UZ

Сўнгги янгиликлар

00:43Мбаппеда бир неча ойдан бери руҳий муаммолар бор (L’Equipe)  2 00:16Тайрелл Маласиа 17 ой деганда майдонга қайтмоқда. У бугун ўринбосарлар сафида футбол ўйнайди  0 23:33Шомуродов, Ашурматов ва Файзуллаев ҳам қўшилди. Ўзбекистон МТЖнинг бугунги машғулотидан ГАЛЕРЕЯ  2 23:19Фрэнк Лэмпард мураббийликка қайтиши мумкин, аммо...  0 22:50Лисандро Мартинес жароҳат сабаб Аргентина терма жамоаси ўйинларида иштирок этмайди  0 22:10Родри "Олтин тўп"да кимларга овоз берган бўларди? Футболчининг ўзи жавоб берди  10 21:42Элдор Шомуродов: "Қатарга қарши ғалаба учун майдонга тушамиз, аммо гол ўтказиб юбормаслик ҳам жуда муҳим"  14 21:07"Ливерпуль" академияси: Сен ёлғиз эмассан  1 20:51Рустам Ашурматов: "Жамоавий ўйин бўйича Қатардан устунроқмиз"  3 20:0112 йиллик армон ёхуд "Насаф"ни чемпион қилган Рўзиқул Бердиев билан эксклюзив интервью   7 19:32ПСЖ бу сафар Тибо Куртуани сотиб олишга уриниб кўрмоқчи  3 19:13Рафинья Ямалга 10 минг фунтлик тилла "iPhone" совға қилди  6 18:41Неймар: "Шу ҳафтанинг ўзида 3 та фейк хабар чиқди. Бразилия менга бундай муносабатда бўлаётганидан хафаман"  12 18:10Беларусь терма жамоаси ҳужумчиси виза билан муаммо туфайли Миллатлар Лигаси учрашувини ўтказиб юборади  0 17:46"Бавария" Ян Кристиан Дризен билан шартномани узайтирди  1

Саргузаштлар охирлаб қолди... Янгиликлар

Саргузаштлар охирлаб қолди...

2018 йилнинг 2 август санасида Эктор Купернинг Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи бўлгани расман эълон қилинганди.

Расман: Эктор Купер Ўзбекистон МТЖ бош мураббийи!

Ўшанда кўпчилик Куперга катта умид билдирганди. Унинг супер бўлишига ишонганди. Аммо, унинг терма жамоа рулидаги биринчи йиғинидан сўнг умидларимиз пуч бўлиб чиқиши мумкинлиги ҳақида ўйлар пайдо бўла бошлади. Ўша пайтда сайтимизда чоп этилган айрим мақолалар остида журналистларимиз шаънига нималар ёзилмади. Ҳамма Куперни зўр деяверди. Осиё кубоги-2019да ҳам шу ҳолат давом этди. Унинг услуби ўзбек футболига бегона эканлиги ҳақида Шаҳбоз Беғамов мақола ёзганди мусобақадан чиқиб кетганимиздан сўнг. Ўшанда ҳам кўпчилик Австралиядан гол ўтказиб юбормаганимизга учиб мутахассисни олқишлашда давом этди. Ваҳоланки, бу шахсан ўзим кўрган энг кучсиз Австралия эди. Авлодлар алмашинуви жуда ёмон кечаётган жамоага гол уролмаганимиздан хафа бўлишимиз керак эди, аслида. БАА нима қилди кейинги босқичда уларни. Амирликлар голни Дегенекнинг қўпол хатосидан уришди дейишингиз мумкин, аммо "яшил қитъа"ликлар гол уриш учун тайинли вазиятлар ярата олишмади ўша куни. бу уларнинг ўша пайтдаги асл кучи эди. Биз ўша жамоани енгишимиз керак эди.


Купернинг ўз услуби бор, аммо ўша услуб бизнинг футболга умуман бегона. Бизнинг футболчилар ҳар доим техник кучли бўлган, тўп билан яхши ўйнашади, ҳужумкор футбол бизнинг асосий қурол. Мамлакатимизнинг етакчи жамоалари ҳам айнан ҳужумкор ва тўп назоратига асосланган футбол ўйнашади. "Пахтакор", "Насаф", "Бунёдкор" каби жамоаларимиз юқоридаги услубдан фойдаланишади. "Локомотив" эса яқин-яқиндан бошқача услубга ўтди.


Купер услуби ўзбек футболига бегона 

Купер шу вақт давомида ротацияларга жуда кам қўл урди. Шерзод Аъзамов биринчи иккита йиғинда ҳам бошиданоқ жароҳат олиб клубига қайтиб кетди. Билмадим, кейин мураббий уни қайтиб чақирмади. Нега? Охирги икки мавсумда Суперлигамизнинг энг стабил марказий ҳимоячиларидан бирини шунчаки чақирмай қўйди. Кореядаги К2 лигада якка пешқадам бўлиб турган "Кванджу"нинг алмаштириб бўлмас асосий таркиб ўйинчиси бўлиб улгурган Рустам Ашурматов бошиданоқ шунчаки "игнор" қилинди. Нега? Мураббийдан бу борада бир эмас икки маротаба аниқ-тиниқ қилиб изоҳ сўрадим. Аргентиналик шунчаки деб қутулди. Марказий ҳимояга Анзур Исмоилов, Ислом Тўхтахўжаев, Эгор Кримец ва Достон Турсуновларни ушлаб олди ва охиригача фақат уларни чақирди. Қолганларчи? Ашурматов мамлакатимизда тўпни ҳимоядан олиб чиқишда энг яхши марказий ҳимоячилардан бири. Унда биринчи паслар аниқлиги юқори. Тўп назоратини хуш кўрадиган ва ҳужумкор футболни маъқул кўрадиган мураббий учун Рустам ажойиб ҳимоячи бўла олади. Аммо, Купернинг ҳимояга асосланган ўйинида унга жой топилмади. Унда баланд бўйли, бақувват ва келганини қайтариб турадиган ҳимоячи керак.


Орадан 120 кун ўтди, лекин ҳеч нарса ўзгаргани йўқ


Купер қилган энг яхши иш терма жамоада Элдор Шомуродовни қанотдан марказий ҳужумга ўтказди. мана шу қарори учун унга раҳмат. Лекин, Элдорни уни "очмади". Шомуродовнинг "ярқираши" Карпин номи билан боғлиқ.

Жаноб Экторнинг яна бир ёмон одати деярли ҳеч қачон қарорларини изоҳламади, саволларга ҳам олиб қочиб жавоб бериб юрди. Эсимда, ОК-2019дан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида ёши катта журналистлардан бири Осиё кубогидаги ўйинларимизни қачон ОАВга изоҳлаб, таҳлил қилиб берасиз деб сўраганди. Ўшанда у тайинли жавоб бермаган. Гўёки, таҳлил қилиш учун йиллар кетиши мумкинлигини айтиб бир кинони 6-7 марталаб кўриши мумкинлигини, ҳар кўрганда янги ниманидир олишини айтгандек бўлганди. Германия терма жамоаси ЖЧ-2018да шарманда бўлди. Кўпчиликда Лёвнинг кетадиган пайти келдиёв деган фикрлар пайдо бўлди. Аммо, Йоахим мамлакатдаги барча ОАВ вакиллари қаршисида юзма-юз тўғридан-тўғри эфирда матбуот анжуманида иштирок этди. Адашмасам 3 соатдан ҳам кўпроқ давом этган ўша анжуманда немислар устози кимларни нега олгани ва олмагани, нима қилмоқчи бўлгани-ю, нималар ўхшамагани ҳақида тўлиқ изоҳ берганди. Кетидан бу вазиятдан чиқиб кетиш учун келажакда нима қилмоқчилигини ҳам батафсил тушунтириб берганди. Мана мураббий, мана ўз ишига профессионаллик ва бошқаларни ҳурмат қилиш.


Шу ўринда ўзимизнинг футболдан мисол келтираман. 28 августда Суперлига 18-тури доирасида "Андижон" жамоаси "Пахтакор" меҳмони бўлди ва 1:5 ҳисобида имкониятни бой берди. Ўйиндан кейин андижонликлар устози Александр Хомяковга савол берганимда у саволимга кутганимдан ҳам тўлиқроқ жавоб берди. Ўйинни қандай бошлагани, нимани мақсад қилгани, нима ўхшамагани, хуллас бешта гол еган жамоа мураббийи профессионалларча ўйинда рўй берган воқеаларга изоҳлади. Ўша куни Хомяковга бўлган ҳурматим жуда ҳам ошди.


"Андижон" бош мураббийи "Пахтакор"га қарши ўйин учун режани айтиб берди


Купернинг ўз ишига бўлган муносабатида шубҳа пайдо бўлди. Бир неча кун олдин Фаластинга имкониятни бой бердик. Ҳамма учун бирдек аламли мағлубият бўлди. Биз Фаластиндан туриб имкон қадар терма жамоамизнинг юриш-туришини жонли ёритиб боришга ҳаракат қилдик. Ўйиндан бир кун олдин терма жамоамизнинг бир куни деган саҳифа очиб кун давомидаги барча воқеаларни жонли ёритиб бордик. Менимча, ўша ғоя кўпчилик ўқувчиларга манзур бўлди. Ўша бир кун олдинги саҳифада фаластинликларнинг гапларини ҳам бериб турдик.

Ўзбекистон терма жамоасининг Фаластинга қарши ўйиндан олдинги бир куни


Маҳаллий журналистлар Одай Даббаҳ деган ҳужумчи ва жамоа сардори Абдуллатиф Ал Баҳдари асосий куч эканлигини ва жамоа ўйини айнан шу ўйинчига боғлиқлигини айтишганди. Якунда ҳам шундай бўлиб чиқди. Даббаҳ гол урган бўлса, Баҳдари Шомуродовга ўйин давомида имкон бермади. Ўйинолди расмий машғулотга борганимизда фаластинликлар бош мураббийи Нуриддин Оулд Али билан суҳбатлашдик. У терма жамоамизнинг ҳар бир футболчиси ҳақида маълумотларни айтди. Хатто, эртаси куни қайдномага ҳам кирмаган Остон Ўрунов ҳақида ҳам билишини, унинг "Навбаҳор"даги ўйинларини ҳам кўрганини айтганида очиғи ҳайрон қолдим. Қойил, рақибни жуда яхши ўрганибди. Бизнинг мураббийлар ҳам рақибларни шундай ўрганишдими? Бирор марта терма жамоа мураббийларидан кимдир рақибларимиз ўйинини стадиондан кўриб келганини эслай олмайман. Рақиблар ўйини уёқда турсин, ички чемпионат ва кубок ўйинларини ҳам тўлиқ кузатишмади. Қандай қилиб Купер билан шартнома тузаётганда унинг ёзда аввалига Африка Миллатлар кубогида эксперт бўлиб ишлаши, кетидан эса таътилга чиқиб кетишига рози бўлинганига ҳозир ҳам тушунолмайман. Қандай қилиб бунга йўл қўйиш мумкин. Ўша ўтган деярли икки ойда мураббийлар Суперлига, Ўзбекистон кубоги ва Лига кубоги доирасидаги ўнлаб учрашувларни ўтказиб юборишди. Фаластинга кетиш олдидан ўтказилган матбуот анжуманида мураббийга жуда кўп ўйинларни ўтказиб юбориб қандай қилиб таркиб танлагани сўрагандим. Унинг жавобини тўлиқ келтираман:

- Бу ҳақиқат. Баъзи ўйинларни ўтказиб юбордим. Яхши савол. Аммо таътил бўлмаганида ҳам ёмон бўлиши мумкин эди. Асосан Лига кубогини ўтказиб юбордим. 3 август куни Ўзбекистонга етиб келганман. ЎФАда битта мураббий ишламайди, олимпия терма жамоаси устозлари бор масалан. Масалан Азизбек Ҳайдаровнинг ўзи ҳам кузатади. Янги Месси пайдо бўлди дейиши мумкин. Мен баҳолайман, аммо бошқа мураббийлар тавсия қилишлари мумкин. Бу нарсанинг Фаластинга қарши ўйинга ҳеч қандай таъсири йўқ. Буни олдиндан баҳолаганмиз. Энг мақбул ойда таътилга чиқдим.

Хулоса ўзингиздан.


Фаластин билан ўйинда биз рақибга нисбатан тайёрланмадик. Шунчаки, ўша эски услубда тўп тепдик. Сунъий майдонда тўп тепишга кўникмаган футболчиларни керакли тактикада ўйната олиш керак эди. Гол ўтказиб юборгач нима қилишни билмай қолдик. Қандай қилиб мураббийда биринчи бўлиб гол ўтказиб юборишга нисбатан тайёр тактика бўлмаса. Бир сафар Одил Аҳмедовни "Extra Time"га таклиф қилгандим. Ўшанда сардоримиз "Шанхай СИПГ"да доимо камида учта тактика бўлишини, яъни жамоа ўйинни доимо битта схемада бошлаши, биринчи бўлиб гол урса иккинчи схемага ўтиши, мабодо биринчи гол ўтказиб юборган тақдирда учинчи тактикага ўтишларини айтганди. Нега бизда бу нарса бўлмаслиги керак?


Купер ўзбек футболига тўғри келмайдиган услубини қўллашдан тўхтамади ва мана терма жамоамиз Фаластиндан ҳам енгилиб юрибди. Терма жамоамиз ўйинида мазмун йўқолиб қолганига анча бўлган. Расмий ўйинларда Осиё кубогида Туркманистонга қарши кечган баҳсдан бошқа бирорта ўйинда биз рақибдан мутлақо устунлик қилиб ҳужумкор, тажовузкор жамоа бўлганимизни эслай олмайман. Шу ўринда, мен кеча ва бугун бор, лекин эртага бўлиши номаълум Куперни эмас ҳар доим биз билан бўладиган футболчиларимизни оқлайман. Бу ҳолатда уларга айбни ағдариб ташлаш тўғри эмас. Чунки, футболчилар мураббийнинг кўрсатмаларини майдонда бажарадиган аскарлар холос. Мураббий ҳимоядан ўйнашни, тўпсиз ҳаракатланишни, ҳужумга ўтганда қанот ҳимоячиларидан бири ҳужумга умуман қўшилмалигини ва орқада қолишини талаб қилмоқдами, демак улар шундай қилишади. Гарчи, бунга кўникмаган бўлсаларда. Футболчиларимиз ҳақида турли аҳмоқона гапларни тарқатиб юрганларга ҳам ўзи инсоф берсин. Сиз бўралаб сўкаётган, турли хунук лақаблар қўйиб ёмонлаб ётган йигитлар ҳам ўзбек оиласининг фарзанди, ҳаммаси мусулмон. Улар ҳам кимнингдир фарзанди, жигари. Уларнинг ёки оила аъзоларининг ўрнига ўзингизни бир қўйиб кўрингчи... Ўзбек футболи учун жуда ва жуда катта ишларни қилган Одил Аҳмедов ҳеч ким бўлмай қолди биргина ўйин билан, кечагина оғиз кўпиртириб мақталаётган Шомуродовга нималар ёзиб ташланмади. Ҳамма нарсада ҳам сал чегара бўлиши керак. Мухлис бўлгандан кейин мағулбиятдан кейин жунбушга келиши аниқ. Лекин, бу футболчиларни истаганча ҳақорат қилиш мумкин дегани эмас. Сиз ўша ўйинчиларни юзма-юз келиб қолганда ҳам сўка оласизми? Бир марта машғулотларга келиб уларнинг қандай шуғулланишини кўринг, балки футболчиларга бўлган муносабатингиз ўзгарар.



Купернинг Ўзбекистондаги саргузаштлари охирлаб қолгандек... Янги саргузаштлар олдидан қандай йўл биз учун маъқул эканлиги ҳақида кейинги мақоламда тўхталишни маъқул кўрдим. Икки хил мавзуни чалкаштириб юборишни хоҳламадим.

Муаллиф : Tolibjon Qosimov
Рейтинг: +85   

Фикрлар

championat.asia
Яндекс.Метрика