Тўйини ҳам қадрдон клубида ўтказган "ўзбек Фергюсони" 76 ёшда!
30 май 2023 11:52
Янгиликлар
Тўйини ҳам қадрдон клубида ўтказган "ўзбек Фергюсони" 76 ёшда!
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий, "Дўстлик" ва "Меҳнат шуҳрати" орденлари соҳиби, беш карра Ўзбекистон чемпиони, тажрибали мутахассис, ўз касбининг ҳақиқий жонкуяри, меҳрибон ота Юрий Вазгенович ҳақида ҳар қанча гапирсак оз. Бу ҳазрати Инсоннинг мамлакатимиз футболи ривожига қўшган хиссаси беқиёс. Саркисян ярим асрга яқинроқ мураббийлик фаолияти давомида ўзбек футболига юзлаб кўзга кўринган футболчиларни етказиб берди. Ҳозирда унинг шогирдлари мураббий сифатида ўз устозлари бошлаб берган шарафли ишни давом эттиришяпти.
1947 йилнинг 30 май куни Арманистонда дунёга келган бугунги кун қаҳрамони тақдир тақозоси ила оиласи билан бирга Ўзбекистонга кўчиб ўтади. Саркисян 1968 йили футболчилик фаолиятини Олмалиқнинг "Металлург" клубида бошлаган. 1970 йилда Термизнинг "Автомобилист" клубига кўчиб ўтди. 1974 йили Термизнинг бошқа бир жамоаси "Спартак" шарафини ҳимоя қилди. 1975 йилда эса кейинчалик ўзининг иккинчи уйига айланган Фарғонанинг "Нефтяник" (ҳозирги "Нефтчи") клуби сафига бориб қўшилди. 1978 йилги мавсумни "Шахрихончи"да ўтказган. Кейин "Нефтяник"ка қайтиб, фаолиятини охиригача шу жамоа либосида майдонга тушди. Юрий Саркисян 1982 йилда профессионал футболчилик фаолиятини якунлаб, мураббийликда иш бошлади.
Вазгенович 1985 йили футбол мураббийларини тайёрлаш Олий мактабини якунлаб, олий тоифали мураббий даражасини қўлга киритди. 1987 йилда "Нефтяник" клуби бош мураббийи сифатида фаолиятини бошлайди. 1987-1989 йиллар оралиғида фарғоналиклар Юрий Вазгенович қўл остида собиқ СССР чемпионати иккинчи лигаси 7-минтақасининг ғолиби бўлган. "Нефтяник" 1990 йилда иккинчи лига шарқ минтақаси чемпиони сифатида Биринчи лигада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган. 1991 йили "Нефтяник" биринчи лига мавсумини 7-ўринда якунлади.
Мустақил Ўзбекистон чемпионати ўтказила бошланган 1992 йилдан "Нефтяник" клуби номи "Нефтчи"га ўзгартирилди. Фарғона вилоятининг бош жамоаси Юрий Саркисян бошчилигида беш марта Ўзбекистон чемпиони, икки карра мамлакат Кубоги соҳиби, тўққиз марта вице-чемпион, бир маротаба бронза медалларини қўлга киритган.
Бундан ташқари, "Нефтчи" Саркисян билан бирга ОФК Чемпионлари лигасининг бронза медали (1994/95), МДҲ кубоги (1994)нинг кумуш медал эгасига айланган. Бежизга Юрий Саркисянни англиялик афсона Алекс Фергюсонга қиёслашмаган. У узлуксиз 27 йил давомида "Нефтчи" жамоаси бош мураббийи бўлган. Юрий Вазгенович 2013 йилнинг 11 май куни "Нефтчи"ни тарк этган. Бугун таваллуд айёмини нишонлаётган қаҳрамонимиз 2014 йилдан то шу кунгача "Бунёдкор" жамоасида маслаҳатчи мураббий лавозимида самарали ишлаб келяпти.
Бундан икки йил аввал Юрий Саркисяннинг 70 йиллик юбилейи "Бунёдкор" клубида катта масштабда нишонланган эди. Тадбир якунида сўз навбати юбилярга берилган ва бугунги кун қаҳрамони ажойиб фикрлари билан залга йиғилганларнинг олқишига сазовор бўлганди.
- Мен тақдиримдан миннатдорман. Ўзбекистонда яшаётганимдан, шундай иноқ ва аҳил инсонлар билан бирга эканлигимдан жуда хурсандман. Буни ҳар доим таъкидлаб келаман. Мен 20 ёшлигимда Еревандан кетганман ва Ўзбекистонга келганман. Ўзбекистонга келиб футбол ўйнашни бошладим. 1982 йилга қадар футбол ўйнадим ва кейин бутсамни михга илдим. Кейин мени мураббий ёрдамчиси қилиб жамоага олиб қолишди. Кейин мени Москвага ўқишга жўнатишди. Ўшанда Ўзбекистон бўйича битта жой ажратилганди. 72 аризачилар ичидан менга ўқишга кириш насиб этди. Икки йил Москвада ўқиб қайтдим. Мураббийлик дипломини қўлга киритиб қайтгач, Фарғонанинг "Нефтчи" жамоасини қабул қилиб олдим. 1987 йилдан 2013 йилга қадар "Нефтчи"да ишладим. Бу вақт оралиғида бир қатор ютуқларга эришдим. 9 марта олтин, 10та кумуш ва иккита бронза медалини қўлга киритдим. Осиё чемпионлар лигасида 25 йил ичида фақат мени бошқарувимда "Нефтчи" медал ютишни уддалаган. Мен ўзимга-ўзим ҳеч қачон жамоага футболчи сотиб олмайман, деб сўз бергандим. Доимо ёш иқтидорларга, қишлоқдаги болакайларга эътибор қаратардим. Мени ўзбек халқи тарбиялаган. Ўзбек халқи мени ҳаётдаги йўлимни кўрсатган. Фарзандларим ҳам Ўзбекистонда туғилишган. Мен "Нефтчи" билан 4 йил кетма-кет чемпион бўлганимдан кейин 1996 йили "Навбаҳор" олтин медалларга эга чиққанди. Ўшанда мен жуда қаттиқ ранжиганман. Кейин кетишни ўйлаб қолдим. Россияда ишламоқчи бўлиб тургандим. Мени амаким бўларди, ўшанда у менга кетмасликни маслаҳат берган. Кетма, сен шу ерда машҳур бўлдинг, шундай жамоани бошқаряпсан, деди. Лекин мен кетмоқчи эдим. Бу ерда ҳеч кимга керак эмасман, деб ўйлаб қолгандим. Лекин амаким, менга қулоқ сол, президент ҳамма нарсани билади, деди. Бир йил шошмагин деб маслаҳат берди. 1997 йили Ўзбекистон терма жамоаси билан Комбоджага кетгандим. Келишим билан уйимга ҳукуматдан телеграмма келди. Бундай очиб қарасам, қилган меҳнатлари учун, Ўзбекистон спорти ривожи йўлида қўшган ҳиссалари учун "Нефтчи" клуби ҳамда Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Юрий Саркисян "Дўстлик" ордени билан тақдирлансин, деб ёзилган. Шундан кейин ҳеч қачон Ўзбекистондан кетмасликка ўзимга-ўзимга сўз берганман. Ва доим ўзбек ёшларига эътибор қаратиб, улардан келажакда яхши футболчи чиқиши учун меҳнат қиламан, деб ваъда бердим. Барчага катта раҳмат!
Алишер Никимбаев, футбол мутахассиси:
- Юрий Вазгенович билан илк учрашувимизни худди кечагидек эслайман. Бу воқеа 1992 йили бўлиб ўтган. Ўша пайтда мен "Спорт" газетасида журналист сифатида ишлардим. "Нефтчи" 1991 йили СССР биринчи лигасида 7-ўринни эгаллаган. Ўша мавсумни ҳам аниқ эслайман. Илк учрашувимиз 1992 йили "Пахтакор" стадионида бўлган. Ўша жанжалли ўйиндан сўнг Вазгенович билан учрашганмиз. Ёдингизда бўлса, мустақил Ўзбекистон чемпионатининг 3-турида "Пахтакор" ўз майдонида "Нефтчи"ни қабул қилган. Ўша ўйинда "Пахтакор" Вели Касумовнинг дубли эвазига 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Майдон эгалари таркиби Игорь Шквирин, Миржалол Қосимов, Геннадий Денисов, Андрей Пятницкий, Вели Касумов сингари машҳур футболчилар майдонга тушишган. Ваҳоланки, мавсум бошланиши олдидан Шквирин, Қосимов ва Денисов Владикавказнинг "Алания"сига, Вели Касумов эса Москванинг "Спартак" клубига ўтиб кетганди. Лекин "Пахтакор" раҳбарияти бу тўрт футболчини "Нефтчи"га қарши ўйинда майдонга туширган. Учрашувдан сўнг "Нефтчи" айнан шу ҳолат юзасида ЎФФга шикоят ёзган. Федерация ўйин натижасини бекор қилган ва учрашувни қайтадан ўтказиш бўйича қарор чиқарган. Такрорий ўйинда "Нефтчи" 2:1 ҳисобида зафар қучган. Демак, Юрий Саркисян билан биринчи учрашувимиз "тарихий ўйин"да содир бўлган. Мана бир неча йилдирки, оилавий борди-келдимиз ҳам бор. Шу тобда бир қизиқарли воқеа ёдимга тушиб кетди. 1993 йилнинг 30 май куни "Нефтчи" Фарғонада Самарқанднинг "Динамо" клубини қабул қилган. Ўйин унинг туғилган кунига тўғри келган. Одатда мураббийлар ўйин куни туғилган куни бўлса, бугунги ғалабангиз мен учун совға бўлади, бошқа ҳеч қандай совғанинг керак йўқ, дейишади. Фарғонадаги ўша ўйиндан олдин ҳам худди шундай ҳолат рўй берган. Фақат бу сафар ташаббус футболчиларнинг ўзидан чиққан. Сергей Завалнюк ва Александр Тихонов эрталабки жамоа йиғилишидан сўнг "Юрий Вазгенович, бугунги таваллуд айёмингизга нима совға қилиш ҳақида бош қотиряпмиз. Бундай ўйлаб қарасак, ҳамма нарсангиз бор экан. Шунга футболчилар билан маслаҳатлашган ҳолда бугунги "Динамо" устидан қозонилажак ғалабани сизга бағишламоқчимиз", дейишади. Эътиборга молиқ жиҳати шундаки, ўйин 0:0 ҳисобидаги дуранг билан якунланади. "Динамо" дарвозасига белгиланган иккала пенальтини ҳам Олег Горвиц қайтаради. Ана шундай қизиқ воқеа рўй берганди. Фурсатдан фойдаланиб, ўзим ва оила аъзоларим номидан Юрий Вазгеновични бугунги таваллуд айёми билан муборакбод этаман. Яна кўп йиллар давомида ўзбек футболига хизмат қилиб юрсинлар.
Ислом Тўхтахўжаев, миллий терма жамоа собиқ ҳимоячиси:
- Юрий Вазгенович мен учун отамдек азиз ва улуғ инсон. Футболчи бўлиб шаклланишим, бугунги даражамга чиқишимда бу мураббийнинг хизматлари жуда катта бўлган. Саркисян Фарғонадаги футбол мактабида ўқиб юрган кезларим ўйинимизни томоша қилиш учун келган. Кейинчалик мени "Нефтчи" сафига таклиф қилган. Мураббийимиз ҳам узоқ гапириш мумкин. Албатта, бугун уларга қўнғироқ қилиб, таваллуд айёмлари билан табриклайман. Шундай бўлсада, сайтингиз орқали самимий қутловларимни етказиб қўясизлар деган умиддаман.
Норбек Ниёзов, спорт шарҳловчиси:
- Юрий Саркисян мен таниган мураббийлар орасида ҳурматга сазоворларидан. У тўйми, азами, ҳар қандай айтилган тадбирдан қолмайди, ўзбеклашиб кетган. Саркисян билан боғлиқ кўп латифалар юради футбол оламида. Ўзи ҳам хушчақчақ инсон. Афсуски, у юксакларга кўтарган “Нефтчи” бугун ўтмишга айланди. Вазгенович пойтахт клубларига муносиб қаршилик қилган ва уларни енгиб чемпион бўлган мураббий. Олий лига ўйинларидан кейинги матбуот анжуманлари бўладими, баъзан бўлмай қолса ҳам, журналистлардан ҳеч қачон ўзини олиб қочмаган. Масалага тўғри ёндошган. Ҳозиржавоблиги билан ҳурматимизни қозонган. Келинг, бир воқеани эслай.
Ўзбекистон футбол федерациясида катта мажлис бўляпти. Ўша пайтдаги Бош вазир ўринбосари, ЎФФ раҳбари ва бошқа расмий кишилар, футбол жамоатчилиги йиғилган. Шу йили Президент фармони билан Юрий Саркисян давлат мукофоти “Дўстлик” ордени билан мукофотланган. Орденни қабул қилгач, сўз унга берилди. Вазгенични бунчалик ҳаяжонланганини кўрмагандим. Одатда у бақир-чақир қилади, сўкинади, лекин... Нутқ бошланди, мен эса диктофонни ёқдим, овозни ёзиб эфирга бериш учун...
“Спасибо нашему...” деб бошланган нутқ 5-6 дақиқа давом этди. Унинг ичида нотиқ миннатдорлик билдира туриб ҳам ўзининг “фирменний иборалари”ни ҳам роса ишлатди. Мажлис тугаганидан сўнг Вазгенични чақириб диктофондаги нутқини қўйиб бердим. Ҳозиргина тўлқинланиб гапирган одамнинг ранги оқариб, қўрқиб кетди. Ўша давр учун бу даҳшатнинг ўзи эди. Кейин уни хотиржам қилиб, бундай “сўз”ларни эфирга бермаслигимни айтдим. Кейин ишхонага бориб монтаж қилганимда “дурдона сўзлар”нинг ўзи 6 дақиқалик нутқда 2 дақиқача чиқди. Монтажчи қизлар уятдан қизариб кетишганди. Эфирга эса чиройли нутқ кетди, Саркисян уни эшитиб ўзи гапирганига ишонмаганини айтганди. Бу интервьюдан ҳамма хурсанд эди, катталар ҳам, бошқалар ҳам...
Ўзбекистон футболи ривожига қўшган хиссаси учун Юрий Саркисян "Дўстлик" (1997 йил) ва "Меҳнат шуҳрати" (2007 йил) ордени каби давлат мукофотлари билан тақдирланган. У Ўзбекистонда беш марта йилнинг энг яхши мураббийи деб топилган.
Ҳамкасбимизнинг "Сиз футболни танлаганмисиз ёки футбол Сизни" дея берган саволига Вазгенович шундай жавоб берганди.
- Менимча, футбол мени танлаган бўлса керак. Биласизми, бу ҳам табиатнинг бир туҳфаси бўлса керак. Биз мураббийлар - фақат ўзимизда борини ривожлантиришимиз мумкин, лекин кўп нарсага эришиш учун Худо томонидан ҳам берилган бўлиши керак. Мен ҳар йили янги мавсум олдидан кўплаб футболчиларни йиғиндан ўтказардим. Иқтидори борини жамоада олиб қолардим. Лекин футболчи чиқмайдиганлар билан асло ишлаган эмасман. Чунки бунинг фойдаси йўқ, қолаверса, вақт ҳам зое кетади. Ноябрь ойида Юрий Саркисян кўплаб ёшларни синовдан ўтказишини бутун Ўзбекистон биларди ва кўпчилик ўз боласини олиб келарди. Агар 200та бола ичидан 5-6 нафар яхшисини топсангиз, бу ҳам сиз учун катта ютуқ ҳисобланади. Яна бир қизиқарли факт келтираман: ишонасизми, ҳатто никоҳ тўйим ҳам "Нефтчи" ошхонасида бўлган. 1979 йил 6 ноябрь. Ўшанда бутун жамоа, футболчилар ва мураббийлар иштирок этганди. Мен ўзбек халқидан миннатдор бўлсам арзийди, чунки шу халқ менга футболда узоқ йил ишлаш имконини берди, Москвага бориб ўқишимга шароит яратди, Фарғонада ишлаб уй-жойли, оилали бўлдим. Буларнинг барчаси учун ташаккур айтиб қоламан.
Ўз ўрнида биз ҳам сайтимиз ўқувчилари номидан Юрий Саркисянни бугунги таваллуд айём билан чин юракдан муборакбод этамиз. Юрий Вазгеновичга узоқ умр, фарзанду неваралар роҳатини кўп йиллар кўриб юришларини Яратгандан сўраб қоламиз. Туғилган кун муборак, МАЭСТРО!
Фикрлар