Penalty: Жалолиддин Машарипов: “Неймарга раҳмат дейишни ўргатардим”
01 окт 2015 11:29
Янгиликлар
Penalty: Жалолиддин Машарипов: “Неймарга раҳмат дейишни ўргатардим”
“Пахтакор” клуби ярим ҳимоячиси қай тариқа футболга кириб келгани, Туркиядаги мундиалга жароҳати билан боргани, қайси футболчига ҳавас қилиши, энг кучли рақиблари ва мураббийлар ҳақида гапириб берди.
Матлуба Саъдуллаева: - Ёшлигингиз ҳақида, футболга кириб келишингизга ким сабабчи бўлган? Футболдаги биринчи устозингиз ҳақида гапириб беринг.
- Футболга кириб келишимга акам Жамолиддин Машарипов сабабчи бўлган. Акамнинг ўзи ҳам футболга қатнашарди. Унга қизиқиб мен ҳам футболга қатнай бошлаганман. Биринчи устозим Олимбой Давлетов бўлади. Айнан шу инсон менга футболнинг илк сир асрорларини ўргатган. Менинг футболчи бўлиб етишишимда Олимбой Давлетовнинг хиссаси жуда катта бўлган. Уларга доим миннатдорчилик билдираман.
Нарзулла Сайдуллаев: - "Пахтакор"га келиш тарихи ҳақида гапириб беринг...
- “Хоразм”нинг 12 ёшли футболчилардан иборат жамоаси Жиззахдаги мусобақага боргандик. Ўша мусобақада “Пахтакор” ҳам қатнашганди. “Пахтакор”га қарши ўйинда ўзимизни кўрсатганимиз учундир балки мени ва Жамшид Искандеровни академияга таклиф қилишганди. Шу тариқа “шерлар” сафига келиб қўшилганман.
Матлуба: Жалолиддин Машарипов мактабда қандай ўқиган? Қайси фанларга қизиқиш кучли бўлган?
- Тўғриси мактабда яхши ўқимаганман. Кўпинча футбол ўйнаш учун дарслардан қочардим. Ўқитувчилардан кўп дакки эшитардим. Энг севимли фан жисмоний тарбия бўлган...
Нарзулла: - 1993 йилда туғилган футболчилар авлоди ҳақида нима дея оласиз?
- Аввало 1993 йилда туғилган футболчиларнинг кучли бўлиб шаклланишига Ким Дмитрий Макарович сабабчи бўлган. У тартибни жуда ҳам ўз жойига қўярди. Шахсан ўзи барча вилоятларга бориб футболчиларни кўриб академияга таклиф қилган ва уларни бир ерга жамлаганди. Владимир Козак, Жамшид Искандеров, Игорь Сергеев, Абдул Азиз Юсупов, Жалолиддин Саидов, Сергей Рекун, Максимилиан Фомин, Баҳодир Мирзараҳимов ва яна бир қатор футболчилар мана шу мураббий қўл остида тарбияланиб профессионал футболга қадам қўйишган.
Матлуба: - Хоразмда футболга бўлган эътибор ҳусусида нима дейя оласиз. Бу вилоятдан олий лигада умуман жамоа йўқ...
- Вилоятда футболни севишади. Биз Хоразмга борганимизда ўзимиз олдин шуғулланган майдонларга борамиз, кўплаб ёшларни кузатамиз. Бироқ молиявий муаммо туфайли жамоаларга эътибор пастроқ. Кучли ҳомийлар “Хоразм”га ёрдам беришса жамоа бемалол олий лигада ўйнай олади. Хоразм халқи олий лига ўйинларини кўришга муносиб.
Нарзулла: - 2013 йил Туркияда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ҳақида. Қандай хотиралар қолган?
- Бу мусобақа мен учун энг катта чемпионат бўлганди. Лекин Туркияда ўзимизнинг бор имкониятимизни намойиш эта олмаганмиз. Йигитлар билан мундиалдан сўнг футболга қарашимиз ўзгарган. У ерда кейинчалик жаҳон юлдузига айланган Погбага қарши ўйнаганмиз. Гуруҳдан чиқишга эришгандик. Грецияни мағлуб этишимизни кўпчилик кутмаганди, лекин биз чорак финалга йўлланма олишга эришгандик. Францияга эса кучимиз етмаган. Ҳозир ўша жамоада ўйнаган футболчиларни кўринг Жаҳон юлдузларига айланиб бўлишди.
Матлуба: - Футболдаги биринчи ойлигингиз қанча бўлган? Уни нимага сарфлагансиз?
- Бу Тошкент шаҳар чемпионатида ўйнаганимизда бўлган. Қайсидир жамоага қарши баҳсда ютқазиб тургандик, мен 2та гол уриб ғалаба келтиргандим. Ўша ўйиндан сўнг устозимиз Дмитрий Ким менга 10000 сўм берганди (кулади). Қувончим ичимга сиғмай кетган. Бу пулларни дадамга олиб бориб берганим ҳамон ёдимда.
Нарзулла: - Ўша мундиалда барча учрашувларда фақат захирадан майдонга тушгансиз. Бунга нима сабаб бўлган деб ўйлайсиз?
- Барча ўйинларда захирадан майдонга тушишимга сабаб мундиалдан олдин Португалиядаги йиғинда жароҳат олганман. Бир йил олдинги Осиё чемпионатига жароҳат туфайли бора олмагандим. Хонамга кириб йиғлаб ўтирганимда бош мураббийимиз Аҳмаджон Мусаев келиб “сен менга кераксан даволанишни бошла худо хоҳласа Туркияга борасан” деб далда берганди. Ҳозирга қадар ўша вазиятни унутмайман. Туркияда кичик жароҳатим билан бўлса ҳам ўйнаганман. Оғриқ қолдирувчи уколлар ёрдамида, оёғимга бинт боғлаб майдонга тушганман. Жаҳон чемпионатига бориш истаги кучлилик қилган.
Матлуба: - Тасаввур қилинг сиз кино режиссёрсиз. Кино олаяпсиз. Қайси футболчини қандай ролга чақирган бўлардингиз?
- Жамшид Искандеровни жиддий ролга таклиф қилардим. У ҳаётда шундай жиддий. Энг яқин дўстим айнан Жамшид. Жасур Ҳакимовни комедияга таклиф қилардим, у одамларни кулдира олади. Сардор Собирхўжаевни романтикада сиқилган йигитлар ролига таклиф қилардим (кулади). Ўзим қайси ролни ўйнай оламан? Қизларни севадиган йигит ролини ижро этиб бера олсам керак (кулади).
Нарзулла: - Олий лигадаги биринчи ўйин ва голни эслай оласизми?
- Биринчи “Пахтакор” сафида кубок доирасида “Гулистон”га қарши ўйнаганман. Олий лигада эса ўтган йил “Андижон” билан баҳсда содир бўлганди. Захирадан майдонга тушгандим. Илк голим ҳам кубок доирасида “Локомотив”га қарши баҳсда бўлган. Қизиғи олий лигада ҳам биринчи голимни “темирйўлчилар” дарвозасига урдим (кулади). Ўша ўйиндан олдин мураббийлар менга сенга битта гол керак, гол урсанг барчаси яхши бўлиб кетади дейишганди. Шукурки гол уриб жамоамга ғалаба келтиргандим.
Матлуба: - Блиц саволларга тез-тез жавоб беришингиз керак бўлади:
- Энг кўп ишлатадиган сўзингиз?
- Билмайман
- Аргентина пойтахти?
- Билмайман
- Ёзми қишми?
- Ёз
- Энг севимли байрам?
- 8 март
- Энг яхши кўрган кино?
- Ҳинд кинолари
- Шоҳруххон ёки Амирхон?
Амирхон
- Дилноза Кубаева ёки Раъно Шодиева
- Раъно Шодиева
- Месси ёки Роналду?
- Месси
Нарзулла: - Хориж футболида қайси футболчининг ўйинларига ҳавас қиласиз? Кумирингиз ким?
- Неймар. Унинг ҳаракатлари менга қади. “Барселона”га ўтганидан кейин эмас “Сантос”да ўйнаб юрганидаёқ уни кузатардим. Қанотдаги тезкор ҳаракатлари, финтлари ўзига жалб қилади. Тўп билан нозик муомала қилади. Неймарнинг ўйинларидан андоза олишга ҳаракат қиламан.
Матлуба: - Борган давлатларнинг қайси биридан қандай таассурот қолган?
- Португалиядаги йиғлаганим ҳамон ёдимда...Яқинда олимпия терма жамоаси сафида Словакияга бордик. У ердан яхши таассуротлар билан қайтдик. Шаҳар жуда ҳам тоза, одамлари ҳам ўзгача. Кулиб гаплашади, бир бирига доим ҳазиллашиб мурожаат қилишар экан. Туркияга ҳам кўп борамиз, у ерда хатто дўстлар ҳам орттирганман (кулади).
Нарзулла: - Осиё чемпионлар лигасида ўйнадингиз. Мусобақадан олган таассуротлар. Рақиблар ҳусусида.
- “Нафт Теҳрон”га қарши баҳсда дебют қилдим. Вазият оғир, Шерзод Каримов қизил карточка олган, ҳисоб 1:1 эди. Бабаян мени майдонга туширишдан олдин “мана Жалол ўзингни кўрсатадиган вақт келди” деб айтганди. Бошида сал ҳаяжонландим, бироқ тезда ўйинга киришиб кетдим ва ғалаба қозондик. Рақиблар орасида “Ал Айн”ни энг кучли деб айта оламан. Ака-ука Абдулраҳмонлар жуда кучли футболчи эканини кўрдим. Бироқ иккала баҳсда ҳам рақибдан қолишмасликка ҳаракат қилдик. Умуман олганда Осиё чемпионлар лигаси савияси йилдан-йилга ўсиб бормоқда.
Матлуба: - Кумирингиз бўлган Неймар билан учрашиб қолсангиз. Унга ўзбек тилидаги қайси учта сўзни ўргатган бўлардингиз?
- Биринчи навбатда саломлашишни ўргатардим. Раҳмат дейишни ва Ўзбекистон дейишни ўргатардим.
Нарзулла: - Биринчи бор қайси Жаҳон чемпионатни томоша қилгансиз? Ўша мундиалдан қандай хотира қолган?
- 2002 йилги мундиалнинг финалини кўрганман. Ўзим Бразилия мухлиси эдим, жамоа финалга чиққанини эшитиб финални кўргандим. Роналдонинг финалдаги соч турмаги ёдингиздами? Ўшанда сочимни худди шундай қилиб олдиргандим. Бразилияни формасини кийиб олиб Бразилияга мухлислик қилгандим.
Матлуба: - Қайси жамоалар ўртасидаги ўйинни стадиондан туриб томоша қилишни орзу қиласиз.
- “Ноу Камп” стадионида “Барселона” ва “Челси” клублари ўртасидаги ўйинни. Англиядан айнан “Челси”нинг ўйини ёқди. Эден Азар, Виллиан каби футболчиларга ҳам ҳавас қиламан.
Нарзулла: - Ўзингиз билан бирга ва ўзингизга қарши ўйнаган энг кучли уч нафар футболчи ким?
- Бирга ўйнаганлар: Жамшид Искандеров, Шерзод Каримов ва Кахи Махарадзе. Ўзимга қарши ўйнаганлар? Поль Погба, Акмал Шораҳмедов, Ислом Тўхтахўжаев.
Матлуба: - Охирги марта қайси китобни ўқидингиз? Газета, журнал ўқиб турасизми?
- Тўғриси китоб ўқимайман. Газеталарни жуда кам ўқийман. Матбуотни асосан интернет орқали кузатиб бораман.
Нарзулла: - Сизнингча жаҳон футболида энг кучли уч нафар мураббий ким?
- Самвел Бабаян. У менинг мураббийим бўлгани учун бундай деганим йўқ. Бабаян жуда кучли психолог! У билан бирга ишлаган барча буни билади. Ҳар бир ўйиндан олдин футболчининг руҳиятини кўтара олади, ҳар қандай рақибга қарши руҳан тайёрлай олади. Гвардиола “Барселона”да тики-така билан футболга янгилик олиб кирган. Айнан ундан кейин кўпчилик “Барселона”га ўхшаб ўйнашга интилмоқда. Моуриньо эса кўплаб соврин ютган. Унинг характери ўзига хос. Ҳар бир матбуот анжуманида ундан янги гап эшитамиз. Лекин яхшилаб эътибор қилсак унинг гапларининг тагида яна бир гап бўлади.
Матлуба: - Бўлажак турмуш ўртоғингиз қандай фазилатларга эга бўлишини хоҳлардингиз?
- Менимча барча ўзбек йигити шундай турмуш ўртоғи бўлишини истайди: Ақлли, яхши ва ёмон кунда далда бериб турадиган, мағлубиятлардан кейин сизни тушуна оладиган қиз учрашини хоҳлайман. Аммо ҳозирги вақтда бор эътиборим футболга қаратилган.
Нарзулла: - Анъанавий савол: Ёдингизда қолган пенальти ёки пенальтилар серияси.
- Жаҳон чемпионатидан олдин Тошкентда Ироқ билан ўртоқлик учрашувини ўтказгандик. Ўшанда пенальтидан гол ура олмагандим. Кейин Испанияда йиғин ташкил этилганида Чилига қарши ўйнаганмиз. Пенальтилар сериясида иккала жамоадан 9 нафардан футболчи тепган. Сўнгги зарбада адашишган ва менга навбат етиб келмаган. Жамоа мағлуб бўлган, лекин пенальти тепмаганимдан хурсанд эдим. Лекин ҳозир пенальти тепиш керак бўлса буни амалга ошира оламан, ўзимга бўлган ишонч қайтган. Жаҳонда эса 2006 йилги мундиал финалида Зиданнинг Буффонга урган голи ёдимга қолган.
Матлуба Саъдуллаева ва Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашди
Фото: Толибжон Қосимов
“Penalty”. Хайрулла Каримов: “Футболда “Юлдузлик касали” ривожланиб кетди”
“Penalty”. Икром Алибоев: “Абрамов туфайли “Локомотив”да қолдим”
“Penalty”. Зоҳир Пиримов: “Футбол мени ўзгартирди”
“Penalty”. Лочин Солиев: “Чемпионатимиз анча қизиқарли кечмоқда”
“Penalty”: Игорь Сергеев: “Футболдаги ҳиссиётларни ҳеч қандай пул эвазига сотиб олиб бўлмайди”
"Penalty": Темурхўжа Абдухолиқов: “Хайрия фонди очиш ниятим бор”
“Penalty”: Ғулом-Ҳайдар Ғуломов: “Футбол туфайли ҳаётда тўғри йўлдан кетяпман”
“Penalty”: Тимур Ҳакимов: “Пенальтидан гол уришни ҳам билиш керак”
“Penalty”: Шаҳзодбек Нурматов: “Манчестер Юнайтед” туфайли футболчи бўлганман”
“Penalty+Шахмат”: Нафиса Мўминова: “Футболда ҳам, шахматда ҳам ақлни ишга солиш керак”
“Penalty”: Мансур Саидов: “Умуман пенальти тепмаслигимга жиддий сабаб бор”
“Penalty”: Расул Раҳмонов: “Андижон”ни қийин вақтда ташлаб кетгим келмаган”
“Penalty”: Сато Минори: “Якисоба, велосипед ва 2002 йилги мундиал ҳақида”
Фикрлар