"Аҳмедов ҳам бор эътиборини тотализаторга қаратиши мумкин эди" — Д. Имомхўжаев "Одил Жуниор" ва "Арал Самали"нинг келажаги ҳақида гапирди
12 окт 2021 12:45
Янгиликлар
"Аҳмедов ҳам бор эътиборини тотализаторга қаратиши мумкин эди" — Д. Имомхўжаев "Одил Жуниор" ва "Арал Самали"нинг келажаги ҳақида гапирди
Айни пайтда 16 ёшгача бўлган қизлар, 14 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати давом этмоқда. Бундан ташқари футзал бўйича Олий лига баҳсларининг янги мавсумига старт берилди. Шу ҳақдаги саволлар билан ЎзПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаевга мурожаат қилдик.
— Тарихда илк бор 16 ёшгача бўлган қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионатига старт берилди. Айни пайтда 14 ёшгача бўлган болалар ва футзал бўйича мамлакат чемпионатлари ҳам давом этмоқда. Мусобақалар сонининг кўпайиши ЎзПФЛга қай даражада қийинчилик туғдиряпти? Ходимлар етишмовчилиги сезилаётган бўлса керак?
— Бу йил мусобақалар чиндан ҳам кўп. Шунга қарамай, биз хўжа кўрсин учун турнир ташкил этишни истамаймиз. Жамоамиз дам олаётгани йўқ, ҳатто байрамларда ҳам ишлаймиз ва улгуришга интиламиз. Қилаётган ишимиз мажбуриятдек эмас, биз ўз ҳаракатларимиз мевасини кўришдан роҳат оламиз. Бошқа тарафдан ўз кучимизга ишонамиз. Бир неча фронтни бирдек олиб боришга тайёрмиз.
— U-14 ўсмирлар чемпионатида иштирок этган жамоалар таркиби қандай шакллантирилди? Про лиганинг баъзи жамоаларини кўрмадик.
— Биз Про лига учун талабларни босқичма-босқич кучайтириб борамиз. Уларга бирданига Суперлига талабини қўйиш — кунлик 20 кг тош кўтариб юрган кишига бирданига 60 кг тошни бериб қўйишдек гап. Шунинг учун ҳам йил аввалида Про лига клублари учун фақатгина U-18 чемпионати мажбурият сифатида белгиланган. Айни вақтда Про лига жамоалари унда ғолиблик учун кураш олиб бораётгани бизни мамнун этади. U-14 ва U-16 чемпионатлари эса Про лиганинг давлат ёки давлат улуши бор бўлган жамоалари учунгина мажбурий, хусусий клублар учун ихтиёрий бўлган. Бу талабни молиявий етишмовчилик сабаб “Арал самали” ҳамда “Шўртан” бажара олмади, лицензиялаш сарҳисобида бу уларга қимматга тушиши мумкин. “Янгиер” хусусий клуб, “Олимик” энди ташкил этилган ва уларда мактаб ҳали шаклланиб улгурмаган.
— “Одил Жуниор” ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз. Бу жамоанинг республика чемпионатида қатнашиши катта клубларимизда норозилик туғдирмадими?
— Мактаб ҳақида фикрим ижобий, биз уларни уч йилдан буён кузатиб келамиз. Баъзиларга ўхшаб Аҳмедов ҳам Биринчи лигада клуб очиб, бор эътиборини тотализаторга қаратиши мумкин эди. Аммо у уй қуришни пойдевордан бошлади. Болалар лигаларида иштирок этувчи профессионал футбол клублари қошидаги мактаблар “Одил жуниор” ҳақида етарлича тасаввурга эга, шунинг учун уларда эътироз бўлмайди. Савол туғилади: хусусий мактаблар кўп, нега айнан Аҳмедов мактаби? Чунки ҳар бир мактаб учун белгилаб берилган минимал талаблар бор, “Одил жуниор” шунга жавоб беради. Қатар ёки Япония меҳмон сифатида Лотин Америка кубокларида ўйнаши ҳақида биласиз. Биз тўғри ишлаётган мактабни рағбатлантириш учун худди шундай меҳмон сифатида лойиҳамизга таклиф қилдик.
— “Одил Жуниор” билан яқиндан танишдингиз. Бу лойиҳанинг келажаги борми?
— Ҳаммаси унинг эгалари ва улар қўяётган мақсадга боғлиқ. Аҳмедов футболчи сифатида доим олдинга интилган ва бирор ишни оғирлиги учунгина ташлаб кетмаган. Йўқса у Ўзбекистонда тўп сураётган вақтидаёқ “Бунёдкор” либосини кийиши мумкин эди. Айнан ўша садоқати уни катта футболчига айланишида муҳим омил бўлган. Ишонамизки, футболдан кейин ҳам унинг принциплари шундай бўлиб қолади. Кўпи кетди, ози қолди, тез орада унинг мактабидан чиқаётган ўсмирлар ўзининг илк профессионал шартномаларини имзолайди ва мактаб том маънода молиявий мевага киради.
Биз Аҳмедов билан келаси йил U-18 чемпионатида, 2023 йилдан бошлаб эса Биринчи лигада иштирок этиш масаласида гаплашганмиз. Икки тараф ҳам барчаси босқичма-босқич амалга оширилиши истагида экани ёқимли. Бу ҳамкорликни келажакда ОФК даражасига олиб чиқишимиз ва албатта мактабни конфедерация талабларига жавоб берувчи юлдузчали академияга айлантиришимиз керак. Мазкур лойиҳа ҳаммасини катта клуб очишдан бошлайдиганлар учун наъмуна бўлишидан ЎзПФЛ манфаатдор. Биз тўғри йўналишни нафақат кўрсатишимиз, балки ундан жонли мисол келтира олишимиз муҳим.
— 16 ёшгача бўлган қизлар ва 14 ёшгача бўлган болалар ўртасида ўтаётган чемпионатни кузатиб, иштирокчиларда кайфият жуда юқорилигини кўрдик. Бундай турнирларнинг кенг қамровда ўтказилишидан фақат футбол ютади. Режада бошқа ёш тоифаларидаги мамлакат биринчиликларини ҳам шундай миқёсда ўтказиш борми?
— Юқорида айтганимдек, босқичма-босқич амалга ошади. Бизда бу йил U-21, U-18, U-16, U-14 чемпионатлари бор. 2022 йилдан бошлаб улар қаторига U-12 ва U-10 қўшилади. 2023 йилдан бошлаб эса босқичма-босқич тоқ йўналишларга ўтилади: U-17, U15, U-13, U-11. Биз олдиндаги уч йил ичида барча клублар захирасини тўлақонли кўринишга келтирамиз. Клублар давлатдан олаётган бор пулини ўсишдан умиди қолмаган 35 ёшлиларга эмас, аввало келажагига инвестиция кўринишида сарфлайди, қолганига ёки ўзи ишлаб топганига асосий таркибини ташкил қилади. Шу орқали биз эскилик сарқити бўлган аввалги қарашларни уч йил ичида тўлақонли йўқотишни истаймиз. Бугунги кунда футбол ичидагилардан ким бизга қарши бўлса, улар айнан шу принципдан хавотирга тушаётган кишилардир. Давлат футболга пулни еб битириш учун эмас, уни ривожлантириш учун беради, бунинг қадрига етиш керак. Шукрки, принципларимиз қатъий ва очкокўзларга ҳозирча кучимиз ҳам, ақлимиз етади.
— Президент эътибор қаратганидан кейин баъзилар Нукусда янги гранд пайдо бўлишини кутганди. Охирги хабарларни биласиз. Сизнингча, бу жамоанинг келажаги қандай бўлади?
— Бу жамоанинг бақувват ҳомийси бўлмас экан, ёрқин келажакни тасаввур қилиш қийин. 15 йиллар аввал Қашқадарё ёки Тошкентда уч-тўртталаб гранд лойиҳаларга старт берилган, Хоразм ёки Қорақалпоғистон эса эътибордан четда қолаверган. Ўша вақтдаёқ 14 ҳудудий бирликка футбол назаридан бир хил эътибор берилганида эди, ҳозир ҳаммаси бошқача бўларди. Биз ё ҳаммани бир хил кўришимиз ёки ҳаммани ўз ҳолига ташлаб қўйишимиз керак. Ишонаманки, яқин йиллар ичида бу масала энг катта доирада қайта кўриб чиқилади.
Фикрлар