

Кеча «Андижон» футбол клуби вакиллари (раҳбарият, футболчилар ва ишчи ходимлар) «Андижанка» аёллар жамоаси, клубимиз тасарруфидаги «Болалар ва ўсмирлар футбол мактаби»нинг мураббийлари ва ёш футболчилари бир жамоага айланиб, оқ-олтинимиз бўлмиш пахта-2016 йиғим-теримида бевосита иштирок этди.
Миллий терма жамоамизнинг Эронга қарши ЖЧ-2018 учинчи саралаш босқичи 3-тур ўйини туфайли чемпионат баҳсларида танаффус эълон қилинган эди.
Ушбу оралиқда «бургутлар» пахта йиғим-теримида бўлиб қайтди.
Андижон вилоятининг Избоскан туманида жойлашган бўлимларнинг бирида жамоамиз теримчилари оқ-олтинни сифатли териш жараёнида қатнашишди. Бепоён далада клуб раҳбарияти, футболчилар ва ишчи ходимлар ёнма-ён меҳнат қилишиб, юртимизнинг пахта хирмонига ўз улушларини қўшишди. Дарвоқе, жамоамиз аъзоларининг кўпчилиги шу куни хаётида илк бор пахта йиғим-теримига чиққан бўлсада, якунда натижа чакки бўлмади.




