RU

Последние новости

01:21МЮ янги устози: "Манчестер Сити" - дунёнинг энг яхши жамоаси, Гвардиола эса энг яхши мураббий"  0 01:01ЭЛИТ ОЧЛ. Неймар яна жароҳат олди, "Ал Ҳилол" йирик ғалабага эришди  5 00:06Мората ижтимоий тармоқлар ҳақида: "Родри қолганлардан хотиржамроқ"  0 23:09Фирмино ва Махрезнинг голлари туфайли "Ал Аҳли" йирик ғалабани тантана қилди  0 23:04Элит ОЧЛ. Остон Ўрунов жамоаси дурангга рози бўлди  4 22:42Эшитдик-да! "Пахтакор"нинг Эрон клубига қарши ўйини Тожикистонда ўтиши мумкин  6 22:13"Арсенал"ни тарк этаётган Эду Гаспар бирданига 3та клубни бошқаради ва маоши 3 баравар ошади  1 21:35"Ал-Райян" бош мураббийи: "Дастлабки турларда Саудия "гранд"ларига қарши ўйнадик. Икки жамоа учун ҳам очколар жуда-жуда зарур"  3 21:17Аморим "Манчестер Сити"га қарши баҳс ҳақида: "Агар "Спортинг" ютса кимлардир МЮга янги Фергюсон келяпти дейди"  3 19:52Бруну Фернандеш: "Тен Хагдан кечирим сўрадим"  5 19:211 ой олдин "Насаф"га мағлуб бўлган мураббий "Рома"да Шомуродовнинг янги устозига айланиши мумкин  6 18:52МЮ афсонаси: "Манчестер Юнайтед" - мутлақо ўртамиёна жамоа"  1 18:25Дербида кучлар тенг келди ГАЛЕРЕЯ  0 17:5619 ёшли тўпурар ва бошқалар — Суперлигада 23-турнинг энг яхшилари  3 17:30Эшитдик-да! "Металлург" ва "Қизилқум"га таъқиқ қўйилади, "Нефтчи" ва "Навбаҳор" ҳам жазоланиши мумкин  8

Руслан Корян: “Локомотив”ни шахсий муаммоларим сабабли тарк этганман” Новости

Руслан Корян: “Локомотив”ни шахсий муаммоларим сабабли тарк этганман”

Ўтган йилги мавсумнинг биринчи даврасида юртимизда, аниқроғи “Локомотив” жамоасида тўп сурган Руслан Корянни мухлисларимиз яхши эслашса керак.

Ўшанда у 10 та учрашувда майдонга тушиб 2 та гол урганди. Умуман айтганда, Корян ўзидан ёмон таассурот қолдирмаганди. Айни пайтда эса у Россия биринчи дивизионида “СКА-Хабаровск” жамоаси шарафини ҳимоя қиляпти. Очиғини айтганда, Русланни нима сабабдан “Локо”дан кетиб қолгани ҳалигача тушунарсиз. Ваҳоланки, у ёмон легионер эмасди. У билан гаплашадиган гапларимиз тўпланиб қолгани сабабли Корянни излаб топдик.  

- Ўзимни таништиришга рухсат беринг, мен “Футбол Экспресс” газетасининг мухбириман. Газетамиз Ўзбекистонда, Андижонда чоп этилади. Сиз билан суҳбатлашиш ниятида эдик. Аввало ўзингиз ҳақингизда тўхталиб ўтсангиз: қаердансиз, футбол ўйнашни кимдан ўргангансиз?
- Сочида туғилдим, ўша ерда ўқидим ва футбол ўйнашни бошлаганман. Дастлаб болалар жамоасида ўйнадим, кейинчалик улғайгач, катта ёшдаги жамоалар мураббийлари эътиборини тортдим. 


- Яна бир савол: фуқаролигингиз қандай?
- Футбол борасидаги “фуқаролик”ка келсак, арманман. Лекин Россия фуқароси ҳисобланаман.

- Айтингчи, болалигингиздан бошлаб футболчи бўлишни орзу қилганмисиз? Ёки ота-онангиз футбол мактабига олиб боришганми?
- Ота-онам мени футбол мактабига олиб бормаган. Болалигимдаёқ кўчада тўп тепиб юрган пайтимдаёқ келажак ҳаётимни футболсиз тасаввур қила олмасдим.

- Яхши биламиз, ўтган йили Тошкентнинг “Локомотив” жамоасида ўйнагансиз. Сизни клубга ким таклиф қилганди?
- Менга жамоа бош мураббийи Абрамовдан таклиф келган. Уни олганимдан сўнг кўрикка қатнашдим ва мени жамоага қабул этишди.

- Одатда бизнинг ишқибозлар легионерларни ёқтиришади. “Локомотив”да узоқ қолмаганингизни сабаби нимада?
- Гарчи клуб билан тузилган шартномам ўз кучида бўлса-да, “Локомотив”ни тарк этишим учун шахсий маънода сабабларим бўлган. Шунинг учун жамоадан кетишимга тўғри келганди. Ўз навбатида раҳбариятга буни тушунтирдим. Мутасаддилар ҳолатимни ҳис қилдилар ва “Локомотив”да ўйнаганим учун миннатдорчилик билдирган ҳолда хайрлашдилар. Яна қайтараман: кетишимнинг сабаби шахсий муаммоларга боғлиқ бўлган.

- Демак, кетиш ҳақидаги қарор сизнинг ташаббусингиз билан чиққан экан-да?!
- Ҳа.

- Айтингчи, Тошкент шаҳри сизга ёққанми?
- Ҳа, жуда ҳам ёққан. Қолаверса, “Пахтакор”га қарши ўтказилган Суперкубок баҳсини ютганимиз худди кечагидек ёдимда. Юртингиз пойтахти жуда ҳам чиройли, одамлари очиқкўнгил, меҳмондўст. Айниқса, бозорларингиз менга жуда манзур бўлган. “Олой” бозорини айланиб ўзимни жуда бошқача ҳис қилганим ёдимда. Умуман, Тошкент ва Ўзбекистон менга жуда манзур бўлган.

- Ўзбекистон олий лигаси ҳақида нима дея оласиз? Чемпионатимиз савияси, жамоаларимизнинг кучи тўғрисидаги фикрингизни билиш ишқибозларимизга жуда қизиқ туюлган бўларди.
- Чемпионатингиз савияси чакки эмас. Лекин аксарият жамоалар кучлироқ рақибларига нисбатан асосан ҳимоявий тактика асосида тўп сурадилар. Айтишим керакки, шахсий маънода юртингиздаги иссиқ ҳавога кўникишим қийин бўлган. Қолаверса, аксарият майдонларнинг сифати талабга унчалик жавоб бермайди. Умуман, бундай шароитда тўп суриш анча машаққат туғдиради.

- “Локомотив”да бирга тўп сурганлар билан ҳамон алоқани сақлаб келасизми?
- Айтишим керакки, “Локомотив”да мураббийлар ва шерикларим билан муносабатим ёмон эмасди. Лекин улардан бирортаси билан ҳозиргача алоқани деярли сақлаб келмаяпман. Фақат баъзи-баъзида ким биландир гаплашишим мумкин.

- Гарчи юртимизни тарк этган бўлсангиз ҳам миллий чемпионатимиз ва ўзингиз тўп сурган “Локомотив” иштирокидаги ўйинларни кузатиб борасизми?
- Бўлмасам-чи! “Локомотив”нинг Чемпионлар лигасида чорак финалга етиб келганидан хабарим бор. Қитъа миқёсида бу жуда яхши натижа. Дарвоқе, айни чоғда клубни ким бошқаряпти?

- Андрей Микляев...
- Йеличич ҳам борми?

- Ҳа, у ҳам “Локомотив”да ишини давом эттирмоқда.
- Бундан хурсандман.


- Эндиликда сиз тўп сураётган “СКА-Хабаровск”ка устозлик қилаётган Александр Григорьян ўз вақтида “Пахтакор”да ишлаган. Буни биласизми?
- Ҳа, буни ўзи ҳам гапириб берганди.

- “СКА-Хабаровск”даги ўйинларингиз статистикасини кузатар эканмиз, натижалар у қадар қувонарли эмаслигини кўриш мумкин. Бор йўғи битта гол, ўйинларда тез-тез захирадан майдонга тушиш...
- Ҳа, гапингиз рост. Бу мураббийларнинг қарори. Лекин бунинг ўзига яраша сабаблари борлигини унутмаслик керак. Охирги олти ой давомида менда жиддий жароҳат бор эди. Тўғри, иш операция столига ётишгача етиб бормаган. Тез-тез захирадан майдонга тушишимнинг асосий сабаблари ҳам шунда. Аксига олиб ўйинлардан бирида яна жароҳат орттириб олдим.

- Ниҳоят, ўтган турда жамоангиз “Кубань” устидан ғалаба қозонди. Ўша ютуқ билан табриклашга рухсат беринг.
- Ҳа, узоқ кутилган ғалабани қўлга киритдик. Бундан хурсандмиз. Самимий табригингиз учун ташаккур. Футболда ҳар доим ғалаба қозонишнинг иложи бўлмайди. Ҳар қандай клуб бундай жараёндан ўтади. Биласизми, ўйинни ғалаба билан тамомлашимизга яқин келган ҳолатларда дуранг билан кифояланишимизга ҳам тўғри келган. Шунақаси кишига жуда алам қилади.

- Юқорида айтиб ўтганимдек, собиқ клубингиз “Локомотив” Осиё Чемпионлар лигаси чорак финалига етиб келган. Бинобарин, уни ўзингиз ҳам кузатиб келаётганингизни таъкидлаб ўтдингиз. Нима деб ўйлайсиз, “Локомотив” ушбу турнирда финалгача етиб бора оладими?
- Олдиндан бир нарса дейиш қийин. Аммо “Локомотив”га қитъадаги энг нуфузли турнирда иложи борича муваффақиятли қатнашиши тарафдориман. Уларга бу йўлда омад тилаб қоламан.

- Ўзбекистон миллий биринчилигидаги иштирокингизни кўрдик. Тезлигингиз, дриблигингиз ва зарбангиз чакки эмас. Айтингчи, юртимиздаги бошқа етакчи клублар – “Пахтакор”, “Насаф” ва “Бунёдкор”дан сизга қизиқиш бўлганми?
- “Пахтакор”нинг менга қизиқиб қолгани ҳақидаги гаплар қулоғимга чалинганди.

- “СКА-Хабаровск”ка қандай келиб қолгансиз?
- Бу жуда содда кўринишда амалга олшган. Бош мураббий менга таклиф билан чиқди ва уни қабул қилдим.

- Ўзбекистон чемпионати ва Россия биринчи лигаси ўртасидаги фарқни ҳис қилдингизми?
- Ҳа, албатта фарқ бор. Бу ерда биринчи лигада аксарият клубларнинг кучлари тенг. Мамлакатингизда эса асосан тўрт клуб ғолиблик учун кураш олиб боради. Қолганлар эса элитадаги ўрнини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Албатта, биринчи ва олий лига ўртасида фарқ бор. Бу ерда клублар кўпроқ. Шунинг эвазига ўйинлар сони ҳам шунга яраша.  

- Яқинда Францияда бўлиб ўтган Европа чемпионатини кузатдингизми? Сир бўлмаса қайси терма жамоага мухлислик қилдингиз? Ёқтирган футболчингиз борми?
- Ростини айтсам, турнирни кузатиш давомида кўпроқ Португалияга мухлислик қилдим. Якунда айнан ушбу терма жамоа чемпионга айланди. Саволингизнинг иккинчи қисмини эса очиқ қолдиришни афзал кўрган бўлардим.

- Орзуингиз борми?
- Бўлмасамчи! Арманистон терма жамоаси билан ЖЧ саралаш баҳсларида муваффақиятли иштирок этиб финал йўлланмаларидан бирига эга чиқишни истайман. Қолаверса, мундиал ўйинлари мен учун қадрдон ҳисобланадиган Сочида ҳам ўтказилади.

- Фаолиятингиздан қониқиш ҳосил қиляпсизми?
- Йўқ, чунки кутилмаганда олинган жароҳатлар туфайли ўзим истагандек тўп сура олмаган ҳолатларим етарлича учраган. Ҳар қандай ўйинчи каби мен ҳам майдонда имкон қадар кўпроқ тўп суришни истайман. Умумий маънода айтадиган бўлсам, тақдир иноятини борлигича қабул қилишга ҳаракат қиламан.

- Фаолиятингизни тамомлаганингиздан кейин қандай иш билан шуғулланмоқчисиз? Одатда аксарият собиқ футболчилар ўзларини мураббий ролида синашни маъқул кўрадилар. Сиз учун ҳам бундай истак бегона бўлмаса керак.
- Кейинчалик бош мураббий сифатида ишлаш ёки ишламаслигим мумкинлиги борасида ҳозирдан бирор нарса дейишга қийналаман. Лекин шуниси аниқки, бутсаларимни михга илганимдан кейин ҳам футболда қоламан. Ахир шу кунга қадар ҳаётим ушбу ўйин билан боғлиқ бўлиб келмоқда. Ўзимни бошқа соҳада тасаввур қила олмасам керак.


- Агар Ўзбекистон чемпионати иштирокчиларидан биридан таклиф келадиган бўлса, қандай йўл тутасиз?
- Агар муносиб таклиф келса уни бажонидил қабул қилишга тайёрман.

- Ўзбекистонлик ҳакамлар ҳақида нима деган бўлардингиз?
- Ҳакамларнинг савияси юқори. Ўйинларни имкон қадар яхши бошқаришга ҳаракат қилганларига ўзим кўп гувоҳ бўлганман. Муҳими, улар майдонда рақибларнинг муштлашиб кетишларига йўл қўймайдилар.

- Ўзбекистондаги фаолиятингиздан қандай таассуротлар қолган?
- Жуда яхши, ижобий. Юқорида айтиб ўтганимдек, Тошкент ўзининг чиройи билан менда катта таассурот қолдирган.

- Тасаввур қилайлик, агар “СКА-Хабаровск” Ўзбекистон чемпионатида иштирок этганида қандай ўринларга даъвогарлик қилган бўларди?
- Ўйлайманки, биринчи ўринни қўлга киритишга интиларди.

- Яқинда бутун Ўзбекистон ўзининг Мустақиллик кунини нишонлайди. Билсангиз керак, 1 сентябрь куни Ўзбекистон мустақил бўлганига 25 йил тўлади. Ўзбек халқига тилакларингиз бўлса марҳамат..
- Дарҳақиқат, бутун ўзбек халқини яқинлашиб келаётган ажойиб сана – Мустақиллик байрамининг 25 йиллиги билан қизғин қутлаб қоламан. Юртингизга барча жабҳаларда ўсишда давом этишига тилакдошман. Бинобарин, футбол борасида ҳам.

- Суҳбатлашиш учун вақт ажратганингиз учун сизга ҳам ўз миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз. Келгуси фаолиятингизда омад ёр бўлсин.
- Раҳмат. Мен билан боғланганингиз учун ҳам сиздан миннатдорман.


ФИРДАВСХОН  

Рейтинг: +5   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика