UZ

Сўнгги янгиликлар

17:32"Интер" ва Дюмфрис йилига 4 млн евро маош билан 2028 йилгача шартнома бўйича келишувга эришди. Дензелга МЮ қизиққанди  0 17:05"Ювентус" "Интер" футболчисига қизиқмоқда, аммо...  0 16:40"Милан" 2024/25 йилги мавсум учун сафар либосини тақдим этди  1 16:15"Арсенал" "Реал Сосьедад"дан Меринони харид қилмоқчи  1 15:49Саудияликлар Рафинья учун 65 млн евро таклиф қилишди. "Барса" Уильямс ва Ольмо билан шартнома имзолаш учун ўйинчиларни сотишга тайёр  1 15:17Де Хеа "Женоа"га ўтмайди – унинг талаблари клуб учун жуда юқори. Дарвозабонда МЛС ва Саудия Арабистонидан вариантлар бор  1 14:49Артём Довбик "Рома"нинг таклифини қабул қилди ва клубга ўтишга яқин  1 14:21Ольмо "Барселона"дан ташқари барча клубларнинг таклифини рад этди  2 13:58Ихеаначо Ла Лига клубига ўтишга яқин  1 13:31Ашурматов: "Олимпиада олдидан Ўзбекистон терма жамоасининг плей-оффга чиқишига катта умид боғланганди"  7 13:02"Рома" "Ювентус" футболчиси билан шартнома имзолашга яқин  0 12:38Филлипс "Манчестер Сити"ни тарк этмоқчи  1 12:17ПСЖ ва АПЛ клублари Уильямснинг Испанияда қолишни афзал кўришини ҳис қилишмоқда. "Барселона" – фаворит  0 11:48Лондон клуби Ван-Биссака борасида МЮ билан музокаралар ўтказмоқда  1 11:25Шерзод Қодиров "Динамо"дан кетди?!  0

Интервью. Вагиз Галиулин: “Олдимизга қўйилган вазифамизни ҳаммадан сир тутгандик” Янгиликлар

Интервью. Вагиз Галиулин: “Олдимизга қўйилган вазифамизни ҳаммадан сир тутгандик”

“Тосно” билан бирга Россия биринчи дивизионида тўп сурган ҳамюртимиз Вагиз Галиулин яна премьер-лигага қайтишга муваффақ бўлди.

Улар якунига етган мавсумни ажойиб тарзда ўтказишди ва ҳақли равишда элита учун чиптани қўлга киритдилар. Футболчимиз эса жамоасининг муваффақиятида ўзининг катта ҳиссасини қўшгани билан ажралиб турди. Ёдингизда бўлса, Вагиз бунгача жароҳатлар исканжасига тушиб қолгани сабабли кўп вақтини майдондан ташқарида ўтказишга мажбур бўлганди. Ниҳоят, бу сафар у кўнгилдагидек ўйин амалиётига эга бўла олди ва шунга яраша жамоаси учун фойда келтирди. Айтиш лозимки, чемпионат тугаганидан сўнг Галиулиннинг клуби билан тузган шартномаси ҳам тугаганди. Ўзининг айтишига қараганда, у “Тосно” билан яна икки йилга янги шартнома имзолаган. Куни кеча ўзи билан боғландик.  

-   Авваламбор сизни ва “Тосно” клубини Россия премъер-лигасига йўл олганинглар билан табриклаймиз. Дастлаб якунига етган мавсум ҳақида тўхталиб ўтсангиз...
-   Табрик учун катта раҳмат. Биласизми, ортда қолган мавсум биз учун жуда қийин ўтди. Чемпионат бошланмасидан аввал олдимизга аниқ вазифа қўйилганди ва уни бажаришга муваффақ бўлдик. Рости, клуб олдига қандай мақсад қўйилганини ҳеч кимга, ҳатто журналистларга ҳам айтмагандик. Ҳаммадан сир тутгандик. Жамоанинг ичида аниқ вазифа бор эди. Мухлисларимизга катта раҳмат. Биз уларсиз бу натижага эриша олмасдик.


-   Жадвалга қарасак, “Тосно” “Динамо”дан сўнг 2-ўринни эгаллади. Умуман олганда, “Динамо” катта фарқ билан олдинга ўтиб кетганди. Шунингдек, “Тосно” ҳам 3-ўриндаги “СКА-Хабаровск”дан анча илгарилаб кетди. Демоқчиманки, “Динамо” билан “Тосно” бошқаларга қараганда анча кучлимиди?
-   Ҳа, биз “Динамо” клуби билан бирга бошқаларга нисбатан анча олдинга ўтиб кетдик. Аммо бу билан ўзимизни яққол кучли эдик деб айта олмайман. У ерда яхши жамоалар жуда кўп. Кўплаб жамоалар премъер-лигага чиқишни жуда исташганди. Тўғриси, биринчи дивизион жуда қийин мусобақа. Нимагаки, мақсадингизга эришишингиз учун жуда кўп ютишингиз керак бўлади. Шунингдек, сафарларга бориш ҳам кўп вақтни олади. Масалан, “Луч-Энергия” билан ўйин учун Владивостокка 9 соат учишимизга тўғри келади. Хабаровскка эса 8 соат мобайнида парвоз қилишимиз керак. Шу сабабли ҳам бу жуда оғир турнир ҳисобланади. Мана шундай ҳолатда ҳам вазифани бажарганимиздан жуда хурсанд бўлдик.

-   Вагиз, айтинг-чи, мавсумнинг қайси пайтига келиб премъер-лигага йўл олганингларни ҳис қила бошладингиз?
-   Мавсум тугашига олтита тур қолганида бизга битта ғалаба керак эди. Лекин мана шу биргина ғалабани жуда катта қийинчилик билан қўлга киритдик. “Нефтехимик” билан ўйиндан сўнг премъер-лигага чиққанимизни аниқ ҳис қилдим.

-   Клуб натижа бажарилганидан кейин муваффақият учун футболчиларга қандай мукофот берди?
-   Рости, бу мавзу ҳақида гапирсам тўғри бўлмайди. Яхшиси, бу борада жим бўлганим маъқул.

-   Сиз мавсум давомида “Тосно” сафидаги энг яхши футболчилардан бири бўлдингиз. Айниқса, стандарт вазиятлардан бир нечта чиройли голларни урдингиз. Нима деб ўйлайсиз, ана энди “Тосно” мисолида ўзингиз учун мос жамоа топдингизми?
-   “Тосно” жуда яхши клуб. Лекин биласизми, уни менга мос жамоа деб айта олмайман. Буни фақат вақт кўрсатади. Бу борада ҳали ҳаммаси олдинда.

-   Маҳаллий мухлисларнинг севимли футболчисига айлана олдингиз. Улар билан муносабатингиз қандай? Учрашиб турасизми?
-   Ҳа, мухлисларимиз билан кўришиб турамиз. Боя айтган гапим рост: биз уларсиз бундай натижага эриша олмаган бўлардик. Ишқибозларимиз билан кўпинча ўйиндан кейин кўришиб турамиз. Нимагаки, биз асосан Санкт-Петербургда турамиз. Нижний-Новгородга бориб ўйнаймиз. Ўша ерда мухлисларимиз жамоамизни қўллаб-қувватлашарди ва ўшанда улар билан кўришиш имкони бўларди.


-   Клуб Санкт-Петербургда яшаб, ўйин ўтказиш учун Нижний-Новгородга бориб қийналиб қолмасмиди?
-   Нижний-Новгородда янги стадион қурилгани учун уй ўйинларимизни ўша ерга бориб ўтказардик. Майдон сифати ҳам жуда яхши эди. Санкт-Петербургнинг олдида Тосно деган шаҳар бор. Ўша ерда стадион бор эди ва илгари ўйинларни шу ерда ўтказишарди. Лекин майдони яхши эмасди. Нижний-Новгородда янги стадион қурилгани учун биринчи дивизионда ўз майдонимиздаги учрашувларни ўша ерда ўйнадик. Бизга қийин бўлгани йўқ. Иккала шаҳар бир-биридан узоқда эмас. Оралиқ масофаси 150 километр. Автобусда икки соатда етиб борамиз.

-   Вагиз, вазифа ҳам бажарилди. Энди клуб билан тузилган шартномангизни узайтирасизми? Умуман, кейинги режаларингиз ҳам “Тосно” билан боғлиқми?
-   Ҳа. “Тосно” билан 2019 йилга қадар янги шартнома туздим. Ҳозирча вазифам ушбу клуб билан премъер-лигада ўйнаш. У ёғини вақт кўрсатади.

-   Эсингиздами, Россия биринчи дивизионига ўтган пайтингизда икки қадам олдинга юриш учун аввал бир қадам орқага қадам босиш керак, дегандингиз. Мана, яна бир бор премъер-лигага қайтдингиз...
-   Албатта, ўша айтган гапим эсимда бор. Мен учун биринчи қадам – “Тосно” билан премъер-лигага чиқиш эди. Энди иккинчи қадам “Тосно” таркибида кучлилар орасида муносиб ўйин кўрсатиш ва кўпроқ ғалабалар қозониш.

-   Кўпинча биринчи дивизиондан премъер-лигага чиққан клуб яна бир йилдан кейин ортга қайтишига гувоҳ бўлганмиз. Бунга “Мордовия” ёки “Оренбург”ни мисол келтиришимиз мумкин. Бу борада “Тосно” сюрприз кўрсата олармикин?
-   Мен бундай нарсаларга ишонмайман. Мисол учун “Уфа” премъер-лигага чиққанидан бери ўйнаяпти ва учинчи мавсумини ўтказяпти. Премъер-лигада қоламизми-йўқми, ҳамма нарсани вақт кўрсатади. Албатта, биринчи ўриндаги вазифамиз у ерда жон сақлаб қолиш. Кейинги йилдан эса бошқа мақсадлар бўлади.


-   Ҳар бир футболчининг ўзига хос одатлари бўлади. Иримга ишонасизми? Умуман, учрашувдан аввал нима қиласиз?
-   Тўғри, ҳар хил футболчилар бор ва кўпини кўрганманки, уларнинг турли хил одатлари бўлади. Лекин менда бундай одатлар йўқ. Мен учун ҳаммаси осон ва оддий.

-   Масалан, кимдир ўйиндан олдин мусиқа эшитади ёки мириқиб ухлайди...
-   Мусиқа тингламайман. Ўйин куни мен учун бошқа кунлар қатори оддий бўлади ва шунчаки ўйинга тайёрланаман холос.   

-   Дарвоқе, сизни бетоб бўлиб қолди деб эшитгандим. Нима бўлди ўзи? Соғлиқ яхшими?
-   Чемпионат тугаганидан кейин бироз касал бўлиб қолдим, иситма кириб қолди. Кейин Қозонга оиламнинг олдига кетдим. У ерда 10 кун дам олдим ва шу тариқа ўзимга келдим. Энди ҳаммаси яхши. Ҳозир Москвадамиз, “Тосно” билан йиғинни бошлаб юборганмиз. Премъер-лига учун тайёргарлик олиб боряпмиз.

-   Премъер-лигага чиққанингиздан сўнг сизни Ўзбекистондан кимлар табриклади?
-   Ўзбекистондан мен учун кўп табриклар келди. Яқинларимдан, дўстларимдан...фурсатдан фойдаланиб, ҳаммасига миннатдорчилик билдиргим келяпти. Албатта, менга энг биринчи табрик дадамдан келди. Дадам жуда ҳам бизнинг ушбу ғалабамизни кутганди. Интернет орқали ҳам барча ўйинларимни кўриб турарди. Муваффақиятимизни дадамга бағишлайман. Қолаверса, 11 июнь куни дадам 70 ёшини қарши олди. Фурсатдан фойдаланиб, дадамни юбилей байрами билан табриклайман. Албатта, “Тосно”нинг муваффақиятини дадамга бағишлайман.

-   Яна премъер-лигада ўйнашга ҳар томонлама тайёрмисиз? Ҳар ҳолда соғингандирсиз?
-   Ҳа, премъер-лигани жуда соғиндим. Лекин биз ҳали яна кўп ишлашимиз керак. Чунки у ерда кучли клублар ва уларнинг орасида йўқолиб қолмаслигимиз учун ҳам жиддий тарзда шуғулланяпмиз. Насиб бўлса, ҳаммаси яхши бўлади.


-   Терма жамоамизнинг Эронга қарши ўйинини кўрдингизми?
-   Афсуски, бу ўйинни кўра олмадим. Бу пайтда мен жамоам билан машғулот пайтида эдим. Кейин ўйиннинг эсда қоларли вазиятларини томоша қилдим. Бизда ҳали ҳам имконият бор. Жанубий Кореяда 13, бизда эса 12 очко бор. Олдинда эса иккита турибди. Терма жамоамизга омад тилайман. Термада яхши футболчилар тўпланишган. Насиб бўлса, улар ўз олдига қўйилган вазифани бажара оладилар.

-   Россияда Конфедерациялар Кубоги бошланяпти. Ўйинларни кўрасизми? Кимга мухлислик қиласиз?
-   Албатта, Конфедерациялар Кубоги мусобақасини катта қизиқиш билан кузатиб борамиз. Мухлислик? Ҳеч кимга ишқибозлик қилмайман. Шунчаки, ҳамма ўйинда мириқиб футбол кўраман.

-   Португалия терма жамоаси Қозон шаҳрида истиқомат қиляпти. Уларни ҳам кўриш учун борасизми?
-   Тўғри, Португалия Қозонга келди, аммо мен бора олмайман. Чунки ҳозирги пайтда Москвада йиғин ўтказяпмиз. Аммо хотиним ва фарзандим Португалия терма жамоаси ўйинини кўриш учун стадионга боришади. Чипталарни ҳам харид қилиб бўлишган.  

-   Собиқ клубингиз – “Андижон”ни ҳам кузатяпсизми?
-   Тўғрисини айтсам, биринчи лигага тушиб кетганидан кейин “Андижон”ни кузатаётганим йўқ. Яна олий лигага қайтишига ишонаман.

-   Клубга олдин сиз билан бирга ишлаган Усмон Тошев келди...
-   Ҳа, дадам билан гаплашганимда Усмон Тошев келгани ҳақида айтди. У жуда яхши мураббий, бирга ишлаганмиз. “Бухоро”ни бошқарган пайтида унинг қўли остида тўп сурганман ва у ердан кейин “Рубин”га кетганман. Шунингдек, “Бухоро”да ўйнаб Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига ҳам чақиришганди. Тошев ёшлар билан ҳам яхши ишлайди. “Андижон” ажойиб танловни амалга оширди. Албатта, уларга омад тилайман ва олий лигага қайтишининг тарафдориман.

ФИРДАВСХОН суҳбатлашди.

Рейтинг: +17   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика