Андрей Микляев: "ОЧЛда "Пахтакор"га қарши ўйнасак хурсанд бўламан"
03 май 2016 12:16
Янгиликлар
Андрей Микляев: "ОЧЛда "Пахтакор"га қарши ўйнасак хурсанд бўламан"
"Эртага жуда ҳам муҳим ўйин бўлади. Бу ўйинда гуруҳдан чиқиш тақдири ҳал бўлади. Жамоадаги барча футболчилар ўйинга тайёр ҳолатда эртанги баҳсга тайёргарлик кўришмоқда. Гуруҳ босқичидаги мағлубиятсиз сериямизни давом эттириб кейинги босқичга чиқишга уринамиз", - дейди Андрей Микляев.
"Жамоамиз ўйинда тўлиқ тайёр. "Ал Наср" бизга ўхшаб тўп билан муомала қилишни яхши кўрар экан. Шу боис эртага чиройли ва томошабоп ўйин бўлса керак", - дейди Ислом Тўхтахўжаев.
- "Бунёдкор" ўз стадионида ОЧЛда умуман гол ура олмади. Балки буни "Локомотив" бошлаб берар?
- Умид қиламанки биз эртага гол урамиз. Бу стадион биз учун омадли ҳисобланади. Ўтган йил шу ерда Ўзбекистон Суперкубогини қўлга киритгандик.
- Ўйиндан олдин сизни нима ташвишлантирмоқда?
- Марказий ҳимоя. Неманья Яничич охиргача тузалмади. Балки эртага уни майдонда кўрармиз. Ҳозирча бу борада якуний қарорга келмадик.
- "Локомотив" ушбу мавсумда умуман мағлубиятга учрамади. Бунда нима роль ўйнади деб ўйлайсиз?
Ислом Тўхтахўжаев: - Биз қишки йиғинлар чоғида ҳам ўртоқлик учрашувларда ютқазмадик. Жамоа аъзолари бир оиладек бўлиб кетди. Аҳиллик туфайли шундай натижаларни қўлга киритаяпмиз.
- Эртанги ўйиндан олдин дуранг натижа қайд этилади деса сиз хурсанд бўласизми?
- Қандай дуранглигига боғлиқ. Агар биз яхши ўйнаб дурангга эришсак ва гуруҳдан чиқсак албатта хурсанд бўламан. Лекин ОЧЛда сюрпризлар жуда кўп бўлаяпти, сафарда ютиб ўз уйида ютқазиб қўйган клубларни ҳам кўрдик.
- "Ал Иттиҳод" ва "Сепахон" ўртасидаги ўйиндан нима кутаяпсиз?
- Ўйин бир вақтда бошлангани жуда яхши. Мен "Сепахон"нинг рақибга муносиб қаршилик кўрсатишини ва ўз номини сақлаб қолиш учун ўйнашини кутаяпман.
- "Пахтакор" ва "Локомотив" гуруҳдан чиқса бир бирига тўқнаш келиб қолиши мумкин. Буни кутганмидингиз?
- Шахсан мен "Пахтакор"га ҳам ўз жамоамга ҳам омад тилайман. Бу футбол. 1/8 финалда тўқнаш келсак Ўзбекистоннинг битта клуби чорак финалда бўлиши аниқ бўлади. Бундан албатта хурсанд бўлардим. Бу ўзбек футболи учун ҳам катта ютуқ бўларди.
Нарзулла Сайдуллаев
Фикрлар