"Хонамдаги барча нарсани ерга улоқтирдим, шу онда ҳаммаси тугаши мумкин эди" - Артета "Арсенал"даги илк кунларини эслади

Iskandarov Abdulaziz
9 окт 2026, 10:16
"Арсенал" бош мураббийи Микель Артета Лондон клубидаги фаолиятини бошлаб берган илк кунидаёқ барчасини бой бериб қўйиши мумкин бўлганини тан олди.

“Мен офисдаги бор нарсани — компьютерлар, ноутбуклар ва кабелларни синдириб, ерга сочиб юбордим. Кейин барчани йиғдим.

Уларга шундай дедим: “Қулоқ солинглар, ташкилотдаги ишга муносабат шундай эканини эшитгандим. Мен сизга касбингиздан ва ҳаётдан завқ олишга, севимли ишингиз билан шуғулланишга ҳамда умумий мақсадимиз сари интилишга ёрдам бериш учун келдим. Агар бунда менга ёрдам беришни хоҳласангиз, тартиб ўрнатиш ва биргаликда ишлашга тайёргарлик кўриш учун сизга икки дақиқа вақт бераман”. Шундан сўнг хонадан чиқиб кетдим.

Шу жойда мураббийлик фаолиятим ҳам тугаши мумкин эди, чунки ҳаммаси эскича қолиб кетганида, менда бошқа иш қолмасди!

Орадан икки дақиқа ўтиб қайтиб келдим ва ҳамма ёқ мукаммал тартибга келтирилган эди. Ҳамма жим ўтирар, кўзлари катта-катта очилган ҳолда менга тикилиб, қулоқ солишга тайёр эди. Мен уларга дедим: “Бу ҳали бошланиши. Биз ҳар куни шундай ёндашувга амал қилишимиз керак. Нимага эришишни хоҳламайлик, буни биргаликда қилишимиз шарт. Мен буни бир ўзим эплай олмайман. Муаммомиз жуда чуқур, лекин имкониятлар чексиз”", — дея Артетанинг сўзларидан иқтибос келтиради The Athletic.

Испаниялик мутахассис Лондон клубини 2019 йилнинг декабридан бери бошқариб келмоқда ва 2025/2026 йилги мавсумда жамоани Англия чемпионати ғолиблигига етаклади.

Ўхшаш янгиликлар

Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›