UZ

Сўнгги янгиликлар

23:09Фирмино ва Махрезнинг голлари туфайли "Ал Аҳли" йирик ғалабани тантана қилди  0 23:04Элит ОЧЛ. Остон Ўрунов жамоаси дурангга рози бўлди  4 23:00"Ал Ҳилол" - "Истиқлол"  2 22:42Эшитдик-да! "Пахтакор"нинг Эрон клубига қарши ўйини Тожикистонда ўтиши мумкин  2 22:13"Арсенал"ни тарк этаётган Эду Гаспар бирданига 3та клубни бошқаради ва маоши 3 баравар ошади  0 21:35"Ал-Райян" бош мураббийи: "Дастлабки турларда Саудия "гранд"ларига қарши ўйнадик. Икки жамоа учун ҳам очколар жуда-жуда зарур"  3 21:17Аморим "Манчестер Сити"га қарши баҳс ҳақида: "Агар "Спортинг" ютса кимлардир МЮга янги Фергюсон келяпти дейди"  2 19:52Бруну Фернандеш: "Тен Хагдан кечирим сўрадим"  4 19:211 ой олдин "Насаф"га мағлуб бўлган мураббий "Рома"да Шомуродовнинг янги устозига айланиши мумкин  6 18:52МЮ афсонаси: "Манчестер Юнайтед" - мутлақо ўртамиёна жамоа"  1 18:25Дербида кучлар тенг келди ГАЛЕРЕЯ  0 17:5619 ёшли тўпурар ва бошқалар — Суперлигада 23-турнинг энг яхшилари  3 17:30Эшитдик-да! "Металлург" ва "Қизилқум"га таъқиқ қўйилади, "Нефтчи" ва "Навбаҳор" ҳам жазоланиши мумкин  8 17:03Ўзбекистон МТЖнинг ноябрь ойидаги йиғин учун тахминий таркиби  57 16:30Ўзбекистон МТЖ қачон йиғин бошлайди?   11

Аброр Пирриев: «Футболда тиббиёт ходими сўнгги ўринда бўларди» Янгиликлар

Аброр Пирриев: «Футболда тиббиёт ходими сўнгги ўринда бўларди»

Бугунги кунда спорт, хусусан, футбол тиббиёти биринчи ўринга кўтарилган. Бунга ортиқча изоҳ бериш шарт бўлмаса керак. Допинг можароси чиқди-ю, спорт соҳасида фаолият юритаётган тиббиёт ходимларига бўлган талаб кучайиб кетди.

Тўғри-да, арзимаган эътиборсизлик сабаб спортчилар ва ҳатто, бутун бошли мамлакат спорт делегациясигача катта-катта мусобақалардан четлатиляпти. Халқаро антидопинг, яъни WADA деб номланувчи ташкилот машҳурни ҳам, энди спортга кириб келганни ҳам аямаяпти. Тақиқланган модда истеъмол қилдингми, бўлди, дисквалификацияларни қалаштириб ташлаяпти. Узоққа бормайлик, куни кеча ушбу ташкилот тавсияси билан Россия паралимпия терма жамоаси тўлалигича Риода ўтказиладиган Паралимпиада ўйинларидан четлатилди. Ваҳоланки, бу мамлакат терма жамоаси таркибида 200 нафардан зиёд спортчилар бор эди. Ундан аввал Россия тенниси юлдузи Мария Шарапова икки йилга барча мусобақалардан четлатилганди. Яқинда бир нечта давлат оғир атлетика федерацияларига ҳам допинг юзасидан ҳукм ўқилди. Хуллас, допинг масаласи бугунги спортда биринчи ўринга кўтарилди. Бежиз бу мавзуда сўз очмадик. Бундай пайтда спорт тиббиёти йўналишида фаолият юритаётган ходимлар зиммасига масъулиятли вазифа юкланади. Биз кўтарилган мавзу ва умуман, спорт, хусусан, футбол тиббиёти юзасидан ўз вақтида Ўзбекистон миллий терма жамоасида шифокор бўлиб ишлаган, айни пайт Тошкентнинг «Локомотив» клубида фаолиятини давом эттираётган УЕФА лицензиясига эга олий тоифали шифокор Аброр Пирриевдан интервью олдик.

- Аброр ака, суҳбатимиз аввалида спорт, хусусан, футбол тиббиётининг бугунги кундаги роли ва тутган ўрни ҳақида гаплашсак. Бу борада фикрларингиз қандай?


- Бугунги кунда спорт тиббиёти кескин ривожланиб бораётган соҳалардан бири ҳисобланади. Чунки спортнинг ўзи кундан-кунга ривож топиб, янги-янги чўққиларни забт этиб боряпти. Авваллари спорт жамоалари, хусусан, футбол клубларида шифокорларга шунчаки, бир оддий ходим сифатида қараларди. Буни ҳам тан олиш керак. Ҳозирги кунда эса, спортни тиббиётсиз умуман тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун, ҳозирда хоҳ у футбол, хоҳ бош-қа спорт тури бўлсин, тиббиёт спортнинг ажралмаси қисмига айланиб улгурди.

- Шахсан ўзингизда спорт, хусусан, футбол тиббиётига бўлган қизиқиш қандай пайдо бўлган?


- Фаолиятимни айнан спорт тиббиётида бошлаганман ва бугунги кунда ҳам шу соҳада ишлаб келяпман. Ҳеч қачон умумий йўналиш шифокори бўлмаганман. Олий ўқув юртини тамомлагач, Франк номидаги Республика спорт тиббиёти маркази, яъни диспансерига ишга қабул қилинганман. Ушбу диспансерда ишлаб юрган кезларим параллель равишда футболда ҳам фаолиятим бошланди. Илк ишлаган жамоам - Муборакнинг «Машъал» клуби. Шундан сўнг бир неча йил давомида олий лига клубларида меҳнат фаолиятим давом этди. Бу орада Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳам ишлаш насиб қилди. Бугунги кунда эса Тошкентнинг «Локомотив» клубида фаолият юритяпман. Ўша футбол тиббиётида илк қадамларим ташланган даврда спорт, хусусан, футбол тиббиёти унчалик ҳам ривожланмаган эди. Алоҳида соҳа сифатида қаралмагани учун хориж мамлакатларида ўқиб келишга мажбур бўлганмиз. Ўндан ортиқ давлатларда айнан футбол тиббиёти йўналишида таҳсил олиб, малака оширганмиз. Бугунги кунга келиб, ўзимизнинг бир қатор олий ўқув юртларида спорт тиббиётига йўналтирилган факультетлар очилган.

- Клуб ва миллий термадаги футболчилар фаолияти фарқ қилганидек, шифокорларнинг ҳам бу икки жамоадаги фаолиятида бироз тафовут бор. Чунки футболчилар ўз клубларидан терма жамоа ихтиёрига турли ҳолатда етиб келишади. Бу вазиятда эса, биринчи ўринга тиббиёт ходимининг ўрни ва роли чиқади, тўғрими?


- Албатта. Лекин шуни айтиб ўтиш керакки, биз ҳам худди терма жамоа бош мураббийи каби термага номзод футболчиларнинг клубдаги ўйинларини кузатиб борамиз. Қандай ҳолатда жароҳат олди, шикастланган жойи жиддийми ёки хавотирга ўрин йўқми, ҳамма-ҳаммасидан бохабар бўлиб боришимиз керак. Терма жамоада ишлаган пайтимда клубдаги ҳамкасбларимиз билан доимий мулоқотда бўлганмиз. Терма жамоага номзод футболчиларнинг бугунги ҳолати хусусида клуб шифокорлари сўнгги маълумотларни етказиб туришарди. Терма жамоада «Локомотив» футболчилари ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Шу клубда ишлаганим учун ўйин-чиларини яқиндан биламан ва улар ҳақидаги маълумотларни терма жамоа шифокорларига тақдим этаман. Терма жамоа шифокори йилда 12 ой ишлаши шарт. Клуб ёки терма жамоа шифокорларининг вазифаси - мураббий томонидан берилаётган юкламаларни футболчи кўтара оладими ёки йўқ, организми бунга тайёрми, деган саволларга жавоб бериши керак. Бу борада у бош мураббий билан ҳамжиҳатликда ишлайди.

- Ҳақиқатан ҳам, бош мураббий шифокор билан ҳамжиҳатликда ишлаши керак. Футболчининг ўйин­га тайёр ёки тайёр эмаслигини кўпроқ тиббиёт ходимлари билишади. Бош мураббий фалон футболчининг укол ёрдамида бўлса ҳам майдонга тушишини хоҳлаяпти-ю, лекин шифокор сифатида сиз бунга қаршисиз, чунки ўша футболчи унга бериладиган юкламани кўтара олмайди, ҳали ўйинга тайёр эмас. Сизнинг фаолиятингизда ҳам шундай вазият рўй берганми?


- Бу каби ҳолатлар тез-тез учрайди. Ўта муҳим учрашувларда мураббийлар шифокорлардан қандай бўлмасин, қайсидир футболчини ўйинга тайёрлашимиз кераклигини сўрашади. Укол ёрдамида бўлсада ўйинга тушиши ва жамоамизга ёрдам бериши шартлигини билдиришади. Лекин ҳамиша ҳам бунинг иложи йўқ. Футболчининг ҳаётини хавф остига қўйиб, уни майдонга тушириш яхши оқибатларга олиб келмайди. Ўйин куни қайси футболчи майдонга тушишга юз фоиз тайёр бўлса, ўша ўйинчиларга имконият берилади, ишонч билдирилади. Мажбуран ўйнатилган футболчи ҳеч қачон фойда келтирмаган. Ахир, иссиқ жон, ўйинга бир соат қолганда ҳам аҳволи ёмон бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Фаолиятимда шундай ҳолатлар кўп бўлган. Айрим футболчилар бирданига ўзларини ёмон ҳис қилиб, касалхонага тушиб қолишган. Шунинг учун ҳам, шифокорлар айниқса, ўйинга кам вақт қолганида, ҳар соатда футболчиларнинг тиббий ҳолати бўйича бош мураббийга маълумот бериб туришади.

- Футболда овқат рациони, яъни кундалик таомнома деган тушунча бор. Бу жараёнда бевосита клуб ёки терма жамоа шифокорлари иштирок этишади. Бугунги замонавий футболда кундалик таомноманинг ўрни қандай? Менюда қандай таомлар бўлиши шарт?


- Бу саволга умумий қилиб жавоб бермоқчиман. Клуб ёки терма жамоа шифокорини фақат ўйин пайти керак бўлади, деб ўйлайдиганлар кўпчиликни ташкил этади. Футболчилардан бири жароҳат олган пайтда майдонга югуриб чиқиб, биринчи ёрдамни кўрсатилганда шифокорлар кўзга ташланади. Аслида, бу ишимизнинг энг оддий кўриниши, холос. Лекин асосий фаолият ўйингача ва ундан кейин бўлган даврларни ҳам қамраб олади. Футболчи 90 дақиқалик ўйинга қандай тайёргарлик кўрса, бизнинг фаолиятимиз ҳам худди шундай кўринишда давом этади. Худди саҳна ортида хизмат қиладиганлар сингари бизнинг ишимиз аксарият ҳолларда кўзга ташланмайди. Футболчиларнинг кун тартибини белгилашдан тортиб, то уларнинг кундалик таомномасини тузиш жараёнигача клуб ёки терма жамоа шифокорлари иштирок этишади. Қолаверса, юкламалар берилган пайтда мураббийлар билан маслаҳатлашган ҳолда футболчиларга зарур бўлган витаминларни бериш, ҳар кунлик тиббий кўрикни ташкил қилиш, агар соғлиғида муаммо юзага келадиган бўлса, уни зудлик билан бартараф этиш биз - шифокорлар зиммасидаги вазифа ва масъулият ҳисобланади.

- Клубларимиз араб жамоаларига қарши меҳмонда ўйнаган пайтлари иқлим томонидан муаммоларга дуч келишади. Бундай ҳолатда шифокорлар зиммасига яна бир ўзига хос вазифа ва масъулият юкланади. Кўпчилик шифокорларимиз билан суҳбатлашганимизда, улардан бу борада турлича фикрларни эшитамиз. Айримлар ўйиндан 4-5 кун олдин манзилга етиб бориб, маҳаллий иқлимга мослашиш кераклигини айтишади. Баъзилари эса узоғи билан ўйиндан бир кун олдин етиб бориш фойдалироқ бўлишини таъкидлашади. Бу борада сизнинг фикрингиз ва қарашларингиз қандай?

- Узоққа бормайлик, яқинда «Локомотив» ОЧЛ чорак финали доирасидаги илк учрашувда БААнинг «Ал-Айн» жамоаси меҳмони бўлди. Ал-Айн шаҳрида ўтказилган ушбу учрашув чоғида ҳарорат 43 даража иссиқни ташкил қилди. Бундай об-ҳаво шароитида ўйнаш нафақат бизнинг футболчилар, балки мезбонларнинг ўзига ҳам осон бўлгани йўқ. Нафас олиш қийинлашади. Ўйинни синчковлик билан кузатганлар буни яққол пайқашди. Шуларни инобатга олган ҳолда, биз қайси давлатга бораётганимиз, у ерда иқлим шароити қандай, умуман, барча жиҳатларни сафар олдидан ҳал қилиб олишимиз керак. Нафақат витаминизация, балки бундай иссиқ иқлим шароитида овқатланиш ҳам бошқача бўлиши лозим. У ердаги таомнома ҳам шунга монанд тарзда тузилади. Иссиқ ва шу билан бирга, намгарчилик юқори бўлган об-ҳаво шароитида футболчи бош-қа кунларга қараганда кўпроқ терлайди. Бунинг натижасида организмдан тузлар, микроэлементлар чиқиб кетади. Биз шуларни инобатга олган ҳолда БААга кетишимиз олдидан ўзимиз билан бирга тузли, микроэлементларга бой ичимликлар олгандик. Ўйиндан олдин, танаффус чоғида ва учрашув якунланганидан кейин футболчиларга ана шу ичимликларни бердик. Мазкур жараён организм йўқотган витаминларнинг тикланиб олишига ёрдам беради.

- Аброр ака, бугунги кунда нафақат футбол, балки спортнинг бошқа турларида ҳам допинг можароси биринчи ўринга чиқди. Бутун бошли мамлакат спорт делегацияларининг ушбу иллат сабаб четлатилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бундай вазиятда клуб шифокорлари қандай ишларни олиб боришяпти?


- Ҳақиқатан ҳам, допинг муаммоси бугунги кундаги долзарб масалалардан бирига айланди. Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган Олимпиадада ҳам, яқинда бошланиши кутилаётган Паралимпиада ўйинларида ҳам бу мавзуга тез-тез дуч келяпмиз. Ҳатто, бундан 8 йил аввалги допинг текширувларини қайта кўриб чиқиш асносида спортчиларнинг ўша пайтда қўлга киритган медаллари олиб қўйилмоқда. Сиз айтгандек, бундай вазиятда шифокорларга бўлган талаб ошади. Яъни, Халқаро антидопинг ташкилоти томонидан ҳар йили юбориладиган тақиқланган моддалар рўйхати билан футболчиларни таништириб бориш шифокорларнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Биласизми, бу ташкилот томонидан ҳар йили федерацияларга жўнатиладиган рўйхат ўзгариб, таъбир жоиз бўлса, бойиб боради. Эскиси олиб ташланиб, шунчаки, янгиси қўшиб қў-йилмайди. Ўша аввал мавжуд бўлган тақиқланган моддалар рўйхатига янгилари қўшиб борилади. Масалан, бу йил ушбу қора рўйхатга мильдронат моддаси ҳам киритилди. Жорий йилдан ушбу препаратни истеъмол қилган спортчи дисквалификацияга учрайди. Одатда, допинг истеъмол қилган спортчига нисбатан нафрат ошиб кетади. Аслида, ундай эмас. Спортчининг соғлиғи йўлида билиб-билмай истеъмол қилган дори-дармони тақиқланган бўлиб чиқяпти. Ваҳоланки, у атайин фаоллигини ошириш учун бу дармонга мурожаат қилгани йўқ. Энди шу каби ҳолатларда ҳар бир жамоа шифокори ҳушёр бўлиши керак. Спортчи ўз ҳолича дори-дармонларни қабул қилмаслиги даркор. Муолажаларни шифокор тавсиясига кўра олиши шарт. Бунинг учун эса тиббиёт ходимининг ўзи бундан хабардор бўлиши лозим. Яна бир мисол келтираман. Ал-Айнга борган пайтимизда футболчиларимизни допинг текширувидан ўтказишди. Авваллари ўйин чоғи, ундан олдин ва кейин текширилган бўлса, ҳозир ихтиёрий пайтда допинг текшируви амалга ошириляпти. Халқаро антидопинг ташкилоти ФИФА ёки ОФКга талабнома юборади ва шу асосда хоҳлаган пайтда футболчи допинг текширувидан ўтказилади. Ал-Айнда ҳам худди шундай ҳолат юз берди. Меҳмонхонага киришимиз билан Халқаро антидопинг ташкилоти ходимлари футболчиларимизни допинг текширувидан ўтказишди. Ҳали меҳмонхонага жойлашиб улгурмаган эдик. Бу ташкилотга шундай ваколат берилган. Исталган пайтда допинг назоратидан ўтказишга ҳаққи бор. Жамоамиз вакиллари текширувдан муваффақиятли ўтиб олишди. Албатта, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. Биз доимий равишда футболчилар билан тушунтириш ишлари олиб борамиз. Антидопинг ташкилоти томонидан юбориладиган янги тақиқланган препаратлар билан танишиб, футболчиларни доимий назоратда ушлаймиз.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Рейтинг: +6   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика