UZ

Сўнгги янгиликлар

01:57Ла Лига. Арда Гюлер "Реал"га ғалаба тақдим қилди!  54 01:40Меҳди Тареми Италия чемпиони сафига қўшилади! (Фабрицио Романо)  0 01:24Арда Гюлер ажойиб натижа қайд этмоқда  0 01:12"Арне Слот – "Ливерпул"нинг янги бош мураббийи!" – Фабрицио Романо  6 00:55Жасур Жалолиддинов: "Бу жамоа билан анча олдин бошланган ўзаро ҳисоб-китобимиз бор эди"  4 00:45U-23 Осиё кубоги. Ироқ минимал ҳисобда Вьетнамни енгди ва ярим финалга йўл олди. Кейинги рақиб – Япония  17 00:40U-23 Осиё кубоги. Ўзбекистон - Саудия Арабистони 2:0  3 00:25Хосе Венансио Лопес Эронга қарши учрашувдан кейин қандай фикрлар билдирди?  5 23:46"Персеполис" Ўрунов гол урган ўйинда пенальтилар сериясида мағлубиятга учраб, Эрон кубогини тарк этди  3 23:20Саудия чемпионати. "Ал Ҳилол" - "Ал Фатех" 3:1   1 23:15Футзал бўйича Осиё Кубоги. Таиланд - Тожикистон 3:3 (пенальтилар 6:5)  0 23:10Футзал бўйича Осиё Кубоги. Вьетнам - Қирғиз Республикаси 2:3  0 22:58Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе Саудия Арабистони устидан қозонилган ғалабадан сўнг (2:0) нималар деди? (тўлиқ матбуот анжумани)  40 22:11Ўзбекистон футзал термаси Осиё кубоги бронза медали учун Тожикистонга қарши ўйнайди (турнир сеткаси)  6 21:35Футзал бўйича Осиё Кубоги. Ўзбекистон финал остонасида Эронга пенальтилар сериясида мағлуб бўлди  95

Сэр Алекс Фергюсон (Автобиография). 7-боб (3-қисм) Янгиликлар

Сэр Алекс Фергюсон (Автобиография). 7-боб (3-қисм)

Афсонавий мураббийнинг автобиографик китобининг ўзбекча таржимасини беришда давом этамиз. Бугун 7-бобнинг учинчи қисми мухлисларимизга тақдим этилади.
Баъзида бирор яхши ўйинчини қўлдан чиқариб, ўрнига ундан ҳеч ҳам қолишмайдиган яна бир яхши ўйинчини олишингиз мумкин. Ўз вақтида биз Поль Гаскойнни қўлдан чиқарганмиз, лекин унинг ўрнига Инсни сотиб олганмиз. Биз Алан Ширерни клубга олиб кела олмадик, бироқ унинг ўрнига “Лидс”дан Эрик Кантона сафимизга қўшилди.

“Юнайтед” ҳар доим изланишда бўлади. Жамоани тарк этган бирор тажрибали ўйинчи ўрнига, унинг ўрнини боса оладиган ёш ва истеъдодли футболчи ҳар доим рўйхатимизда топилади. Кантона сафимизга қўшилганда 26 ёшда эди. Бироқ мен одатда ёшроқ ўйинчи излашга уринардим. Масалан Уэйн Руни ва Криштиану Роналду клубга ўсмирлик даврида келишган эди. 2006 йилдан бошлаб, жамоадаги катта ёшдаги футболчилар муаммоси билан шуғуллана бошладик. Чунки уларнинг ёши ўтган сайин, спорт формасидан чиқиши аниқ эди.



“Юнайтед”нинг афсонавий ўйинчилари - Энди Коул, Дуайт Йорк ва Тедди Шерингемларнинг, ёши ўтиб, аввалги спорт формаларини ёқота боришди. Шу сабабли клубда скаутларнинг роли оша борди. Юқори тажрибага эга бўлган скаутларга эса талаб ортди ва мен ҳар доим: “Ушбу вазифани уддалай оладиган бирор кимса борми ўзи?” деган саволлар берардим.

2002 йилги жаҳон чемпионатида Бразилия терма жамоаси сафида ўзини кўрсата олгани учун Клеберсонни сафимизга қўшиб олдик. Биз у билан шартнома имзолаб бўлганда эса, у ҳали бери ўз мамлакатида тўп суриб юрарди. Шоша-пиша сотиб олинган ўйинчилар қандай оқибатларга олиб келишига – Клеберсон яққол мисол бўла олади. Биз келажакда Рой Киннинг ўрнини боса оладиган ўйинчини излар эдик. Ўшанда клуб Виейрага дуч келган эди. Ўйинчининг нақадар буюк эганлигини билишни истасангиз, буни бошқа клуб мухлисларининг ўша футболчини майдондаги ҳаракатларига қараб бақиришларидан билиб олсангиз бўлади. Рақиб мухлислари ҳақоратомус гаплари билан ҳар доим Патрикни асабини бузишга уринишарди. Бу эса мухлисларнинг Патрикдан қўрқишларидан далолат беради. Алан Ширер ҳам худди шундай ўйинчи эди. Мухлислар ҳар доим уни қанақадир ножўя сўзлар билан синдиришга уринишарди.
Клеберсон истеъдодли ўйинчи эди. Бироқ бўлиб ўтган воқеалар, янги ўйинчиларни синчковлик билан текшириб, ўтмиши ҳақида маълумотга эга бўлгандан сўнг, жамоага таклиф этишга ундади. Бразилиялик ўйинчининг трансфери жуда осон кечди. Ўшанда хатолик юз берганини сезган эдим. Клеберсон клуб сафига келиб қўшилганида, 17 ёшли хотини борлиги билиб олганмиз. Ўшанда унинг ўзи 23 ёшда эди. Унинг хотини ўзи билан бутун оиласини бошлаб келган эди. Португалияга уюштириладиган мавсум олди турнедан олдин, жамоа ўйинчилари нонуштага таклиф этилганди. Бироқ Клеберсон ўзи билан қайнотасини ҳам олиб келди. У клубдаги тартиб-интизомга амал қилмас эди. Клеберсон яхши йигит эди, аммо инглиз тилини ўрганишга қунт қилмади.
У ўйинларда юқори техникага ва катта босимларга бардош бера олишини намойиш этсада, аммо ўз ўйинини кўрсата олмади. Балки бу унинг термада нотўғри позицияда ўйнаганидан бўлса керак. Чунки биз уни клубда бошқа позицияга қўярдик. Клеберсон терма сафида тўрт ҳимоячи олдида турарди ва Роберто Карлос ёки Кафу ҳужумга ўтганида, уларни ўрнига ҳимояга қарашарди.

Шу каби муаммоларни ечимини тезда топишга урунсангиз хатога йўл қўйишингиз тайин. Номзодларни йиллар давомида текшириш, кузатиш ва улар ҳақида етарлича маълумот тўплагандан сўнггина, улар орасидан энг яхши ўйинчиларни саралаб олганмиз. Барчаси олдиндан ўйланган махсус режа асосида амалга оширилган. Криштиану Роналдуни олишдан олдин, биз у ҳақда керак бўлган барча маълумотларни олгандан сўнг, жамоага олиб келганмиз. Бундан ташқари Рунини 14 ва 16 ёшида клубга олиб келиш мақсадида, уни узоқ муддат кузатганмиз. Охир оқибат Руни 17 ёшида клубимизга келди. Ишлаб чиқилган режа асосида Рунини сафимизга қўшиб олиш учун, босқичма-босқич қадам ташладик – у биз учун биринчи ўринда турарди. Бу бизнинг скаутлар тизимимиз яхши ишлаганига яққол мисол бўла олади. Верон, Клеберсон ва шунга ўхшаш бир нечта футболчининг сотиб олиниши эса, пухта ўйланмаган режа асосида амалга оширилган эди. Биз ваҳимага тушмасдик, бироқ қадамимизни ўйламай босиш оқибатида хатоларга йўл қўярдик.



Шошма-шошарлик билан харид қилинган футболчиларимиздан бири, Жемба-Жемба эди. Жемба-Жемба, уни етарлича машҳур ўйинчи деб ҳисобламайдиган ОАВ босими остида, жамоага киришиб кета олмади. ОАВ доимо машҳур исмларни хуш кўрган, унчалик кўзга ташланмайдиган футболчиларни эса синчковлик билан кузатишган. Аввалида мухбирлар Веронни севиб, Клеберсон ва Жемба-Жембага совуқ муносабатда бўлишган. Давид Белльон ёш эди ва биз уни келажакда ажойиб ўйинчи қилиб тарбияламоқчи эдик. У жуда ҳам тезкор эди! Давид хушбичим ва уятчан йигит эди. У “Сандерленд”да тўп сурарди ва бизга қарши ўйинда захиридан майдонга тушиб, “Юнайтед”ни бўлакларга бўлиб ташлади. Ўша ўйиндан сўнг биз Давид билан дарров қизиқа бошладик, чунки унинг “қора мушуклар” билан тузган шартномаси ниҳоялаб бораётган эди. Агар биз уни янада синчковлик билан ўрганмаганимизда, Дэвиднинг жуда ёпиқ ва уятчан йигит эканини тушуниб етган бўлардик.

Биз Белльонни “Ницца”га бир миллион евро эвазига сотиб юбордик ва кейинчалик футболчининг “Бордо”га ўтиши оқибатида яна бироз пул ишлаб олдик. Давидга келажакда асосий таркибнинг бир қисмига айланиши мумкин бўлган ўйинчи сифатида қаралмасди, - у фақатгина яхшига нарх эвазида жамоани тўлдириб турувчи восита эди холос.
Бизга сув ва ҳаводек зарур бўлган Роналду ва Рунини жамоага қўшилиши, клубда туб бурилиш ясади. Улар ўйин тақдирини якка ўзи ўзгартира оладиган ва бизнинг талабларимизга тўлиқ жавоб берадиган ҳақиқий етакчилар эди. 2006 йилнинг январида Патрис Эвра ва Неманья Видичнинг сотиб олиниши ҳам асосий воқеалардан бири бўлди. Видичнинг мард ва қатъиятли эканини биринчи кўришдаёқ сезганмиз. Неманья тўпни олиб қўйиш учун қаттиқ курашарди, ва аксарият ҳолларда иккинчи қаватда ҳам устунликка эришарди. Унда инглиз марказий ҳимоячиси эга бўлиши керак бўлган барча хусусият бор эди. Вида ноябрдан бошлаб - Россия чемпионатида мавсум тугаганидан сўнг ўйнамади. “Блэкберн”га қарши биринчи ўйинда, у сал бўлмаса ўпкасидан айрилиб қолай деди. Гап шундаки, Видич биз билан мавсум олди машғулотларда қатнашмаган эди.

Олдин Денис Ирвин ўйнаган чап қанот ҳимоясида, бироз вақт Габриэль Хайнцедан фойдаланиб турдик, аммо кейинчалик бу позицияда Патрис Эвра ўйнай бошлади. Патрис, Чемпионлар лигаси финалигача етиб бориб, “Порту”га ютқазиб қўйган “Монако”нинг асосий чап қанот ҳимоячиси эди.



Қанот ҳимоячиларини излаш – ноёб қушларни ов қилиш билан баробар. Эврани учратган вақтимизда, у ярим ҳимояда ўйнарди ва ўзининг тезлиги билан бошқалардан ажралиб турарди. Бундан ташқари Эвра вақт ўтиши билан қанот ҳимоячиси сифатида қайта тарбиялаб бўладиган ёш йигитча эди. Биз уни ҳужумда ҳам яхши ўйнай олишини билганмиз. Эвра тезкор, юқори техникали ва қатъиятли футболчи эди. Хайнце бўлса ўз бувисини ҳам аямайдиган шавқатсиз ўйинчи эди. У табиатан ғолибликка интилувчи футболчи эди ва марказий ҳимояда яхши ўйин кўрсата оларди. Бу икки футболчини танлаб адашмаганмиз.
“Юнайтед” мухлислари Патриснинг клубдаги биринчи ўйинини яхши эслашса керак. Ўшанда Патрис Манчестер дербиси доирасида “Истлендс”га қарши ўйинда панд бериб қўйган эди. Унинг кўзларидан эса: “Мен бу ерда нима қилаяпман ўзи?” деган саволни илғаб олиш қийин эмасди. Бироқ вақт ўтган сайин Эвра жамоага кўникиб кетди ва лиганинг энг яхши чап қанот ҳимоячисига айланди. Бироз вақт ўтгач Хайнце мени шубҳалантира бошлади. Мен уни қулай вақт топиб клубни такр этади деган хаёлга бордим. Жамоада бир йил тўп сургач эса аргентиналик ўйинчи ҳақиқатдан ҳам клубдан кетиш истагини билдирди. Ўша пайтда бизни “Вильярреал”га қарши ўйин кутиб турган эди ва барчамиз Валенсиядан унчалик узоқ бўлмаган мажмуада жойлашдик. Олдимга унинг агенти келиб, Хайнце клубни тарк этмоқчилигини айтди.

Кейинги куни барчаси тубдан ўзгариб кетди – Хайнце тиззасидан жароҳат олди. Уни тезроқ соғайиб кетиши учун қўлимиздан келган барча ишни қилдик. Ҳаттоки клуб унга Испанияда тикланиш муолажаларини ўтказиш учун рухсат берди. У Испанияда олти ой даволанди ва фақатгина битта ўйин ўтказиш учун қайтиб келди. Биз ҳақиқатдан ҳам унга қўлимиздан келганча ёрдамлашдик, аммо аргентиналик футболи тузалиб қайтгач эски илтимослари ва янги таклифлар масаласини қайта кўтарди. Жароҳатидан тўлиқ тузалганидан сўнг, Хайнце агенти билан биргаликда Дэвид Гиллнинг ҳузурига борди. Маслаҳатлашгач Габриэль клубни тарк этса иккала томонга ҳам яхши бўлади деган қарорга келдик. Уни 9 миллион фунтга қўйиб юборишга келишдик. Шундан сўнг Хайнце дарров “Ливерпуль” билан боғланди, ва ўз навбатида улар ҳам уни олишга рози бўлишди.
Габриэлга олдиндан “Манчестер Юнайтед” тарихан “қизиллар” билан ўйинчи олди-берди қилмаслиги ҳақида маълум қилгандик. Хайнценинг маслаҳатчилари эса даъво аризаси билан Премьер-лига вакилларига мурожаат қилишди. Лондонда кўриб чиқилган иш, биз томонга ҳал этилди.



Жараён мобайнида “Кристал Пэлас” клубининг кенгаш вакили Дэвид Гиллга қўнғироқ қилиб, кейинчалик аргентиналик футболчини “Ливерпуль”га сотиб юбориш шарти билан жамоага олишни сўраганини айтган. Биз эса бу маълумотни унга қарши далил сифатида ишлатдик. Биз ушбу жараёнда ғолиб чиқдик ва кейинчалик уни мадриднинг “Реал” клубига сотиб юбордик. Габриэль ва унинг ёрдамчилари ўз жойларига қайтиб келишди. Хайнце “ПСЖ”га ўтишидан олдин ҳам иккита испан клубида тўп сурган эди. Биз эса уни парижликлардан сотиб олгандик.

2004 йилнинг май ойида 7 миллион фунт эвазига Алан Смитни жамоага олиб келдик. Ўша пайтда “Лидс” иқтисодий танг аҳволда қолгани сабабли, Дэвид Гилл Аланни 5 миллион фунтга сотиб олишимиз мумкинлиги маълум қилди. Смит менга ҳар доим ёққан. У ҳаётда ўз ўрнига эга бўлган ажойиб характердаги инсон эди. Алан ўнг қанотда, марказий ярим ҳимояда ёки марказий ҳужумда ўйнай оладиган ҳақиқий универсал футболчи эди. Смит буюк ҳужумчи бўлмасада, жамоага катта фойда келтириш билан ҳар томонлама Марк Хьюзга ўхшаб кетарди. Кейинчалик биз уни “Ньюкасл”га 6 миллион фунтга сотиб юбордик. Алан ўз ишини чин кўнгилдан бажарарди ва кўплаб эсда қоларли учрашувларда иштирок этди. Ўша мудҳиш жароҳат ҳақида гапирадиган бўлсак, умримда бунақа даҳшатли воқеага гувоҳ бўлмаган эдим. Алан муолажа столида ётганида унинг олдига боришга шошилганим ҳали ҳам эсимда. Ливерпуллик шифокор ўз ишини аъло даражада бажарди ва биринчи тиббий ёрдам сифатида унга тезда оғриқ қолдирувчи дори берди.

Аланнинг оёқ суяклари иккига бўлинган эди. Ўша ерда мен билан бирга бўлган Бобби Чарльтон эса ҳайратдан ёқа ушлади. Алан эса кўзларига ишонмай шок ҳолатида қолган эди. Мен уколдан жуда қўрқардим. Нинани кўрганда қочишга жой топа олмасдим. Бир куни Глазгодаги паб клубимда, кегни ўзгартирмоқчи бўлиб насос штангасини кўтардим ва ўша пайтда елкамга каламуш сакраб чиқди. Уни устимдан олиб ташлашга уринганимда штанганинг учли қисми юзимга кириб қолди. Ўша воқеадан сўнг, ҳалигача юзимдаги ушбу чандиқ изини кўрса бўлади. Юзимга тегишга қўрқиб, яқиндаги касалхонага етиб бориш учун бир неча чақрим йўл босиб ўтдим. Ҳамшира уни юзимдан тортиб олиб, оғриқни қолдириш учун уколни қўлига олганида, ҳушимдан кетиб қолганман.



Ҳамшира менга қараб:
-Мана бўлмасам: “Рейнжерс” клубининг бақувват марказий ҳужумчиси уколни кўрганида ҳушидан кетиб қолсая! - деди
Ўша пайтдаги аҳволимни эслаб, Аланнинг оғир жароҳати, унга қанчалик азоб бераётганини тушунганман. Аланнинг устун томони, жасур инсон эканлигида эди.

У ўз ишини охиригача бажарадиган ҳақиқий профессионал ўйинчи эди. Топ-клубларда юқори даража ўйин кўрсатиш учун унга фақатгина ижро маҳорати етишмасди холос. Бизга “Ньюкасл”дан таклиф тушганида эса уни қўйиб юбормасдан иложимиз йўқ эди.

Охирида биз ундан таянч нуқта ўйинчиси сифатида фойдаландик. У тўп учун яхши курашарди, бироқ у ҳақиқий таянч ярим ҳимоячиси вазифасини бажара олмасди. У тўп учун кураша оладиган оддий ярим ҳимоячи эди холос. Алан баъзан ҳужумчи вазифасини бажарганда, рақиб ҳимоячиларининг кўпроқ тер тўкишларига тўғри келарди. Аммо Киннинг ўрнини боса оладиган ўйинчи излаш жараёнида, бизга очиқ қолган жойларни ёпа оладиган ўйинчи топиш талаб этиларди. Аввал ушбу вазифани Оуэн Харгривз ажойиб тарзда бажарди. Алан бу позицияда ўйнай олмасди, лекин у жамоамизда ўйнашни истайдиган яхши ва ҳалол футболчи эди. Унга етарлича ўйин вақти ажрата беролмаслигимни тушунтириш учун узоқ вақт керак бўлди. Жамоа эса олдинга интилиши шарт эди.

2004 йили январда “Фулхэмдан” Луи Саани сотиб олиб, яна бир муҳим харидни амалга оширдик. Саани бутун фаолияти давомида, жамоага ва ўйинчининг ўзига салбий таъсир қилган жароҳатларнинг кети узилмади. Биз уни ҳали “Метц”да ўйнаб юрган пайтларидаёқ кузата бошлагандик. Скаутлар менга, яқин орада бу ўйинчи катта клублар эътиборини торта бошлаши ҳақида хабар беришди. Кейинчалик у “Фулхэм”га ўтди ва бизга қарши деярли барча баҳсларда “ёрқин” ўйин кўрсатди. Англия Кубоги доирасида “Крейвен Коттеж”да бўлиб ўтган ўйинда, Саа Уэс Браунни майдон марказида алдаб ўтиб дарвозамиз томон югурди ва ортга қараб тўп узатди. Ушбу тўп узатиш эса гол билан якунланди. Ўшандан бери унга қаттиқ қизиқиб кузата бошладик ва январда Саани сотиб олишга қарор қилдик.
“Фулхэм” хўжайини Муҳаммад Аль-Файед билан кечадиган музокаралар ҳар доим нозик ва қийин бўлган. У таклифимизни ўйлаб кўриб, Саа биз қўлга киритишимиз мумкин бўлган энг яхши ўйинчи эканлигини маълум қилди. Узоқ давом этган музокаралардан сўнг, томонлар 12 миллион фунтга келишишди.

Қўлимда ўйнаган барча ҳужумчилар орасида, Саа икки оёғида ҳам бир хил кучли зарбага эга бўлган, иккинчи қаватда ҳар доим устунликка эришадиган ва юқори тезликка эга бўлган энг зўр ўйинчилардан бири эди. У ҳар доим рақиб дарвозасига таҳдид солиб турарди. Лекин бироз вақт ўтгач тез-тез жароҳат ола бошлади. У майдонда бор кучини ишга соларди. Луи менга жуда яқин турарди, уйларимиз орасида 150 метр масофа бор эди холос. Унинг жароҳати барчамизга оғир ботди. Чунки унинг тузалишига бир икки ҳафта эмас, балки ойлар керак бўлди. Қанчалик истеъдодли бўлмасин, уни сотишимнинг сабаби, Луининг атрофида жамоа ўйинини шакллантириб, барчага: “Мана яқин икки уч йил ичидаги жамоам” деб айта олмасдим. Биринчидан Саа “Юнайтед”да ушбу вазифани бажаришга ёшлик қиларди, иккинчидан жароҳатлар келажакда уни айнан биз истаган футболчи бўлиб етишига йўл қўймади.



Вазият чигаллашиб кетди ва у фаолиятини якунлаш ҳақида ўйлай бошлади.

-Сен ҳали ёш ўйинчисан, жароҳатларни деб таслим бўлишинг керак эмас. Сафга қайтиш учун ўз устингда кўпроқ ишлашинг керак. Жароҳат бутун умр давом этмайди ахир, - дедим.

Уни айбдорлик ҳиси қийнарди. Луи менга ва бутун жамоага панд бераяпман деб ўйларди ва уни кечиришимни сўраб хабар юборарди. Мен уни футболда бунақаси бўлиб туришига ва фақатгана омади келмаганини ишонтиришга уринардим. Мана шундай мисоллардан бири Вив Андерсон эди. “Арсенал” таркибида тўп сурган Вив, фақатгина 4 та ўйинни ўтказиб юборди холос. Буларнинг бари дисквалификация туфайли бўлган. Андерсон “Юнайтед”га ўтганида, фаолиятининг аксарият қисмини даволаниш билан ўтказди. Биз уни эркин агент сифатида “Шеффилд Уэнсдэй” қўйиб юбордик. Андерсон эса янги клубида ўтказган уч йил давомида деярли бирорта ўйинни ўтказиб юбормади. Мен эса ҳазиллашиб:
-Фикримча ўшанда биз учун ўйнашни унчалик ҳам истамаган эдинг, Вив? – деганман.

Лекин у “Юнайтед”нинг ашаддий мухлиси эди ва доим тиззасини даволаш билан жамоага ёрдам бера олмаганидан хафа бўлган.

Луининг доимий жароҳатлари уни одатий спорт формасига қайтишига тўсқинлик қилайтганини тушунганидан сўнг, ўзини аввалгидек айбдор ҳис этмай қўйди. Карлуш Кейруш Луи учун икки ҳафталик махсус дастур ишлаб чиқди. Ўйинчи ушбу дастур ёрдамида ўзининг олдинги юқори спорт формасига қайтиши керак эди. Биз унга дастурни тушунтирдик ва Луи аввалги ҳолатига қайтиш учун зарбалар устида ишлаш, тезкор бурилишлар ва шунга ўхшаш бир қатор машғулотларни бажаришга киришиб кетди. Муддат сўнгида у деярли  майдонда ўзини эркин ҳис эта бошлади. Жума кунги ўйиндан бир кун олдин Саа тиззасидаги оғриқ туфайли машғулотларни ўтказиб юбориши маълум қилди. Биз доим унинг жароҳатлари билан курашиб юра олмасдик ва шунинг учун 2008 йили уни “Эвертон”га сотдик.

“Эвертон” бизнинг услубни ўзлаштириб, Луини ўзи ишонч билан ўйнай оладиган даражагача кўтаришга уринди. Балки “Манчестер Юнайтед”да омманинг унга ўтказган босими бўлмаганида, клубга тезроқ кўникиб кетармиди. У фантастик марказий ҳужумчи эди. Франция Саани 2010 йилги Жаҳон Чемпионати мусобақасига терма сафига олмаганидан қаттиқ афсусда бўлса керак деб ўйлардим.

Мураббийлар ўртасида ёш ўйинчилар хусусида муҳокамалар бўлиб турарди. Улар бизнинг талабимизга жавоб бера олишадими ва “Юнайтед”нинг формасига ҳақли ўйин кўрсата олишадими деган турли хил саволлар бўларди. Биз келажакда “Манчестер”нинг асосий таркибида тўп суришга қодир бўлган ҳар бир ёш тарбиланувчи ҳақида маълумотга эга эдик. Ушбу маълумотларни эса ўйинчиларни захира жамоасида иштирок этишларидан ва машғулотлар давомидаги ҳатти-ҳаракатлари натижасида тўплаб борардик.

Ўз характерингни ечиниш хонасига ташлаб чиқа олмайсан. У тоннелдан майдонга чиқиб келишингдан бошлаб, майдонда ўйинни охиригача тўп сургунингча сен билан бирга бўлиши керак.

2003-2004 йил мавсумида “Енгилмас” “Арсенал”дан сўнг биз лигани учинчи ўрин билан якунладик, бироқ мавсум сўнгида Кардиффда “Миллуол” клуби устидан 3:0 ҳисобида зафар қучиб Англия Кубогини қўлга киритдик. Роналду ўша ўйинда ажойиб ўйнади. У дастлабки голни бош билан киритди, қолган икки голни эса Ван Нистелрой киритди.

Ўша йили Жимми Дэвиснинг автоҳалокатдан вафот этгани, биз учун мудҳиш йил бўлди. Жимми атиги 21 ёшда эди. Унда асосий таркибга ўтиб, ёрқин фаолият бошлашга яхши имконият бор эди. Аммо ўшанда у “Уотфорд”да ижара асосида тўп сурарди. Якшанба куни эрталаб академиянинг ўйинига бормоқчи бўлиб турганимда, “сариқ қўшин”ларнинг ўйини қолдирилгани хусусида эшитиб қолдим. Бизга бунинг сабаблари ҳақида ҳеч қандай маълумот беришмади. Мен Жиммининг автоҳалокатга учрагани тўғрисида фақатгина академиянинг ўйини вақтида билиб олдим.

У ҳеч қачон таслим бўлмайдиган ва жамоадошлари орасида катта обрўга эга бўлган ёш ўйинчи эди. Унинг таъзиясида жуда кўп ўйинчи ва клуб ишчилари ташриф буюрди. Икки йил ўтиб тўй маросимида дежавюга ўхшаш туйғуни ҳис этгандек бўлдим. Ўшанда роҳиб ёнимга келиб шундай деди:
-Жиммининг қабрини зиёрат қилишни истамайсизми?
У нимага шама қилаётганини тушунмаган бўлсамда, роҳибнинг гаплари қалбимнинг туб-тубигача етиб борди. Жуда тушкун аҳволда қолгандим.

Манчестер Юнайтед” Жимми Дэвисни ҳеч қачон унутмайди.





Сэр Алекс Фергюсон (Автобиография). Кириш

1-боб  (1-қисм)  (2-қисм)

2-боб  (1-қисм), (2-қисм), (3-қисм), (охири)

3-боб (1-қисм), (2-қисм), (охири)
 
4-боб (1-қисм), (2-қисм)

5-боб (1-қисм), (2-қисм)

6-боб (1-қисм), (2-қисм)

7-бол (1-қисм), (2-қисм)

7-бобнинг навбатдаги қисми яқин кунларда сайтимиздан ўрин олади. "CA"ни кузатиб боринг.


Муродов Миразиз таржимаси.
Рейтинг: +1   

Фикрлар

championat.asia
Яндекс.Метрика