UZ

Сўнгги янгиликлар

11:10Забиҳилло Ўринбоев фаолиятини собиқ жамоаларидан бирида давом эттириши мумкин  0 10:49Расмий хабар: "Сўғдиёна" 32 ёшли швециялик ҳужумчи билан шартнома тузди  5 10:17«Реал Мадрид» МЮ анча вақтдан бери қизиқаётган футболчи билан шартнома тузмоқчи  3 09:45Игорь Сергеев «Пахтакор»га қайтмоқдами? Ҳужумчининг ўзи бунга жавоб берди  16 09:14«Динамо»нинг яна бир тўпурар футболчиси жамоани тарк этиши мумкин  2 08:40Яқинда шартномасини узайтирган Шомуродов «Рома»ни тарк этишга яқин  9 08:13«Ливерпул»га ПСЖ ҳужумчиси керак  3 07:35Ўтган мавсум «Сўғдиёна»да ўйнаган футболчи янги мавсумни «Қўқон-1912»да давом эттириши мумкин  0 00:42"Манчестер Юнайтед" трансферлар учун 230 млн евро ишлатишга тайёр. Бу пул кимларга сарфланади?  13 00:08Алекс Фергюсон Роналдуни йиғлатгани ҳақида билармидингиз?  8 23:35Деярли барча футболчилари билан хайрлашган "Металлург" черногориялик ҳужумчисини трансферга қўйди  7 22:45"Реал" нимадан норози?  6 22:15Энцо Мареска: "Манчестер Сити" соврин учун курашга қайтади"  0 21:41Расман: "Навбаҳор" собиқ футболчисини ортга қайтарди  2 21:28"Goal" АПЛда йилнинг энг яхши трансферлари рейтингини тузди  1

“Penalty”. Зоҳир Пиримов: “Футбол мени ўзгартирди” Янгиликлар

“Penalty”. Зоҳир Пиримов: “Футбол мени ўзгартирди”

“Penalty” лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони “Олмалиқ” клуби ярим ҳимоячиси Зоҳир Пиримов бўлди.
Бир неча йиллардан буён жамоага содиқ бўлиб фаолият олиб бораётган ярим ҳимоячининг яхши суҳбатдош эканини айтишганди. “Penalty” давомида бунга ўзимиз ҳам амин бўлдик.

Гулшан: - Аслида, Зоҳир Пиримов билан даблдеккерда сайр қилиб, суҳбат қуриш керак эди. Бироқ автобусдаги узоқ саёҳат мазамни қочиришини сезиб, бу фикрни қўлламадим. Шеригимнинг режаларини ўзгартириб юборганим соз бўлмади, албатта. Ноилож суҳбатимиз учун футболчимиз ва “Олмалиқ” клуби жойлашган “Ўзбекистон” меҳмонхонасини танладик.

Гулшан: 1.Сиз туғилган жой, мактаб, дўстлар ҳақида...
- Мен Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилганман. Ўша ердаги 6 мактабда таҳсил олганман. 5 синфдан Самарқанд футбол-мактаб интернатига ўқишга ўтганман. Бу мактабда 3 йил ўқиб, сўнг Чиғатойдаги футбол  мактабига ўтдим. Яқинларим кичкиналигимда жудаям шўх, ўйинқароқ бола бўлганлигимни айтишади. Лекин йиллар ўтиб, табиатимда ўзгаришлар бўлди, ҳозир менга оғир-босиқ инсонлигимни кўп айтишади. Футбол мени ўзгартирди.



Нарзулла: 1.Болаликни эсладик. Футболга қандай кириб келгансиз?

- Дадам футболга жуда қизиқадилар. Футболчи бўла олмаганликлари учун мени ўзлари билан ўйинларга олиб борар эдилар. Ёшлигимдан шу муҳитда нафас ола бошлаганим учун бу спорт турига қизиқиб қолганман. Футболдаги биринчи устозим Эркин Аккузиев бўлган. Чиғатойда Геннадий Денисов қўл остида шуғулланганман.  

Гулшан: 2. Характерингизга неччи баҳо қўйган бўлардингиз?
- Менимча бунга атрофдаги инсонлар баҳо бергани маъқулроқ (кулади). Агар барибир жавоб бериш керак бўлса, 4 баҳо қўйган бўлардим. Керакли пайтда киришимли бўлмаслигим мумкин, шунга қарамасдан характеримдан қониқаман.

Нарзулла: 2. 17 ёшингизда "Қизилқум" сафида олий лигада дебют қилгансиз. Мазкур ўйинни эслай оласизми? Ўша мавсум ҳақида фикрларингиз.
- Олий лигада Чиғатойдаги мактабни битириб, “Қизилқум”нинг қишги йиғинларида қатнашганман. 10 нафар футболчи орасида мен ва Достон Абдураҳмоновни жамоада олиб қолишган. Ўшанда Игорь Шквирин иккаламизни ёшлар лигасида қатнаштириб турди. Тезда асосий таркибга киритила бошладим. “Пахтакор”га қарши ўйинда асосий таркибда майдонга тушганим эсимда. Илк голимни Бухоронинг “Вобкент” клубига урганман.

Гулшан: 3. Майдондаги ички ҳолатингизни тасвирлаб бера оласизми?
- Майдонга тушгач, дастлабки 10-15 дақиқада ҳаяжон бўлади. Лекин оёғимга тўп теккан заҳоти ҳаяжон йўқолади. Асосан, биринчи бўлимда қийналаман. Иккинчи бўлимда ўйиним очилиб кетади.  Майдонда қўлимдан келганча ўз ўйинимни кўрсатишга уринаман. Ёшлигимда мухлислар, камералар олдида жуда ҳаяжонланардим. Ҳозир, аксинча, мухлислар менга куч беради.



Нарзулла: 3. 2009 йил Мисрда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида қатнашгансиз. Ўша мундиални ёдга оламиз.
- Кичик мундиални жуда яхши эслайман. Ташкилотчилик у қадар юқори даражада бўлган бўлмаса-да, жамоадаги муҳит ажойиб эди. Сабаби ўша таркибдаги йигитлар бир неча йиллар давомида бирга ўйнаб келишарди.  3 та ўйинда иштирок этганмиз. Мен гуруҳдаги сўнгги турда, Англия билан баҳсда майдонга тушгандим. Биринчи ўйинда Ганани мағлуб этиб, якунда ютқазиб қўйганимиз панд берганди.

Гулшан: 4. Сизга нима совға қилишларини хоҳлардингиз?
- Фарзандларим, яқинларим, ёр-у биродарларим ёнимда бўлса, ўша мен учун катта совға.  Совға олишдан кўра, совға беришни яхши кўраман. Бу борада жуда ҳам эътиборлиман, дея оламан.

Нарзулла: 4. Сиз кўп карточка оладиган футболчилар тоифасига кирмайсиз. 9 йилда олий лигада атиги 12та сариқ ва 1та қизил карточка олгансиз. Ўша ягона четлатишни эслай оласизми?
- Қизил олганимни эслайман. Қайси йилда эканини эслай олмайман. Адашмасам, Валентин Коваленко ҳакамлик қилган Қаршидаги “Насаф” билан баҳсда олгандим. Биринчи бўлимда сариқ карточка олдим, иккинчи бўлимда бу яна такрорланди ва майдонни тарк этдим. Жамоамга панд бериб қўйгандим ўшанда.
Тўғри жавоб: 2011 йил Қарши. "Насаф" - "Олмалиқ" 2:1. Ҳакам: Вадим Агишев. 74-дақиқада иккинчи сариқ олиб четлатилган.



Гулшан: 5. Жамоадошларингиздан кимнинг ҳам салбий ҳам ижобий хусусиятларини айта оласиз?
- (узоқ ўйланиб) Диёр Туропов бошқаларга ўхшамаса керак. Хушчақчақ йигит, ҳазилкашлиги -ижобийлиги. Камчилиги эса, бироз сергапроқ (кулади).

Нарзулла: 5. Зоҳир Пиримов гол уришдан кўра голли пас оширишни яхши кўради дейиш мумкинми?
- Албатта. Машғулотлар вақтида ҳам, улардан кейин ҳам алоҳида, тўпни жарима майдони ичига узатиш устида ишлайман. Тўғриси, гол уришдан кўра голли пас ошириш менга кўпроқ қувонч бағишлайди.

Гулшан: 6. Қайси китобни мутолаа қилиш режангизда бор?
- Тўғриси китоб ўқимаганимга анча бўлди. Фантастик, детектив асарлар кўпроқ ёқади. “Шерлок Холмс” асарини ўқишни ният қилганман.

Нарзулла: 6. Олий лигада ҳозирга қадар 200га яқин ўйин ўтказдингиз ва 15та гол урдингиз. Қайси жамоа дарвозасига энг кўп гол урганингизни биласизми?
- Менимча “Машъал” жамоасига урган бўлсам керак. Олий лигада 3та урганман, кубокда ҳам Муборак клуби дарвозасига тўп киритганман.
Жавоб: “Машъал”га 3та гол урган

Гулшан: 7. Йигит кишига қирқ ҳунар ҳам оз, дейишади. Зоҳиржон Пиримов нималарни қойиллата олади?
- Ҳозирча, футболдан ортаётганим йўқ (кулади). Яқин келажакда шахсий бизнесимни йўлга қўйиш режамда бор. Лекин бу борада ҳали етарлича тажрибага эга эмасман, айни пайтда ўрганяпман.



Нарзулла: 7. "Олмалиқ"да 8 йилдан буён ўйнаб келаяпсиз. Шу вақтга қадар ушбу клубда бирга ўйнаган энг кучли 3 нафар маҳаллий футболчи ва 3 нафар легионер сифатида кимларни кўрсата оласиз?
- Маҳаллий футболчилардан Достон Абдураҳмонов, Санжар Шоаҳмедов ҳамда Зафар Полвонов. Легионерларга келсак, Евгений Гоголь, Дарко Станоевич ва Шакер Зуаги.

Гулшан: 8. Зоҳир Пиримов матбуотни кузатиб борадими?
- Матбуотни доимий равишда кузатиб бораман. Иложи бўлса,  янгиликлардан бохабар бўлиб туриш учун интернет сайтлари, газеталар, телевидениядан узоқлашмайман. Назаримда, сўнги пайтларда спорт журналистикасида хабарлар тезкорлиги камайгандек. Замон ривожланиб бораяпти, ўз-ўзидан талаб ҳам ортмоқда.

Нарзулла: 8. Бу йилги Ўзбекистон чемпионатидаги илк голни сиз урдингиз. 2002 йилги Жаҳон чемпионатида дастлабки голни ким ургани ёдингиздами?
- (ўйланиб)12 ёш бўлган эканман. Бу мундиал Япония ва Жанубий Кореяда бўлган. Илк ўйинда Франция ва Сенегал ўйнаганмиди? Тьери Анрими? (кулади). Эсладим, хуллас Сенегал футболчиси урганди (кулади).
Жавоб: Пап Буба Диоп

Гулшан: 9. Фаолиятингиз давомида кўплаб мамлакатларда бўлгансиз. Сиз учун таассуротларга бой бўлган давлат қайси?
- Буни айтиш бироз мушкул, сабаби шу пайтгача 50дан зиёд давлатларда бўлдим. Уларнинг ҳар бири ўзига ҳос. Шундай давлатларнинг бири, деб Англияни мисол қилишим мумкин . Сабаби шаҳарларни тўлдирган қадимий бинолар ўз хуснини сира йўқотмаган. Шаҳарлар ҳайрон қоларлик даражада тоза ва озода, ўзимни бошқа асрга тушиб қолгандек тасаввур қилганман.  Лондонни бежизга “туманли Альбион” дейишмайди. Қуёшли осмонни тезда булут қоплаб, ёмғир ёғиб юбориши ҳам қизиқ туюлган. Инсон  орзу қилишдан тўхтамайди, Бразилия ва Аргентина мамлакатларига ҳам саёҳат қилишни хоҳлайман.

Нарзулла: 9. Игорь Шквирин фаолиятингизда жуда катта ўрин тутишини биламиз. Ушбу мураббийнинг бошқаларга ўхшамайдиган жиҳатлари борми?
- Бу мураббий ёш футболчиларга ишонишдан қўрқмайди. Натижа муҳим бўлса ҳам Игорь Анатольевич ёшларга бемалол ишонч билдиради. Шу боис, унинг қўл остидан кўплаб кучли футболчилар етишиб чиқмоқда.

Гулшан: 10. Олмалиқ халқи футболни қанчалик севади?
- Олмалиқ халқининг футболга меҳри бўлакча. Олдинги йилларда бу сезилмагандир, лекин айнан шу йилдан бошлаб уларда ўйинимизга бўлган қизиқиш жуда ортди. Мухлислар ташрифи кўпайди, ўйинларда камида 5000 томошабин бизни қўллаб-қувватламоқда. Бунга Олмалиқда янги стадионнинг барпо этилиши ҳам қисман сабаб бўлди, деб ҳисоблайман.



Нарзулла: 10. Ўз амплуангиздаги қайси футболчиларга ўхшашни истайсиз.
- Ўзимиздан катта Жасур Ҳасановда ўрганиш мумкин бўлган жиҳатлар кўп. У қанотда жуда яхши ўйнайди. Жаҳонда эса “Манчестер Юнайтед”да ўйнаган Криштиану Роналдунинг ҳаракатларини кузатардим. Ўша пайтда қанотда ўйнарди, “Реал”да эса ҳужумга ўтди. Бундан ташқари Дэвид Бекхэмнинг ҳам ўйинлари ёқарди.

Гулшан: 11. Биздан қандай саволлар кутгандингиз?
- Менимча барча саволлар берилди (кулади). Кенг қамровли суҳбат бўлди, деб ўйлайман. Саволлардан кўнглим тўлди.

Нарзулла: 11. Лойиҳамизнинг одатий саволи: Пенальти деганда биринчи бўлиб ҳаёлингизга қайси зарба ёки серия келади?

- Ўзим “Барселона” мухлисиман. Барселона 2012 йил Европа чемпионлар лигаси ярим финалида Каталония клуби “Челси”га қарши ўйнаган. Ўшанда Лионель Месси Петр Чех дарвозасига пенальтидан гол ура олмаганди ва якунда 2:2 ҳисоби Лондон клубини финалга олиб чиққанди. Табиийки, ўша пенальти менга қаттиқ таъсир қилган. Севимли жамоам финалга чиқа олмаган. Ўзим ҳам пенальтилар сериясида қатнашганман. Дубайдаги ўртоқлик мусобақаси ярим финалида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси сафида Донецкнинг “Шахтёр” клубига қарши баҳсда ҳал қилувчи пенальтини аниқ амалга оширгандим.

Савол-жавоблар тугагач футболчига “Барселона” ҳамда “Реал” жамоалари таркиблари намойиш этилди. Зоҳир Пиримов Жаҳон футболини анчайин яхши кузатиб боришини исботлаб берди.

Гулшан Саъдуллаева ҳамда Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашди
Фото: Толибжон Қосимов
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
Яндекс.Метрика