Хайр "Penalty", сени соғинаман
31 дек 2016 19:00
Новости
Хайр "Penalty", сени соғинаман
2015 йил апрель ойида "Бунёдкор" клубининг уй ўйинларидан бирида журналист қиз билан тасодиф туфайли танишиб қолдим. Жуда ҳам қизиқувчан ва серғайрат қизчанинг исм шарифи Гулшан Саъдуллаева эди. Аслида футболга шунчаки қизиқадиган Гулшан билан бирга лойиҳа қилиш ғояси пайдо бўлди. Ўйлаб-ўйлаб "Penalty" деган номда тўхтадик. Лойиҳа логотипи устида профессионал тарзда ишланмаган эди, оддийгина лого билан ҳам буюк натижаларга эришиш мумкин деб ўйладик холос.
Лойиҳамизнинг илк меҳмони сифатида тажрибали Хайрулла Каримовни танлаб олдик. Бир неча йил футбол ичидаги ҳимоячининг берган энг яхши жавоби қуйидагича эди:
- Ўзингизга ёқмаган тарафингиз қайсилар? Камчиликларингиз... Урушқоқман, деб айта оласизми?
Хайрулла Каримов: - Ўзимга ёқмаган тарафларим кўп. Масалан, ўйин давомида сариқ ёки қизил карточка олсам, тез қизишиб кетаман. Сабаби, шу пайтгача нечта ўйинда иштирок этган бўлсам, ҳеч қачон ҳеч кимга қарши атайин қўполлик ишлатмаганман. Ҳеч кимга атайин жароҳат етказиш учун уринмаганман. Содир бўладиган хатолар ўйинга киришиб кетишим натижасида рўй беради.
“Penalty”. Хайрулла Каримов: “Футболда “Юлдузлик касали” ривожланиб кетди”
"Бунёдкор" стадионидаги суҳбатдан сўнг кўпчилик ёш футболчилардан ҳам интервью олинглар деган мурожаат қилди. Шу боис "Локомотив" стадионига бориб 2015 йил кашфиётлардан бири бўлган Икром Алибоев билан суҳбатлашдик. Ёш бўлишига қарамай теран фикрлаши ва саволларга аниқ-тиниқ жавоб бериши бизни тўғриси хайрон қолдирган эди. Икромнинг энг чиройли жавоби билан танишинг:
- Нима деб ўйлайсиз, мухлислардан ёғиладиган салбий фикрларга футболчи қандай муносабат билдиргани маъқулроқ?
Икром Алибоев: -
Футболчи қачонки мухлис кутганидек ўйин кўрсата олмаса, танқид
қилинади. Шу сабабдан, улар ҳар қандай вазиятга тайёр туриши ва тўғри
танқидни, фикрларни инобатга олиши зарур. Салбий фикрларга жавобан эса
кейинги ўйинларда яхши натижа кўрсатиши керак, деб ҳисоблайман.
“Penalty”. Икром Алибоев: “Абрамов туфайли “Локомотив”да қолдим”
"Олмалиқ" клубида бир неча йиллардан буён ўйнаб келган тажрибали ярим ҳимоячи Зоҳир Пиримов лойиҳамизнинг учинчи меҳмони бўлганди. Футболчи билан қайси бинода суҳбат қилганимизни айтмаймиз, сабаби ушбу бино вакиллари бизга нисбатан ҳурматсизлик қилишган. Шу боис Пиримов билан тоза ҳавода ўша машҳур икки қаватли автобус ёнида эсдалик учун расмга тушган эдик.
- Зоҳир Пиримов матбуотни кузатиб борадими?
- Матбуотни доимий
равишда кузатиб бораман. Иложи бўлса, янгиликлардан бохабар бўлиб туриш
учун интернет сайтлари, газеталар, телевидениядан узоқлашмайман.
Назаримда, сўнги пайтларда спорт журналистикасида хабарлар тезкорлиги
камайгандек. Замон ривожланиб бораяпти, ўз-ўзидан талаб ҳам ортмоқда.
“Penalty”. Зоҳир Пиримов: “Футбол мени ўзгартирди”
"Андижон" ҳужумчиси Лочин Солиев "Penalty"нинг чинакамига илк меҳмони бўлган деб айта оламиз. Сабаби айнан Солиев сайтимиз офисида саволларимизга жавоб берган биринчи футболчи бўлганди.
- Андижонлик мухлисларга таъриф берсангиз...
Лочин Солиев: - Барча вилоятларда мухлислар бор. Барчасини ҳурмат қиламиз. Лекин андижонлик мухлислар жуда жонкуяр, серғайрат... Ўзингиз уларни кўзингиз билан кўрмасангиз, таърифлаш жуда қийин. Уларнинг қўллаб-қувватлаши бизга катта ёрдам беради. Юракдан мухлислик қилишларини сезиб турамиз, фақат ғалаба ва чиройли ўйин кўрсатиш учун интиламиз. Мухлислар жамоанинг 12-ўйинчиси экани рост гап.
“Penalty”. Лочин Солиев: “Чемпионатимиз анча қизиқарли кечмоқда”
Солиевдан сўнг Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеев билан гаплашиш учун "Пахтакор" стадионига йўл олгандик. Ёш ҳужумчи саволларга батафсил ва тўлиқ жавоб берганди. Сергеев бир саволга жуда ҳам куюниб жавоб берганди:
- Сиз жавоб беришни ҳушламайдиган, сизга манзур бўлмайдиган савол қайси?
Игорь Сергеев: - Биласизми, баъзида менга шундай саволлар беришади: “Нимага бугун юта олмадинглар? Нега гол урамадингиз?” Футболчилар ўзига душман эмас-ку, вазият бўлса гол уради, омад келмаса бир метрдан ҳам гол ура олмайди. Ғалаба қозонишни барча истайди.
“Penalty”: Игорь Сергеев: “Футболдаги ҳиссиётларни ҳеч қандай пул эвазига сотиб олиб бўлмайди”
Сергеев билан интервьюдан сўнг лойиҳамизда бироз узилиш рўй берди. Сабаби мен бир ойлик харбий хизматга бориб келдим. Шу сабабли бу йил олий лига тўпурари бўлган Темурхўжа Абдухолиқов билан 2015 йил июнь ойида суҳбатлашгандик. Футболчи бу йил олий лига тўпурарига айланди. Яъни "Penalty"га келиб ишлари юришиб кетди))) Ҳужумчининг кишини таъсирлантирган жавоби қуйидагича бўлганди:
- Футболга алоқадор бўлмаган амалга оширишни ният қилган қандай орзуингиз бор?
Темурхўжа Абдухолиқов: - Хайрия фонди очиш ниятим бор. Ногирон болаларга ёрдам берадиган фонд бўлади. Насиб қилса бу орзуимни амалга оширишга киришганман.
"Penalty": Темурхўжа Абдухолиқов: “Хайрия фонди очиш ниятим бор”
Абдухолиқовдан сўнг ўша пайт "Шўртан"да ўйнаган ярим ҳимоячиси Ғулом Ҳайдар Ғуломов лойиҳамиз меҳмони бўлганди. Футболчи офисимизга гуллар билан кириб келгани ва уни Гулшанойга совға қилганидан барчамизнинг бошимиз кўкка етганди.
Ғуломовнинг энг қизиқарли жавоби шундай эди:
- Футбол ҳақидаги филмда суратга тушишни таклиф қилишса рози бўлармидингиз?
Ғулом Ҳайдар Ғуломов: - Албатта, рози бўлардим. Фақат режиссёрга кино тўлиқ футбол ҳақида эмас, ҳаётий олиниши борасида таклиф берган бўлардим. Ўзим ҳам тез-тез кино кўриб тураман. Романтикман, ҳинд фильмларини севиб томоша қиламан.
“Penalty”: Ғулом-Ҳайдар Ғуломов: “Футбол туфайли ҳаётда тўғри йўлдан кетяпман”
2011 йил Мексикада ўтган ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати орқали юлдузга айланган Темур Ҳакимовни эслайсиза? Биз юлдузлик касалига дучор бўлганини тан олган ҳужумчи билан "Оқ-тепа" клуби базасига бориб суҳбатлашгандик. Ёзда терлаб-пишиб келган Ҳакимов саволларимизга ярми русча, ярми ўзбекча жавоб берганди. Қувноқ йигит ўзи йўл қўйган хатолардан тўғри хулоса чиқарганини айтганди.
Ҳакимовга блиц-саволлар бергандик:
Қуйидагилардан сиз қила олмайдиганлари қайсилар?
-овқат пишириш
Йўқ
-роликда учиш
Биламан
-автомобил бошқариш
Биламан
-тикиш
Йўқ
-сувда сузиш
Биламан
-шахмат ўйнаш
Йўқ
-дазмол қилиш
Йўқ
-латифа айтиш
Йўқ
-шеър ёзиш,
(кулади) йўқ
-техника тузатиш
Сал-пал биламан
-карра жадвали...
бешгача биламан (кулади) ҳазил
“Penalty”: Тимур Ҳакимов: “Пенальтидан гол уришни ҳам билиш керак”
"Металлург"да ўйнаб ном қозонган Шаҳзодбек Нурматов лойиҳамизнинг меҳмони бўлганидан сўнг оила қурди ва "Бунёдкор" клубига кўчиб ўтди. Яъни лойиҳамиз меҳмони бўлгач шахсий ва профессионал ҳаётда ишлари юришиб кетди))) Ҳужумчи футболдаги ўзи учун энг яхши мураббига таъриф берганди:
- Рустам Мирсодиқовга таъриф беринг. У қандай мураббий, қандай инсон?
Шаҳзодбек Нурматов: - Шахсан мен учун Рустам Мирсодиқов энг яхши мураббийдир! Бу инсон доим биринчи ўринда футболчининг манафаатини ўйлайди. Маош борасида ҳам, шароитларни яратиш борасида ҳам биринчи бизни ўйлайдилар. Ёш болага ҳам, катта ёшдаги футболчиларга ҳам бир хил муносабатда бўладилар. Мағлубиятлардан сўнг жаҳллари чиқади, лекин ҳеч қачон битта футболчини айбдор қилмайдилар. Ҳеч бир футболчини шаънига тегадиган гаплар гапирмайдилар. Ғалабалардан сўнг ҳазиллашиб ҳам турадилар. Ҳазил ҳам меъёрида бўлади.
“Penalty”: Шаҳзодбек Нурматов: “Манчестер Юнайтед” туфайли футболчи бўлганман”
Нурматовдан кейин лойиҳамизда лирик чекиниш қилиб футболчи эмас шахматчидан интервью олишга қарор қилгандик. Бунинг учун Ўзбекистондаги биринчи аёл гройссмейстер Нафиса Мўминовани танлаб олгандик. Гулшан ҳам анчадан буён бу шахматчи билан танишиш истагида юрган экан. "Penalty" баҳона улар танишиб ҳам олишди. Нафиса футбол ва шахмат уйғунлиги ҳақида ўзининг фикрлари билан ўртоқлашган эди. Айтганча "Penalty"да чиққанидан сўнг Нафиса турмушга чиқди ва ҳозир бахтли ҳаёт кечирмоқда.
“Penalty+Шахмат”: Нафиса Мўминова: “Футболда ҳам, шахматда ҳам ақлни ишга солиш керак”
"Нефтчи" футболчиси Мансур Саидовни интервью беришга кўндириш жуда қийин кечганди. ОАВ билан деярли мулоқот қилмайдиган Саидовга ажойиб савол билан мурожаат қилгандик:
Тасаввур қилинг сиз журналистсиз. Сизга қайсидир футболчидан интервью олиш буюрилди. Аксига олиб футболчи сизни рад этди. Сиз бўлса маошсиз қоляпсиз. Қандай йўл тутасиз?
Мансур Саидов: - Бориб илтимос қилардим. Шахсан ўзимдан келиб чиққан ҳолда айтсам, аслида мен деярли интервью бермайман. Сизлар ҳам йўлини топиб мен билан суҳбатлашяпсизлар, мен ҳам бир амаллаб ўша футболчини кўндирган бўлардим (кулади).
“Penalty”: Мансур Саидов: “Умуман пенальти тепмаслигимга жиддий сабаб бор”
Лочин Солиевдан сўнг "Андижон" клубининг яна бир футболчиси лойиҳамиз меҳмонига айланган эди. Тажрибали Расул Раҳмонов камгаплиги боис ўзини бироз ноқулай ҳис қилди, бироқ бироз вақт ўтиб саволларга тўлиқ жавоб беришни бошлади. Раҳмонов футболимизни ёритишдаги камчиликларни айтиб ўтганди:
Айни пайтда спорт журналистикасининг сизга ёқадиган ва ёқмайдиган томонлари қайсилар?
Расул Раҳмонов: - Футболни ёритиб бориш ҳозир янги даражага чиқди, деб айта оламан. Бир неча йил олдин ўйинларнинг натижаларини эртаси куни билардик, ҳозир эса замонавий технологиялар ривожланиши натижасида телефон орқали ўйинларни онлайн кузатиб бориш мумкин. Интернет сайтлари жуда фаоллашиб кетишди. Газеталарни ҳам кузатиб бораман. Телевидение орқали вилоятлардаги ўйинларни ҳам кўпроқ намойиш этиб боришса янада яхши бўларди. Масалан, “Андижон” Навоийда ўйнаса ва уни ТВ орқали бутун Республика томоша қилса яхши эмасми? Яқин орада айнан шундай бўлишига ишонаман.
“Penalty”: Расул Раҳмонов: “Андижон”ни қийин вақтда ташлаб кетгим келмаган”
- Япония терма жамоаси ниманинг эвазига кетма-кет Жаҳон чемпионатларида иштирок этиб келмоқда?
Сато Минори: - Ўзим миллий терма жамоада тўп тепмадим. Шу боисдан ҳам бу саволга сиз истаганчалик тўлиқ жавоб бера олмасам керак. Юртимда болалар футболига эътибор катта. Японияда футбол академияларининг мураббийлари асосан Европада тажриба тўплаб қайтишади, бир омил шу бўлса керак. Айни пайтда “Бунёдкор” академияси ҳам ҳавас қиларлик даражада эканлигини таъкидлаб ўтишим мумкин. Айни пайтда Япония терма жамоасини жуда кучли дея олмайман.
“Penalty”: Сато Минори: “Якисоба, велосипед ва 2002 йилги мундиал ҳақида”
Сато билан август ойида суҳбатлашганимиздан сўнг лойиҳадаги шеригим Гулшан ўқиши туфайли Хитой мамлакатига кетадиган бўлди. Шу боис "Penalty"нинг кейинги тақдири мавҳум бўлиб қолди. Сабаби лойиҳани бир ўзим давом эттиришни истамадим. Хатто лойиҳа ёпилди деган қарорга ҳам келгандик. Бироқ ёрдамга Гулшаннинг опачаси Матлуба Саъдуллаева келди. Матлуба ҳам синглисига ўхшаб тиришқоқ ва дангалчи қизлиги туфайли лойиҳада тезда чиқишиб кетдик.Янги шеригим билан бирга дастлабки меҳмонимиз юртимизда анчадан буён ўйнаб келаётган туркманистонлик Артур Геворкян бўлганди. Тошкентдаги "Гранд Атлас" меҳмонхонаси вакиллари бизга ажойиб шароит яратиб беришганидан хурсанд бўлган эдик.
Геворкян бир йил олдин нималарни орзу қилиши ҳақида айтиб ўтганди. Қувонарлиси қаҳрамонимизнинг нияти ҳолис экан бир йил ўтиб орзуларига эришишди.
- Футболчиликда ҳозирга қадар эришмаган энг асосий учта орзуингиз қайси?
Артур Геворкян: - Чемпионлик, кубок ва ...
- Учинчиси “Олтин тўп”ми?
- (кулади) Ҳа шундай деса ҳам бўлади. Жиддий айтсак шунча йилдан буён Ўзбекистонда ўйнаяпман чемпион бўлиш ва кубок соҳиби бўлиш насиб қилмаган. Бу йил ҳеч бўлмаса биттасини ютиш учун яхши имкониятимиз бор.
“Penalty”: Артур Геворкян: “Пенальти бу лотерея”
"Пахтакор" клубининг етакчисига айланган Жалолиддин Машарипов билан 2015 йил октябрь ойида суҳбатлашган эдик. Футболчи ҳозирга келиб терма жамоа аъзосига айланиб олди. Машариповга ўз кумирига ўзбек тилидаги қайси сўзларни ўргатиши ҳақида савол бергандик:
- Кумирингиз бўлган Неймар билан учрашиб қолсангиз. Унга ўзбек тилидаги қайси учта сўзни ўргатган бўлардингиз?
Жалолиддин Машарипов: - Биринчи навбатда саломлашишни ўргатардим. Раҳмат дейишни ва Ўзбекистон дейишни ўргатардим.
"Penalty": Жалолиддин Машарипов: “Неймарга раҳмат дейишни ўргатардим”
Лойиҳамизнинг навбатдаги меҳмони ўз вақтида Ўзбекистон терма жамоасида, Словакия, Чехия, Хитой клубларида ўйнаган Азиз Ибрагимов бўлганди. Ярим ҳимоячининг жавобларида барибир Европада ўйнаб қайтгани сезилиб турарди. Ибрагимов Хитой чемпионати ҳақида ажойиб маълумотларни айтиб ўтган эди:
- Словакия, Чехия, Хитой. Қайси мамлакатда кўпроқ маош беришади?
Азиз Ибрагимов: - Сўзсиз Хитойда. Хитойда футболга катта пуллар тикилган. Фақат маош борасида эмас, бошқа шароитлар ҳақида ҳам шуни айтишим мумкин. Оддий мисол “Циндао”да бир мавсумда менга 6 жуфт бутса беришганди. Футболкангизнинг кичкина жойи йиртилиб қолган бўлса ҳам клуб маъмури келиб янгисини бериб “Буни кийма клуб обрўсини тушурасан” дейди. Жамоа доим беш юлдузли меҳмонхоналарда яшарди. Футболчилар учун шароитлар ажойиб эди. Хитойда футболга бўлган эътибор ўсиб бормоқда. Оддий дарахтга ҳам меҳр ва эътибор берсангиз бир кун келиб мева беради. Ривалдо каби уйинчилар ўйнаганида Ўзбекистон футболида анча ривожланиш кузатилганини ҳеч кимга исботлаш шарт эмас. Мухлислар ташрифи кўпайганди ва ҳоказо.
Penalty: Азиз Ибрагимов: "Менинг юрагим бошқалариникидан каттароқ"
Лойиҳамизнинг навбатдаги легионер меҳмони "Пахтакор" ҳимоячиси Аднан Ораховац бўлган эди. Черногориялик футболчи мухлислик маданияти ҳақида ўз фикрларини билдирган эди:
- Ўзбекистонлик футбол мухлислари ҳақида нима дея оласиз?
Аднан Ораховац: - Ўзбекистонда мухлислик маданияти жуда кучли экан. Улар ўз севмили футбол клубларини тинмай қўллаб-кувватлаб туришар экан. Аммо ҳеч ҳам чегарадан чиқишмайди. Черногорияда эса деярли ҳар бир баҳс мухлислар ўртасидаги жанжаллар билан тугайди. Бундай бўлиши керак эмас, футбол тинчлик элчиси бўлиши керак. Айнан мухлисларнинг тўполони туфайли Россияга қарши ўйинда Черногорияга техник мағлубият ёзилган.
"Penalty". Аднан Ораховац: "Златан Ибрагимовичнинг автобиографиясини ўқиб тугатдим"
2015 йилдаги энг сўнгги меҳмонимиз "Локомотив" клуби ярим ҳимоячиси Санжар Шоаҳмедов бўлганди. Аслида Санжар билан август ойидаёқ суҳбатлашишимиз керак эди. Бироқ турли сабаблар билан интервью декабрь ойи сўнггида амалга ошганди. Энг қизиқарли савол ҳам Янги йил байрами билан боғлиқ эди:
- Янги йил байрами арафасида қайси кинони мириқиб кўрасиз?
Санжар Шоаҳмедов: - “Уйда ёлғиз” (кулади). Ёшлигимидан маза қилиб томоша қиламан. Ҳар йили Янги йил байрами арафасида шу кинони қўяди. Ўзбек киноларидан эса “Суюнчи” ёқади. Сабаби бу кино деярли футбол ҳақида (кулади).
Penalty. Санжар Шоаҳмедов: “Санжар исмли машҳурлар кам экан”
Бундан роппа-роса 1 йил олдин 2015 йилнинг 31 декабрь оқшомида сайтимизда "Penalty" лойиҳасининг Янги йил видео сони чиққан эди. Бу сонни Хитойда ўқиётган Гулшан Саъдуллаева тайёрлаб ўқувчиларга илинган эди. Сайтимиз ходими Зоир Турсунбоев видеони боплаб монтаж қилганди.
2016 йилдаги илк меҳмонимиз Шаҳбоз Эркинов бўлганди. Кўпчилик футболчилар ўз туғилган кунида футбол ўйнашади. Мен ҳам туғилган кунимда ишлаб Эркинов билан интервью қилгандим. Лойиҳанинг бу сонида қишки таътилни Ўзбекистонда ўтказган Гулшан ҳамроҳлик қилган эди.
Ҳужумчи Эркиновга табиийки ҳужумчилар ҳақида савол бергандик:
- Танқидий савол: Нима учун сўнгги йилларда юртимизда кўп гол урадиган ҳужумчилар камайиб кетди?
Шаҳбоз Эрокинов - Кўп гол урадиган эмас, индивидуал кучли бўлган ҳужумчилар камайиб кетди деган бўлардим. Кўп ўйлайман шу нарсани. Ҳужумчи бўлганим учун ўзимга ҳам оламан. Ҳозирги мураббийларнинг кўпи ҳужумчига "тўпни ўзингда сақлаб қол, ярим ҳимоячига ошир" дейди. Дилшод Нуралиев қўл остида ўйнаганман, бу мураббий истисно. Нуралиев билан ўсмирлар жамоаси сафида Россияда турнирларида қатнашиб келганман. Улар болаларга "имконият борми, рақибни алдаб зарба бер" дердилар. Шу боис ҳам Нуралиев жамоасидан индивидуал кучли футболчилар етишиб чиқади. Клубларда ҳужумчиларга бироз эркинлик бериш керак. Шунда финтлар ҳам, голлар ҳам кўпайса керак.
Penalty: Шаҳбоз Эркинов: "Терма жамоадаги дебютим унутилмас бўлган"
Лойиҳамиз орқали кўплаб футболчилар билан танишиб олганим рост. Бироқ "Penalty" орқали таниқли спорт журналисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, Республика тоифасидаги ҳакам, "Олтин қалам” Миллий мукофоти соҳиби, Халқ таълими аълочиси бўлган Ахбор дода Имомхўжаев билан суҳбатлашганимни ҳеч қачон ёдимдан чиқармайман. Интервью бўлиб ўтганидан бироз вақт ўтиб Ахбор дода 80 ёшни қаршиладилар. Биз аслида лойиҳа баҳонасида уларни туғилган кунлари ва юбилейлари билан қутлаш учун хонадонларига ташриф буюрганимизни айтганимизда севинч кўз ёшларини кўрдик. Ахбор додамизга барчамизнинг бахтимизга соғ бўлишларини ва яна узоқ йиллар давомида ҳаёт кечиришларига тилакдошмиз.
Ахбор Имомхўжаевнинг энг катта орзуси нима эканлиги ҳақидаги саволга шундай жавоб берган эдилар: Мухлисларимизга омад тилайман! Юртимиз иқтидорларга бой. Менинг энг катта орзуим Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатига йўлланма олса-ю, ўша мундиалга кетаётган делегация таркибида Ахбор Имомхўжаев ҳам бўлса...
Penalty: Ахбор Имомхўжаев: "10000 метр баландликда уюштирилган интервью"
Лойиҳамизга навбатдаги меҳмон сифатида ҳужумчи Камолиддин Мурзоевни таклиф қилдик. Мурзоев билан суҳбат Наврўз байрами арафсида бўлиб ўтганди. Футболчи ўзи учун энг ёрқин дамларни ёдга олганди:
- 2009 йилни "Насаф"да бошлгансиз ва ёзда Сколари сизни "Бунёдкор"га чақирган. Юлдузли жамоани ёдга олсак...
Камолиддин Мурзоев: - 2009 йилнинг 1 август санасида давлат имтиҳонига кетаётганимда менга қўнғироқ бўлган. “Бунёдкор” вакиллари Луиз Фелипе Сколари мени жамоада кўришни истаётганини айтишди. Ўйлаб ўтирмай “Жар” стадионига етиб боргандим. Ўша йил имтиҳонларга бора олмаганман, лекин бундан афсус қилмайман. Кейинги йил барибир ўқишга киришга муваффақ бўлгандим. Ўша йилги “Бунёдкор”га фақат ҳавас қилиш мумкин. Таркибда юртимизнинг энг кучли футболчилари бор эди, юлдуз легионерлар ҳам ўйнарди. Ўша дамларни ҳамон ўзгача энтикиш билан эслайман.
Penalty: Камолиддин Мурзоев: “Бунёдкор”нинг таклифи туфайли имтиҳонга бормагандим”
Хабарингиз бор, якунига етаётган йилда футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этиб қайтди. Терма жамоамиз аъзоси Фарҳод Абдумавлонов "Penalty"да чиққан ягона футзалчи бўлиб қолди. Абдумавлоновга терма жамоамиз устози ҳақида савол бергандик:
- Хосе Мария Мендез ҳақида нималар дея оласиз?
Фарҳод Абдумавлонов: - Пулпис билан 2012 йилги Осиё чемпионатидан олдин танишганман. У мураббий ҳам психолог ҳисобланади. Жуда кучли мутахассис дея оламан. Тактик жиҳатдан кучли мураббий. У майда деталларга ҳам эътибор қилади. Сиз кутмаган нарсаларни ҳам ўрганиб чиқади. Ўзбекистоннинг Жаҳон чемпионатига чиқишида Хосе Мария Мендезнинг хиссаси жуда катта бўлди.
Penalty: Фарҳод Абдумавлонов: “Жаҳон чемпионатида Бразилияга қарши ўйнамоқчиман”
Май ойи сўнггида Ўзбекистон терма жамоаси ва "Локомотив" клуби ярим ҳимоячиси, Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси бўлган Сервер Жепаровни "Penalty"га чақирдик. Футболчини "Локомотив" клуби формасида кутиб олганимизда таъсирланган эди. Жепаров ёшлигида қандай қийинчиликлардан ўтгани ҳақида гапириб берганди.
- Кўплаб жаҳон юлдузлари ёшликни қашшоқликда ўтказишган. Сервер Жепаровда қандай бўлган?
Сервер Жепаров: - Менда ҳам шундай. Баъзан уйда музлаткични очганда фақат сариёғ бўларди...Калбасани эса жуда ҳам кам кўрардик. Асосан Собиқ Иттифоқ парчаланишидан олдин шундай бўлган. Оилам шундай даврни бошидан кечирган. Биринчи маошимни "Навбаҳор"дан олганман. Уни дарҳол отамга олиб келиб берганим ёдимда.
Penalty: Сервер Жепаров: "Тошимицу Ёшиданинг бекор қилган пенальтиси ёдимдан чиқмайди"
Шундай қилиб, "Penalty" лойиҳаси орқали 23 нафар қаҳрамон билан суҳбатлар ўтказдик. Мухлисларга баъзи саволлар маъқул келмади, футболчиларнинг баъзи жавоблари ўқувчиларимизнинг ғашига тегди. Лойиҳамизнинг баъзи сонлари ҳақида шундай дейиш ҳам мумкин. Бироқ нима бўлса ҳам "Penalty" бир йилдан ортиқ давомида ўз фаолиятини олиб борди. Бу лойиҳада мен билан бирга иштирок этган Гулшан ҳамда Матлуба ҳақиқий сингилларимга айланишди. Улар билан доим фахрланаман. "Penalty" қаҳрамонларини расмга олиб мухлисларга тақдим этиб борган Толибжон Қосимов, Шаҳбоз Беғамов ҳамда Жасур Аслановга ҳам миннатдорчлик билдираман. Сайтимиз раҳбари Нодирхўжа Юлдашевга лойиҳамизни қўллаб-қувватлагани учун раҳмат айтаман.
2016 йилнинг сўнгги соатларида "Penalty" лойиҳаси фаолиятини якунлагани ҳақида эълон қилишга қарор қилдим. Агар режалар ўзгариб кетмаса 2017 йилда насиб қилса ўқувчиларимизга янги лойиҳалар тақдим этамиз. Янги йил байрами барчага муборак бўлсин!
Нарзулла Сайдуллаев
Комментарии