UZ

Сўнгги янгиликлар

17:43Суперлига. "Қизилқум" - "Навбаҳор": Асосий таркиблар маълум  1 17:09ПРО-Лига. 5 та гол урилган ўйинда "Бухоро" "Арал"дан устун келди  2 16:52Суперлига. "Нефтчи" - "Насаф" 1:0 (матнли трансляция)  16 16:49ПСЖ янги машғулот марказини очди  0 15:32Жорж Микаутадзе фаолиятини "Ювентус"да давом эттириши мумкин  1 15:01"Манчестер Сити" Холандга янги шартнома таклиф қилмоқчи  2 14:40Тимур Кападзе: "Ўйин томонлама "Насаф"ни эътироф этаман, мавсум ўртача ўтмоқда"  14 14:27ПРО-Лига. "Бухоро" - "Арал": Асосий таркиблар маълум!  0 14:15Эшитдик-да! Усмон Тошев ЎФАни тарк этди  13 14:05Хакими ПСЖ билан шартномасини узайтирди  0 13:47Арихиро Сентоку: "ОКМК билан мавсум якунида тарих яратамиз"   4 13:20ОКМК Тошкентда "Пахтакор"ни мағлуб этган учрашувдан галерея  1 13:03Сардор Рашидов учун мавсум тугади   9 12:45ЎзФҲМ нимани яширмоқда? Асимов, Норсафаров ва бошқа ҳакамлар қаерда?  4 12:08"Милан" Меньян ва Эрнандес билан шартномаларни узайтириш устида ишламоқда  0

Юрий Саркисян - 71 ёшда! "Ўзбек халқидан бир умр миннатдор бўлсам арзийди" Янгиликлар

Юрий Саркисян - 71 ёшда! "Ўзбек халқидан бир умр миннатдор бўлсам арзийди"

Теглар :  Юрий Саркисян
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий, беш карра Ўзбекистон чемпиони, "Дўстлик" ва "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳиби Юрий Саркисян бугун, 30 май куни 71 ёшини қарши олди.

Роппа-роса бир йил муқаддам сайтимиз ходимлари таниқли мураббийдан интервью олишганди. Қуйида қизиқарли суҳбатни эринмай ўқиб чиқишингиз мумкин. Интервьюни ташкил этишда яқиндан ёрдам берган "Бунёдкор" ФК матбуот хизматига алоҳида миннатдорчилик билдирамиз.  (2017 йил 30 май)


- Айтингчи, Сиз учун футбол нимани англатади? 
- Қисқа ва лўнда гапирадиган бўлсам, футбол - менинг ҳаётим. Мен 8 ёшдан бери футбол ичидаман, шу боис спортнинг бу тури ҳаётимнинг катта қисмини эгаллаган дея оламан. Мен футбол туфайли кўп нарсага эришдим, дунёнинг турли давлатларида бўлдим. Агра футбол бўлмаганида булар ҳам бўлмасди. Футболсиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман.



- Биздаги маълумотларга қараганда, Сиз 12 йиллик футбол ўйнаган экансиз. Шу ростми? 
- Йўқ. Ўзбекистондаги фаолиятим давомида 1968 йилдан 1982 йилгача тўп тепганман. Шунинг ўзи 15 йилга яқин вақтни ўз ичига олади. Дастлаб икки йил Олмалиқда, кейин 1970-75 йилларда Термизда фаолият олиб борганман. Шунингдек, у ерда институтда таҳсил олганман. Кейин эса Фарғонага кўчиб ўтдим. 36 ёшда футболни тугатиб, шундан сўнг мураббийлик касбини бошлаганман.

- Натижада "Нефтчи"даги фаолиятингиз бошланган...
- Бир йил Евгений Борисович Валицкийга ёрдам берганимдан сўнг Москвага бориб мураббийлар олий маҳорат мактабига ўқишга кирганман. Москвада икки йил таҳсил олгач (1984-85 йиллар), 1986 йил яна Фарғонага қайтиб яна бир йил ёрдамчи мураббий бўлганман. Ўша йилнинг ноябрь ойида мени "Нефтчи" бош мураббийи этиб тайинлашди. Биласизми, менгача "Нефтчи"да 25 йил ичида 18 нафар мураббий ишлаб кетган экан. Жамоани қабул қилиб олганимдан сўнг 1987 йилдан то 1990 йилгача тўрт марта кетма-кет ўз минтақамизда биринчи ўринни эгалладик. Биринчи лигага чиққанимиздан сўнг кўплаб иттифоқ клублари орасида (ўшанда 22та жамоа биринчи лигада ўйнарди), 7-ўринни банд этдик ва бу ҳам ўзига яраша шов-шув бўлганди.



- Ўзбекистон миллий чемпионатига асос солингач, "Нефтчи" бирин-кетин чемпионликни қўлга кирита бошлади. 
- Ҳа, бу ҳозиргидек эсимда. 1992-1995 йилги мавсумларда кетма-кет тўртта чемпионликдан сўнг Тошкентга келганимда "Бу чемпионат Саркисян учун ташкил қилинганми?" деган гапларни эшитгандим. 1996 йилдан бошқа клублар чемпион бўла бошлашди. Натижада 2001 йилгача фақат иккинчи ўрин билан чекландик. 2001 йил "Нефтчи" яна чемпион бўлди ва ҳозиргача бу чемпионлик охиргиси бўлиб турибди. Бу жамоадаги 26 ярим йиллик фаолиятим давомида кўплаб ютуқларга эришдим. Ўзбек футболи туфайли Москвада ўқиб келиш имкониятига эга бўлдим, оила қурдим, "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий" совринига лойиқ кўрилдим, "Дўстлик" ва "Меҳнат шуҳрати" орденларига савозор бўлдим. Буларнинг бари учун ўзбек халқидан бир умр миннатдор бўлсам арзийди.  

- Мураббийлик ишингизда биринчи навбатда қандай мақсадни қўйгандингиз? 
- Мени яқиндан танийдиганлар яхши билишади: ҳеч қачон катта пуллар эвазига футболчи сотиб олмаганман. Мен кўпинча қишлоқдан ўйинчи топиб уларни тарбиялашга ҳаракат қилардим. Биласизми, вилоятларда иқтидорли болалар кўп, фақат уларни топиб тўғри ишлаш керак.

- Битта жамоада узоқ йил ишлашнинг сири нимада? 
- Москвада ўқиб юрган кезларим буюк мураббий Валерий Лобановский билан танишгандим. У киши менга жуда кўп нарса ўргатгани ҳамон ёдимда. Валерий Васильевич бир гапни кўп қайтарарди: "Юра, эсингда тут, интизом доим маҳоратдан устун келади. Жамоа ҳар қанча маҳоратли ва кучли бўлмасин, тартиб-интизом бўлмас экан, ҳеч қачон юқори ўринларни эгаллай олмайсан". 1986 йилнинг 25 ноябрь куни "Нефтяникни" ("Нефтчи" олдин шундай номланарди) қабул қилиб олган бўлсам, биринчи куни ҳаммани бир жойга йиғиб шундай дедим: "Эртага ҳаммамиз соат 12да мана шу залда йиғиламиз". Эртаси куни айтилган вақтда залга кирганимда 22 футболчидан фақат 16 нафари келган экан. Мен ичкаридан эшикни қулфлаб қўйдим ва йиғилганларни кейинги йил режалари билан таништира бошладим. Орадан кўп ўтмай кечикиб келганлар эшикни тақиллата бошлашди. Мен эса очмадим. Кейинроқ уларга сизлар жамоада йўқсизлар, мен айтган ишни қилмаяпсизлар дедим. Футболчилар устимдан шикоят қилган шекилли кечки пайт мени раҳбариятга чақиришди. Шуни ўз шартимни айтдим: "Ҳозирча бир йил жамоани шуғуллантираман ва шу бир йил ичида ҳеч ким ишимга аралашмайди. Йил якунида агар натижа қониқтирмаса, клубдан кетаман".



- Лекин шундай бўлдики, Сиз 25 йилдан кўп вақт мобайнида бир жамоани бошқардингиз.
- Албатта, бу ҳам насиб қилган экан. Биринчи кун футболчиларни йиғиб мажлис ўтказганим ҳамон ёдимда, ўшанда шундай дегандим: "Мен 18 йил футбол ўйнаганман. 18 йил сизнинг ўрнингизда ўтирганман. Лекин энди мураббийман ва нимаики қилсам сизлар учун қиламан. Мухлислар учун футбол ўйин, аммо биз учун оғир жисмоний меҳнат ҳисобланади. Биз ҳар куни шуғулланимиз керак, шундагина ўзимиз ўйлаган мақсадга эришамиз". Шундай қилиб мураббийлик касбини бошлаганман. Мен ҳар доим ҳаммани ҳурмат қилганман, аммо иш мен учун бирламчи бўлган. Мен футболчиларга доим уқтириб келганман: биринчи ўринда иш ва оила, ундан кейин дўстлар ва бошқа нарсалар туради. Футболда ўзига яраша қоидалар бор, агар биз шу қоидаларга бўйсунсак, футбол биз учун эшик очади, мабодо спортнинг бу турини менсимасак, унда футбол ҳам биздан юз ўгиради. Мен ҳеч қачон ўзимни бошқалардан устун қўймаганман, мен учун доим жамоа биринчи ўринда турган. Ва буларнинг ҳаммасини устозим Валерий Лобановскийдан ўрганганман.

- Сиз "Нефтчи" билан беш марта Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритгансиз. Мана шулар орасида энг қийин ва эсда қолган чемпионлик қайси бўлган? 

- Ҳар бир чемпионлик ўзига яраша қийин бўлади. Лекин энг эсда қолгани 1994 йилги мавсум дея оламан. Ўшанда биз чемпионатни мағлубиятсиз якунлаган, бундан ташқари Кубокда ҳам зафар қучгандик. Қолаверса, "Нефтчи"нинг олти футболчиси Осиё ўйинларида иштирок этиб чемпион бўлганди. 1992 йили Фарғонада биринчи футбол интернатини очганим ҳам эсимда. Бунинг учун уч йил югургандим. Ўшанда қарши чиққанлар кўп бўлганди: "Саркисян ҳали иш бошламай туриб мактаб очмоқчи" дейишганди. Лекин "Нефтчи"нинг келажаги учун бизга мактаб зарур эди. Чунки Москвада таҳсил олган кезларим "Спартак" футбол мактабини кўриб, у ердаги ишлардан таъсирлангандим.


- Нима деб ўйлайсиз, Сиз футболни танлаганмисиз ёки футбол Сизними? 
- Менимча, футбол мени танлаган бўлса керак. Биласизми, бу ҳам табиатнинг бир туҳфаси бўлса керак. Биз мураббийлар - фақат ўзимизда борини ривожлантиришимиз мумкин, лекин кўп нарсага эришиш учун Худо томонидан ҳам берилган бўлиши керак. Мен ҳар йили янги мавсум олдидан кўплаб футболчиларни йиғиндан ўтказардим. Иқтидори борини жамоада олиб қолардим. Лекин футболчи чиқмайдиганлар билан асло ишлаган эмасман. Чунки бунинг фойдаси йўқ, қолаверса, вақт ҳам зое кетади. Ноябрь ойида Юрий Саркисян кўплаб ёшларни синовдан ўтказишини бутун Ўзбекистон биларди ва кўпчилик ўз боласини олиб келарди. Агар 200та бола ичидан 5-6 нафар яхшисини топсангиз, бу ҳам сиз учун катта ютуқ ҳисобланади.

- Сир эмас, фаолиятингизнинг катта қисми биргина клуб - "Нефтчи" билан боғлиқ. 

- Ишонасизми, ҳатто никоҳ тўйим ҳам "Нефтчи" ошхонасида бўлган. 1979 йил 6 ноябрь. Ўшанда бутун жамоа, футболчилар ва мураббийлар иштирок этганди. Мен ўзбек халқидан миннатдор бўлсам арзийди, чунки шу халқ менга футболда узоқ йил ишлаш имконини берди, Москвага бориб ўқишимга шароит яратди, Фарғонада ишлаб уй-жойли, оилали бўлдим. Буларнинг барчаси учун ташаккур айтиб қоламан.

- Ҳозир ҳам тез-тез Фарғонага бориб турасизми? 

- Йўқ, жуда кам. Биласиз, ҳозир "Бунёдкор" футбол клубида иш олиб боряпман, шу боис четга чиқишга вақт кам. Шу йил "Бунёдкор" ўйнаганида Фарғонага бориб келдим. Мухлислар билан учрашдим, кўпчилик ҳозир ҳам қайтишимни хоҳлайди. Лекин энди бунинг имкони йўқ. 2013 йилнинг май ойида "Нефтчи"дан кетган бўлсам, ярим йил уйда ўтирдим. Одамлар Саркисян деган мураббий борлигини унутаёзганди. Янги йил куни Миржалол Қосимов менга қўнғироқ қилиб байрам билан табриклади ва "Бунёдкор"да ишлашни таклиф қилди. Шундан бери шу клубдаман.


- "Нефтчи" сўнгги бор чемпионликни қўлга киритганидан бери орадан 15 йил ўтибди. Жамоа яна қачондир чемпион бўла оладими? 
- Бу ҳақда бир нарса дейишим қийин. Биласизми, мен кетганимдан сўнг ўрнимга келган одамлардан бири (исмини айтмайман) биз Юрий Саркисяндан кейин "Нефтчи"ни Европа даражасига олиб чиқамиз деб интервью берганди. Лекин жамоа эгаллаган ўринларга қаранг. Бу борада бошқа гапим йўқ.

- Сизнингча, ҳозирги мураббийлар қандай ишлашмоқда?   

- Бу саволга мендан кўра уларни ишга олганлар жавоб бергани маъқул. Мен эса фақат шуни айтишим мумкин, барча мураббийларга омад! Қариган чоғимда фақат бир нарсани хоҳлайман: қанийди Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2018 йилги жаҳон чемпионатига чиқса-ю, менга ҳам Россияга бориб ўйинларни кўриш насиб қилса.

- Дарвоқе, бу сафар жаҳон чемпионатига чиқа оламизми? 

- Нега энди чиқа олмас эканмиз? Учта ўйин қолди ва учаласини ютсак марра бизники. Ҳар бир жамоа рақиб қандай қўйиб берса шундай ўйин намойиш этади. Муҳими, бўшашмаслик керак.

- Сизнингча, нима сабабдан стадионга келаётган мухлислар сони камайиб кетди? 

- Билмадим. Менимча, одамлар нимадир иш билан банд бўлса керак. Фарғонада ишлаганимда стадионга кўп мухлис келарди, одамлар ҳатто чинорлар устига чиқиб футбол кўришарди.


- Ҳаётингизда қизиқарли воқеалар кўп бўлганми?
- Албатта, эсда қоларли воқеалар кўп бўлган. 1996 йил "Навбаҳор" чемпион бўлган йили мен тушкун ҳолатга тушиб қолиб Россияга кетмоқчи бўлгандим. Ўшанда тоғам йўлдан қайтариб, сен "Нефтчи"га ҳали кераксан дея олиб қолганди. Орадан кўп ўтмай, 1997 йилнинг ёзида ҳукумат томонидан "Дўстлик" ордени билан тақдирланганман. 50 ёшимда бундай совринни қабул қилиб олиш мен учун шарафли воқеа бўлганди. Бундан ташқари, 1994 йил Фарғона аэропортида Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримов билан учрашганим ҳам ёдда қолган. Ислом Абдуғаниевич ёнимга келиб, сизни танийман, мендан нима хоҳлайсиз деб сўраганди. Ўшанда мен ўзим учун ҳеч нарса сўрамай "Нефтчи" учун битта автобус сўрагандим. Орадан кўп ўтмай, бизга Венгриядан янги автобус келтирилган, бу жамоамиз учун катта совға бўлганди. Ўша автобус "Нефтчи" учун йигирма йил хизмат қилди.

- "Бунёдкор"даги ишингиз қандай кетяпти? 

- Ҳаммаси жойида. Футболни атрофдан янада кўпроқ кузатиш имконига эгаман. Ёшлар масалаҳат сўраганида ўз билганларим билан ўртоқлашяпман. Мен билганларимни ўргатишдан асло қочмайман, ким маслаҳат сўраса доим ёрдам беришга тайёрман.

- Юрий Вазгенович, вақт ажратиб биз билан суҳбат қилганингиз учун раҳмат. Кейинги ишларингизга омад тилаб қоламиз.

Хайрулла Холиқов ва Шаҳбоз Беғамов суҳбатлашди.
Фотосуратлар муаллифи: Толибжон Қосимов.


2017 йил 30 май

Рейтинг: +49   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика