Сэр Алекс Фергюсон (Автобиография). 9-боб (1-қисм)
31 jan 2014 16:21
News
Сэр Алекс Фергюсон (Автобиография). 9-боб (1-қисм)
Афсонавий мураббийнинг автобиографик китобининг ўзбекча таржимасини беришда давом этамиз. Бугун 9-бобнинг биринчи қисми мухлисларимизга тақдим этилади.
“Рой Киннинг устимизга сочган заҳридан сўнг у билан хайрлашишга қарор қилдик”.Рой Кин куч-ғайратга тўла, тетик, ўйин стратегиясини яхши тушунадиган ва тезда жаҳли чиқадиган ўйинчи эди. Бирга ишлаган давримизда, у жамоадаги бошқа футболчиларга гапи ўтадиган энг нуфузли шахс эди. Шунинг учун баъзида ўйиндан олдин жамоани руҳлантириш бўйича ечиниш хонасида уюштириладиган суҳбатларни унинг ўзи олиб борарди. Руҳлантириш жараёни юқори даражада ўтарди. Ҳеч бир мураббий буни рад эта олмаса керак.
ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ
РОЙ КИН
Шундай бўлишига қарамай Киннинг “Юнайтед”дан кетишидан олдин алоқаларга совуқчилик тушиб бўлганди. Нега орамизга совуқчилик тушганини ва у “Селтик”га ўтиб кетганини биламан. Лекин бундан аввал Ройнинг жамоада нима сабабдан катта нуфузга эришгани хусусида тўхталиб ўтмоқчиман.
Агар Рой енгил-елпи иш қилаётганингизни билиб қолса у сизни бўлакларга бўлиб ташлаши аниқ эди. Куп ўйинчилар унинг ғазабига дучор бўлишган. Ундан қочиб қутилишнинг иложи йўқ эди. Ройнинг ушбу хусусияти менга жуда ёқарди, метин иродали ўйинчилар эса ҳар доим жамоани бошқаришда менга ёрдам беришган. Брайан Робсон, Стив Брюс, Эрик Кантона каби ўйинчилар мураббийнинг истагини жамоада сўзсиз бажарилишини таъминловчи футболчилар эди.
Ҳали футбол ўйнаб юрган пайтларимда мураббийлар кичик жанжалларга бормаслик учун ўйиндан сўнг тушунтириш ишларини камдан-кам олиб боришарди. Чунки ўша пайтда асаблар таранг ҳолатга бўларди. Шу сабабдан ўйинчилар ўзаро хатолар устида тушунтириш ишларини олиб боришарди. Аксарият ҳолларда бу душ қабул қилиш хонасида бўлиб ўтарди: “Сен шундоқ имкониятдан фойдалана олмадинг-а! Эх сени қараю....” Мен эса ҳимоячилар ва дарвозабонга ўтказиб юборилган гол учун танбеҳ бериш билан овора бўлардим. Уларни қаттиқ сўкмасдим, чунки баъзан ҳужумларни белига тепиб қўйсам, жамоада унчалик ҳам фойдали ўринга эга бўлмаган ўйинчилардан ортиғи билан дакки эшитишим мумкин эдида. Шуннинг учун самимийлик баъзида салбий оқибатларга олиб келиши ҳам мумкин. Ҳозирги кунда мураббийлар ўйиндан сўнг дарров тушунтириш ишларини олиб боришади. Агар мураббий маълум бир вазиятни таҳлил қилмоқчи бўлса, бирор бир ўйинчини мақташ ёки аксинча танбеҳ бермоқчи бўлса, бу ишни ўйиндан кейин 10-15 дақиқа ичида амалга оширади. Мазкур муддат ичида олиб борилган тушунтириш ишлари эса энг самарали ҳисобланади.
Рой ичидаги ҳиссиётларини жамоага етказишга уриниши баъзида жиддий жанжалларга ва драмматик ҳолатларга олиб келарди. Бир куни ечиниш хонасига кирганимда Рой ва Руд Ван Нистелройнинг ёқалашаётганига гувоҳ бўлдим. Ўйинчилар эса уларни ажратишга уринаётган эди. Руднинг Кинга қарши чиқа олганини кўриб ҳайратландим, чунки аксарият футболчилар бундай қила олишмасди. Жаҳли чиққан пайтда Рой ўзини ваҳшийларча тутарди ва биринчи навбатда рақибига ҳужум қилишга уринарди.
Рой энди бундай ҳаракатлари билан жамоага таъсир ўтказа олмаслигини тушунгач аста-секин ўзгара борди – фикримча, бу гапимга ҳаттоки Карлуш Кейруш ҳам қўшилса керак. Вақт ўтиши билан ёши ва жароҳатлари Кинга ёмон таъсир кўрсата бошлаганда, ўзимизга фойдалироқ бўлиши учун Ройнинг майдондаги ролини ўзгартиришга уриндик. Масала уни майдоннинг тўрт томонига югуришини ва рақиб дарвозаси томонга қараб ҳар доим ташланишини олдини олиб, маълум бир позицияда ўйнашини таъминлашдан иборат эди. Ўйинчимиз тўпни олган заҳоти Рой ундан тўпни узатишни талаб қиларди. Бундан фақатгина завқланиш мумкин. “Юнайтед”нинг ўйин ғояси ҳам айнан шундан иборат эди. Бирор бир футболчимиз тўпни олиб қўйган вазиятда шериклари ундан тўп узатилишини кутиб шай ҳолатда туришарди. Ёш эса Ройга бундай руҳда ўйнашга йўл қўймаётган эди ва у янгиликка интила олмасди.
Фикримча, Кин вазиятни яхши тушиниб турарди, бироқ буни тан олиш у учун таслим бўлиш билан баробар эди. Рой ишга бор кучини сарфлайдиган ўйинчи эди. Мавсум давомида у жисмонан толиқиб қоладиган ва майдонда ўз вазифаларини тўлиқ бажара олмайдиган бўлиб қолди. Тиззаси ва сон қисмидан олган жароҳатидан сўнг у аввалгидек ўйнай олмади.
Ройнинг майдонда қанчалик куч сарфлашига баҳо бериш қийин эди. Лекин ёшинг ўттиздан ошганда сендаги кайтариб бўлмас ўзгаришларни качон рўй бера бошлаганини илғаб олишинг қийин бўлади. Сенга шон-шуҳрат олиб келган ўйин услубини қандай ўзгартириш мумкин? Бироқ борган сари олдимизда аввалги Рой Кин гавдаланмаётганини яққол кўриб борардик. Охир-оқибат биз уни ўйинни бошқариб туриши учун майдон марказига жойлаштиришга қарор қилдик. Шубҳасиз Рой бизнинг ҳақ эканимизни тушунарди, лекин аввалги ролидан воз кечиши қийин эди.
Қарама-қаршилигимиз жуда узоқ чўзилди ва оқибатда Ройнинг жамоани тарк этиб “Селтик”га кетишига олиб келди. У ўзини Питер Пэнга қиёслади. Бироқ ҳеч қачон бундай бўлмайди. Фақатгина Райан Гиггзнигина ушбу доимо ёш эртак қаҳрамонига ўхшатиш мумкин, чунки унда жиддий жароҳатлар йўқ эдида. Ройнинг эса бир нечта жиддий жароҳати бор эди. Масалан сонидаги жароҳати унга катта муаммоларни олиб келди ва жисмоний ҳолатига ёмон таъсир қилди.
Биринчи маротаба алоқаларимиз 2005 йилнинг ёзида Португалияга мавсум олди йиғинга борганимизда ёмонлашди. Бу фикр Кейрушдан туғилган эди ва у ташкилий ишларни аъло бажарди. Вале-до-Лобо – ердаги жаннат. Машғулот майдончаси, спорт зали ва футболчилар учун қулай бўлган кичик уйлар. Мен Францияда ўтказган таътилдан сўнг у ерга етиб бордим. Келгунимча штабнинг барча аъзолари ва ўйинчилари ўз виллаларига жойлашиб олишганди. Бироқ ёмон хабар ҳам бор эди, Рой Кейрушнинг кайфиятини ҳақиқий дўзахга айлантирган экан. Муаммо нимада эканини суриштирганимда, Ройга ушбу уй ёқмаганини ва улар тегишли стандартларга жавоб бермагани учун у ерда туришни истамаётгани маълум бўлди. Биринчи уйда совутиш мосламаси йўқ экан, иккинчи уйда ҳам худди шундай, учинчи уйда барча шароит бўлсада негадир унга маъқул келмади. Оқибатда Рой оиласи билан қўшни Квинта-до-Лаго курортида жойлашди.
Биринчи куни биз тансиқ таомлар буюртириб меҳмонхонада дам олдик. Барчаси кўнгилдагидек эди, аммо Рой олдимга келиб гаплашиб олишимизни сўради.
-Рой бугунчалик дам олайлик. Эртага бафуржа гаплашармиз, - дея таклиф билдирдим.
Кейинги куни машғулотлардан сўнг биз чеккароқ жойга бордик.
-Нема бўлди Рой? Мен уйларни кўриб чиқдим, уларга гап йўқ! – деб гап бошладим.
Бунга жавобан эса Ройдан совутиш мосламаси йўқлигидан тортиб бир сават норозиликларни эшитдим. Кейин у Карлушдан хафалигини айтди – “нега бу ерга келдик ўзи” шунга ўхшаш гаплар. Ўша мавсум олди йиғинида Рой жамоадан узоқлашди, бу мени қаттиқ хафа қилиб ўртамиздаги муносабатларга совуқчилик тушишига замин яратди. Мазкур ҳолат барчага қулай бўлишини таъминлашга ҳаракат қилган Кейруш учун ачинарли эди. Уйга қайтгач Ройни кечирим сўраши учун Кейруш билан учраштирмоқчи бўлдим, лекин у бунга кўнмади.
Шунда биз аразлашиб қолдик:
-Сен ўзгарибсан, - деди.
Шундай деб жавоб бердим:
-Рой мен ҳар доим ўзгариб бораман, чунки бугунги кун эртангисидан фарқ қилади, бундан ташқари дунёнинг ўзи кун сайин ўзгариб бораяпти. Жамоамизда йигирмата миллатга мансуб футболчилар тўп суради! Сен эса ўзгарибсан деяпсанми? Мен ҳам шундай деб умид қиламан, бўлмаса мендан яхши мураббий чиқмас эди.
У менга қараб шундай деди:
-Сен аввалгидек эмассан.
Суҳбатимиз пинг-понгга ўхшарди. Ройга ҳатти-ҳаракати ноўрин эканини тушунтирдим:
-Сен сардорсан ва бошқа ўйинчиларга нисбатан маъсулиятсизлик қилдинг. Агар бирор бир кулбада ётишни таклиф этишганда сени тушунган бўлардим, бироқ у ердаги хоналар жуда шинам эди!
Ўша кундан бошлаб унга бўлган ҳурматим йўқола бошлади ва муносабатларимиз тўлиқ бузилди. Шундан сўнг клуб телеканалида Ройнинг жамоадаги баъзи ёш ўйинчиларни виждонсиз ишлаши ҳақидаги интервьюси пайдо бўлди. Бизда интервью беришнинг тартиби бор эди ва айнан ўша куни “MUTV” мухбирлари билан Гари Невилл суҳбат ўтказиши керак эди. Бироқ шанба кунги “Мидлсбро”га қарши ўйиндан сўнг матбуот хизмати ходими менга, Рой Гари билан ўрин алмашишни истаётгани ҳақида хабар берди. Тан олиш керак бу вазиятга унчалик эътибор қилмадим. Оқибатда Кин ўша ёмон ўтказилган ўйинда иштирок этган ўйинчилар устидан танқид ёмғирини ёғдирди. Душанба куни соат тўртларда уйимга қўнғироқ қилишди:
-Сиз буни кўришингиз керак.
Кин Киран Ричардсонни “ялқов ҳимоячи” дея ҳақоратлади ва нега Шотландияда барча Флетчерни яхши кўришини айтиб ўтди. Рио ҳақида эса: “агар сен ҳафтасида 120 минг фунт олиб “Тоттенхэм”га қарши 20 дақиқа яхши ўйнасанг, бу суперюлдуз бўлдинг дегани эмас” деди. Матбуот хизмати тезда Дэвид Гилл билан боғланди. Интервьюни эфирга қўйиш ёки қўймаслик қарори эса менга юклатилди.
-Яхши, интервью тасмасини офисимга олиб келинглар, уни эртага эрталаб кўриб чиқаман.
Ё худо, кўзларимга ишонмасдим. У ўйинчиларни бирма-бир эслаб ўтган экан. Даррен Флетчер, Алан Смит, ван дер Сар – барча ўз улушини олганди. Кейинги ҳафтада ўйинимиз йўқ эди, шунинг учун футбол мактабимизни кўриш учун Дубайга чўнаб кетишим керак эди. Бироқ эрталаб Гари Невил менга қўнғироқ қилиб ечиниш хонасига тушишимни сўради. Ечиниш хонасига борар эканман, Рой ўйинчилардан кечирим сўраган деган умид билан қадам ташлардим. Бунинг ўрнига эса Гари менга ўйинчилар машғулотлардан норози эканликларини маълум қилди. Менга шундай эшитилди деб ўйлаб қайта сўрадим: “Нима дединг?” Шунда хаёлимга Кин жамоадаги ўйинчиларга таъсир ўтказа олишидан фойдаланиб, вазиятни керакли томонга буриб олган деган фикр келди. Мен сизларга фақатгина бир гап айтаман, Карлуш жуда яхши мураббий ва ажойиб машғулот олиб боради. Ҳа, португалиялик мутахассис битта машғулотни бир неча маротаба такрорлашни буюрсада, аммо бу футболчининг малакасини оширишга катта ёрдам беради. Тахминан шундай маънода уларга тушунтирдим:
-Сизлар машғулотлардан норози эканингизни билдириш учун мени бу ерга чақирдиларингми? Бу масалани кўтармай қўя қолинглар! Мен эшитишни ҳам хоҳламайман.
Чиқиб кетдим.
Бироз вақтдан кейин ёнимга Рой келди ва мен унга шундай дедим:
-Мен барчасидан хабардорман, - деб интервью ҳақида гапира бошладим.
-Бу уятдан бошқа ҳеч нарса эмас. Ўз жамоадошларингни танқид қилсанг-а! Қилғиликни қилиб буни эфирга узатилишини истаяпсанми?
Бунга жавобан Рой тасмани жамоадошларига кўрсатиб, уни эфирга узатилиши ёки узатилмаслигини овозга қўйишни таклиф этди. Мен рози бўлдим ва мураббийлар штаби билан биргаликда барча ўйинчилар хонамда йиғилишди. Дэвид Гилл ҳам иш жойида эди, аммо у ғалвада иштирок этишни истамади ва қарор чиқаришни менга қўйиб берди.
Томоша қилиб бўлгач Кин йиғилганлардан интервью борасида саволлар борми деб сўради. Ван дер Сар унда савол борлигини айтди. Ўз клубдошларингни танқид килиш - бу пасткашлик. Рой Эдвинга ташланди:
-Сен ўзи ким сан, “Манчестер Юнайтед” ҳақида нима биласан?
Ван Нистелрой дарвозабонимизни ҳимоя қила бошлади, Кин эса Рудга ташланди. Кейинчалик навбат Карлушга келди. Мени эса десертга олиб қўйди:
-Сен шахсий манфаатларингни клуб манфаатларига аралаштиряпсан!
Ўша пайт ўйинчилар эшикдан чиқиб кетишаётган эди - Скоулз, Ван Нистелрой, Форчун.
Ройнинг тили жуда ўткир эди. У тили ёрдамида ўзига ишонган одамни ҳам қуролсизлантира оларди. Баҳслашаётган пайтда унинг кўз қорачиқлари кичрайиб қора нуқтага айланиб қолганига гувоҳ бўлдим. Бу жуда ҳам қўрқинчли бўлсада, лекин келиб чиқишим Глазголик эганини эслатиб ўтаман.
Рой чиқиб кетгач руҳан тушкунликка тушиб қолдим, бу аҳволимни эса Карлуш кўриб турганди. У мега шундай деди:
-Ҳеч қачон бундай ҳолатга гувоҳ бўлмагандим. Бу фаолиятим давомидаги энг жирканч спектакль бўлди.
-У кетиши керак, - деб жавоб бердим.
Кейинги чоршанба кунигача сафарда бўлдим, бироқ Дубайдан туриб Дэвид Гиллга қўнғироқ қилдим:
-Биз Рой Кин билан хайрлашишимиз керак.
Дэвид ҳам фикримга қўшилди. Лекин Глейзерларни ҳам бундан воқиф қилишимиз керак эди. Бўлиб ўтган воқеалардан сўнг улар ҳам бизнинг қароримизга рози бўлишди. Бундан ташқари биз Дэвид билан Ройнинг шартномани муддатидан аввал якунлаши учун унга қўшимча маблағ ажратишга қарор қилдик. Шунда ҳеч ким бизни Рой билан ноҳақ шартномани бузганликда айблай олмасди.
Сэр Алекс Фергюсон (Автобиография). Кириш
1-боб (1-қисм) (2-қисм)
2-боб (1-қисм), (2-қисм), (3-қисм), (охири)
3-боб (1-қисм), (2-қисм), (охири)
4-боб (1-қисм), (2-қисм)
5-боб (1-қисм), (2-қисм)
6-боб (1-қисм), (2-қисм)
7-боб (1-қисм), (2-қисм), (3-қисм)
8-боб (1-қисм), (2-қисм)
9-бобнинг навбатдаги қисми яқин кунларда сайтимиздан ўрин олади. "CA"ни кузатиб боринг.
Муродов Миразиз таржимаси.
Link :
Source : championat.asia
Receive latest football news directly on your phone. Subscribe for our Telegram channel!
Comments