ОЧЛ. "Ал-Иттиҳод"нинг малилик легионери "Пахтакор"га қарши ўйинни ўтказиб юборади

21 ноя 2026, 10:40
Саудия Арабистонининг "Ал-Иттиҳод" клуби ярим ҳимоячиси Мамаду Думбия Осиё Чемпионлар лигаси Элит босқичи 5-туридан ўрин олган "Пахтакор"га қарши учрашувда иштирок эта олмайди.

Саудия Арабистонининг "Arriyadiyah" нашри хабар беришича, 22 ёшли малилик футболчи жароҳатдан тикланиш жараёнининг сўнгги босқичига ўтган. Унинг жамоавий машғулотларга тўлақонли қайтиши учун яна тахминан олти ҳафта керак бўлади.

Думбия ўтган мавсумнинг март ойида Саудия Арабистони кубоги ярим финали доирасида "Ал-Холуд"га қарши кечган учрашувда тиззасининг хочсимон пайи узилиши оқибатида сафдан чиққан эди.

Малилик футболчи 2025 йилнинг ёзида Бельгиянинг "Антверпен" клубидан "Ал-Иттиҳод"га ўтган. У Жидда клуби сафида 24 та учрашувда майдонга тушиб, 2 та гол урган ва 6 та голли узатмани амалга оширган.

Маълумот учун, "Ал-Иттиҳод" Осиё Чемпионлар лигасининг жорий мавсумида тўртта учрашувда 4 очко жамғарган ҳолда Ғарб минтақаси турнир жадвалида 10-ўринни эгаллаб турибди.

"Ал-Иттиҳод" – "Пахтакор" учрашуви 23 ноябрь куни Жидда шаҳридаги "Ал-Инмо" стадионида бўлиб ўтади.

Ўхшаш янгиликлар

Манба: Arriyadiyah