Нодирхўжа Юлдашев: 2008 йилга етиб келдик, буёғи қизиқ. "Оскар"га тенг ўйин, ёнган ўтни ўчирган Зайниддин Тожиев
04 май 2020 15:27
Янгиликлар
Нодирхўжа Юлдашев: 2008 йилга етиб келдик, буёғи қизиқ. "Оскар"га тенг ўйин, ёнган ўтни ўчирган Зайниддин Тожиев
Бир йил аввал “Машъал” клубининг интернетдаги веб-саҳифасини тайёрлаган эдим. Интернет йўналишида ишламайманми, бу пайтда “Пахтакор”дан кейинги энг яхши бўлиб турган клуб ўз расмий веб-сайтига эга бўлишни истаганди. Бундан Эркин Холбобонинг (у пайтлар “Ўзбекистон овози”да ишлар эди) хабари бор, менга иш таклиф қилди.
– Нодир, Нуриддин Зайниевичнинг шахсан ўзи мени ишга чақирди, мен билан бирга “Насаф”да ишлайсанми?
– Маош қанча у ерда?
– 250 минг сўм.
– Шу ерда берсам-чи?
– Майли.
Ишим қийин эмасди, клуб сайтини яратиш ва уни тўлдириб бориш ҳамда ўйинларни расм олиш. Адашмасам, 250 000 сўм маош. Қарши томон йўлга чиқдик. Эркин ака ҳар ярим соатда Нуриддин Зайниевга қўнғироқ қилади. Ичимда ўйлайман, ростдан ҳоким билан гаплашадими бу киши? Буни қарангки, Қаршига киришимиз билан вилоят ҳокимияти томон юрдик. Эркин ака котибага, – ака шу ердамилар? деди-да тақиллатиб кириб кетди. Қойил, ростдан ҳам ҳоким билан “прямой” экан. Ҳақиқатан ҳам раҳматли Нуриддин Зайниев Эркин Холбобони яхши танирди. Газетадаги фаолияти орқали қадрдон бўлиб қолишган. Бизни Норқул Даминовга топширишди. Эркин ака маошларни келишиб олди. 1 ойга яқин ишладим, аммо моянадан дарак йўқ. У пайтлар матбуот хизмати деган тизимнинг ўзи бўлмасди. Фақат “Пахтакор”да Улуғбек Мирзаев ва Бахтиёр Ширинов ишлардилар. “Қурувчи” 2007 йилда Аброр Имомхўжаев билан ҳамкорликни бошлаганди. Қисқаси, қарасам ёш болани алдашади. Бу пайтда “Пахтакор”дан бирданига Улуғбек ака ва Бахтиёр ака кетадиган бўлишди. Уларнинг ўрнига Мирзаҳаким ака матбуот хизмати раҳбари бўлди. Шунда кимдир Самвел Бабаянга иккинчи ходим штатига мени тавсия қилган. – Барибир шу ерда юради, ундан кўра ишга олиб қўяйлик, расмга ҳам олиб юраверади. Бабаян олдига кирганимда нима режа қилаётганимни сўради, “Насаф” ҳақида айтдим.
Қисқа диалог ва мен 2004 йилда келган клубимга расмий ишга қабул қилиндим. Фан клубни эса Ровшанга топширдим. Уни кўпчилик мухлислар яхши танир эдилар. Фан клуб ва матбуот хизмати хонасида яна биргаликда қолаверди. Энди мен Мирзаҳаким ака билан бирга ижод қила бошладим. “Пахтакор” сайтини янгиладик. Бу пайтда 4-курсда ўқийман, бир кун хабар келди: Акмал Холматов ва Нодир Қўзибоев “Пахтакор”га ўтди. Мендан бахтли одам йўқ эди. Холматов “Нефтчи”нинг афсонаси бўлса, Қўзибоев келажак футболчиси эди. Энди тасаввур қилинг, “Пахтакор” ярим ҳимояси Одил Аҳмедов, Тимур Кападзе, Сервер Жепаров, Ильдар Магдеев, Акмал Холматов, Ренат Байрамов ва Нодир Қўзибоевдан иборат бўлса. ОЧЛда ҳам фаворитга айланиши мумкин. Лекин қувончим узоққа чўзилмади. Қўнғироқ бўляпти:
– Алло!
– Нодирхўжа, яхшимисиз?
– Баҳодир, ўзингиз яхшимисиз, нима гаплар? “Қурувчи”да иш авжидами?
– Ҳа, нимасини айтасиз, иложи бўлса Анвар Солиев, Сервер Жепаров ва Тимур Кападзенинг суратларидан беринг. Шокка тушдим: билдимки, бу футболчилар “Қурувчи”га ўтади. Бежизга у ерда иш бошлаган Баҳодир Мирзаев мендан бу футболчиларнинг суратларини сўрамайди. Ўйлаганим рост бўлиб чиқди. Туркияда ўтказилган хориж йиғинидан кейин бу уч футболчи “Қурувчи” таркибига бориб қўшилган эди. Икки кун олдинги қувонч, азага айланди.
Баҳодир футболдаги яқин дўстларимдан бири. Аввало тенгқурмиз, бирга ижодни бошлаганмиз. 2006 йил Chat.uz деган сайт бўларди, ўша ерда танишганмиз. Кейинчалик билсам, устозим Улуғбек Мирзаевнинг укаси экан.
Мен учун бу уч футболчи душманга айланди, токи, улар нима учун “Пахтакор”ни тарк этмаганликларини билмагунимча. Анвар Солиевни ёши қолганларга нисбатан катта бўлгани учун “Пахтакор”нинг ўзи пул ишлаб олсин деб трансфер қилган эди. Буни билардим. Бабаян Кападзенинг кетишига унча эътибор бермаган. Унинг ўрни аллақачон Одил Аҳмедов билан ёпиб бўлинган. Аммо Серверни “Қурувчи”га ўтиши унга зарба бўлганди. Сервер бундай қилишига сабаб, Самвел Бабаян уни Россияга сотишга ваъда бериб, аммо трансфер нархини баланд айтгани ва у жамоанинг рози бўлмагани бўлган. Жаҳли чиққанди, Жепаров эркин агент сифатида “Қурувчи”га ўтиб кетганига. Шундай экан, кейинчалик асл воқеани билганимдан кейин Жепаров аслида тўғри қилганини тушунганман.
Чемпионат старти олдидан “Пахтакор” ёш Дарко Марковични “заявка” қилди. У пайтлар Дарко “Пахтакор” юлдузи бўла олмасди, лекин ҳозир унинг савиясидаги ўйинчи келиб қоладиган бўлса, шубҳасиз чемпионатимизнинг энг яхши ўйинчиси бўлади. 21 ёшли футболчи марказда Одил Аҳмедов билан ҳаракат қила бошлади. Дебют ўйинидаёқ “Нефтчи” дарвозасини ишғол қилди.
“Қурувчи” билан рақобат шу даражада бўлганки, бунақа рақобатни ҳали бери ўзбек футболи кўрмаса керак. Икки жамоа мураббийлари, футболчилари, маркетинг ходимлари, матбуот котиблари, мухлислари, ҳар томонлама рақобат эди. “Пахтакор” раҳбари истиқомат қиладиган ҳудудга “Бунёдкор” баннерини осишган, бунга жавобан “Пахтакор” маркетинг бўлими кейинчалик «Жар»да ўйнаган жамоанинг қаршисидаги энг катта баннерга “Пахтакор” суратини илган. Ким сайтига кўпроқ маълумот қўяди. Кимниг мухлиси кўпроқ ўз рангига эга футболкаларда бўлади. Мана ҳақиқий рақобат қандай эди. Шу кунгача футболчилар у қадар катта пул олмаган. “Қурувчи”нинг футболга кириб келиши, маошларни 5 баробаргача ошириб юборди. Лекин “Қурувчи”даги маошни ҳеч бир клуб бера олмасди. Ўша пайтларда ҳатто Россия клубларни бу маошни кўтара олмасди.
Ўзимга қайтсам, мен энди “Пахтакор”нинг бир бўлаги сифатида, жамоа автобусида юрадиган бўлдим. Ўтган йили ёниб кетган бу автобуснинг қандайдир файзи бор эди. Ҳайдовчи Ҳамид ака неча йиллардан бери “Пахтакор” хизматида. Мустақиллик йилларидаги деярли барча мураббий ва футболчиларни ташиган, кўрган. У киши билан узоқ сафарларга чиққанда ёнма-ён ўтириб кетиш ажойиб эди. “Пахтакор” рақобат туфайли матбуот хизматини сафарга олиб юрарди, “Қурувчи” эса бу лавозимга бошқача қарарди. Матбуот котиби футболчилар билан бир хил кўриларди. Мукофот пуллари ҳам, кийиниши ҳам футболчилар билан бир хил бўларди. “Пахтакор”да эса талаб “Қурувчи”ники каби аммо, маошга келганда фақат футболчи ва мураббий учун шароит яхши эди. “Пахтакор”нинг ягона ютуғи, у ерда ишлайдиганлар пул учун эмас, логотип учун боришида эди. Тирикчилик қилган, қилаверарди. “Пресса”да қаердан тирикчилик бўлсин. Яхши ҳам газеталар бор, гонарар чиқиб туради. Ўша йиллари Ўзбекистон бозорига АҚШдан ноутбуклар кириб кела бошлади. Акам АҚШга кўчиб кетган, ойда 1-2 дона ноутбук юборади, мен эса уни Торг.уз сайти орқали сотаман. Биттада учиб кетарди, чунки камнамо нарса эди. Кейинчалик ойлик пастлиги учун биринчилардан бўлиб мана шу сайтда Iphone сотдим. 2 йилга яқин параллел тадбиркорлик қилдим. Бўлмасам, бу ойликка яшаб бўлмасди. Тўғриси, “Қурувчи”га жуда ҳавас қилардим, маошига. Лекин, ўша пайтда шундай тушунча бор эди-ки, у ерга фақат душман ўтиши мумкин. Ким “Қурувчи”га ўтса гаплашиш ҳам мумкин эмасди.
Мен учун маошдан кўра, куни кеча ўзим мухлислик қилиб юрган футболчиларим билан бирга юриш эди. Автобусда ягона экипировка киймайдиган киши мен эдим. Бутун жамоа бир хил юрарди. Биринчи экипировкани 2010 йил олганман. Ўшанда ҳам Миодраг Радулович, командада ҳамма бир хил юрсин дегани учун беришган. Ҳозирги “Пахтакор” аввалгисидан мана шуниси билан тубдан фарқ қилади. Бугун у ерда ҳамма ходимга футболчидек муносабатдалар. Лекин у даврдаги “Пахтакор”даги муҳит, менимча бошқа ҳеч қаерда бўлмаган ва бу муҳитни қайтариш ҳам қийин бўлса керак. “Пахтакор” бир оила эди. У ерда юлдуз бўлмасди. Зайниддин Тожиев бўладими ёки ёш Аҳмедов. Ўринбосарлар сафидан энди ўтган Андреевми, фарқи йўқ. “Пахтакор”дагилар бир-бирини хафа қилдириб қўймасди. У ерда ёшларга бўлган муҳаббат бошқача эди. Ёшларга рақобатчи сифатида эмас, эртанги кун келажаги сифатида қарашарди. Илҳом Суюнов ва Анвар Солиев Одил Аҳмедовнинг муваффақиятида катта роль ўйнади. Кейин худди шу ишни Одил Даврон Ҳошимов ва Владимир Козак билан амалга оширди. Кримецни катта қилган Камолиддин Тожиев ва Илҳом Суюнов эди. Қаерда бўш жой бўлса, автобусда ўша ерда ўтирардим. Орқа томоннинг салобати босарди. Нестеров, Тожиев, Гейнрих, Холматов, Магдеев у ерда «қирол шер» эдилар. Ўйинга ва ўйиндан кейин телефонида мусиқа эшитиб кетадиган Одилгина бир ўзи ўтирарди. Жамоада юрганлар яхши биладилар, автобуснинг бошида мураббий, кейин шифокор, кейин массажчилар, ундан кейин футболчилар қатори бошланишини биладилар. Энг биринчи футболчи қаторини Одил бошлаб берарди. Шовқинни хуш кўрмагани учун орқага ўтмасди. Лекин майдонда умуман бошқа инсонга айланишини ўшанда билганман. Тимур Жўраев ҳам ўзи билан ўзи овора ўтирарди. Анвар Рашидов - жамоа кайфиятчиси. Анзур эса Уче билан дўст эди. Футболчилар у билан ҳазил қилишни яхши кўрардилар. Мана шу авлод билан неча йил автобусда бирга юрган бўлсам, бирон маротаба мағлубиятдан кейин уришганларини кўрмаганман.
“Ал Қодисия” билан ўйинга чартер рейсда бориладиган бўлди. У пайтлар ҳаммада ҳам овир стикери бўлмасди. “Пахтакор” мухлисларига учишга 5 кун қолганида кимнинг «овири» бўлса сафарга олиб боришлари ҳақида эълон қилдик. Менинг ҳам биринчи хориж сафарим Қувайт бўлди. 4-курсни энди битираётгандим. Икки кунлик сафар ўзгача хотиралар билан қолди. Ўша ўйинни кўрган мухлислар яхши биладилар, ҳакамлар “Ал Қодисия”нинг ғалабасини чин дилдан истадилар. “Пахтакор” урган гол ҳисобланмади, дуранг эса рақиб фойдасига эди. Ўйиндан кейин “Ал Қодисия” мухлислари “Пахтакор” ишқибозлари томон “ишкал” қилиш учун югуриб қолдилар. Аслида улар ўзлари билан ўзлари овора, ёмон кайфиятда ўтирган эдилар. Шунда, 2000 йилги юнон-рум бўйича Олимпиада иштирокчиси Шермуҳаммад ака (Шер ака дердик) ўзи ўтирган ўриндиқни бир куч билан суғуриб олди-да (узун тахта эди, тахминан 7 метр келадиган, эни 10-12 см.) улар томон «контр атака»га ўтган ҳам эдики, бир неча нафар араблар орқага қараб чопа бошлади.
“Пахтакор” кетма-кет иккита сафар ўйинида дуранг ўйнади. Биринчиси ўша давр учун кучли бўлмаган “Локомотив” билан, иккинчиси “Машъал”. Бу пайтда “Машъал”да Давлатов томонидан кенг кўламдаги ишлар бажарилиб қўйилган, бир неча йил аввал қилинган меҳнат туфайли, академия мева бера бошлаган эди.
Биринчи давранинг сўнгги турида “Пахтакор” ўз майдонида “Бунёдкор”ни (“Қурувчи” номидан “Бунёдкор”га ўзгарди) қабул қилди, янги таъмирдан чиққан стадион мухлислар билан тўлиб тошган. Вильянуэва ҳисобни очди, Гейнрих тенглаштирди. Ундан сал аввал пенальтини ноаниқ бажарганди. Йиллар ўтиб бу ўйин тарихини Гейнрихнинг ўзидан эшитганимиз маъқул. Бу пайтлар 4 нафар футболчининг телефонига тинмай қўнғироқ бўларди, “Бунёдкор”да сени кутяпмиз, келишинг билан BMW ва умрингни охиригача етадиган маош. Аммо ҳар сафар Одил Аҳмедов, Александр Гейнрих, Илҳом Суюнов, Зайниддин Тожиевдан йўқ деган жавобни олаверардилар. Бу футболчилар учун “Пахтакор” нима эканини, улар билан юриб анча яхши биламан, бир гап билан таърифлаб бера олмайман.
Айниқса, “Бунёдкор” билан бўлиб ўтган 16-тур учрашувини ҳеч ким унутмаса керак. Александр Петров томонидан саҳналаштирилган триллерга Оскар мукофотини берса бўлади. Бу ўйин Петровнинг фаолиятидаги сўнггиси бўлди, уни ҳеч ким жазоламади. Шунчаки ўйиндан кейин, ўйинда бўлган вазиятларни ўзи учун таҳлил қилди. Вильянуэва шубҳасиз чемпионатнинг энг кучли ўйинчиси эди. Ўйин бошидаёқ Нестеров дарвозасини ишғол қилиб жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Ўйин тўлиқ тенг курашлар остида ўтди. “Пахтакор”нинг молиявий таъминотчилари бўлган, Раҳимовлар ўша куни ВИПда эмас, “Пахтакор”нинг оддий, ХБ сариқ футболкасини кийиб, бурчакда мухлислар учун ажратилган трибунада ўтириб кўрдилар. Бу ўша пайт учун “Челси” мухлисларининг Абрамович билан бирга ўтириб футбол кўришдек гап эди. 61-дақиқада ҳеч қандай қоида бузилмаса-да, Петров 11 метрлик жарима нуқтасини кўрсатди. Бир йил аввал “Пахтакор” сафида Ўзбекистон чемпиони бўлган Сервер Жепаров нуқта олдига яқинлашди. Игнатий Нестеров эса ўнг томонга тепилган тўп йўналишини топа олди.
Ҳисоб ўзгармай қолди. Зайниддин Тожиевнинг важоҳатини тасаввур қилиш қийин. Нима қилиб бўлса ҳам, тўпни дарвозага урса. Одил ўртани тозалаш билан банд. Магдеев қанотдан ҳужум уюштиради. Фабио Пинто деган футболчидан “еб қўйган”миз. Лекин шунга қарамай майдонга тушган. 77-дақиқада камбағални туя устида ҳам ит қопади дейишганидек, Анзур Исмоиолов қизил карточка олиб “Пахтакор”ни 10 киши қолишига сабаб бўлди. 90-дақиқада “Бунёдкор”ни ғалаба қозонишида ҳеч кимнинг шубҳаси қолмаган эди. Лекин ҳаётда мўжизалар содир бўлиб туради. Мен ҳам аллақачон “Пахтакор” захира ўриндиғига келиб бўлганман. Ўйинни тугатиб қўйиш учун майдонга қараб турибмиз холос. Ҳамма ўрнидан туриб олган. Бир пайт қанотдан Ислом Иномов рейд уюштирди ва тўпни жарима майдончаси ичига ташлади, Зайниддин Тожиев нима қилганини ўзи ҳам билмаса керак, қанотдан келган тўпни боши билан Зухуров дарвозасига жойлаб қўйди. Бутун стадион “портлади”! Бунақа ўйинни мен қайтиб кўрмадим. Фақат Ўзбекистон – Қувайт 3:2 ўйинини бу учрашувга солиштирса бўлади. Ҳакамнинг ҳуштаги энди ҳеч кимга қизиқ эмас эди. Захира ўриндиғидаги барча, ҳа барча майдонга, Тожиевни олдига чопди. Бу дурангни “Пахтакор”ни ўша пайтдаги футболчиларидан сўранг, керак бўлса чемпионликка алмаштириб юборадилар.
2008 йил чўзилиб кетмаслиги учун, Фабио Пинто трансфери бўйича тўхталиб ўтсам. “Бунёдкор“дан қолишни истамаган “Пахтакор“ мураббийлари Бразилияга учиб, мингга яқин футболчи турганда, маҳаллий агентлар найрангига учиб, 15 кг. ортиқча вазнга эга Фабио Пинто билан ортга қайтган эдилар. Роналдиньо билан бирга ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан футболчини келаётганини эшитганимиздан кейин биздан хурсанд одам йўқ эди. Аммо футболчи эмас, сумочи келганини кўриб ҳайратимизни яширмаган эдик. Келибоқ кўтарма пулини олган футболчи, аллақачон фаолиятини тугатган бўлган. Аммо мўмай пулларни кўриб қайтиб бошлаган. Кўп ўтмай, Бразилияга бориб келиши керак деб уйга кетди-ю, қайтиб қорасини кўрсатмади. Қисқаси, “кийдириб“ кетган эди. Ўша йили Диего Соуза деган футболчи ҳам келганди. У МДҲ Кубоги финалида “Пахтакор“ дарвозасига ҳал қилувчи голлардан бирини урган. Зўр ўйинчи эди, аммо нима учун қолмагани ёдимда йўқ. Қолмагани яхши бўлган ҳам, битта бразилиялик яхши, иккитаси ўртача, учинчиси расво деган нақл бор футбол ичида. Бразилияликларчалик муҳитни бузадиган футболчилар йўқ. Ўша йили “Пахтакор“ базасида истиқомат қилишдан ҳам бош тортишган. Ҳаттоки, кийимларини кириш хонасида алмаштирар эдилар. Улар учун фарқи йўқ эди, чунки улар Пеленинг юртдошлари эди.
Давоми бор...
Аввалги йилларни ўтказиб юборганлар учун:
Нодирхўжа Юлдашев: 2005 йилнинг аламли хотиралари - Тошимуцу Ёшида!
Нодирхўжа Юлдашев: 2007 йилдаёқ катта сакраган "Қурувчи", боғчада яшаган "Трактор"
Фикрлар