UZ

Сўнгги янгиликлар

11:59Эшитдик-да! "Локомотив"ни тарк этган футболчига "Нефтчи" ва "Динамо" қизиқмоқда  0 11:42Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Қатарга йўл олган таркиби маълум  1 11:30"Қизилқум" мавсумни Самарқандда бошлайди, "Динамо" ўз уйида тўп тепади  0 11:10Забиҳилло Ўринбоев фаолиятини собиқ жамоаларидан бирида давом эттириши мумкин  5 10:49Расмий хабар: "Сўғдиёна" 32 ёшли нигериялик ҳужумчи билан шартнома тузди  9 10:17«Реал Мадрид» МЮ анча вақтдан бери қизиқаётган футболчи билан шартнома тузмоқчи  3 09:45Игорь Сергеев «Пахтакор»га қайтмоқдами? Ҳужумчининг ўзи бунга жавоб берди  19 09:14«Динамо»нинг яна бир тўпурар футболчиси жамоани тарк этиши мумкин  2 08:40Яқинда шартномасини узайтирган Шомуродов «Рома»ни тарк этишга яқин  11 08:13«Ливерпул»га ПСЖ ҳужумчиси керак  3 07:35Ўтган мавсум «Сўғдиёна»да ўйнаган футболчи янги мавсумни «Қўқон-1912»да давом эттириши мумкин  0 00:42"Манчестер Юнайтед" трансферлар учун 230 млн евро ишлатишга тайёр. Бу пул кимларга сарфланади?  13 00:08Алекс Фергюсон Роналдуни йиғлатгани ҳақида билармидингиз?  8 23:35Деярли барча футболчилари билан хайрлашган "Металлург" черногориялик ҳужумчисини трансферга қўйди  7 22:45"Реал" нимадан норози?  6

“Penalty”. Хайрулла Каримов: “Футболда “Юлдузлик касали” ривожланиб кетди” Янгиликлар

“Penalty”. Хайрулла Каримов: “Футболда “Юлдузлик касали” ривожланиб кетди”

Теглар :  PenaltyГулшан
"Penalty" лойиҳасининг илк меҳмони "Бунёдкор" клубининг тажрибали ҳимоячиси Хайрулла Каримов бўлгани ҳақида хабар берган эдик. “Қалдирғочлар” сардори кескин берилган саволларга ҳимоячиларга хос тарзда хотиржамлик билан жавоб қайтарди.
Нарзулла Сайдуллаев: - Ассалому алайкум Хайрулла ака, “Penalty” лойиҳасининг илк сонида хуш кўрдик. Ҳамоҳанг тарзда, 2000 йил олий лигадаги илк голингизни "Сўғдиёна"га қарши ўйинда пенальтидан ургансиз. Айтингчи, "пенальти" атамасини ким футболга олиб кирганлигини биласизми?
Хайрулла Каримов: - Йўқ, буни билмас эканман (кулади), лекин жавобини айтсангиз, эслаб қоламан.
- Пенальтини ирландиялик Уильям Маккрам ўйлаб топган. Унинг ғояси “death penalty” (“қатл этиш”) деб аталганди. Футбол қоидаларига пенальти 1891 йилда киритилган.



Гулшан Саъдуллаева: - Китоб мутолааси футболчининг ўйин савиясига қанчалик таъсир ўтказади деб ҳисоблайсиз?
- Мутолаанинг таъсири ҳар доим кучли. Футбол ҳам бир санъат. Ишни санъат асари даражасига чиқариш учун ҳам китоб ўқиш, ўрганиш керак. Китоб ўқиган одамнинг хотираси мустаҳкам бўлади. Тан олиш керак, футболчилар орасида китоб ўқийдиганлар жуда кам. Ўзимга келсак, яқинда “Саодат асри қиссалари” китобини ўқиб тугатдим.

Нарзулла: - Тўрақўрғонлик Тўйчивой ака Ибрагимов ҳақида гапириб берсангиз...
- Тўйчивой ака Ибрагимов менинг биринчи мураббийим бўладилар. Футбол оламига кириб келишимда уларнинг ҳиссалари жуда катта. Бу инсоннинг ишга бўлган муносабати, ёшлар билан ишлай олиш маҳорати тенгсиз эди. Футболда энг иқтидорли ёшларни танлаб олиш баъзан қийин кечади. Сабаби, ёшлигида кўпчилик яхши ўйнаши мумкин. Аммо балоғатга етганда кўпчилик болаларнинг ўйинида пасайиш кузатилади. Тўйчивой ака шу нарсани олдиндан кўра биладиган, ўз ишига юракдан ёндошадиган инсон. Бугунги ютуқларим замирида уларнинг меҳнатлари ҳам ётибди. Устозимга қанча миннатдорчилик билдирсам оз.

Гулшан: - Футболдан ташқари қайси ҳунарни эгаллагансиз ёки ўрганишни хоҳлардингиз?
- Футбол ўйнаб юрган ёшлик чоғларимда ҳам мол боқишга, қўй боқишга жуда қизиқардим. Ҳам машғулотга, ҳам фермерчиликка улгурганман. Агар футболчи бўлмаганимда, балки фермер бўлишим мумкин эди.



Нарзулла: - Ўзбекистон термаси сафида 2007 йилги Осиё Кубогида қатнашгансиз. Ўша мусобақани ёдга оламиз. Ташкилотчилик, ўйинлар, жамоадаги муҳит...
- Тўғри айтасиз, тўртта мамлакатда бўлиб ўтган мусобақада иштирок этганмиз. Ўшанда жамоага Рауф Инилеев бош мураббий эди. Шу ўринда катта ишонч билдирганликлари учун уларга раҳмат айтаман. Бу пайтда “Машъал”да тўп тепардим. Терма жамоадаги муҳит аъло даражада эди. Осиё Кубогида гуруҳдан чиқиб, Саудия Арабистонига ютқазиб қўйгандик. Бироқ, ҳеч ким бизни айбламаганди. Сабаби ўйинимиз орқали мухлислар меҳрини қозона олдик. Саудия билан ўйинда, эсласангиз, Шацкихнинг тоза голини ҳакамлар инобатга олишмаганди. Айтиш мумкин, мусобақадан фақат яхши хотиралар, илиқ таассуротлар қолган.

Гулшан: - Жамоадошларингиз сизни жуда киришимли, ҳар қандай давранинг юраги бўла оладиган инсон, дея таърифлашди. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?

- Қайси жамоада ўйнасам ҳам футболчилар ва мураббийлар ўртасидаги боғлиқликни таъминлашга, жамоани жипслаштиришга ҳаракат қилардим. Доимо футболчиларнинг муаммосини ҳал қилишга уринардим. Ўзимнинг муаммоларимдан ҳам олдин бошқаларга ёрдам беришга интиламан. Айниқса, ёшларга кўмак беришда куч ва имкониятимни аямайман. Четдан қараганда жиддий инсон деб таърифлашлари мумкин, лекин гаплашиб кўрган одамларнинг фикрлари ўзгарган.

Нарзулла: - "Навбаҳор", "Машъал", "Насаф", "Бунёдкор"... Ҳар бир клубдаги хотираларни ёдга олиб, ҳар бирига таъриф берсангиз.
- “Навбаҳор” – қадрдон жамоа. Айнан шу жамоада пайтим олий лигада дебют қилганман. “Машъал” – халқаро майдондаги иштирокимга йўл очган жамоа. Муборак клуби сафида Осиё чемпионлар лигасида ўйнаганман. “Насаф” – яна бир олдинга ташланган қадам. “Бунёдкор” эса ҳақиқий қадрдон жамоага айланди. Сабаби, айнан шу клубда ҳамма нарсага эришдим. Ўзбекистон чемпиони бўлдик, кубокни қўлга киритдик, ОЧЛ ярим финалларига етиб бордик. Умуман олганда, фаолиятимда ҳар бир клубнинг ўз ўрни бор.



Гулшан: - Жамоадошларингиздан кимнинг ҳеч кимга ўхшамаган, антиқа ҳислати ҳақида айта оласиз?
- (ўйланиб) Жавлон Иброҳимов... Яхши томонлама айтмоқчиман, баъзан унинг борлигиям билинмайди, йўқлигиям… Жуда ҳам сокин инсон, жаҳли чиққанида ҳам ёки шунга ўхшаш бошқа ҳолатда ҳам ўзини бир маромда ушлай олади. Жавлон ўз ишини астойидил бажарадиган, намунали инсон ва футболчи.  

Нарзулла: - Фаолиятингизда энг муҳим ўрин тутган мураббийлар кимлар?
- Тўйчивой ака Ибрагимов, Виктор Жалилов, Миржалол Қосимов, интернатдаги мураббийларим Владимир Трофимович ва Гурам Григорьевич. Улар қаторига Виктор Кумиковни ҳам қўшиш мумкин.

Гулшан: - Ўзингизга ёқмаган тарафингиз қайсилар? Камчиликларингиз... Урушқоқман, деб айта оласизми?

- Ўзимга ёқмаган тарафларим кўп. Масалан, ўйин давомида сариқ ёки қизил карточка олсам, тез қизишиб кетаман. Сабаби, шу пайтгача нечта ўйинда иштирок этган бўлсам, ҳеч қачон ҳеч кимга қарши атайин қўполлик ишлатмаганман. Ҳеч кимга атайин жароҳат етказиш учун уринмаганман. Содир бўладиган хатолар ўйинга киришиб кетишим натижасида рўй беради.



Урушқоқмасман... Бироз қизиққонлигим бор. Қон билан кирган жон билан чиқади, дейишади. Ўйин вақтида қизишиб кетишим мумкин, лекин ўйин тугаганини билдирувчи ҳуштак чалиниши билан барчасини унутаман. Ўйиндан ташқарида умуман бошқа инсонман.

Нарзулла: - 90-йилларда ўйнаган футболчи сифатида айтингчи, нима учун Ўзбекистон чемпионатида томошабинлар ташрифи камайиб бормоқда?
- Чиройли ўйинлар ўша пайтда ҳам бўлган, ҳозир ҳам бўлмоқда. Мухлисларни стадионларга қайтариш учун бунданда кучлироқ, самаралироқ ўйнашимиз керак. Шу ўринда стадионлар ҳақида ҳам ўз фикримни айтмоқчиман. Ҳозирда ўзимизнинг “Бунёдкор”, “Локомотив”, “Насаф” каби замонавий ва қулай шароитли стадионларни баъзи ривожланган мамлакатларда ҳам тополмайсиз. Масалан, Саудия Арабистони ёки Эроннинг баъзи стадионлардаги кийим алмаштириш хонасига 18 нафар футбочи сиғмай қолган ҳолатлар ҳам бўлган. Биздаги шароитлар улардан анча устун туради. Ҳатто, “Ал Наср” футболчиси билан бўлган бир суҳбатимизда, “Бунёдкор” стадионига гап бўлиши мумкин эмас”, деб кўп бора таъкидлаганди.

Гулшан: - Жамоавий сафар ёки машғулотлардаги қизиқарли ҳолатларни эсга ололасизми?
- “Навбаҳор” сафида ўйнаб юрганимда “Хоразм” меҳмони бўлгандик. Ҳал қилувчи дақиқаларда ҳакам дарвозабонимизга қизил карточка кўрсатди ва пенальти белгилади. Аксига олиб, бошқа ўзгаришлар ҳам қолмаганди. Мураббийимиз Виктор Жалилов, ноилож, Анвар Солиев дарвозага турсин, деган. Бизнинг дарвозада хужумчи Анвар Солиев, рақиб сафида пенальтини Мурод Отажонов амалга оширди. Буни қарангки, Солиев тўпни қайтаришга эришган! Ҳисоб тенг бўлиб турган маҳал Солиев бизни голдан қутқариб қолган. Агар гол бўлганида, балки мағлуб бўлишимиз ҳам мумкин эди. Қизиқарли воқеа ҳам лойиҳа номига мос тушиб қолди (кулади).



Нарзулла: - Интервьюларингиздан бирида Франко Барези ва Паоло Мальдини кумирларим дегансиз. Сизнингча замонавий футболдаги энг кучли ҳимоячилар ким? Ўзингиз билан қайси ҳимоячи яхши тандем бўлган дея оласиз?

- Серхио Рамос - Пепе, Терри – Кэйхилл, Пике – Маскерано жуфтликлари ҳозир кучли тандем ҳисобланади. Ўзимга келсак, Дилявер Ваниев билан кўп бирга ўйнаганмиз: Наманганда ҳам, Муборакда ҳам. Бахтиёр Ашурматов билан тандем бўлганимизда менга осон эди. Сабаби у майдонда ҳақиқий жангчи эди. Ўзини аямай тўпларга ташланарди. Хато қилиб қўйсам,  Ашурматов уни тўғрилашига ишонардим.

Гулшан: - Сизнингча, футболчи учун энг муҳим нарса нима?
- Футболда барқарорлик жуда муҳим. Ҳар бир ўйинда бир маромда ўйин кўрсатиш жуда қийин. Бугун ўйин бўлиб ўтдими, эртасига яна кейинги баҳсга тайёргарликни бошлаш керак экан. Ўзимдан мисол, доим ўйинга 2 кун қолганида ўзимга келиб оламан, деб ўйлардим, бироқ ўйлаганимдек натижа бўлмасди. Бир ҳафтанинг камида 4 кунини ўйинга тайёргарлик учун сарфлаш мақсадга мувофиқ. Учрашувга қадар руҳан тайёргарлик кўриш жуда муҳим. Ўйин бошлангач, сизнинг руҳиятингизни ҳеч қандай услуб билан ўзгартириб бўлмайди. Шунинг учун, ҳар бир футболчи ўйин олдидан ўзини юз фоиз тайёр ҳолатга келтира билиши керак. Шундагина яхши ўйин кўрсатиш мумкин, деб ҳисоблайман.

Нарзулла: - Бу йилдан Сергей Лушанга ёрдам беришни бошладингиз. Жамоада ўйновчи мураббий бўлиб фаолият олиб бораяпсиз. Мураббийлик қанчалик оғир касб экан?

- Ўйновчи мураббий лавозимига тайинлашди. Вазифалар беришди, футболчилар ва мураббийлар штаби ўртасидаги боғловчиман, десам ҳам бўлади. Ҳозирча мураббийлик фаолиятига у қадар киришганим йўқ. Лекин футбол ўйнаш барибир мураббийликдан кўра осонроқ экан. Футболчи бўлсангиз, майдонга тушасиз ўз ишингизни қиласиз, ўзингизга жавоб берасиз холос. Мураббий эса жамоадаги 30 нафар футболчига жавоб беради. Ҳар бир футболчининг характери турлича. Баъзи футболчилар захирада қолиб кетганидан нолийди, хафа бўлади. Лекин майдонга 11 нафар футболчи тушади. Агар мумкин бўлса, мураббий 22 нафар футболчини ҳам тушурарди. Мураббий психолог ҳам бўлиши керак. Шу боис бу касб оғир, жудаям оғир. Айтганимдек, мен ҳали бу соҳага у қадар кириб борганим йўқ. Айни пайтда ўрганяпман.



Гулшан: - Танқидга муносабатингиз қандай?
- Қайсидир одам “Танқид менга ёқади”, деб айтса, ишонмайман. Фаолиятим давомида танқидни ҳам, мақтовни ҳам эшитиб келяпман. Ютсанг осмонга кўтаришади, мағлуб бўлсанг ёмонлашади. Айтишади-ку, муҳаббатдан нафратгача - бир қадам, деб. Нотўғри танқиддан баъзан хафа бўламан, лекин иложи борича эътибор бермасликка ҳаракат қиламан. Ҳаракатдаги инсон хато қилади. Иш бор жойда камчилик бўлади. Шу каби майдонга тушган ҳар қандай футболчи хоҳлайдими, йўқми барибир кичик бўлса-да хатога йўл қўяди, бу табиий ҳол. Шу боис, ўринли танқидни тўғри қабул қилиш керак, деб ҳам ҳисоблайман.

Нарзулла: - Хайрулла Каримов оилада қандай турмуш ўртоқ ва қандай ота?

- (ўйланиб туриб) Ҳар хил ўйинлар бўлади. Мағлубиятлар, ғалабалар, сафарлар... Бундай пайтларда оилам мени доим қўллаб туради. Лекин мағлубиятлардан кейин ғазабимни оилага олиб кирмасликка уринаман. Сабаби, оила – муқаддас. Кайфиятим йўқ бўлса, турмуш ўртоғим ҳам, фарзандларим ҳам қандай йўл тутишни яхши билишади. Узоқ сафарларда кўп бўламиз, шундай ҳолатлар бўладики, бир ҳафтада бир кун уйда бўлишим мумкин. Лекин фарзандларим тарбиясига имкон қадар эътибор қаратаман. Турмуш ўртоғим ҳам бу борада менга ёрдам бериб боради. Шу боис оиламдан миннатдорман.

Гулшан: - Фаолиятингиз давомидаги энг ёрқин хотира.
- “Навбаҳор” ёшлар жамоаси сафида ўйнаб юрганимда Рашид Ғофуров билан суҳбатимиз ёдимда қолган. 1996 йил клуб чемпион бўлган, лекин ўша пайт биз майдонга тушмасдик. Ундан кейин “Навбаҳор”да учинчи, иккинчи ўринларни банд этдик. Лекин чемпион бўла олмадик. Рашид билан фаолиятимиз давомида ҳеч бўлмаса бир марта Ўзбекистон чемпиони бўлсак, армонимиз бўлмасди, дегандик. Яхши ният, ярим мол дейишади, “Бунёдкор”га ўтиб бир эмас 5 карра чемпион бўлдим, кубокни қўлга киритдим, Осиё чемпионлар лигасида ярим финалга қадар етиб бордик... Футболчи учун энг ёрқин хотира – чемпион бўлиш. Соврин олиш, мухлисларнинг қувончи... Буларни оддий сўз билан таърифлаб бўлмайди.



Нарзулла: - Аёллар ва футбол. Бунга қандай қарайсиз?
- Футбол миллионлар ўйини. Футбол сўнгги йилларда янада кучаймоқда, оммалашмоқда. “Фенербахче” клубининг уй стадионига мухлислар киришини таъқиқлаб қўйишганди. Ўшанда 50 минг нафар аёллар ва болалар келиб клубни қўллаб туришганди. Бизда ҳам яқин йилларда шундай бўлишига ишонаман. Бунга ижобий қарайман, ҳеч қандай қаршилигим йўқ.

Гулшан: - Футболда “Юлдузлик касали”нинг симптомларини санаб бероласизми?
- Футболда “Юлдузлик касали” ҳозир ривожланиб кетди. Биз футболга кириб келган даврларимиз “Навбаҳор”да Фарҳод Магаметов, Геннадий Денисов, Саид Турсунов, Олег Шацких, Илҳом Шарипов... терма жамоадаги деярли барча футболчилар “Навбаҳор”да фаолият олиб борарди. 15 ёшлигимизда Анвар Солиев, Аъзам Ҳафизов ва мени интернатдан “Навбаҳор”га олиб келишганди. Ўшанда бу ўйинчиларга кумир, юлдуздек қарардик. Айни пайтда Ўзбекистонда талантли болалар жудаям кўп. Аммо уларнинг кўпи ярқ этиб, яна йўқолиб қоляпти. Муаммо шундаки, битта-иккита ўйинда майдонга тушиб, ўзини “юлдуз”,  деб ўйламоқда. Хорижда 17-18 ёшли футболчи яхши ўйнаса, оддий ҳолат деб қаралади. Бизда эса сал яхши натижа кўрсатса, матбуот ошириб мақтайди. Бу балки яхшидир лекин ёш футболчи ҳар доим ҳам буни тўғри қабул қилмаяпти. Мен юлдуз бўлдим, тенгсизман, деб ўйлаб, ўйнашдан, ўз устида ишлашдан тўхтайди. “Юлдузлик касали”га чалиндими, қайтиб тузалиши оғир кечади. Юлдуз ким? Месси юлдуз, Роналду юлдуз. Улар етарлича ютуққа эришган, асосийси, бунга лойиқ эканлигини исботлай олган. Ёшларга маслаҳатим, одамлар сен ҳақингда гапираяптими, матбуот сени тинмай ёритиб бораяптими, демак, сен янада кучлироқ бўлишга ҳаракат қил, футбол ўйнашда давом эт, ана шунда бутун жаҳон сен ҳақингда гапиради!

Гулшан: - Ҳимоядан бошқа яна қайси чизиқда ўйнашни истардингиз?
- Тўғриси ёшлигимдан ҳимояда ўйнаб келаяпман, фаолиятим давомида фақат шу чизиқда ўйнаганман. Тўғри, гол уриш ҳар доим ёқимли, лекин ҳимоячи бўлганимдан нолимайман. Ҳужумдан кўра ҳимояда ўйнаш қийинроқ. Сабаби, ҳужумчи бир нечта вазиятда ҳам гол ура олмаса кейингисида, албатта, уради деб кутишади. Лекин ҳимояда битта хато қилсангиз барчага кўринади. Шу боис ҳам ҳимоячини кўп танқид қилишади. Ҳимоячи бўлиш жуда маъсулиятли. Ҳимояга содиқман.

Нарзулла: - Сўнги савол: Ёдингизда қолган энг машҳур пенальти ёки пенальтилар серияси.
- Пенальти деганда дарҳол кўз олдимга 1994 йилги Жаҳон чемпионати финалидаги Роберто Баджонинг зарбаси келади. Финалда Италия ва Бразилия тўқнаш келганди. Пенальтилар сериясида мусобақанинг энг яхши футболчиси бўлган Баджо гол ура олмаган. Кўпчилик айтадики, пенальтидан гол уриш футболчининг маҳоратига боғлиқ. Лекин бунда омад ҳам жуда катта рол ўйнайди.



Нарзулла: - Лойиҳамиз сўнггида Хайрулла Каримовга “Реал”нинг 2002 йил Европа чемпионлар лигаси финалидаги ва Германия терма жамоасининг 2002 йил Жаҳон чемпионати финалидаги бошланғич таркиблари тақдим этилди. Шу орқали Қаҳрамонимиз футболчиларни қанчалик таний олишига баҳо бердик.
Хайрулла Каримов “Реал”нинг юлдузли таркибини қисқа вақт ичида осонлик билан топа олди. Биргина Иван Элгейрага келганда паузага дуч келдик. Германиянинг таркиби эса ҳимоячимизни анча ўйлантириб қўйди.

Гулшан: - Ижодий жамоамиз билан учрашув жойига етиб келгинимизда аллақачон бизни кутиб ўтирган Хайрулла Каримовни кўриб, суҳбат аввалиданоқ улар ҳақида “маъсулиятли шахс”, деган фикр уйғонди. Зоҳиран жиддий қиёфада намоён бўлса-да, табиатан очиқкўнгил, дилкаш ва самимий инсон билан бўлган суҳбатимиз давомида фикрларимиз ўз тасдиғини топди. Уларнинг нақадар кенг мулоҳазали ва гўзал дунёқарашли инсон эканликларига яна бир бор амин бўлдик. 


Фото: Толибжон Қосимов
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
Яндекс.Метрика