UZ

Сўнгги янгиликлар

09:30Goal «Олтин тўп»-2025 соврининг асосий даъвогарини эълон қилди. Виниcиус ҳозирча 4-ўринда  5 08:53«Арсенал» январда учта футболчисини сотиб юбормоқчи  1 08:21Про лига. Бугун Бухорога катта футбол қайтади  1 07:45Суперлига. Чемпионлар Фарғонага сафар қилади. «Қизилқум» эса яна бир водий жамоасини меҳмон қилади  1 01:55Роберт Левандовски: "2020 йил "Олтин тўп" топширилмаганини ҳеч тушунмайман"  6 01:24"FourFourTwo" ЕЧЛ финалларида урилган энг чиройли голлар рейтингини тузди  11 01:08Расман: Пеп Гвардиола "Манчестер Сити" билан шартномасини узайтирди  0 00:41Эрлинг Холанд: "Гвардиола энг яхши мураббий, балки тарихдаги энг зўридир"  2 00:14"Челси"нинг "биллур" футболчиси яна сафдан чиқди  3 23:43Нодир Абдураззоқов: "Энди мавсумни чиройли якунлашимиз ва оғзимиздаги ошни олдириб қўймаслигимиз керак"  5 23:19Хави "Интер Майами" бош мураббийи бўладими? Инсайдерлар маълумот беришди  0 22:49АПЛ клублари сўнгги 10 йилликда трансферлар учун қанча ишлатишди?  1 22:22"Ювентус"га "Челси" футболчиси керак  0 21:57Нико Уильямс болалигидаги кумирлари ким бўлганини айтди  12 21:34Максим Шацких: "Черан, Собирхўжаев борасидаги саволлар менга берилмасин. Бу мавзу ёпилган"  28

Кахи Махарадзе: "Мен юлдуз эмасман ва доим оддийлигимча қоламан" (2-қисм) Янгиликлар

Кахи Махарадзе: "Мен юлдуз эмасман ва доим оддийлигимча қоламан" (2-қисм)

Ўтган ҳафта Кахи Махарадзе билан суҳбатнинг биринчи қисмини эътиборингизга ҳавола қилгандик.

Катта суҳбат. Кахи Махарадзе: "Ўзбекистонда яна 11 йил жон деб қолган бўлардим" (1-қисм)


Бугун 11 йилдан бери Ўзбекистонда фаолият юритиб келаётган моҳир ярим ҳимоячи интервьюсининг иккинчи қисмини ҳавола этамиз. Суҳбатнинг иккинчи қисмида қисқа савол-жавоблар кўп бўлди ва бу ҳам ўқувчиларга қизиқ деган умиддамиз. 


- Кахи, Грузия клублари футболчиларга қанча маош тўлайди?

- Тўғрисини айтсам, аниқ рақамларни билмайман. Лекин кучли жамоалар 5-8 минг доллар тўлашини эшитганман.


- Ўзбекистонда легионер энг кўп қанча пул топиши мумкин? 

- Буни ҳозирги “Пахтакор”дан сўраш керак. Менимча, энг кўп пулни улар беряпти.

 

- Сизда энг яхши ойлик қанча бўлган? 

- Келинг, бу ҳақда гаплашмайлик. Чунки айтсам бошқалар олдида кулгили сумма бўлиб қолиши мумкин.

 

- Шунчалик пастми?

- Паст эмас, лекин баланд ҳам эмас. Ўртача дея қолайлик.

 

- Ўзбек ошхонаси сизга ёқадими? 

- Жуда ёқади. Айниқса ошни айтмайсизми. Яна нима ёқади? Норин! Ошни ҳар икки-уч кунда маза қилиб ейман. Энг ёқадигани эса тошкентча тўй оши. 


- Жиззах сомса қалай экан? 

- Айтсам ишонмайсиз, “Сўғдиёна”да бир йил ўйнаб бирор марта Жиззах сомсасини еб кўрмадим. Билмадим, негадир менга сомса ёқмайди.


- Эрталаб наҳорги ошга бориш организм учун қанчалик фойдали? 

- Спортчи сифатида буни тавсия қилмаган бўлардим. Чунки худди биз каби организм ҳам ишлайди. Керак пайтда дам олади, эрталаб энди уйғонган бўлади. Бирданига кучли овақат ейиш ошқозонга ботиши мумкин. Мен эрталаб яхшиси чой, сариёғ ва пишлоқни маъқул кўраман. Ошни эса туш пайти ёки кечқурун истеъмол қилган маъқул. 


- Таом тайёрлашни биласизми? 

- Тухум, сосиска қовуриш муаммо эмас (кулади). 


- Сиз учун энг маъқул транспорт воситаси қайси? 

- Такси.


- Тошкент кўчаларида машина ҳайдайсизми? 

- Йўқ. Машинам бор, лекин ҳайдашни ёқтирмайман. Кўпроқ таксидан фойдаланаман.

 

- Ўтган 11 йил ичида ўзбек тилини қанчалик ўргандингиз? 

- Жуда кўп сўзларни тушунаман. Фақат гапиришга қийналаман. Кўпроқ оддий гаплардан фойдаланаман.

 

- Агар кўчада сизни танимайдиган инсон ўзбекчада мурожаат қилса...

- Мен тушунаман. Кимдир бирорта жойни сўраши мумкин, билсам тушунтириб бераман. Ўзбек тили энг кўп ишлатилган жой Жиззах бўлди. У ерда деярли ҳамма ўзбекча гаплашади. Мен эса янада яхшироқ ўргандим. 


- Келинг, энди қисқа саволларга ўтсак. Телефон ёки китоб? 

- Телефон. Телефонда китоб ҳам ўқиса бўлади.

 

- Футбол ёки кино? 

- Футбол. Мен кўп ўйинларни эринмай томоша қиламан.


- Машғулот ёки ўйин? 

- Ўйин. Бир ҳафталик машғулот ўрнини барибир битта ўйин босади. 


- Метро ёки такси? 

- Иккаласи ҳам зўр. Мен болаларим билан тез-тез метрога тушиб тураман. Тошкент метроси ҳам жуда ёқади. Метронинг ҳавоси барибир бошқача, одамга хуш ёқади. Тошкент метрополитенидаги 12-13та бекат номини ёддан биламан. 


- Охирги марта қачон метрога тушдингиз? 

- Янги йил байрамидан олдин. Одатда Янги йилни ўз Ватанимда кутардим, лекин бу сафар Тошкентда нишонладик. Болаларим келишди ва уларни метрода сайр қилдирдим. 


- Лекин кимлардир жамоат транспортига бошқача қарайди. 

- Фақат шуни айтишим мумкин, сен юлдузми ё бошқами барибир ҳамма қатори одамсан. Мен ҳеч қачон ўзимга юлдузман, кўплаб совринлар ютганман, одамлар менга бошқача муносабатда бўлиши керак деб қарамаганман. Мен ҳам оддий одамман ва буни ҳеч қачон унутмайман. Бу - ҳаёт ва ундан ҳамма ўз билганича фойдаланади. Метро эса узоқни яқин қиладиган жамоат транспорти, нега энди фойдаланмай. 


- Ўзбекистонда шунча йил ўйнаб ҳамма совринларни қўлга киритдингиз. Ўзингизни юлдуз ҳис қилиш тушунчаси бўлмаганми? 

- Ҳеч қачон. Хоҳласам узоқ масофагаям пиёда кетавераман, хоҳласам бозорга одамлар орасига бораман. Мен футболчиман, шу билан бирга оддий одамман. Ҳали афсона даражасига чиққаним йўқ. 


- Фараз қилинг, ҳакам ҳуштагини чалди ва ўйин бошланди. Ўзингизни қандай ҳис қиласиз? 

- Ғалабага курашувчан ва бунинг учун ҳеч нимадан қўрқмайдиган. Мен ўйин пайти ҳеч кимни аяб ўтирмайман, ҳатто туғишган укамни ҳам. Чунки доим ютуққа курашаман. 


- Майдондаги Махарадзе билан майдон ташқарисидагининг фарқи борми? 

- Бор. Майдонда жаҳлдорман, ўйиндан кейин эса ҳаммасини унутишга ҳаракат қиламан. Ким биландир тортишиб қолсам, ўйиндан кейин кечирим сўрашдан уялмайман. Лекин майдонда жонимни беришга тайёрман. Ўйинимни яхшилаб кузатадиганлар кулиб турганимни деярли кўрмайди. 


- Ҳакамлар билан қандай гаплашасиз?

- Вазиятга қараб. Баъзан жиддий, баъзан қувноқ. Олдин ҳакамлар билан кўп тортишардим, ҳозир ҳаммасини босиқлик билан тушунтиришга ҳаракат қиляпман. 


- Қандай оилада ўсгансиз? 

- Оддий. Отам футболчи бўлган. Онам - уй бекаси. Укам ва бувим бор. 


- Юлдузлик касалига чалинмаслик оиладаги муҳитга боғлиқми? 

- Оиладаги муҳит таъсир қилади. Лекин кўпроқ ён-атрофдаги танишларинг кимлар эканига боғлиқ деб ўйлайман. Мактабда, институтда ким билан ўқиганинг ҳам таъсир қилади. Мен ҳамма билан бир хил муносабатда бўлишга ҳаракат қиламан. 


- Яна қисқа саволга ўтамиз. Ёз ёки қиш?

- Ёз


- Абрамов ёки Бабаян? 

- Бу саволни жавобсиз қолдираман, хафа бўлиш йўқ. (кулади)


- Сиз учун энг ноқулай рақиб? 

- (Бироз ўйланиб) Ўзбекистон чемпионатида бундай рақиб бўлмаса керак. Ҳамма клубларга қарши ўйнаб ҳаммани ютганман. 


- Гол ёки голли тўп узатиш?

- Голли тўп узатиш. Гол урсам хурсанд бўламан, лекин голли тўп узатсам янада қувонаман. Кубок ярим финалида “Насаф” билан ўйинда Бикмаевга жуда чиройли тўп узатгандим. У гол урганидан кейин мен ҳам хурсанд бўлганман. 


- Нима учун баъзи ёшлар U-16, U-19 Осиё ёки жаҳон чемпионатидан кейин бирданига “юлдуз” ушлаб олишади? 

- Чунки улар катта футбол ҳали олдинда эканини билмайди ва шу билан ҳамма нарсага эришдим деб ўйлайди. Футбол ҳам худди зина каби, биттасига чиқдингми кейин иккинчисига, учинчиси ва тўртинчисига чиқишинг керак бўлади. Шундай қилиб юқорига кўтарилиб борасан. Ёш футболчиларга маслаҳатим, фақат ишлаш керак. Меҳнатдан умуман қочиш керак эмас. Футболда ютуққа фақат меҳнат орқали эришилади. 


- Ҳозир ёши катталар ёшларга ёрдам беряптими? 

- “Пахтакор”да ўйнаганимда Машарипов, Козак, Искандеров каби футболчилар анча ёш эди. Керак пайтда уларга кўп ёрдам берганман. “Локомотив”да Икром Алибоевдан ўз маслаҳатларимни аямаганман. Бир гал Икромга қаттиқроқ гапириб қўйгандим. У мени тушунганидан ва танқидни тўғри қабул қилганидан хурсандман. Мана ҳозир қаерда ўйнаяпти. 


- Элдор Шомуродовнинг ўйинини қандай баҳолайсиз? 

- Жуда юқори. У савияси баланд ҳужумчи. 


- Элдор ўзимизнинг чемпионатда ҳам шунчалик кучли эдими? 

- Ҳа, яхши ҳужумчи эди. Фақат “Ростов”га боргач ўйини янада очилди. Унга бу борада шериклари ва жамоа бош мураббийи Валерий Карпин кўп ёрдам беришди. 


- Эктор Купернинг Ўзбекистондаги ишини қандай баҳолайсиз? 

- Купер Грузия терма жамоасини ҳам бошқарган, шу боис озми-кўпми биламан. Менимча, терма жамоани футболчилар менталитетини жуда яхши биладиган маҳаллий мураббий бошқарган маъқул. Четдан кучли мураббийни олиб келса бўлади, фақат у ҳамма билан таржимон орқали гаплашади, бу эса муваффақият учун етарли эмас. 

Мураббий қачонки таржимонсиз футболчи билан гаплашса ўз мақсадига эришади. Клуб мураббийи ҳар доим жамоа билан бўлади ва бу борада катта муаммо чиқмаслиги мумкин. Лекин терма жамоа бошқа масала. Грузияда ҳам шундай. Масалан, биз ҳам Купер билан ҳеч нарсага эриша олмаганмиз. Кучли мураббийлар одатда тайёр жамоага боришади. Жамоани бошидан йиғиб шакллантириш учун маҳаллий мутахассис хизматидан фойдаланган маъқул. 


- Куперга Ўзбекистонда нима маъқул келмади деб ўйлайсиз?

- Менимча, у бу ерга келишдан Ўзбекистон ҳақида эшитмаган. У фақат пулга ўчди ва келганидан сўнг футбол ҳақида ўйлай бошлади. У ҳеч кимни танимасди, шу боис ассоциациядагилар унга кенгайтирилган рўйхатни беришди. Купер эса шу рўйхатга қараб футболчиларни чақирди. У фақат “Пахтакор” ва “Локомотив”нинг Тошкентдаги ўйинларини бориб кўрди, вилоятларга чиққанини билмайман. 


- Купер матбуот анжуманларида энг кўп тилга олган сўз ҳимоя бўлди. Яъни, энг аввал ҳимояни тўғрилаймиз деб кўп гапирди. Унинг фикрига қўшиласизми? 

- Замонавий футболда жамоани қисмларга бўлмаган маъқул. Муаммони ҳал қилишни бир хилда олиб бориш керак. Шу боис унинг фикрига қўшилмайман. Купер Грузияда бир ярим йил ишлади, ҳеч нарса ютмади, жамоани гуруҳдан олиб чиқмади ва кейин бўшаб кетди. 


- Тошкентга энди келганингизда уйланганмидингиз? 

- Ҳа. Мен 19 ёшда уйланганман. Уйдагилар мажбурлаган дея олмайман. Ўзим шуни хоҳлаганман. Хотиним билан ёшликдан танишмиз. Мактабда биринчи синфдан бирга ўқиганмиз. Ҳозир иккита ўғлим бор. Катта ўғлим Матэ баскетболга қатнарди, ҳозир дарвозабон бўлмоқчи. Кичиги Андреа бир ярим йилдан бери футбол билан шуғулланяпти. 


- Яна қисқа савол. VAR ёки VARсиз футбол?

- Менга VAR умуман ёқмади. Чунки бу технология футболни роботлаштириб қўйди. Футбол нимаси билан гўзал? Голлари ва хатолари билан. Ҳозир эса гол урдингми хурсанд бўлишни билмайсан. Чунки киритилган тўп VAR туфайли бекор қилиниши мумкин. Натижада ўйиндаги эҳтирослар камайиб кетяпти. 


- Қайси клубда фаолиятингизни тугатган бўлардингиз? 

- Менга қолса жон деб “Локомотив”да тугатган бўлардим. Чунки бу клуб мен учун жуда қадрдон бўлиб қолган. 


- Ўзбекистон чемпионатида сиз кўрган энг кучли уч нафар легионер ким? 

- Биринчиси - Ривалдо. Бунга шубҳа йўқ. Иккинчиси - Боян Миладинович. Учинчиси эса (бироз ўйланиб...) албатта, мен.


- Уч нафар энг яхши маҳаллий футболчи? 

- Улар жуда кўп. Деярли барча футболчилар билан шахсан танишман. Шу боис кимнидир айтсам, бошқаси кимдир эсимдан чиқиб қолиши мумкин. Яхшиси битта футболчини айтаман, бу - Элдор Шомуродов. 


Х.Холиқов суҳбатлашди.

Рейтинг: +25   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика