МАҚОЛА. Ўзбекистон чемпионати ва “Бунёдкор” тарихидаги илк хорижлик тўпурар, жаҳон чемпиони, "Олтин тўп" соҳиби, харобадан чиққан Ривалдо ҳақида
19 апр 2020 20:35
Новости
МАҚОЛА. Ўзбекистон чемпионати ва “Бунёдкор” тарихидаги илк хорижлик тўпурар, жаҳон чемпиони, "Олтин тўп" соҳиби, харобадан чиққан Ривалдо ҳақида
Дунё юлдузининг туғилган куни муносабати билан унинг фаолияти, ҳаёти ҳақида батафсил тўхталиш истаги туғилди.
ИЛК ҚАДАМЛАР
Ривалдо бундан роппа-роса 48 йил олдин аксарият бразилияликлар қатори камбағал оилада дунёга келди. Футбол унинг учун қашшоқликдан чиқиб кетиш ва одамлар билан танишиш учун ягона имконият ҳисобланарди. Бу борада у ҳатто бир неча маротаба акалари билан баҳслашарди, уларга футболчи бўлиш истаги борлигини тушунтиришга ҳаракат қиларди. Бироқ, ширин орзулар оғушида юрган боланинг ниятларини оиласидагилар ҳомҳаёл сифатида қабул қилишади.
Футболчи 16 ёшга тўлганида отаси Ромильдо вафот этади. Отасининг ўлимидан икки йил ўтиб аниқроғи, 18 ёшида ўзининг биринчи профессионал шартномасини имзолади. Аммо, у дастлабки клуби бўлмиш “Санта Круз”даги фаолияти узоқ давом этмади ва тез орада “Можимирим” жамоасининг аъзосига айланди. Айтиш мумкинки, бу икки жамоа ҳам Бразилиянинг С сериясида қатнашарди. Босқичма-босқич иқтидорини намоён қилиб, ўсиб бораётган иқтидор юқори даражадаги клубларнинг скаутларининг эътиборига тушади. Бу Ривалдонинг ҳаётидаги унутилмас воқеа сифатида хотирасига муҳрланиб қолди. Боиси, унинг учун катта футбол ва Европа эшиклари очилаётганди. Жисмонан заифлик ва тезкор дриблинг ўша пайтда кўплаб бразилиялик футболчиларга ҳос ҳислат саналарди. Ривалдо ҳам бундан мустасно эмасди.
1993-1994 йилларда “Коринтианс”даги ўйинлари уни мамлакатда тезда танилишига олиб келди. Тез фурсатда клубда ўз ўрнини топган футболчи мураббийларнинг қистови билан позициясини ўзгартиришга мажбур бўлди. Аслида таянч ярим ҳимоячи бўлган иқтидорни ҳужумчи ортига жойлаштиришди. “Можимирим” ижарада тўп тепаётган футболчисини сотишни истамади. Унинг учун ўша пайтда катта сумма ҳисобланган 4 миллион доллар таклиф қилишган. Якунда Ривалдо “Палмейрас”га кўчиб ўтади ва ажойиб икки йилни ўтказади. У мазкур клуб сафида 104та учрашувда майдонга тушиб 50дан ортиқ голларга муаллифлик қилади. Жамоаси билан мамликат чемпионлигини қўлга киритади ҳамда икки мартадан Америка кубоги ва Бразилия кубоги финалигача етиб боришида катта ҳисса қўшди. Клуб молиявий қийинчиликлар гирдобига тушиб қолгач Ривалдони мўмайгина пулга Испаниянинг “Депортиво Ла Коруня”га трансфер қилади ва ўз ҳолатини яхшилаб олади.
ЕВРОПА
Янги қитъага йўл олган футболчининг мослашиши кутганидан тезроқ кечди. Айтарли муаммоларга йўлиқмади ”Депортиво”да умумий 41та ўйинда қатнашди ва 21та гол урди. Чемпионатда 22та жамоа иштирок этишини инобатга олсак, деярли барча жамоаларнинг дарвозабонлари ундан жабр кўришди. Унинг ёрдамида жамоа мавсум якунида “Реал” ва “Барса”дан сўнг учинчи ўринни эгаллади. Шу йили у Раул билан биргаликда тўпурар бўлишди. Бразилиялик тўп тепарнинг Испаниядаги ажойиб стартидан сўнг уни “Барселона” рекорд нарҳ 18 миллион еврога сотиб олди. Ўша йилларда каталонияликлар билан бир қаторда Ривалдо ҳам фаолиятининг чўққисига кўтарилди. Португалиялик Фигу билан ажойиб тандемнинг ҳаракатларига унча мунча жамоалар дош бера олмасди. Ҳикоямиз қаҳрамони ушбу жамоада соф ҳужумчи сифатида ўйнамаган бўлсада, 235та учрашувда 140дан ортиқ голларни ҳисобига ёздирди. 1999 йил ФИФА “Олтин тўп” учун эълон қилган сўровномада биринчи бўлди ва совринга лойиқ деб топилди. У Девид Бекҳэмни ортда қолдиришга эришди. Ривалдо “Барселона”даги энг яхши ўйини 2001 йилга тўғри келади. Луи Ван Гал бошчилигидаги жамоа чемпионатнинг сўнгги турида “Валенсия”га қарши майдонга чиқади. Учрашувнинг аҳамияти шунда эдики, шу куни майдонда Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун жанг кетаётганди. Купер устозлигидаги рақиб жамоани эса дуранг ҳам қониқтирарди. Тенг курашлар остида кетаётган баҳснинг охирги паллаларида Ривалдо “қайчи” усулдаги зарбаси орқали ғалаба тўпини киритди.
Ўйиндан сўнг Эктор Купер: “Ўйинни ўзгартириб юборишга қодир кўплаб футболчиларни кўрганман. Аммо 90 дақиқа ичида уч маротаба уч хил гол урадиган футболчидан зарба қабул қилиб оламиз деб ўйламаган эдим”, деганди.
Маълумотларга қараганда унинг жамоани тарк этишига нидерландиялик Ван Гал билан ўртада юзага келган жанжал сабаб бўлган. Чунки, мураббий марказда кучли ўйин намойиш этадиган шоирдини қанот ярим ҳимоясига қўя бошлаганди. 2002 йилги мундиалдаги ғолибликдан сўнг у бошқа Каталоняга қайтмади. Жаҳон чемпиони сифатида “Милан”га келган Ривалдо бу ерда аввалгидек, ёрқин ўйин кўрсата олмади. Унда барча нарса етарли эди. Махорат, дриблинг, тажриба. Бироқ, булардан самара чиқмади.
Италия чемпионатида ўйнаб кета олмади деган фикрга қўшилмайман. Халқимизда: “Устасига фарқи йўқ деган”,- мақол бежиз айтилмаган. Ривалдодек футболчига қайси лигада ўйнашнинг аҳамияти йўқ эди. Тўғри, у миланликлар билан Чемпионлар Лигасида кубокни боши узра баланд кўтарди. Очиғини айтганда эса бунда унинг ҳиссаси катта бўлмади. Ҳал қилувчи паллаларда у асосий таркибдаги ўрнини йўқотиб қўйди. “Ювентус”га қарши финалда эса Карло Анчелотти унга имконият бермади. Фаолияти тобора пасайиб бораётган футболчи 2003 йилда оҳирги мартта терма жамоага чақирилди. Спорт формасини йўқотган футболчининг кейинги тақдири жамоа алмаштириш билан ўтди. “Крузейро”, “Олимпиакос” ва АЕКда кўплаб голлар урганига қарамасдан аввалги даражасига қайта олмади. Одатда Европада бундай ўйинчиларни деярли чиқитга чиқаришади.
ЎЗБЕКИСТОН
2008 йилнинг иккинчи даврасида Ўзбекистонда шов-шув бошланди. Жаҳон юлдузи Ривалдо “Бунёдкор” билан келишувга эришди. Олий Лигага энди иккинчи мавсумини ўтказаётган жамоа бразилиялик чарм тўп устасининг тажрибасидан унумли фойдаланиш пайида бўлишди. Қари ва ёши катта бўлсада ўзимизнинг маҳаллий ўйинчиларимиздан бир неча маротаба устунлиги сезилиб турарди. Ўша вақтдаги Тошкент дербиларини айтмайсизми ... Вилоятлардаги аншлаглар, стадионларнинг тўлиши ва ҳоказо. 2009 йилда 20та гол билан тўпурарлар пойгасида биринчи бўлган футболчи бир қатор рекордларни ўрнатди. Ўзбекистон чемпионати тарихидаги биринчи хорижлик тўпурар, “Бунёдкор” тарихидаги илк чет эллик тўпурар каби мақомларни олди. Пул билан боғлиқ муаммолардан сўнг жамоани тарк этган Ривалдо Ангола чемпионати ҳавосидан ҳам бир муддат нафас олди. Фаолиятининг сўнги йилларида “Сан-Каетано” ва “Можимирим” учун ўйнади ва футболчиликни якунлади.
ТЕРМА ЖАМОА
Терма жамоадаги дебютини 1993 йилда нишонлаганига қарамасдан Бразилия миллий жамоаси мураббийи Алберто Перрейра уни 1994 йилги Жаҳон чемпионатига йўл олувчи футболчилар рўйҳатига киритмади. Ривалдо ўзидан тўрт ёш кичик бўлган Роналдодан фарқли ўлароқ олтин медалан маҳрум бўлди. Бироқ, орадан тўрт йил ўтгач Франциядаги мундиалда Ривалдо, Роналдо, Бебето триоси терма жамоанинг асосий қуроли бўлиб ҳизмат қилди. Орадан бир йил ўтгач у Бразилия билан Америка Кубогида олтин медалларни қўлга киритади ва термаси жамонинг чемпионлигига муносиб ҳисса қўшади. Бироқ, афсунгарнинг термадаги энг завқли дамлари албатта 2002 йилги Шарқий Осиё мамлакатларида ўтказилган жаҳон чемпионатига тўғри келди. Ривалдо гуруҳ босқичидаги барча ўйинларда гол урди. 1/8 финалда Бельгия терма жамоасига қарши оғир учрашувда ҳисобни очди. Чорак финалда Англия билан учрашувда ҳисобни тенглаштирувчи тўпни киритди. Финалда Роналдонинг немисларга қарши қақшатқич зарбасини барча дарсликларга киритиш мумкин. Бунда сиз қандай қилиб тўпга тегмасдан гол муаллифи бўлишингизга яққол мисолдир. У терма либосида барча расмий мусобақаларда 74та ўйинда қатнашиб, 33та гол урди.
ХОТИМА
Уни илк жамоасида “чап оёқлик ўрдак” деб чақиришганини қизиқарли факт сифатида айтишимиз мумкин. Унинг ўзига хос айёрликлари кўпчиликнинг ёдидан чиқмаган. Юртимиздаги фаолияти давомида ҳам Ривалдо кўпинча турли баҳоналари рўкач қилиб майдонга тушмасликка ҳаракат қилгани ҳақида эшитганмиз. Ҳар бир футболчининг характери турлича бўлади. Буни тушуниш лозим. Нима бўлганда ҳам унинг ўйинларидан ўзбекистонлик мухлислар жонли тарзда баҳраманд бўлишди. Бу эса ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди!
Абдулазиз Искандаров тайёрлади
Комментарии