Якунига етмаган "Гигантлар жанги" давом этади. Катта саҳнада Ривалдо ва унинг дўстлари!
04 янв 2019 12:58
Янгиликлар
Якунига етмаган "Гигантлар жанги" давом этади. Катта саҳнада Ривалдо ва унинг дўстлари!
Мираброр Усмонов футбол жамоатчилигига таништирилган кундаги мажлис ёдимда. Ўшанда Усмонов энг аввало клубларнинг молиявий ҳолатини тўғрилашга катта урғу берган ва бу йўлда ўз кўмакларини аямаган. Айнан шунинг меваси ўлароқ кейинчалик клубларнинг инфраструктураси ривожланиб борди. "Пахтакор" гегемонлигига барҳам берилди, "Бунёдкор", "Насаф" каби жамоалар катта саҳнага чиқди.
"Zeromax" деган корхона ҳақида биз 2007 йил эшита бошладик. "Қурувчи" жамоасининг логотипи ҳам айнан шу компания белгиси билан ўхшаш эди. Аввалига ҳеч ким Тошкентнинг тўртинчи жамоасига жиддий аҳамият қаратмади, аммо кейин... Кейин Хвостунов, Саломов, Ашурматов, Бугало, Лушан, Шишелов, Понамарёв, Гочгулиев каби футболчилар бирин-кетин жамоа сафини тўлдира бошлашди. Ҳикмат Эргашев бош мураббий, Қосимов ҳам шу ерда. Бу пайтга келиб Ўзбекистоннинг ўз "бўрилари" мавжуд эди. Бири Фарғона томондан "Нефтчи" бўлса, иккинчиси "Пахтакор" эди. "Машъал" ҳам бир йил аввалги таркиби билан ёмон ўйнамаслиги аниқ эди. Йил сўнггида "Пахтакор" катта фарқ билан чемпионликни қўлга киритди, "лой жанги" деб аталмиш Ўзбекистон Кубогида эса Темур Жўраевнинг маҳорати туфайли пенальтилар сериясида ғалаба қозонди. Лекин бу чемпионликдан кейин "Пахтакор" 5 йил танаффусга чиқишини ҳеч ким хаёлига келтирмаганди.
Ўзбекистон Кубоги ярим финалида "Машъал"га қарши чиққан "Қурувчи"ни фақат ғалаба қаноатлантирарди. Сафарда 0:0 ҳисоби қайд этилган жавоб ўйинида ҳисоб 1:1 бўлиб турганида мураббий эмас, "Zeromax" вакили Дмитрий Кузинни майдонга тушириш кераклигини айтади. Майдонга тушган заҳотиёқ бош билан гол уриб "Қурувчи"ни финалга олиб чиқади. Кўп ўтмай зарафшонлик футболчига янги "Нексия" совға қилинади. Афсуски, кейинчалик Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиларидан бири бўлиши керак бўлган ўйинчини парваришлай олмадик. 16 ёшли футболчи кучли зўриқишлар натижасида жароҳатлар исканжасига тушиб қолди.
2007 йил Осиё Кубогини ёд олмасдан иложимиз йўқ. Саудия Арабистонига қарши кечган 1/4 финал ўйинини эсласангиз керак? Ўша пайтдаги бош мураббийимиз Рауф Инилеев қитъа чемпиони бўлиши учун ҳам яхшигина имкониятга эга эди. Афсуски, учрашув бош ҳаками Квон Жон Чхоль Максим Шацких томонидан урилган тоза голни инобатга олмайди. Саудия финалда Ироққа мағлубиятга учраган мусобақа якунида Инилеев "Осиёнинг энг яхши мураббийи" бўлган. Абрамов ва Инилеев ўртасида талаш бўлган Аҳмедов мусобақани ўтказиб юборади.
2008 йил, адашмасам февраль ойи. Ўқишдаман. Бахтиёр Шириновдан Акмал Холматов ва Нодир Қўзибоевни "Пахтакор" билан шартнома тузганини эшитдим. Бу трансфер шундоқ ҳам кучли бўлган "шерларни" янада кучайтириши аниқ бўлиб турган бир пайтда қўнғироқ бўлди:
- Алло, Нодирхўжа яхшимисиз, сиздаги Жепаров ва Кападзенинг суратларини бера оласизми? "Қурувчи" сайтига қўямиз... Баҳодир Мирзаевнинг гапларидан тушундимки, "Пахтакор"нинг икки етакчиси жамоани тарк этди. Бу "Пахтакор" мухлислари учун катта йўқотиш эди. Кейин билсак, бу икки футболчи рус клубига ўтиши керак бўлган, аммо раҳбарият уларнинг трансфери борасида келиша олмаган. Натижада жаҳли чиққан Сервер "Қурувчи"га ўтиб кетади. Кападзени эса жамоа шунчаки қўйиб юборган эди. Кўп ўтмай уларнинг қаторига Анвар Солиев қўшилади. "Қурувчи"нинг эркаклиги шунда эдики, ҳар бир футболчига ўша пайт учун яхши бўлган суммаларни тўлаб берган. 2008 йилги мавсумни ҳозир ҳам эслайман, жуда кучли ўтган эди. Гарчанд Жепаров "Пахтакор"ни тарк этган бўлса-да, Одил Аҳмедов янги мавсум кашфиёти эди. Ундан ташқари Дарко Маркович ҳам тезда жамоага киришиб кета олди. Кутилмаган иш иккинчи даврада бўлди. "Бунёдкор" дея номи ўзгарган "Қурувчи" иккита йирик трансферни эълон қилди: Ривалдо ва Вильянуэва Тошкентда! Шу кунгача ҳеч ким ўйламасди, Ўзбекистонга ҳам "Барселона" савиясидаги ўйинчи келишини. Бу футболчиларнинг ташрифи биринчи даврани 2 очко тафовут билан якунлаган "Бунёдкор" кучига куч қўшади ва 5 очко фарқ билан мавсум чемпиони бўлади. Камига "Бунёдкор"ни Қосимов билан бирга Зико бошқарган эди.
2010 йил Анзур Исмоилов ва Игнатий Нестеров шундоқ ҳам кучли бўлган "Бунёдкор"нинг ярим жамоасини тўлдиради. Бу орада Бразилиядан яна уч нафар футболчи келади. Бир йил аввал "Поҳанг Стилерс" билан ОЧЛни ютган Стевица Ристич ва Денилсон, Ривалдо, Жоа Виктор, Эдсон Рамос қаторини тўлдирадилар. Бразилияликлар билан ишлаган мураббийлар кўпинча бир қоидага қаттиқ амал қиладилар. Бир бразилиялик бўлса яхши, иккитаси ундан ҳам яхши, агар учта бўлса бу расво! Ристич ва Денилсон, Ривалдо бошчилигидаги бразилияликларнинг инжиқлиги қурбони бўлган эдилар. ОЧЛдаги 3+1 лимити туфайли бир йил аввал ОЧЛни ютган бразилияликлар ўйиндан ташқари ҳолатга тушиб қоладилар. Трифунович ҳам жуда зўр ўйинчи эди. 2009 йил шундай сабаб туфайли Луизао "Бунёдкор"ни тарк этади. Мураббий эса Сколари эди. Апрель ойларида Камолиддин Алимовга интервью берган Ривалдо "Бунёдкор"да кейинчалик мураббий бўлиб қолиши ва клуб билан юқори чўққиларга чиқиш мақсадидалигини айтиб ўтганди. Йил ўртасига келиб пойтахтнинг "Локомотив" ва "Трактор" ("Трактор" банкрот бўлиб улгурган эди) жамоаларини ортда қолдирган "Бунёдкор"да муаммо пайдо бўлгач, бразилияликлар биринчи рейс билан жамоани ташлаб қочадилар ва унинг муаммоси ҳозиргача тошкентликларга халақит қилиб келяпти.
Яна бир тарихий воқеани эслаб ўтаман. 2007 йил "Локомотив" ўз майдонида "Бухоро"га имкониятни бой беради - 1:3. Ўшанда "Жар" стадионининг ВИП қисмида ўтирган "темирйўл" вакилларини жамоага эътироз билан тепадан қичима гап гапиради. Шундоқ ҳам мағлубиятга учраб асаби бузилиб чиқиб кетаётган футболчилар орасида Азиз Ҳайдаров тепага қараб, "аввал пулни тўғрилаб қўйинглар, кейин бизни сўкасиз" деб жаҳл билан ечиниш хонасига кириб кетган. Ҳақиқатан ҳам ўша йиллар "Локомотив"нинг аҳволига ҳавас билан қараб бўлмасди.
Лекин 2007-2010 йиллар оралиғида ўзбек стадионларида ҳақиқий туб бурилиш бўлди. Аввалига Мираброр Усмонов маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда ҳар бир вилоят инфраструктураси устида жиддий иш олиб борди. Бу орада "Насаф" ва "Пахтакор", МҲСК, "Жар" стадионларида қайта таъмирлаш ишлари бошланди. Энг муҳими, болалар футболи йўлида ҳудудий федерациялар молиялаштирила бошланди. Бу энг катта олдинга ташланган қадамлардан бири эди. Гарчанд Ривалдо ва унинг "бригадаси" ички муҳитга таъсир кўрсатган бўлса-да, "Пахтакор" ва "Бунёдкор" иштирокидаги ўйинларга чипта топиш муаммо бўлди. Бу икки жамоа сафар қилган ўйинларда аншлаг юзага келди. "Пахтакор" ва "Бунёдкор" ўртасидаги рақобат нафақат футболчилар ўртасида, балки мураббий ва мутахассислар ўртасида ҳам кесин давом этди. 2009 йилга келиб улар қаторига "Насаф" қўшилди!
2010 йилги мавсумда Нуриддин Зайниевнинг илк орзуси ушалди. "Насаф" олий лигада учинчи ўринни эгаллайди, бу эса ОФК Кубоги олдидан қўйилган пойдевор эди. Бу ҳақда кейинги мақолада... 2006-10 йиллар оралиғида эса ўзбек футболи катта йўқотишларга дуч келди. Аввалига "Трактор" йўқ бўлди, кейин эса "Нефтчи"нинг қийин даври кела бошлади.
Шунингдек, бу давр оралиғида икки марта ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатига мезбонлик қилдик. Шулардан иккинчисида финалга қадар етиб бордик ва илк бор ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига йўлланма қўлга киритдик. Худди шундай уч марта футзал ўртасидаги Осиё чемпионати мезбони бўлдик, 2006 ва 2010 йилларда бўлиб ўтган иккита мусобақада ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоаси финалга қадар етиб борди.
Фикрлар