Аббосбек Файзуллаев Туркманистонга қарши ўйин ва ЦСКАдаги ўзгариш ҳақида гапирди

Administrator
5 июн 2024, 20:47
2026 йилги Жаҳон чемпионати саралашидан ўрин олган Туркманистонга қарши ўйин олдидан терма жамоамиз футболчиси Аббосбек Файзуллаев кичик интервью берди.

– Аббосбек, Туркманистонга қарши ўйин ҳақида нима дея оласиз?

– Туркманистонга қарши ўйин қизиқарли бўлади деб ўйлайман. Вазифани уддалаб бўлганимизга қарамай, мухлисларимиз ёнида ўйнаймиз. Уларга ёқадиган ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Уч очкони қўлга киритмоқчимиз. 

– ЦСКАда май ойи ўйинчиси бўлдингиз. Умуман Россияда сиз ҳақингизда жуда кўп ижобий фикрлар мавжуд. Келажагингиз ҳақида нима дея оласиз?

– Келажагим ҳақида ҳеч нарса дея олмайман. Чунки ЦСКА билан шартномам бор. Ҳозир терма жамоадаман, асосийси бу ерда иккита ўйинни ўтказиб олишим. 

– ЦСКАда мураббий ўзгарди. Шу ҳақида фикрингиз?

– Буни кеча билдим. Клуб шу қарорга келган экан, мен ҳеч нарса дея олмайман. Федотов билан ишлаганимдан жуда хурсандман. Туркиядаги йиғинларда жамоага қўшилиб кетишимга ҳам асосий сабабчи айнан у бўлганди. 

– Россияда янги мавсум июль ойидан бошланади. Бу Олимпиадага боришингизга тўсиқ бўлмайдими? Бу масала бўйича бирор келишувга эришдингизми?

– Бу масала ҳақида гаплашмадик. Федерация ва клуб келиша олса, Олимпиадага бориш ниятидаман. 

– Эртага "Бунёдкор" стадионида ўйнаймиз. Бу стадионда U-20 Осиё кубогида ғалаба қозонгансиз. Мухлисларга бирор чорлов борми?

– Терма жамоанинг ҳар бир ўйини мухлислар учун байрам ҳисобланади. Эртага ҳам келиб, қўллаб-қувватлаб туришса, хурсанд бўлардик. Қанча кўп мухлис келса, бу бизга қўшимча куч бўлади. 

– Абдураҳмон Фозилов билан iPhone масаласида нима бўлганди?

– Шарт бор эди. У шартни бажармадим. Эртага шу шартни бажаришга ҳаракат қиламан.

Ўхшаш янгиликлар


AdministratorМуаллиф
Манба: championat.asia