат қиладими?
— Ҳа, Қўшоқович бизни ҳар йили шашлик билан меҳмон қиладилар. Шахсан ўзлари пиширадилар, биз ҳам ёрдамлашамиз. Умуман олганда, завқли жараён. Россияда ўйганимда ҳам шунақа тадбирчалар бўларди. Бу жамоа ичидаги умумий характерни оширади, кайфият кўтарилади.
— Денисов "Сўғдиёна"га ўтганини эшитдингизми?
— Ҳозирча Виталий билан гаплашганим йўқ. Ростан ҳам шартнома имзолаган бўлса, Ўзбекистонга қайтганидан хурсандман. Чунки у узоқ йиллар юқори даражада тўп тепди. Денисов сингари номларнинг келиши чемпионатимиз учун фойдали бўлиши аниқ.
— У ярим йил футбол ўйнамади. Денисовнинг тез орада олдинги савиясига чиқишига ишонасизми?
— Виталий "Балтика"дан кейин бироз дам олди. Ўйлашим бўйича, бу даражадаги ўйинчиларда ҳеч қандай муаммо бўлмаса керак. Ҳозир чемпионатимизда ундан тажрибалироқ нечта ўйинчи бор? Менимча, тез орада жисмоний ҳолатини ҳам тиклайди ва жамоасига фақат фойда келтиради.
— Суҳбат охирида Денисовга қандайдир тилак ёки "вызов" йўллашингиз мумкин...
— Унга фақат омад тилайман. Жароҳатлар Виталийдан узоқроқ юрсин. "Вызов" деганда унга қарши ўйинни ҳозирдан кутяпман. Биз болаликдан бирга ўйнаганмиз. Кейинроқ терма жамоа шарафини елкама-елка ҳимоя қилдик. Энди рақиб сифатида ўйнаш иккимиз учун ҳам қизиқ бўлади. Нафақат унга, балки бутун ўзбек футболига омад ёр бўлсин. Ҳеч қайси ҳамкасбим жароҳат йўлиқмасин. Яхши кунларда кўришайлик!
Oбуна бўлинг → ФА| футбол АНАЛИЗИ
Фикрлар