UZ

Сўнгги янгиликлар

13:54"Бунёдкор" ўз тарбияланувчиси билан шартномани 2 йилга узайтирди  0 13:27"Шўртан" 2025 йилги мавсумни Қаршидаги стадионда бошлайди  1 12:51Эронда нима гаплар? Юсуповда навбатдаги "қуруқ ўйин", Машарипов тўлиқ ўйнади  2 12:20ПФЛ "Олимпик"ка 5 январгача муҳлат берди, акс ҳолда...  1 11:51Қиз фарзанди дунёга келгани сабаб ўйиннинг 1-бўлимини ўтказиб юборган ва 2-бўлимга етиб бориб хет-трик қайд этган футболчи ҳақида билармидингиз?!  1 11:22Бекободда футбол ўлмоқда. "Металлург" кетидан Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган академия ҳам ёпилади   12 10:55Қойил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  10 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  3 10:07Расман: Санжар Қувватов - «Қизилқум» жамоаси футболчиси  1 09:47Бир йил аввал саратон билан курашган футболчи Тожикистонда «йил футболчиси» бўлди  1 09:10«Бунёдкор» терма жамоамизнинг икки нафар футболчиси билан музокара олиб бормоқда  2 08:37Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистондаги энг тез футболчи ким эканлигини айтди  8 08:0620 кун аввал "Навбаҳор" билан икки йиллик шартнома тузган футболчи легионерга айланди  2 07:31Янги мавсумда Про лигада ўйнамайдиган «Дўстлик» етакчисини сотувга қўйди  1 05:09АПЛ. "Ливерпуль" ўз уйида иродали тарзда "Лестер"ни мағлуб этди  6

"Темирйўлчилар" янги "машинист"га муҳтож Янгиликлар

"Темирйўлчилар" янги "машинист"га муҳтож

"Локомотив" Ўзбекистон чемпиони сифатида кетма-кет иккинчи йилдирки ОЧЛда гуруҳ босқичида қолиб кетди.

Қаторасига уч йил Ўзбекистонда чемпионлик шоҳсупасидан тушмаётган "Локомотив"га нима бўлмоқда? Нега жамоа қаторасига иккинчи йил нисбатан анча осон гуруҳдан ўтишни эплай олмаяпти?

Қуръадан кейин кўпчилик "Локо" яна қулай гуруҳга тушгани ва бу "квартет"дан чиқиши лозимлигини таъкидлаганди. Дарҳақиқат, жамоа ўтиши керак бўлган рақиблар тушган гуруҳдан плей-оффга чиқолмади. Яна ўтган йилги хатолар такрорланди. Мирко Еличич билан муваффақиятсизликка учраган "Локо" бу йили Андрей Фёдоров билан буни такрорлади.


Янги мавсум олдидан "Локо"ни қатор етакчи футболчилар тарк этишди. Айниқса ўрта чизиқдаги етакчи футболчиларнинг кетиши "Локо"нинг ўйинига таъсир этмасдан қолмади. Алибоев, Махарадзе, Абдуллаев сингари футболчилар ўртада жамоа ўйинини бир маромда ўтишини белгилашда муҳим фигурага айланишганди. Бу йили эса ушбу ижрочилар ўрни алмашди. Кетганлар ўрнини қоплаш учун Жокич, Искандеров, Ҳайдаров келди. Албатта  ўрта чизиғи деярли буткул янгиланган "Локо"га ўз ўйинини қуриб олиши учун маълум вақт талаб этилади. Бир қарашда "Локо"да ўйин қуриш бўйича муаммо йўқдек. "Темирйўлчилар" янги мавсумдаги ҳозиргача ўтказилган барча ўйинда рақиб дарвозасини ишғол этиб келишмоқда. Яъни, жамоанинг ҳужумдаги ишлари жойида. Самарадорлик аъло даражада дейиш мумкин. Ҳар ҳолда 13 ўйинда 24та гол уриш ҳазилакам иш эмас.

Лекин жамоанинг ҳимоя чизиғидаги ишлари кўнгилдагидек эмас. Нега?

"Локомотив" янги мавсумда ҳозиргача 13та ўйин ўтказди. Ўзбекистон Суперкубоги (1 ўйин, 1 ғалаба), ОЧЛ (5 ўйин, 1 ғалаба, 1 дуранг, 3 мағлубият), Ўзбекистон чемпионати (7 ўйин, 5 ғалаба, 1 дуранг, 1 мағлубият) учрашувиларидаги статистикасига назар соламиз. Ҳозирча жамоа жами 7та ғалабага эришган. Бу ўтказилган ўйинларнинг деярли ярмига тенг. Қолган ўйинларда 2 дуранг ва 4 мағлубият қайд этилган. Ушбу статистикадаги биргина яхши тараф шуки, "темирйўлчилар" ўтказилган барча ўйинларда гол уришни уддалашмоқда. Лекин ёмон тарафи, жамоада барқарорлик йўқ. Ҳимоядаги ўйин яхшигина ислоҳотларга муҳтож.


Аслида ўтган мавсум стартида ҳам жамоа жуда ёмон ўйнаган, айниқса ҳимояда. Иккинчи даврада Анзур Исмоиловнинг жамоага келиши ҳимоядаги муаммоларни бартараф этганди. Ўшанда Анзур Исмоилов дарҳақиқат кучли мудофаа вакилига айланди. Бу йили эса Исмоилов-Тўхтахўжаев тандеми, чап қанотда рақобатчисиз қолган Зотеевнинг ўйинидаги пасайиш ўз таъсирини кўрсатмоқда. Хусусан айнан ҳимоя чизиғидаги бетартиб ўйин эвазига "Ал Райян" билан бўлган баҳсда тайёр ғалаба қўлдан чиққанди. Ёки бошқа ўйинларда ҳам "Локо" ҳимояси беқарор ўйнаётгани туфайли жамоа ҳужумда ҳар қанча самарадор ўйнамасин, якунда бу натижа келтирмаяпти. Чунки ҳимоя исталган пайт рақиб фойдасига адашмоқда, позицион ҳимояланишда ёки жарима майдончаси ичида оддий вазиятларда хатога йўл қўймоқда. Тўғри, барча хато қилади. Бусиз иложи йўқ. Лекин бу хатолар одатий ҳолга айлангани "Локомотив"га қимматга тушмоқда.

Футболчилик фаолиятида ҳимоячи бўлган Андрей Фёдоров жамоасининг ҳимоядаги ўйинини тўғри йўлга қўйишни уддалай олмаяпти. "Локомотив" ўтказилган 13 учрашувда 17 маротаба ўз дарвозасидан гол ўтказиб юбориши чемпион жамоага хос ва мос эмас.


Гап дарвозабонда ҳам эмас. Тўғри, Жавоҳир Илёсов ҳозирча атиги 4 ўйинда ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлашга эришди холос. Қолган ўйинларда  Жавоҳир Илёсов мунтазам равишда ўз дарвозасидан тўп олиб чиқмоқда. Чемпион жамоа дарвозабони учун бу натижа яхши кўрсаткич эмас, тўғри. Лекин бу билан "Локо"га Нестеровнинг йўқлиги сезилмоқда, дейишга шошилмаган бўлардим. Чунки ўтган мавсум стартидаги Нестеровнинг ҳозирги Илёсов билан кўрсаткичини солиштирсак, унда тажрибали посбон ёш ҳамкасбига нисбатан мақтанарли натижага кўрсатмаганди. Яъни, "Локо"нинг мунтазам гол ўтказиб юбориши кўпроқ ҳимоя чизиғига саволларни туғдирмоқда. Илк бор топ жамоага келган Жавоҳир Илёсов борасида эса хулосага шошилмаган маъқул. Ҳар ҳолда Жавоҳир керак пайтда жамоани қатор вазиятларда голдан қутқармоқда.

"Локомотив" чемпионатдаги қатор ўйинларни ҳам бир маромда ўтказа олмаяпти. Ҳа, ғалаба қозонилган беллашувларда ҳам "Локо" гоҳ биринчи бўлимни яхши ўтказса, танаффусдан кейин ташаббусни рақибга бериб қўяди. Ёки аксинча, биринчи бўлимда яхши ўйин кўрсата олмаса, иккинчи таймда ўйинни ўз қўлига олиши натижасида баъзи учрашувларда ғалаба қозонди. Масалан "Навбаҳор" билан биринчи бўлимни ёмон ўтказган, аммо иккинчи таймдаги жонланиш эвазига ғалаба қозонганди. "Ал Ваҳда" билан Тошкентда бўлган баҳсда эса биринчи таймда яхши ўйнаган жамоа, иккинчи бўлимда буткул бошқача футбол кўрсатганди. "Андижон" билан ўйиндан ташқари Тошкентдаги қолган барча ўйинларда "Локо" ҳеч бир учрашувни барқарор ўтказишни уддалай олмади.

Қатарда ўтган "Ал Райян" билан баҳсда ҳам жамоа тезкор голдан кейин дарҳол натижа эътибори билан ўйнашни ўйлади ва шунинг натижасида ташаббусни рақибга топширган "Локо" тайёр ғалабани мағлубиятга алмашганди. Яъни, анча қария таркибга эга жамоага дастлаб ҳужумлар уюштириб, рақибни ўз жарима майдончаси ичига тиқиб қўйганди. Аммо гол урилгач, натижани ўйлаб ҳимояга ўтиш ва қария таркибга эга жамоага тўпни топшириб, уларга ўзларининг кучли тарафларини ишга солишга шароит яратиб берилганди. Тезкор ўйин намойиш этолмайдиган, фақат тўп билан ва вазият юзага келса ижро маҳорати орқали натижа келтирадиган футболчилардан азият чекилганди. "Ал Райян" гуруҳдаги бир ўйинда, айнан "Локо" ташаббусни ўз қўли билан рақибга топширган баҳсда ғалаба қозонишди холос.

Ўшанда айнан мураббийнинг ўйинга бўлган тактик нотўғри ёндошуви натижасида мағлубиятга учралганди. Бу эса давомий бўлмоқда. "Локо" сафардаги ҳеч бир ўйинни буткул ёмон ўтказмади. Лекин ҳеч бир баҳсда натижа ўзининг фойдасида бўлиб турган пайтда ҳам барқарорликни сақлай олмаётгани қимматга тушмоқда. Андрей Фёдоров эса ушбу давом этиб келаётган беқарор ўйинлардан негадир тегишли хулосалар чиқармади. Ёки буни уддалай олмади.


"Локомотив"нинг жорий мавсумдаги статистикаси:

Ўйинлар сони: 13

Ғалаба: 7

Дуранг: 2

Мағлубият: 4

Тўплар нисбати: 24-17

Қуруқ ўйин: 4


ОЧЛ, "B" гуруҳидаги ҳолат


"Локомотив"нинг муваффақиятсиз иштирокига етакичларнинг кетгани ёки жамоа янгилангани эмас, балки мураббий мавсум бошлангач ҳам аниқ бир тўхтамга келмагани ва ҳалигача жамоа ўйинини бир маромга тушириб олмагани сабаб бўлмоқда. Яъни энг асосий фактор - мураббий. 

Ўтказилган 13 ўйин оз фурсат эмас. Шу вақтга қадар қўл остидаги яхши савиядаги футболчилардан бутун бир жамоа яратишни эплолмади. Керакли ротациялар амалга оширилмаяпти. Танланган легионерлар баҳсли. Раевац ўз вақтини асосан захирада ўтказмоқда. Тўғри, Темурхўжа Абдухолиқовнинг барқарор, ҳа, "Локо"даги кам сонли барқарор ўйнаётган футболчилар ичида энг етакчиси бўлиб турган Темурхўжанинг сермаҳсуллиги Филипни захирада ўз вақтини кутишга мажбур этмоқда. Лекин легионер футболчи ўз позициясидаги футболчига керакли даражадаги рақобатни тақдим этолмаётгани ҳам ҳақиқат. Шу боисдан ҳам легионер футболчи ўз вақтини захирада кутмоқда. Арслонмурот Аманов эса фақатгина охирги ўйинларда мунатазам кўриниш беришни бошлади. Мавсумнинг дастлабки қисмида унга деярли имконият тақдим этилмаётганди. Игорь Йелич эса Махарадзе, Алибоев ва Абдуллаевнинг жамоадан кетиши натижасида мажбуран жамоага олиб қолинган легионер.

Мавсумнинг дастлабки қисмидаги ўтказилган ўйинлар ва улардаги натижалардан хулоса қиладиган бўлсак, "Локо"да ўзгариш вақти келган. Жамоа ўйинида барқарорлик йўқ. Бу Андрей Фёдоровнинг биринчи хатоси. Иккинчи хатоси ва муҳим паллаларда ҳечам кўзга ташланмаган энг оғриқли ҳолат - характер. Ҳа, чемпион жамоада характердан асар ҳам қолмаган. "Локомотив" жорий мавсумдаги ҳали ҳеч бир ўйинда қийин вазиятдан чиқиб кетган ҳолат кузатилмади. Бу эса жамоада тобора характер йўқолиб бораётганидан дарак. Хатто "Локомотив" рақибидан кўра кучли ва яхши ўйнаб турган ўйинларда ҳам натижани ўз фойдасига ҳал қилмаган ўйинлар ҳам бўлди. Бу эса бевосита жамоада характер йўқолиб қолганидан дарак. Характерни ким жамоага сингдириши ва керак пайтда қийин вазиятдан олиб чиқиб кетиши керак? Ҳа, мураббий. Буни кечаги "Барселона" ёки кеча ва бугунги ПСЖ мисолида ҳам кўриш мумкин. Мазкур жамоалар жуда қулай ҳолатда ҳам катта тафовутни сақлаб қолиш ўрнига, уни буткул бой берган ўйинлар сони кўпайиб кетди. "Локо"да ҳам жорий мавсум бу давом этмоқда.

Шу боисдан ҳам "Локо"да ўзгариш қилиш пайти келганга ўхшамоқда. Аслида ОЧЛда гуруҳдан чиқишни ўз олдига вазифа қилган жамоа мураббий масаласида обдон ўйлаб кўриши лозим эди. Энди кеч. Лекин чемпионатдаги ҳолатни ҳам буткул издан чиқармаслик учун бу ишни бошқа кечиктирмаслик зарур. Чунки жорий мавсум Суперлигада "Локо"га мисоли лотереядан чиқиши мумкин бўлган "олтин очколар" қоидаси йўқ. Жамоага руҳан куч берадиган, ўз характери билан жамоани ортидан эргаштирадиган ўтган йилги етакчилар йўқ. Янги етакчиларни эса мураббий излаши ва шакллантириши лозим. Бу вазиятда эса айнан мураббий иши, унинг салоҳияти ва имзосига муҳтожлик сезилади.


Айнан ҳозир "Локомотив" ўз имзосига эга, истиқболи юқори бўлган мутахассис ёрдамига муҳтож. Лекин "Локо"да об-ҳавони алмаштирадиган пайт келганга ўхшамоқда. Чунки Андрей Фёдоровнинг ғоялари янгиланган "Локомотив"ни қайта уйғотиш учун етарли бўлмаяпти. "Темирйўлчилар" бир жойда қотиб қолишгандек гуё. Уларни силжитиш учун эса янги "машинист" олиб келиш лозим.

Муаллиф :
Рейтинг: +22   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика