

Марказлашган тарзда ўтаётган плей-офф баҳсларининг эртага чорак финал учрашувлари ўтказилади. Ушбу баҳслардан олдин ЎзПФЛ томонидан U19 чемпионатини ўтказиш учун масъул қилиб тайинланган Қудрат Мадраимовга бир қанча саволлар бердик.
- Йил бошидаёқ плей-офф баҳсларининг Қарши шаҳрида ўтказилиши маълум қилинганди. Нега айнан ушбу вилоят танланди?
- Биз футбол географиясини кенгайтириш ниятидамиз. Худо хоҳласа, кейинги йил плей-офф баҳсларини Водийда ўтказишни ният қилганмиз. Агар режаларда ўзгаришлар бўлмаса, барчасини шу тариқа амалга оширамиз.
- "Бунёдкор" плей-оффга бора олмаслигини қачон маълум қилганди? Бу режаларга қанчалик таъсир қилди?
- "Бунёдкор"нинг плей-оффга бормаслигини бошқа одамлардан анча олдин билгандим. "Бунёдкор"нинг якуний қарорини кутдик. Охири улар плей-оффга бормаслиги борасида хат жўнатишди. Шундан сўнг, "Пахтакор" 11 ноябрь куни учун Қаршига поезд чипталарини 13 ноябрга ўзгартиришларини сўрадим. Умуман олганда, "Бунёдкор"нинг плей-оффга бормаслигини олдиндан билардим.
- Агар сир бўлмаса плей-офф босқичини ўтказиш учун ЎзПФЛ қанча пул ишлатмоқда? Майдоннинг, кўчма телевизион станциянинг ижараси учун қанча тўланади?
- Битта КТСни Тошкентдан олиб кетдик. Шунингдек, КТС билан боғлиқ бўлган 10 нафар одам, 2 нафар шарҳловчини ҳам Қаршига олиб келганмиз. Иккинчи КТС эса "Насаф"ники. Уларга ҳар бир ўйин учун пул тўланади. Лекин бу қанча суммалигини билмайман. Умумий олганда ЎзПФЛ қанча пул ишлатишини аниқ ҳисоблаб чиқмадим. Чунки 15 нафар одамнинг меҳмонхона пули, гонорар пуллари ҳам бор. Майдон учун тўловлар эса ҳар хил: қайсидир майдонларга бир ўйин учун 10 миллион, қайсидир майдонларга эса 8 миллиондан тўланмоқда. Ўртача тўловни 8 миллион десак бўлади. ЎзПФЛ томонидан ташкилий масалалар бўйича Ғузор ва Муборакдаги стадионларга автобуслар ташкиллаштирилган. Биз ижарага олган барча майдонлар ажойиб ҳолатда. Қайд этиш керак, "Лочин" жамоасига тегишли ҚарДУ стадиони яқиндагина фойдаланишга топширилган ва у стадионда ҳали кўп ҳам ўйинлар бўлгани йўқ. Шу ўринда бизга стадионларини тақдим қилган клуб раҳбарлари ва жамоаларга ўз миннатдорлигимни билдираман.
- Бу йилги U19 чемпионатининг ўтказилиши, ўйинлари ҳақида нима дейсиз? Клублар бу лигага қанчалик қизиқишни бошлади?
- Бу йилги ўсиш жуда катта. Айрим клублар шу йилга қадар бу лигага умуман жиддий қарамаганди. "Сўғдиёна" плей-офф босқичига етиб келди. Шунингдек, бу лигага жиддий қарамаган "Нефтчи" айни дамда ғолиблик учун келган. Ўсиш бор, клубларнинг ҳам бу лигага эътибори ошди. Умуман олганда, ёшлар футболига бўлаётган эътибор кучайганини сездим.



