UZ

Сўнгги янгиликлар

13:47Суперлига. 9та клуб дастлабки 3та турда фақат бир хил формадан фойдаланди. Бунга сабаб нима?  4 13:44"Манчестер Юнайтед" "Реал" футболчисини сотиб олмоқчи  0 13:23Хавининг дисквалификацияси бўйича апелляция рад этилди   1 12:50Ўзбекистон кубогининг саралаш босқичига қуръа ташланди  3 12:15Месси: "ЖЧ-2022да ғолиб бўлмаганимизда, мен терма жамоадан кетардим"  1 11:53Начо ва Васкес "Реал" билан шартномасини узайтиради  2 11:23"Шўртан"нинг мавсумдаги илк ғалабаси қандай қўлга киритилди?   0 10:37Футзал. Терма жамоамиз бугун Қирғиз Республикасига қарши баҳс олиб боради  0 10:00Хави «Барселона»да қолиши мумкин, бироқ бош мураббий сифатида эмас  4 09:24Месси футболдан ташқари яна қайси спорт турларига қизиқишини айтди  13 08:50Про лига. Бугун турнинг марказий учрашуви бор  8 08:34Шеригини «нокаут» қилган Бекмуродов жарима тўлайди. ЎФА Тартиб-интизом қўмитасининг қарорлари эълон қилинди  16 08:21Депайнинг агенти: «Бу ёлғон»  10 07:50«Реал Мадрид» келаси ҳафта 2 нафар футболчи билан шартномани узайтирганини эълон қилади  0 07:28Суперлига. Бугун ғалаба қозонмаганларнинг тўқнашувига гувоҳ бўламиз  4

Илёс Зейтуллаев: "Менга ўхшаб кимдир "Ювентус"га бориб қолиши мумкинми? Тўғриси, билмайман" Янгиликлар

Илёс Зейтуллаев: "Менга ўхшаб кимдир "Ювентус"га бориб қолиши мумкинми? Тўғриси, билмайман"

У ёш пайтида Италияга, машҳур "Ювентус" клубига йўл олди. Ҳамда "Юве" сафида майдонга тушган дастлабки ўзбекистонлик футболчи бўлди.

Аммо ёш ўспирин шундай кучли жамоа сафида ўз ўрнини топиб кета олмади, натижада бир неча бор клуб алмаштиришга мажбур бўлди. Фаолиятининг қолган қисмини "Реджина", "Кротоне", "Женоа", "Виченца", "Верона", "Пескара", "Виртус Ланчано", "Торино" ҳамда Хорватиянинг "Горица" клубларида ўтказди. Гап Ангренда туғилиб ўсган ҳамюртимиз Илёс Зейтуллаев ҳақида бораётганини шу заҳоти англаб етдингиз.

Зейтуллаев уч йил олдин сайтимиз учун катта интервтью берганди. Унинг Тошкентга келганидан фойдаланиб яна офисга таклиф этдик. Хўш, ўтган уч йил ичида Илёснинг ҳаётида қандай ўзгариш рўй берди? У бугунги кунда нималар билан машғул? Қуйидаги интервью орқали мана шу саволларга жавоб олсангиз ажаб эмас.

"ЖАРОҲАТ ТУФАЙЛИ ФУТБОЛДАН КЕТГАНМАН"

- Илёс, сизни яна бир бор сайтимиз офисида кўриб турганимиздан хурсандмиз. Агар ёдга оладиган бўлсак, сиз билан охирги марта бундан уч йил олдин кўришгандик. Мана шу утган вақт ичида ҳаётингизда нималар ўзгарди?
- Тўғри айтдингиз, бунгача охирги марта 2014 йил "Championat.asia" офисига келиб сизлар билан учрашгандим. Янгиликларга келадиган бўлсам, 2014 йил профессионал футболдаги фаолиятимни тугатдим. Охирги жамоам Хорватиянинг "Горица" клуби бўлди. У ерга иккинчи даврада бордим ва адашмасам, олтита ўйинда майдонга тушдим. Хорватияда чемпионат жуда қисқа экан. "Горица"да ўйнаб бўлгач, шу билан футболни тугатдим ва яна Италияга қайтиб мураббийлик фаолиятини бошлаб юбордим.

- Бунга нима сабаб бўлди?
- Мен ёшлигимдан мураббий бўлишга қизиққанман. Айниқса, болалар билан ишлаш жону дилим эди. Биласиз, отам ҳам доим болалар футболида ишлаган ва бу ҳам менга юққан бўлса керак. Ҳозир Италиянинг бешинчи дивизионида ўйнаётган "Купелло Кальчо" клубида ҳам ҳаваскор даражада ўйнаб, ҳам ёш болакайларни шуғуллантириб келяпман. Шундай қилиб уч йилдан бери мураббийман.

- Футболни эрта тарк этишингизга нима сабаб бўлди?
- Асосан жароҳат. 2004 йил жароҳат олгандим ва шундан бери оёғимда оғриқ билан футбол ўйнаб келдим. 2005 йил операция қилдиргандим. Натижада кўп ўйинларни ўтказиб юбордим. Оғриқ тез-тез безовта қилаверди. Шунга қарамай, барибир ўн йилча тўп тепдим ва якунда футболни тугатиш борасида бир қарорга келдим.

- Хорватияда фаолиятингиз қандай кечди?
- Мен борган клуб биринчи лигада иштирок этарди. У ерда жамоалар сони кам, атиги 12та жамоа биринчи дивизионда ўйнайди. Шу боис кам ўйин ўтказдим. Умумий ҳисобда тўрт ой Хорватияда бўлдим. Мавсум якунида менга янги шартнома таклиф қилишди, аммо Италияга қайтишни хоҳладим.



"БАНКИРДАН ҲАМ МУРАББИЙ ЧИҚҚАН"

- Мураббийлик касбини бошлаш қанчалик қийин бўлди?
- Мен футбол ўйнаш ва мураббийлик қилиш иккита катта фарқли иш эканлигини аввалдан билардим. Сиз яхши футболчи бўлишингиз мумкин, лекин мураббийлик касбида ҳеч нарсага эриша олмаслигингиз мумкин. Ёки бўлмаса аксинча, кўпинча яхши ўйнай олмаганлар келажакда кучли мураббий бўлиб етишади. "Верона"да ўйнаган пайтимда жамоамиз бош мураббийи Маурицио Сарри эди. У ҳозир "Наполи"ни бошқармоқда. Мана шу мураббийдан жуда кўп нарса ўрганганман деб айта оламан. Қизиғи шундаки, Маурицио Сарри катта футбол ўйнамаган, у банкир бўлган. Лекин банкда ишлаган одам кейинчалик Италиянинг энг яхши мураббийларидан бири бўлиб етишди.  

- Ҳозирги ишингиз ҳақида гапириб берсангиз.
- Айтиб ўтганимдек, "Купелло Кальчо" клубида болалар билан ишлаяпман. Римдан 170 км. узоқда жойлашган Васто шаҳрида истиқомат қиламан. Фаолиятимни тугатишим билан мени ушбу клубга ишга таклиф қилишди. Дастлаб 2005 йилда туғилган футболчилар билан ишладим. Кейинчалик 2002-2003 йилда туғилганларни ҳам беришди. Бу мавсум шогирдларим билан шаҳар биринчилигида ғолиб чиқдик ва туманлараро мусобақага йўлланма олдик. Бизнинг мактабда 1999-2010 йилларда туғилган болалар таҳсил олишади.

"БОЛАЛАР БИР ЙИЛДА ҚИРҚТАЧА ЎЙИН ЎЙНАШАДИ"

- Италияда лигалар, клублар ва футбол билан шуғулланадиган болалар-ўсмирлар жуда кўп. Ҳамма юқори савияда футбол ўйнашга улгурадими?
- Италия футбол федерацияси охирги марта олиб борган семинар якунларига кўра Италия "А" сериясида ўйнаётган футболчиларнинг 80-85 фоизи айнан қуйи лигалардан чиқиб келган футболчилар экан. Айниқса, ўз вақтида тўртинчи ва бешинчи дивизионда тўп тепган футболчилар ҳозирги пайт "А" серияда кўпчиликни ташкил этади. Қуйи лигалардан нима учун яхши футболчилар етишиб чиқади? Биринчидан, бу ерда ўйинлар сони кўп. Ёш футболчи бир йилда 40 тага яқин ўйинда майдонга тушади, иккинчидан болалар чемпионатида кўп жамоалар ўз олдиларига натижа кўрсатишни бош мақсад қилиб қўйишмайди. Машҳур бўлмаган ва пули кам жамоалар асосан ўйинчи тарбиялаб кучли клубларга сотиш пайида бўлишади. Кейинчалик ўша футболчилар "Интер", "Милан", "Ювентус" каби грандлар сафига йўл олишади. Аксарият футболчилар 20-21 ёшда "А" серия клубларига йўл олишади.  

- Демак, шунга яраша рақобат ҳам кучли тўғрими?
- Италияда рақобат жуда кучли. У ерда иқтидорли болалар ниҳоятда кўп.

- Қўл остингизда нечта бола шуғулланади?
- Ҳозиргача 2002-2003 лар билан ишлаб келаётгандим, лекин янги мавсум олдидан менга 2001-2002 ларни беришди. Нечта бола билан ишлашим аввало ўзимга боғлиқ. Лекин раҳбарият 22 нафардан оширмасликни талаб қилиб қўйган.

- 25-30 нафар бола билан ҳам ишласа бўладими?
- Бўлади, лекин бунда ёмон натижа кўрсатасан. Чунки ҳаммага бир хил эътибор бера олмайсан. Менимча бунинг иложи йўқ.



"ШОГИРДЛАРИМНИНГ ҲАММАСИ ИТАЛИЯЛИК"

- Болалар билан бир ўзингиз ишлайсизми ё ёрдамчи борми?

- Менда жисмоний тайёргарлик бўйича ёрдамчим бор. У доим қарашиб туради. Албатта, "Фиорентина"га ўхшаган клубларда ҳатто болалар билан ҳам кўпчилик ишлайди, лекин ҳамма клуб ўз имкониятига қараб иш тутади. Бизнинг мактабда эса ҳар бир гуруҳ билан иккитадан мураббий ишлайди.

- Дарвозабонлар билан ишлайдиган алоҳида мураббий борми?
- Дарвозабонлар ҳафтасига уч марта алоҳида мураббийлар билан ишлашади, бошқа пайт эса бутун жамоа билан машғулот ўтказишади. Дарвозабонлар қандай ишлайди? Улар дастлаб 45 дақиқа давомида мураббий билан шуғулланишади, кейин мен уларни чақириб оламан ва ҳамма бутун жамоа бўлиб машғулот ўтказади. Умуман Европада кўпинча шундай қилишади.

- Шогирдлар орасида ҳамма италияликми ё четдан келганлар ҳам борми?
- Асосан италияликлар. Фақат битта марокашлик бола бор, лекин у ҳам оиласи билан анчадан бери Италияда истиқомат қилади. "А" сериянинг кўплаб кучли клубларида бошқа давлатдан келганлар ҳам шуғулланишади.

- Италияда болалар футболига талаб қандай? Мураббийлардан натижа сўраладими?
- Кўп нарса қайси футбол мактабида ишлашингга боғлиқ. Агар сен "Сассуоло", "Аталанта", "Кьево" каби клублар футбол мактабида ишласанг, раҳбарият кўп ҳам натижа сўрамайди. У ерда сен футболчиларни тўп тепишга ўргатиш пайида бўласан. "Милан"га ўхшаган буюк клубларда эса клуб имижи учун ҳам болалар билан соврин ютишингга тўғри келади. Италияда футболчи 15 ёшдан ошганидан кейин натижа учун ўйнашни бошлайди.

- Масалан сиз учун натижа муҳимми?
- Инсон қаерда яшаса, ўша жойнинг урф-одатларига кўника бошлайди. Яхши биласиз, катта футболда итальянлар доим натижани биринчи ўринга қўйишади. Чунки мураббий ғалаба қозонмай юраверса ишдан кетади. Мен учун натижа муҳимми? Албатта, чет эллик инсон сифатида натижа керак, қолаверса ғалабадан болакайлар ҳам хурсанд бўлишади. Лекин мен доим ҳам натижа ортидан югурмайман, асосийси болаларга нимадир ўргатсам дейман.



"ИТАЛИЯДА МУРАББИЙЛАРНИНГ ЛИЦЕНЗИЯСИ ОЛИБ ҚЎЙИЛИШИ МУМКИН"

- Мураббийлик лицензиянгиз бор, шундайми?
- Ҳа, менда УЕФА "B" лицензияси бор. Бу менга ҳам болалар, ҳам катталар билан ишлаш имконини беради. Лекин "B" серияда ишлаш учун камида "А" лицензиянгиз бўлиши керак. Шунингдек, "В" билан "А" серияда ёрдамчи бўлиб ҳам ишласа бўлади, бош мураббий бўлиш учун фақат "Про" бўлиши керак. 2014 йил Хорватияда ўйнаб қайтганимдан сўнг ёзда мураббийлик курсларига қатнадим. Икки ойлик ўқиш ва имтиҳонлардан кейин лицензия олганман. Италияда ҳар уч йилда бир марта малака ошириш курсларида қатнашишинг шарт.

- Италияда иш топиш қийинми?
- Ўзига яраша қийин томонлари бор. Чунки барча итальянлар ўзларини футбол билимдони деб ҳисоблашади ва ҳар доим баҳслашишга тайёр туришади. Италияда мураббийлар кўп ва уларнинг кўпи чет элда ишлаб ҳам муваффақият қозонмоқда. Масалан, Раньери ва Конте Англияда, Анчелотти Германия, Каррера Россияда муваффақиятга эришди. Бундан кўриниб турибдики, Италияда мураббийларни тайёрлаш мактаби жуда кучли.

- Италиядан жуда кўплаб кучли, жаҳон футболига таъсир ўтказа олган мураббийлар чиққан. Бунинг сабаблари нимада?
- Бу жуда мураккаб савол ва икки оғиз гап билан жавоб бериш қийин. Фақат шуни айтишим мумкин, у ерда мураббийлар учун кўплаб семинарлар, малака ошириш курслари ташкил қилинади. Бундан ташқари, Италияда мураббийлар имтиҳондан ўта олмаса, лицензияси олиб қўйилади. Италияда 74 миллион аҳоли яшаса, шундан 70 миллиони футболни тушунади. Ҳатто оддий кафега кирганингда ҳам одамлар футбол ҳақида суҳбатлашаётган бўлишади. Фараз қиламиз, сен мураббийсан ва кафега кирдинг. Бирорта футбол ишқибози ёнингга келиб сен билан футбол ҳақида гаплашишни бошладими, сен ундан кўп билишингни кўрсатиб қўйишинг керак. Бўлмаса ҳамма устингдан кулади.



"ЎЗБЕК ФУТБОЛИНИ КЎП ҲАМ КУЗАТМАЯПМАН"

- Сизда футболчилик фаолиятини Ўзбекистонда тугатиш имкони бўлганми?
- Йўқ. Ҳеч қайси жамоадан таклиф олмаганман.

- Охирги марта Тошкентга қачон келгандингиз?
- Бир ярим йил олдин турмуш ўртоғим ва ўғлим билан ота-онам, қариндошларимни кўриш учун келгандим.

- Тошкентда ўзгаришлар каттами?
- Ҳар гал келганимда ўзгаришларни кўриб ҳайрон қоламан. Шаҳар кундан кунга гўзаллашиб бормоқда. Ва ҳар доимгидек одамларимиз ажойиб.

- Келинг энди ўзимизнинг футбол ҳақида гаплашамиз.Четдан қараганда сизга ўзбек футболи қандай кўриняпти?
- Тўғрисини айтаман, ўзбек футболини яқиндан кузатаётганим йўқ. Фақат Халқободга борганимда отам шуғуллантираётган ёш болаларни кўрдим ва уларнинг машғулоти менга ёқди. Лекин олий лигада нима гап, булардан кўпинча бехабарман. Аммо "Пахтакор" Шота Арвеладзени олиб келганини эшитиб хурсанд бўлдим. Демак, бу ҳам яхши янгилик.   

- Нима деб ўйлайсиз, ҳозирги пайтда биздан қайсидир футболчи ўз вақтида сизга ўхшаб "Ювентус"га бориб қолиши мумкинми?
- Билмайман. Барибир қачондир эшиклар очилади ва Европада ҳам ўзбек футболи ҳақида гапира бошлашади. Лекин бу кунлар қачон келади билмайман. Мен ҳақимда ҳам кўп гап-сўзлар бўлган. Одамлар "Зейтуллаев нари борса "Ювентус"нинг ўринбосарлар таркибига тортаркан, асосий жамоада ўйнаб кета олмади, кейин кўп марта жамоа ўзгартирди" дея кўп гапиришган. Аммо мен бундай гапларга эътибор бермаганман. Биласизми, "Ювентус", "Интер" ё "Милан"га борса бўлади, лекин ҳам гап у ерда қолишда. Исталган футболчи бу клубларда пайдо бўлиб қолиши мумкин, аммо ўйнаб кета оладими-йўқми, кафолат йўқ.  

- Ўзбек футболига оид янгиликлардан қандай хабардор бўлиб турасиз?
- Кўпинча яқин дўстим Ислом Иномов билан хабарлашиб турамиз. Шунингдек, сайтингиз орқали янгиликларни кузатиб боришга ҳаракат қиламан.



"БАБАЯН ҚАНДАЙ МУРАББИЙ БИЛМАЙМАН"

- Миллий терма жамоамиз иштирокидаги ўйинларни кўрдингизми?
- Йўқ, чунки Италияда қайси каналлар қўйишини билмайман. Лекин жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги натижалардан хабардорман. Билганим шуки, олдимизда иккита ўйин бор ва жаҳон чемпионатига чиқиш учун иккаласини ютишимиз шарт.

- Терма жамоа бош мураббийи Самвел Бабаян ҳақида қандай фикрдасиз?
- Самвел Бабаянни терма жамоада ўйнашни бошлаганимдан бери биламан. Бабаян у пайтлари "Пахтакор" клуби структурасида ишларди. Аммо мураббий сифатида кўп ҳам билмайман, чунки ўйинларини кўрганим йўқ. Лекин Гейнрих ва Бикмаев билан гаплашганимда Бабаян ҳақида илиқ фикр айтишди.

- Агар Ўзбекистон жаҳон чемпионатига чиқса, Италияда бу ҳақда гапиришадими?
- Албатта гапиришади. Чунки итальянлар суткасига 24 соат футбол билан яшайдилар. Мана яқинда "La Gazzetta dello Sport" нашри ҳам мақола ёзаётиб биз ҳақимизда тўхталди. Мақолада асосан Марчелло Липпининг Хитойдаги фаолияти ёритилган ва гуруҳдаги рақиб Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида ҳам сўз борган. Агар биз 31 август куни Хитойни ютиб келсак, итальянлар бу ҳақда албатта ёзишади.

- Илёс, вақт ажратиб сайтимиз офисига ташриф буюрганингиз учун раҳмат. Кейинги ишларда омад тилаймиз.

Х.Холиқов суҳбатлашди.

Рейтинг: +46   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика