2018 йил ўзбек футболида содир бўлган энг муҳим воқеалар
31 дек 2018 21:00
Янгиликлар
2018 йил ўзбек футболида содир бўлган энг муҳим воқеалар
Биз ўқувчиларимизга 2018 йилнинг энг муҳим воқеалари ва ўйинларини эслатиб ўтишга қарор қилдик.
ЯНВАРЬ
2018 йилнинг дастлабки ойи ўзбек футболи учун ажойиб бошланди. 9-27 январь кунлари Хитой мамлакатида U-23 Осиё чемпионати мусобақаси бўлиб ўтди. Унда Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон U-23 терма жамоаси иштирок этди. Футболчиларимиз финал йўлида Япония ва Жанубий Корея каби грандларни йирик ҳисобда мағлуб этишди. Кучли қор остида ўтган финал учрашувида Ўзбекистон Вьетнамни мағлуб этишга муваффақ бўлган эди - 2:1. Қўшимча таймлар охирида Андрей Сидоров томонидан урилган гол вакилларимизни Осиё чемпионига айлантирган. Тошкентда чемпионлар халқимиз томонидан жуда катта тантана билан кутиб олинганди. Ушбу жамоа аъзоларининг ҳар бирига Президентимиз томонидан "Malibu" автомобили совға қилинганди.
30 январь куни ОЧЛ-2018 плей-офф босқичи доирасида икки ўзбек клуби ўйин ўтказди. "Пахтакор" Қатарда "Ал Гарафа" меҳмони бўлиб 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйиб, гуруҳ босқичига чиқа олмади. "Насаф" эса Қаршида "Ал Файсали"ни қабул қилиб 5:1 ҳисобида ғалабага эришди ва гуруҳ босқичига йўл олди.
ФЕВРАЛЬ
1-11 февраль кунлари Хитой Тайпеи мамлакатида футзал бўйича Осиё Чемпионати бўлиб ўтди. Унда Баҳодир Аҳмедов бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси иштирок этди. 2016 йил Тошкентда ўтган қитъа чемпионатида футзалчиларимиз финалга қадар етиб бориб, Эронга ютқазиб қўйишганди. Бу сафарда мусобақада вакилларимиз ярим финалда Эронга мағлуб бўлишди. Учинчи ўрин учун баҳсда Ироқ пенальтилар сериясида таслим этилди ва бронза медалига эга чиқдик.
3 февраль куни Тошкентдаги “International Hotel” меҳмонхонасида Суперлиганинг янги мавсумига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Янги форматдаги Суперлигада 12та клуб иштирок этди. Жамоалар икки босқичда куч синашишди.
6 февраль куни Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси Coca Cola компанияси билан ҳамкорликда FIFA World Cup Trophy Tour доирасида жаҳон футболининг бош мукофоти биринчи марта Тошкентга олиб келинди. Жаҳон кубогини Франция терма жамоаси сафида ЖЧ-1998да чемпион бўлган Кристиан Карамбё Тошкентга олиб келди. Минглаб футбол мухлислари кубок билан суратга тушиш бахтига муяссар бўлишди.
12 февраль куни ОЧЛ-2018 гуруҳ босқичи 1-тури бўлиб ўтди. "Локомотив" ўз уйида БААнинг "Ал Ваҳда" клубини қабул қилди. Учрашувда "темирйўлчилар" 5:0 ҳисобида ғалабага эришишди. "Насаф" эса биринчи турни 13 февраль куни Эронда "Персеполис" меҳмони бўлиб, 0:3 ҳисобида ютқазиб қўйди.
15 февраль куни Ўзбекистон миллий терма жамоасига Темур Кападзе вақтинчалик бош мураббий вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Ушбу мураббий қўл остида терма жамоамиз Сенегал, Марокаш, Эрон ва Уругвай каби Жаҳон чемпионати иштирокчиларига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушишди.
24 февраль куни Тошкентда CAFA (Марказий Осиё, Эрон, Афғонистон Футбол Ассоциациялари) Конгресси бўлиб ўтди. Конгрессда Эрон, Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон каби давлатлардан делегатлар ҳамда Жанубий Корея ва Қатар давлатидан ташриф буюрган юқори мартабали меҳмонлар иштирок этишди. Кун тартибидаги асосий масала CAFA ташкилотига сайлов орқали янги раҳбарни тайинлашдан иборат бўлди. Унга кўра Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол Ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов ташкилотнинг янги президенти этиб сайланди.
МАРТ
1 март куни Ўзбекистон Суперлигасида дастлабки тур ўйинлари бўлиб ўтди. 1-турда қуйидаги натижалар қайд этилди.
"Қизилқум" - "Локомотив" 0:3
"Нефтчи" - "Насаф" 0:0
"Бухоро" - "Қўқон-1912" 1:0
"Пахтакор" - "Сўғдиёна" 2:0
"Металлург" - "Навбаҳор" 0:0
"Бунёдкор" - АГМК 1:1
Суперлиганинг биринчи голига "Локомотив" ҳужумчиси Марат Бикмаев муаллифлик қилди.
15 март куни ўзбекистонлик футболчи Достонбек Ҳамдамов Россия премьер-лигаси иштирокчиси Махчақлъанинг "Анжи" клуби билан шартнома тузди. Янги клубида ҳамюртимиз 7-рақамни танлади.
23 март куни Темур Кападзе бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси Марокашда ЖЧ-2018 иштирокчиси Сенегал терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказди. Биринчи таймда Отабек Шукуров пенальтидан гол уриб жамоамизни олдинга олиб чиқди. Иккинчи таймда сенегалликлар ҳисобни тенглаштиришди - 1:1.
27 март куни ЎФА мажлислар залида Про-лига ва Ўзбекистон Кубоги ўйинларига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Унга кўра ПРО-лига икки тоифа – А ва В гуруҳларида олиб бориладиган бўлди. ПРО-лига сингари Ўзбекистон кубоги ҳам янги форматда ўтказилди. Янги қонун-қодага кўра, энди ҳар бир босқичдан олдин кўр қуръа ташланди.
28 март санасида Кападзе шогирдлари ЖЧ-2018 яна бир иштирокчиси бўлган Марокаш билан беллашишди. Мазкур баҳсда африкаликлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.
АПРЕЛЬ
Апрель ойи бошида Ўзбекистон Суперлигаси клублари директорлари малака ошириш учун Англия Премьер-Лигаси вакили “Эвертон” клуби академиясига ташриф буюришди. Ушбу ташриф давомида Суперлига клублари директорлари клуб инфратузилмаси, менежменти, академияси фаолияти, маркетинг, клуб тизими ва скаутинг каби масалаларда иш ўрганишди. Таъкидлаш лозим, клуб директорларини “Эвертон” клуби директори Стив Уолш кутиб олди ва меҳмонларга ташриф давомида малака оширишлари учун шароит яратиб берди. Шунингдек, директорларга бир қанча вақт давомида Англиянинг “Лестер” клубига мураббийлик қилган Крейг Шекспир клуб қандай тарзда машғулот олиб бориши, машғулотлар жараёни ҳақида сўзлади. Ташриф давомида, клуб инфратузилмаси, академияси фаолияти ҳам ўрганилди.
16 апрель куни ОЧЛ-2018 гуруҳ босқичи 6-турида "Насаф" БААнинг "Ал Васл" клубини 2:1 ҳисобида мағлуб этганига қарамай гуруҳда 3-ўринни эгаллади.
17 апрелда "Локомотив" сўнгги турда ўз уйида Эроннинг "Зоб Оҳан" клуби билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Ушбу баҳсда ваклларимиз ғалаба қозонишганида кейинги босқичга чиқишарди.
МАЙ
4 май куни Дубайдаги "Armani Hotel" меҳмонхонасида Осиё Кубоги-2019 мусобақаси учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Мазкур маросимда ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа таклифига кўра Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов ҳам иштирок этди. Қуръа натижаларига кўра Ўзбекистон миллий терма жамоаси Япония, Уммон ва Туркманистон терма жамоалар билан бир гуруҳдан ўрин олди. Осиё Кубоги 2019 йилнинг 5 январидан 1 февралига қадар Бирлашган Араб Амирликларининг 4та шаҳрида бўлиб ўтади.
16 май куни Москва шаҳри мезбонлигида ўтган Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасидаги Жаҳон Чемпионати ўз якунига етди ва унда Ўзбекистон терма жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Финал учрашувида ўзбекистонлик қора кўзлар Покистон билан тўқнаш келди. Асосий вақти 1:1 ҳисоби билан якунига етган учрашув пенальтилар сериясига қадар етиб борди. Унда футболчиларимиз рақибларидан устун ҳаракат қилди. Ўзбекистон термасининг сўнгги зарбасини дарвозабон Сергей Исломов аниқ йўллади. Кейин эса ўзи рақибининг зарбасини қайтариб, қаҳрамонга айланди. Қайд этиш керак, Покистон терма жамоаси Жаҳон Чемпионатига амалдаги ғолиб сифатида ташриф буюрганди. Энди эса мундиал тахтига ўзбекистонлик футболчилар чиқишди.
ИЮНЬ
8 июнь куни Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк бор Жанубий Америка терма жамоасига қарши ўйин ўтказди. ЖЧ-2018да иштирок этиш учун Россияга учиб кетиш олдидан Луис Суарес, Эдинсон Кавани бошчилигидаги Уругвай Монтевидео шаҳрида Ўзбекистон билан ўртоқлик учрашуви ўтказди. Ўйинда майдон эгалари 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.
14 июндан 15 июлга қадар Россия мамлакатида 2018 йилги Жаҳон чемпионати ўйинлари бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик ФИФА ҳаками Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамларимиз ишлашди. Ҳамюртимиз гуруҳ босқичи доирасидаги Аргентина - Хорватия ва Испания - Марокаш учрашувларида бош ҳакам бўлди. Бу орқали Эрматов Жаҳон чемпионатлари финал босқичида 11та ўйинда ишлаган дунёдаги биринчи ҳакамга айланди.
ИЮЛЬ
3-10 июль кунлари Тошкент шаҳрида “CAFA U-16 championship” мусобақаси ўтказилди. Бу мусобақада Ўзбекистон, Афғонистон, Тожикистон ҳамда Қирғизистоннинг 16 ёшгача бўлган футболчилардан таркиб топган терма жамоалари иштирок этишди. Бир биридан муросасиз кечган баҳсларда Усмон Тошев бошчилигидаги Ўзбекистон U-16 терма жамоаси мазмунли ўйин кўрсатиб, барча меҳмон жамоалар устидан йирик ғалабаларга эришди.
22-30 июль кунлари Тошкентда “CAFA U-15 championship” мусобақаси бўлиб ўтди. 5та тур якунига кўра барча учрашувларда ғалаба қозонган Эрон U-15 терма жамоаси турнир ғолиблигини қўлга киритди. Иккинчи ўринни Азамат Абдураимов бошчилигидаги Ўзбекистон U-15 терма жамоаси қўлга киритди. Бронза медаллар Тожикистон терма жамоасига насиб қилди.
АВГУСТ
6 август куни аргентиналик машҳур мураббий Эктор Купер Ўзбекистон терма жамоаси устози сифатида таништирилди.
"Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан 3+1 шаклида шартнома имзоладик. Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан шартнома тузишимнинг асосий сабаби Ўзбекистон терма жамоасининг ўз олдига қўйган мақсадларидир. Яъни Осиё чемпионатидаги ижобий натижа ва азалий орзу бўлган жаҳон чемпионатига чиқиш. Жаҳон чемпионати 4 йилликнинг энг катта мусобақаси. Дунёдаги барча терма жамоалар ушбу мусобақада иштирок этиш учун катта ҳажмдаги иш олиб боришади. Футболда олдиндан натижани аниқ айтишнинг иложиси йўқ. Ўзбекистон терма жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиқиш учун тинмай меҳнат қилишга ваъда бераман. Қолганини эса вақт кўрсатади", - деганди Купер Ўзбекистон терма жамоаси устози сифатидаги илк матбуот анжуманида.
18 август куни ФИФА Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун янги автобус совға қилди. Mercedes Travego M русумидаги ушбу автобус 46 кишига мўлжалланган бўлиб, 483 от кучига эга. Барча қулайликларга эга, замонавий воситалар билан жиҳозланган. Шу пайтга қадар Ўзбекистон миллий терма жамоаси йиғин давомида ҳамда учрашувларга бориш учун клублардан олинган автобуслардан фойдаланиб келган. Эндиликда терма жамоамизнинг ўз автобуси бор. Ушбу автобус миллий рамзларимиз ва ЎФА логолари билан безатилди ҳамда йиғин ва учрашувлар давомида миллий терма жамоамиз футболчилари учун хизматда.
10 августдан 1 сентябрга қадар Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида Осиё ўйинлари бўлиб ўтди. Унда Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси иштирок этди. Гуруҳ босқичида учала рақибни мағлуб этган вакилларимиз, нимчорак финалда Гонконгни йирик ҳисобда таслим қилишди. Чорак финалда қаршимиздан Жанубий Корея чиқди. Қизиқарли ва шиддатли ўтган баҳсда Сон Хон Мин бошчилигидаги корейслар 4:3 ҳисобида ғалаба қозониб ярим финалга чиққанди. Якунда айнан Корея Осиё ўйинларида чемпионликка эришди.
СЕНТЯБРЬ
6 сентябрь куни Эктор Купер бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси илк ўйинни ўтказди. Тошкентдаги "Милий" стадионда Сурияга қарши баҳсда 1:1 ҳисоби қайд этилди. Биздан ягона голни Марат Бикмаев пенальтидан урган.
Орадан 5 кун ўтгач, сентябрнинг 11-санасида вакилларимиз Эрон билан ўртоқлик учрашуви ўтказишди. Бу баҳсда форслар 1:0 ҳисобида зафар қучишди.
26 сентябрь куни Тошкентда ўзбек футболи тарихида биринчи ОФК Ижроқўмининг йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу тадбирнинг юртимизда ўтиши, ОФК ҳамда ЎФА ўртасидаги алоқалар мустаҳкамлиги йўлида навбатдаги қадам вазифасини ўтаб бериши шубҳасиз. Умид Аҳмаджонов Ижроия қўмитасининг йиғилиши тарихда илк марта Ўзбекистонда бўлиб ўтаётгани ҳақиқатан ҳам ўзбек футболи учун тарихий воқелик эканини таъкидлаб, бунинг учун Осиё футбол конфедерацияси Президенти жаноб Шайх Салмон бин Иброҳим ал Ҳалифага алоҳида миннатдорчилик изҳор қилди ва йиғилишда қабул қилинган қарорлар Осиё футболи ривожига катта таъсир кўрсатишига ишонишини билдирди.
ОКТЯБРЬ
Кузнинг иккинчи ойида ҳам Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентда иккита ўртоқлик учрашуви ўтказди. 13 октябрда футболчиларимиз КХДР терма жамоасини 2:0 ҳисобида таслим қилишди. Бу ўйин Марат Бикмаевнинг бенефисига айланиб кетди, ҳужумчи икки таймда иккита гол урди. Ушбу ғалаба Эктор Купер учун Ўзбекистон устози сифатидаги илк муваффақият бўлди.
16 октябрда Қатар Тошкентда меҳмон бўлди. Одил Аҳмедов ҳамда Марат Бикмаевнинг голлари Ўзбекистонга ғалаба келтирди - 2:0.
28 октябрь куни Фарғонадаги "Истиқлол" стадионида Ўзбекистон кубоги финал учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда Тошкентнинг "Пахтакор" ҳамда Олмалиқнинг АГМК жамоалари тўқнаш келишди. Ўйинда олмалиқликлар ташаббусга эришишди ва якунда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Шу тариқа АГМК ўз тарихида илк бор Ўзбекистон кубоги соҳибига айланди. Энди жамоа 2019 йилги мавсумда Осиё чемпионлар лигаси плей-офф босқичида иштирок этади. Агар АГМК плей-оффдан муваффақиятли ўтса, ОЧЛнинг гуруҳ босқичига йўл олади.
НОЯБРЬ
7 ноябрь куни "Шанхай СИПГ" клуби Хитой Суперлигаси 29-турида ўз уйида "Шанси Чаньба"ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди ва мамлакат чемпионига айланди. Ҳамюртимиз Одил Аҳмедов мазкур ўйинда майдонга тушиб ҳисобни очувчи голга муаллифлик қилди. 30та ўйинда 68 очко тўплаган "Шанхай СИПГ" Хитой чемпиони бўлди. Ҳамюртимиз ўз фаолиятида илк бор хорижда олтин медални қўлга киритди.
13 ноябрь куни ПРО-лиганинг "А" гуруҳи 35-туридан ўрин олган "Андижон" – "Истиқлол" учрашуви бўлиб ўтди. Мазкур баҳсда Элдор Сакаев бошчилигидаги майдон эгалари 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, чемпионат тугашига битта тур қолганида муддатидан аввал Суперлига йўлланмасини қўлга киритишди. "Андижон" 2016 йил олий лигада тушиб кетиб икки мавсум давомида қуйи лигада иштирок этишди.
Ноябрь ойида Ўзбекистон терма жамоаси Австралия қитъасида йиғин ўтказди. Ушбу йиғин доирасида вакилларимиз иккита ўртоқлик учрашуви ўтказишди. 15 ноябрь куни Ўзбекистон Миодраг Радулович бошчилигидаги Ливан билан 0:0 ҳисобида дуранг қайд этишди. 20 ноябрда Ўзбекистон Паулу Бенту қўл остидаги Жанубий Кореяга 0:4 ҳисобида имконятни бой бериб қўйди.
23 ноябрь – 1 декабрь кунлари пойтахтимизда "CAFA Women’s Championship 2018" мусобақаси бўлиб ўтди. Тожикистон мусобақанинг бронза медалларига сазовор бўлди. Эрон терма жамоаси қизлари эса кумуш медалларга эга чиқишди. Мусобақа бош соврини эса Ўзбекистон миллий терма жамоасига насиб этди. Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Нилуфар Қудратова мусобақа тўпурари бўлди. Терма жамоамиз етакчиларидан бири Людмила Карачик эса мусобақанинг энг яхши футболчиси, деб топилди.
26 ноябрь куни Тошкентдаги "Локомотив" стадионида Суперлиганинг 31-туридан ўрин олган "Локомотив" - "Пахтакор" учрашуви бўлиб ўтди. Бу ўйинда "темирйўлчилар" асосий рақобатчиси ҳисобланган жамоани 3:2 ҳисобида мағлуб этиб, кетма-кет учинчи йил Ўзбекистон чемпиони бўлди. Суперлигада "Пахтакор" иккинчи, "Навбаҳор" учинчи ўринни эгаллади. Фарғонанинг "Нефтчи" клуби 12та клуб орасида сўнгги ўринни банд этиб, қуйи лигага тушиб кетди.
ДЕКАБРЬ
1 декабрь - 4 декабрь кунлари Тошкентда футзал бўйича Осиё чемпионати U-20 мусобақасининг Марказий минтақа саралаш баҳслари бўлиб ўтди. Баҳодир Аҳмедов бошчилигидаги Ўзбекистон U-20 Қирғизистонни 6:3 ҳисобида мағлуб этишди. Иккинчи турда Тожикистонга 2:7 ҳисобида ютқазиб қўйган футзалчиларимиз гуруҳда сўнгги ўринни банд этиб, Осиё чемпионатидан четда қолишди.
13 декабрь куни "Локомотив" ярим ҳимоячиси Икром Алибоев Жанубий Кореянинг "Сеул" клуби билан 2021 йилгача шартнома тузди.
"Сеул" аъзосига айланганимдан хурсандман. Клуб тарихи бой, стадиони ҳам ажойиб. "Сеул" вакиллари мени илиқ кутиб олишди. Ушбу клуб сафида Сервер Жепаров муваффақиятга эришган. Мен ҳам "Сеул" тарихига киришга умид қиламан" - дейди Алибоев.
17 декабрь куни ўзбекистонлик ҳимоячи Достон Турсунов Япониянинг 1-лигаси иштирокчиси "Ренофа Ямагучи" жамоаси билан 2020 йил охирига қадар шартнома имзолади."Ренофа Ямагучи" йил якунларига кўра қуйи лигада 8-ўринни эгаллади. 42та тур давом этадиган Япония 1-лигасида 22та жамоа "J-League" учун кураш олиб боради.
Нарзулла Сайдуллаев
Фикрлар