

- Мавсумдаги илк ғалабадан хурсандмиз. Йигитлар бугун яхши ўйин намойиш қилиб беришди. Ўйинни яхши бошлагандик. Илк 35 дақиқа бизнинг назоратимиз остида ўтди. Бир қатор қулай вазиятлар бўлди, бундан фойдалана олмадик. Иккинчи бўлимда эса йигитлар бироз ўйинни ташлаб қўйишди, кейин яна назорат қилдик. Бу футбол. Жамоам характер кўрсатди ва биз ғалаба қозондик.
- Ҳамкасбингиз Рашид Ғофуров ўйиндан кейинги матбуот анжуманида майдон сифати ёмон бўлганини ва ўйини йўқ жамоа ғалаба қозонганини айтди. Шу фикрга қўшиласизми?
- Иккала жамоа ҳам шу майдонда футбол ўйнади. Биз биринчи марта ўз майдонимизда футбол ўйнадик. Агарда мезбон жамоа барча ўйинларини бир стадионда қабул қилиб, машғулотларини олиб борса, майдон устунлик бериши мумкин. Лекин бизнинг ҳам чемпионатда ушбу стадиондаги биринчи ўйинимиз. Биз ҳам ўз ўйинимизни ердан паслар орқали қурмоқчи эдик, лекин бизнинг ўйин услубимизга ҳам майдон ҳалақит қилди. Лекин биз майдонга қараб ўзгаришга қарор қилдик ва ўйинимизни майдонга мослаштира олдик.
- Бугун жамоа мавсумдаги илк ғалабасини қўлга киритди. Сиз ушбу ғалаба жамоани руҳий чуқурликдан олиб чиқиб кетади, деб айта оласизми?
- Албатта. Бизда кўплаб муаммолар бўлди ва шунча қийинчиликлардан ўтиб, ғалаба қозонишнинг ўзи қийин. Энг муҳими биз ишлашда давом этяпмиз, йигитлар меҳнат қилишяпти. Хоҳиш истак бўлса, исталган нарсага эришса бўлади. Футболга бўлган меҳр, истак, хоҳишларни ушлаб қола олсак, кейинги ўйинларда ҳам ғалаба қозона оламиз.
- Мухлисларнинг бугунги ўйинга иштиёқи бошқача эди. Ғалаба учун асосий сабаб деб шуни кўрсата оласизми?
- Бу мухлислар шунчаки мухлислар эмас. Қайсидир футболчининг акаси, опаси, укаси... Истайсизми йўқми, биз уларнинг олдида куч оламиз. Бугунги ғалабада мухлисларимизнинг ҳам ҳиссаси катта деб ўйлайман. Йигитлар чарчаб қолаётган бўлса-да, югуряпти, демак, ғалабада мухлисларнинг ҳам нечадир фоиз ҳиссаси бор.



