

Осиё футбол конфедерацияси мусобақанинг финал босқичида иштирок этадиган 16 та терма жамоанинг тўлиқ рўйхатини эълон қилди.
Қатарда ўтказилаётган U-17 жаҳон чемпионатида қитъа шарафини ҳимоя қилаётган тўққизта терма жамоа Осиё кубоги йўлланмасини автоматик тарзда қўлга киритган бўлса, қолган еттита жамоа саралаш босқичида ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллади.
U-17 Осиё кубоги-2027 иштирокчилари:
Тўғридан-тўғри йўлланма олганлар: Ўзбекистон, Австралия, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Қатар, Саудия Арабистони, Тожикистон ва Вьетнам.
Саралаш босқичи орқали йўлланма олганлар: Индонезия, Ироқ, Сурия, Эрон, Ҳиндистон, Яман ва Ливан.
Эътиборлиси, Қирғизистон терма жамоаси саралаш босқичининг сўнгги турида Мўғулистонни 2:1 ҳисобида мағлуб этганига қарамай, тўплар нисбати бўйича Яманга имкониятни бой берди. Сурия эса худди шу кўрсаткич бўйича БААни ортда қолдирди.
Маълумот учун, ўсмирлар ўртасидаги Осиё кубогининг финал босқичи 2027 йилнинг 13–29 май кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтади.



