UZ

Сўнгги янгиликлар

11:31Гвардиола: "Кейинги мавсум Чемпионлар Лигасида иштирок этмаслигимиз мумкин"  1 10:53"Машъал" Суперлигага қайтибгина қолмай, чемпионлик учун кураш олиб боришга тайёр!"  9 10:51«Сурхон» яна икки нафар футболчиси билан шартномани узайтирди  0 10:22«Нефтчи»ни яна бир легионер тарк этди  0 09:48«Қизилқум» терма жамоамиз собиқ футболчиси билан шартнома имзолайди  0 09:15Олег Зотеевнинг янги жамоаси «Бунёдкор» эмас, балки водий клуби бўлади  7 08:42ЎФФ янги раҳбари: «Мен сеҳргар эмасман, бироқ...»  4 08:10«Сурхон» «Пахтакор» футболчисини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди  0 07:41«Нефтчи»нинг икки нафар футболчиси фаолиятини Андижонда давом эттиради  4 02:08Александр-Арнольд "Реал"нинг шорт листида биринчи ўринда турибди  3 00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  1 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  6 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  1 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  3

Нодирхўжа Юлдашев: 2007 йилдаёқ катта сакраган "Қурувчи", боғчада яшаган "Трактор" Янгиликлар

Нодирхўжа Юлдашев: 2007 йилдаёқ катта сакраган "Қурувчи", боғчада яшаган "Трактор"

Аввало 2006 йилга кичик тузатиб киритиб ўтсам. “Қурувчи” жамоаси бир йил аввалроқ 2-лигадан пулькага чиққанди. 2007 йил улар биринчи уринишдаёқ олий лига йўлланмасини қўлга киритган.

Биринчи лиганинг сўнгги турида “Қурувчи” уй майдони “тўқимачилар” стадионида “Вобкент” билан ўйнаши керак бўлган. Бу ҳақда хабар топиб, ўйинга боргандим. “Қурувчи”да 83, “Вобкент”да 80 очко бор эди. Дуранг ҳам пойтахтликларни чемпион қиларди. Ҳикмат Эргашев бошчилигидаги жамоа рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмайди. Сўнгги тур олдидан ҳар икки жамоа олий лига йўлланмасини қўлга киритиб бўлган эди. Шу йили “Сурхон” ва “Қўқон-1912” ҳаттоки биринчи лигадан ҳам тушиб кетадилар. Натижада 2007 йил пойтахт шарафини 4та жамоа олий лигада ҳимоя қиладиган бўлган.



 Ўз пайтида Шароф Рашидов айнан мана шу ВИПдан "Пахтакор" ўйинларини томоша қилган.


Энди 2007 йилга тўхталаман. “Катта танаффус” деган кўрсатувни ким эслайди? Ҳилола ва Отабек деган бошловчилар олиб борарди. Шулардан Отабек “Камолот”да бўлиб ўтган ўзгаришлар натижасида матбуот котибига айланди. Унинг қилган энг биринчи ишларидан бу myp.uz сайти тизгинини қўлга олиш бўлди. 1,5 йиллик меҳнат 1 ойга қолмай бир тийин бўлди-қолди. Биз қилган барча ишлар хатога чиқарилди. Қандайдир текширувлар, ёшмиз, тушунмаймиз. Натижада қайсидир ақлли жуда бир катта сайтнинг барча архивларини ўчириб юборади. Якунда текширувчилар бизнинг фойдамизга хулоса қилди, аммо кеч эди. Аҳил бир оилани бузиб юборишганди. Мен эса маълум муддат ишсиз қолдим. 2006 йил “Интер Футбол” газетаси алоқага чиқмаганми, уларга суратларни юборишни бошлаб юборганман. Сайт ёпилгач, “Интер Футбол” раҳбарига ташкилот сайтини ишга тушириш ҳақидаги таклифни бердим. Бу уларга маъқул келди ва сайт учун бюджет ажратилди. У пайтлар кўпчилик сайт ҳақида тасаввурга эга эмасlb. Бор-йўғи 300 АҚШ долларига сайт яратдик. Энди менга шахсий компьютер керак эди холос. Яна тоғам жонимга оро кирдилар. 2007 йилда уйимда интернетга уланадиган компьютер бўларди. Энди бор эътиборим “Интер Футбол” газетасига қаратилди. Ҳам сайтга хабар ёзардим, ҳам газета учун мақолалар. “Интер Футбол”да мақола чиқариш, “Реал”, “Барселона”, “Манчестер Сити” каби клубларнинг асосий таркибидан жой олишдек мушкул иш эди. Ўша йиллари бу газетада ишлаганларни санаб ўтай: Улуғбек Мирзаев, Бахтиёр Ширинов, Хайрулла Ҳамидов, Аваз Бердиқулов, Отабек Эшмаматов, Шуҳрат Шариф (кўпроқ таҳлил ёзарди, ҳозирги фаолияти менга таниш эмас), Бобурбек Турсунов (интервьюлар бўйича мутахассис эди), Норбек Ниёзов, Владимир Сафаров. Буларнинг бари Тошкентда туриб ижод қиларди. Фақатгина Бобур ака Андижонда яшаса-да, кўпинча Тошкентда бўларди. Энди тасаввур қилинг, мана шундай журналистлар ишлайдиган масканда мақола ёзиш учун нима қилиш керак? Ё Сиз ўта кучли ёзувчи бўлишингиз керак ёки улар назардан четда қолдирган ишларни қилишингиз. У пайтлар ўйин шарҳларини жонли ёза олмасангиз, газетада Сизга жой йўқ эди. “Вобкент” билан “Трактор” ўйнамайдими, Сиз уни ўқувчига ТВда кўргандек тасвирлаб беришингиз керак бўларди. Ҳар бир дақиқа муҳим аҳамият касб қиларди. Мен энг кам “гонорар“ оладиган ёш журналист эдим. Стадионга биринчи бўлиб борардим. Ўйин шарҳларини Шуҳрат Шариф, Отабек Эшмаматов ва Бобурбек Турсунов ёзарди. Булар ўйинга борса, бормаса мен стадионга келардим. Агар улар келмаган тақдирдагина менга навбат келганини билардим.


Мен ўша давр учун Тошкентнинг энг обрўли мактабида ўқиганим билан (бойлар жуда кўп эди), имкониятим жуда паст бўлган. Ҳар сешанба ва жума кунлари “Футбол Экспресс” ва “Интер Футбол”ни сотиб олишим керак эмасми, пул эса йўқ. Нима қилардим, у пайтлар ўқитувчилар учун ойлик йўл чиптаси бепул бериларди. Онамнинг йўл чипталарини мен ишлатардим. ЦУМда бувимникида турмайманми, уйга шанба ва якшанба қайтаман. Бошқа пайт йўл чиптасини синфдошимга бериб қўярдим ва у кунига менга бир томонга ишлатадиган йўл кира пулини берарди. Уйга метрода бормасдан, жетон пулини тежаган ҳолда 2-3та транспортга чиқиб етиб олардим йўл чиптаси орқали. Хуллас бу тўпланган пуллар бир ойда 8 маротаба чиқадиган жами 16та газетани сотиб олиш учун ишлатиларди.


"Насаф"нинг эски стадиони, анча эски суратда


Шу даражада содда бўлганмизки, 2007 йил Бахтиёр ака Ширинов билан “Интер Футбол” газетасига мақола ёзиш учун Қаршига борганмиз. Ўзбекистон МТЖ 7 февраль куни Озарбайжон билан ўйнаши керак. Бориш шартини ҳозир эсласам куламан. Бориб-келиш йўл кира харажатига “Интер Футбол” пул беради. Ётоқ ва еб-ичиш Бахтиёр аканинг ҳисобидан, улар шаҳрисабзлик. “Гонорар“дан “Интер Футбол” йўл кирамизга берган харажатни ушлаб қолади. Тасаввур қиляпсизми, ишлаш учун ўша пайтлар ташкилот манфаатига хизмат қилса-да, ўзимизнинг пулдан воз кечардик. Кейин ўйлаб қарасам, аслида ташкилотнинг ўзи бизга мурожаат билан чиқиши керак бўлган. Қисқаси мен “Интер Футбол” газетасининг пойтахтда захирадаги мухбириман энди.


2007 йил мана шундай бошланди. Энди мен бевосита стадионларга бораман, сайтга хабар қўяман. Воқеалардан анча илгари таниша бошладим. Мухлис сифатида “Қурувчи” мени хурсанд қила бошлади, яна битта кучли жамоа пайдо бўлаётганди. Энди Тошкентда 4та жамоа. Бу мени кўпроқ мақолалар ёзишимга сабаб бўлиши мумкин. “Қурувчи” қандай жамоа эканини кўрсатиб қўйиш учун Тошкентга жаҳон чемпиони Петини олиб келди. ЖЧ-98 ғолиби 9 йил ўтиб Тошкентга келганди. Ҳали рейтинги тушиб улгурмаган. Бу билан “Қурувчи” бизнинг кимлигимизни кўриб қўй дегандек бўлди ва бирин-кетин “Пахтакор”дан ташқари барча клублардан энг яхши футболчиларни йиға бошлади. Александр Хвостунов, Жасур Ҳасанов, Шавкат Саломов, Виктор Карпенко, Сергей Лушан, Павел Бугало, Владимир Шишелов, Вячеслав Понамарёв, Гочгули Гочкулиев фаолиятини “Қурувчи”да давом эттирадиган бўлдилар. Улардан кўра кўпроқ муваффақиятли тўп тепа олган Рашид Ғофуровнинг ўтиши анча қизиқ бўлган. Бахтиёр Бобоев уйидан чиқишни истамайдиган Ғофуровнинг фаолияти тугаб бораётгани, яхши пул ишлаб олиш учун қулай фурсатлигини бир амаллаб тушунтирган эди. Мен учун энг ёқимсиз трансфер Бахтиёр Ашурматовни ўтиши бўлган. Мен уни “Пахтакор”да кутган эдим. Аммо оғир жароҳати боис Бабаян ва Ҳайдаров унга “ставка” қилмаганди.


Бош айланиб қолиш мумкин эди. Бу ерда “Пахтакор”, бу ерда “Қурувчи”, яна Рауф Инилеев билан МТЖ, кетидан Абрамов бошчилигидаги ОТЖ. 2007 йил мусобақаларга бой бўлган. Осиё чемпионати Евродан қочиш мақсадида 2004 йилдан кейингисини 2007 йилга белгилаган эди. Воқеалар шунчалик кўпки, барчасини бирданига эслай олмасам керак. Хуллас чемпионат бошланди. Бир йил аввал Непомнящийнинг асосий таркибга жалб қилиши билан “Пахтакор”да дебют қилган Одил Аҳмедов мавсумни асосий таркибда бошлайди. Мен у пайтлар Одил билан деярли таниш эмасдим. Сервер Жепаров, Тимур Кападзе, Зайниддин Тожиев, Анвар Солиев каби бор жамоада мухлислар Аҳмедовга кўп ҳам эътибор қилмасди, мен ҳам. У пайтлар таянч ярим ҳимоячиси ишини кўп ҳам тушунмаганимиз бўлса керак. Фақат кулманг, бу ўринда жиддий гапни айтаман. Мен “Пахтакор” ўринбосарлари ўйинини кўриш учун борардим, у ерда мен учун янги кашфиёт порлаётган эди. Бу Станислав Андреев эди. 28-рақамда ҳам ўртада, ҳам қанотда, жуда зўр ўйнарди. Ҳали пул топмаган, базада яшайди, уйланмаган, отаси билан бир ётоқда туради, қийинчилик кўрган бола эди. 19 ёшида асосий таркибга кира олмагани ягона сабаби, бу позицияда Сервер Жепаров ўйнарди. “Пахтакор” ўринбосарларининг ўша йиллардаги мухлислари уни қандай ўйинчи бўлганини яхши биладилар. Кейин барчаси  ўзгариб кетди, шундай бўлдики, мени у билан қўл бериб кўришмаганимга тахминан 8 йиллар бўлди.


Осиё ва Ўзбекистон футболини ўзгартириб юборган инсонлар ФИФА раҳбари билан Тошкентда. 2007 йил Мираброр Усмоновнинг таклифи билан Муҳамад Бин Ҳаммам ва Йозеф Блаттер юртимизда меҳмон бўлган эдилар. Мана шу ташрифдан кейин Ўзбекистонда яна бир неча ФИФА ва ОФК лойиҳалари амалга оширила бошлади.


“Қурувчи” жиддийлаша бошлади. “Пахтакор” мухлиси бўлсам-да, “Трактор” футболчилари билан салом-алигим бор эди. ОТЖ аъзолари Баҳром Юлдашев, Азиз Тўхтабоев, Азиз Ашуров билан интервью олиш баҳонасида танишиб қолганмиз. “Трактор” ўйинлари тугаганидан кейин уларнинг барчаси стадион ёнида, тунука билан тўсиб қўйилган девор орқали база деб номланмиш қароргоҳга кириб кетар эдилар. Унинг ичида нима борлиги мени роса қизиқтирарди. Бир куни болалар чўмилиб чиқайлик, кейин интервью берамиз, юринг, кутиб турасиз дейишди. Мен кирдим ва... 


Бу ташландиқ боғча бўлиб, 2 қаватли. Бинонинг баландлиги нари борса 5 метр адашмасам. “Трактор”да ўша пайт 3 хил тоифадаги ўйинчилар тўп тепарди. Ҳеч кимга керак бўлмай қолган қариялар. Буларни Абрамов тажрибаси учун олиб юрарди. Энди ном қозонаётган футболчилар ва “молодойлар”. Менинг ўша йиллардаги энг яхши ўйинчим бу Нўъмон Ҳасанов бўлган. Ҳеч қачон “югурганини” кўрмаганман. Олдига ёшларни йиғиб олиб югуртирарди. Лекин Ҳасановга тўп тушса борми, тамом, голли узатма аниқ бўларди. Кейинчалик уларга қарши футзал ўйнаганимда, ўша йиллари ҳимоячиларга қандай қийин бўлганини тушунганман. Бу пайтда “Пахтакор” футболчилари билан бир столда ўтириш, менга ҳозир Марсга чиқишдек гап эди.


“Трактор”дан четлашмай турай. Эски бир автобуси бор жамоанинг чўмилиш хонасида бор йўғи 2та душ бўларди. Биринчи Тошкентда уйи борлар, кейин базада яшайдиганлар кирарди. Юқоридаги уч футболчи, боғча опанинг хонасида (3та крават) ётса, яна 10 нафарга яқин бола умумий ётоқхонада истиқомат қиларди. Ойбек Қиличев ўша йиллари умумийда турарди. Унинг ҳам ўйинлари менга ёқарди, ёш, қўрқмас ботирга ўхшарди. “Трактор”да мукофот пули пирамида шаклида бўларди. Биринчи ғалабага 200 $, кейинги ўйинда мағлубиятга учрамасангиз 300 $... Шундай тартибда ўсиб борган. Мағлубиятга учрасангиз, яна 200 $га тушади. Ҳар ҳолда, футболчилар шундай айтарди ўшанда.



Лекин яна бир нарсани айтаман, шу йили футболимизнинг кейинчалик бузилиб кетишига сабаб бўлган ТОТАЛИЗАТОР Ўзбекистонга кириб келган эди. Футболчи ва мураббийларни ҳозирги Буюк Ипак Йўли ва Дархон мавзесидаги тотализаторларда учратиш оддий ҳол эди. Тўғри, тотализатор Ўзбекистонда узоқ ушланиб қолмади, аммо кўп нарсани бузиб кетди.


“Нефтчи”нинг ишлари орқага кета бошлаган пайтлар “Пахтакор”га муносиб рақиб пайдо бўлганди. “Қурувчи” дастлабки 4та турнинг барчасида ғалаба қозонди. Бир зумда МҲСК стадиони капитал таъмирдан ўтказилди. “Пахтакор” эса 3-турда “Машъал”дан очко йўқотган. Айнан шу йили “Динамо” Киев “Шахтёр” Донецк ўртасида амалга оширилган ишлар бўла бошлади. Бу икки жамоа бир-бирининг рақибига мукофот билан чиқа бошлашди. “Пахтакор”ни ютиб берган жамоа “Қурувчи” томонидан рағбатлантириларди. Айнан 2007 йил бошланган рақобат 2008 йилги Ўзбекистон МТЖни ЖЧ саралашида муваффақиятсизликка учратган бўлса, 2011 йил машҳур қилган эди. Бу ҳақда кейинги йилларда.


Шуни таъкидлаб ўтишим керакки, ёзаётган хотираларим бу менинг фикрларим, бошқаларнинг воқеаларига тўғри келмаслиги мумкин. Яна бир маълумот, 4-турдан кейин “Пахтакор” Марказий стадиони реконструкция учун ёпилади. Айнан шу турда кечагидек ёдимда узоқдан Азиз Тўхтабоев “Қурувчи” дарвозасини ишғол қилиб, “Трактор”га меҳмонда 1:0 ҳисобидаги ғалабани тақдим этади. Бу гол билан у ўзи учун ОТЖ эшикларини ҳам очган эди. Бу пайтда Ўзбекистон ОТЖ Пекинда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинлари саралаш босқичида иштирок этаётганди. Бу Абрамовнинг Ўзбекистон терма жамоалари бош мураббийи сифатидаги биринчи терма жамоаси эди.


2007 йил тугамади, бироздан сўнг давоми.


Нодирхўжа Юлдашев: 2006 йил воқеалари. Ўйинни беришни сўраган мураббий, тўй ўрнига футбол ва салом техника асри! 

Нодирхўжа Юлдашев: 2005 йилнинг аламли хотиралари - Тошимуцу Ёшида!

Рейтинг: +4   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика